Мўъжизавий нур ортидаги тарих

ёки биринчи ўзбек фотожурналисти ким эди?

Амалиёт раҳбаримиз “қандай мавзуда мақола ёзмоқчисиз?” деб сўраганида, Худойберган Девонов ҳақида ёзмоқчи эканимни айтдим…

Негаки, Худойберган Девонов “ўзбек фото оламида биринчи” – журналистикага фотографияни олиб кирган шахсдир. Бу ҳақда биламан деб юрардим, маълумотларни ўргансам, кўп нарсани билмаслигим аён бўлди.

Ҳозир ҳаммамизнинг қўлимизда телефонларимиз бор, у орқали исталган сурат ёки видеоларни олишимиз мумкин. Аммо ўйлаб кўринг-да, смартфонлар бўлмаган вақтларда одамлар қандай йўл тутишган?

Тасаввур қилиб кўринг-а, ҳали ҳеч ким ўз суратини кўрмаган, кино нималигини билмаган бир замон. Бирдан милт этган нур орқали борлиқни қоғозга кўчириш имконияти пайдо бўлди. Бу нафақат янги давр бошланиши, балки миллатнинг кўзи очилиши эди. Ўзбекистонда илк бор фотографияга асос солган инсон Худойберган Девонов номи тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзилган. Маълумотларга кўра, Худойберган Девонов икки йил давомида ҳам немис тилини, ҳам фотографияни ўрганиш учун Вильгельм Пеннернинг уйига қатнаган. Илм олиш учун Хивадан олисда жойлашган Оқмачит қишлоғига кунига 50 км йўл босиб бориб келар экан. Баъзан эса Панор бува (Вильгельм Пеннерни маҳаллий аҳоли шундай деб атаган)нинг ўзи якшанба кунлари Худойберганнинг уйига келиб, унга сабоқ берган. Шу тариқа ёш Худойберган фотография илмини ўрганиб, бу ҳунар билан шуғулланишни бошлаган. Вильгельм Пеннер ёш, қизиққон хоразмлик йигитни маҳаллий аҳоли учун ғаройиб бўлган касбга қизиқтирган. Худойберганнинг дастлаб фотография, кейинчалик кинематография билан бир умрга ошно бўлиб қолишига сабабчи бўлган.

Ўзбек фотография санъати асосчиси Худойберган Девоновнинг ишларисиз Хоразм ва бутун Ўзбекистоннинг тарих солномаси тугал бўлмас эди. У Марказий Осиёдаги биринчи фото-кинолабораторияни ташкил этади, суратга олиш ишларини бошлайди. Бир вақтнинг ўзида одамлар гавжум жойларда ўзи олган лавҳалар ва хориждан келтирган кинотасмаларини намойиш этиб, ватандошлари орасида янги санъат тури ­оммалашишига ҳисса қўшади. Изланишлари натижасида 1908 йилда ўзбек киноси деган ном пайдо бўлади.

Касбига доир юмушлар билан у жуда кўп марта Москвага сафар қилади. Дарҳақиқат, Х.Девонов ташаббуси билан Хоразм мактабларида фотография фан сифатида ўқитила бошланган, бунинг натижаси ўлароқ шу йилларда Хоразмда истеъдодли ёш фотографлар авлоди етишиб чиққан.

Ўша йилларда Ўзбек давлат киноси ҳамда “Союзкиножурнал”нинг ижодий буюртмаси билан Хоразм ҳаётига оид бир қатор сюжетларни суратга олади. Хусусан, 1929 йилнинг ўзида “Ишчи аёллар”, “Шўркўл”, “Кўза”, “Чиғир”, “Тузкон”, “Дегиш офати”, “Хоразм далаларида”, “Пахта карвони” сингари ҳужжатли фильм ва сюжетларни тасвирга олган. Шундай ҳужжатли кино намуналаридан бири — “Шўркўл” фильми Хоразмдаги шифобахш суви билан машҳур бўлган масканга бағишланган. Айни пайтда “Узбекистанская правда” (ҳозирги “Правда Востока”), “Қизил Ўзбекистон” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) сингари нашрларнинг фотомухбири сифатида ҳам жонбозлик кўрсатади. Шўролар даврида Урганч шаҳрида Худойберган Девонов номли кинотеатр барпо этилган. Академик Наим Каримов томонидан ёзилган илк ўзбек фотосуратчиси ҳамда миллий кино асосчиси Худойберган Девоновга бағишланган китоб эса рус ва ўзбек тилларида нашр этилган.

Дурдона САЙФИТДИНОВА,

Ўзбекистон Миллий университети

журналистика ва ўзбек филологияси

факультети талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − two =