Букилмас ирода сурати

…Ўқитувчи шогирдларига ироданинг суратини чизиб келишни буюрди. Кимдир довулга бардош бериб, қуламаётган дарахтни, бошқаси тўлқин билан курашаётган кемани, бирови қояни тешиб чиққан томирни ва ўзгаси эса яна бошқа ҳаёт зарбига дош бераётган манзараларни қоғозга туширди. Лекин ҳеч ким… уни эсламади. Ҳолбуки, мана, қарийб ярим асрдирки, тақдир унга юклаган синовни кўтариб, ҳамма қатори шикоятсиз яшаб келяпти. Агар уни яқиндан билганларида, мавзуни узоқдан излаб ўтирмаган бўлишарди.

Ҳа, Сафарали Боқиев ўзи кутмаган ва мутлақо истамаган ҳолда шундай қийинчиликларга дуч келдики, улардан омон чиқиш иродани чинакамига чиғириқдан ўтказди, фақат матонат билан ҳаммасига чидаб, бир дақиқа ҳам умидини сўндирмай, курашиб яшади. Унинг саъй-ҳаракатлари баъзан тақдирдан қасос олишга ҳам ўхшаб кетади. Бемаврид хазон бўлган орзулар, яйраб яшайман деган иштиёқнинг барбод бўлиши, муваффақиятлар, шодликлар ўрнига ойлаб шифохоналарда даволаниш, кетма-кет жарроҳлик амалиётлари ва… охирида вужудни чирмаб олган тарк этмас оғриқлар ва ногиронлик…

Тақдир уни шу хилда сийлади, аммо ҳаммасига чидади, юрагидаги тўлиб-тўлишиб яшаш иштиёқини сўндирмади. Сафга қайтди, севган касбида муваффақиятли фаолият олиб борди, ҳатто ҳеч кимдан кам эмаслигини амалда исботлаб, узоқ йиллар раҳбарлик мақомига ҳам эришди. Ҳамма ҳам қизиқавермайдиган, эътибор беравермайдиган бир замондошимизнинг умр дафтаридаги баъзи ёзувлар шундан иборат.

…Ўша кун — 1977 йил 16 декабрь ҳеч эсидан чиқмайди. Дарсни шошилмай тугатди. Гарчи қиш куни, бунинг устига, қор ёға бошлаган, йўл анча йироқ бўлса ҳам синфхонадан вазмин чиқди, худди нимадир ортида қолиб кетаётгандек бўлди. Ташқарида эса бошланган қор тезлашаётган, совуқ ҳаво иссиқ маконни эсга соларди. Нетонгки, шу кун Касби туманидаги Денов қишлоғидан Тошқўрғонга — ота маконга етиб олиш ташвиши қуршаб олди. Тақдир, қисмат деганлари шу бўлса керак. Икки ғилдиракли мотоциклини эҳтиёт бўлиб бошқариб, йигирма чақиримлар йўлни ортда қолдирди. Манзили ҳам назарга илиниб, оппоқ уйлар туман орасида кўзга ташлана бошлади. Йўлда қатнов сийрак, онда-сонда чўлдаги қурилишларга юк ортган оғир машиналар гувиллаб ўтиб қолади, уларнинг шамолида ниначидеккина мотоцикл тебраниб ҳам олади. Қишлоққа қайрилишга яқинлашган пайтда орқадан оғир юк машинасининг гувиллаши эшитилди, ҳадиксираб, рулни маҳкамроқ ушлади, иложи борича йўл четига ўзини олди. Аммо, афсуски, кутилмаган фалокат шу лаҳзаларда содир бўлди, орқадан қаттиқ зарб тегди ва йўл четига учиб кетди. Ҳали ҳуши ўзига келмай, турмоқчи бўлган эди, ўнг оёғи ўзига бўйсунмади, бунинг устига, юқори болдиридан бир оқ нарса шимни тешиб чиққан, қон сиза бошлаган ва вужудига оғриқ тарқалаётган эди. Қоннинг кўлмак сувга оқиб тушганини кўрди-ю, ҳушини йўқотди.

У шу ҳолда бир соатдан кўп йўл четида қолиб кетди. Машиналар ўтиб турар, тўнтарилиб ётган одамга ҳам, қийшайиб қолган мотоциклга ҳам парво қилишмасди. Кейин айтишдики, кимлардир тўхтаган ҳам, келиб қараган, лекин бирор кўмак кўрсатмаган (албатта, кейинги чақирув-суриштирувлардан қочган…). Фақат қўшни қишлоқлик Қаҳрамон ўтавериб тўхтаган, таниб, уйидагиларга хабар берган. Аҳвол маълум, муаллимни тезда туман марказига етказганлар. Шифокорлар вазият билан танишгач, оёқни кесиб ташлашга тутинганлар (болдир суяги узилиб кетган, сонни тешиб чиққан эди), аммо электр бўлмаганлигидан, мулоҳаза қилиб турганлар. Шунда кимдир шошилмаслик, тезда иссиқ қон қуйишни, агар ҳушига келса, палатага олишни таклиф қилган. Бу пайтда гап қишлоққа тарқалган, қариндошлар йиғилиб келган эди. Ҳамма қон берган. Бироздан кейин бемор ҳушига келиб, инграган овоз чиқарган…

Шу билан Сафаралининг касалхона ётоқлари бўйлаб узоқ сафари бошланган. Бошида отаси Умрзоқ амаки посбон, бир лаҳза мижжа қоқмай, дилбандига гиргиттон.

— Отамнинг матонатига қойил қолганман, — деди Сафарали суҳбатимиз давомида, — йиллар давомида зарра оғринмай, менга таскин бериб, десам ҳам бўлади, хизмат қилдилар.

Бемор ҳушига келгач, амалиётга тайёрлашди. Бўлим бошлиғи Аҳмад Қурбонов раҳбарлигида мураккаб жараённи амалга оширишди. Ҳозирча муаммо оёқда, ўнг қўл ҳам қимирламас, ичдан кучли оғриқ бор эди. Муолажалар давом этди. Каравотда осмонга термилиб, уч ойдан кўп ётди, ниҳоят, уйга кетишга жавоб тегди. Бироқ туман аҳли донишларининг саъй-ҳаракатлари беҳуда кетган, суяклар бир-бирига тегмаган экан. Муттасил жон олувчи оғриқ эса асло тинмасди. Яна муолажани давом эттириш зарурат эди. Гап нимадалигини сезган бўлим бошлиғининг ўзи катта дўхтирларга олиб борди.

Энди Қашқадарё вилоят травматология шифохонасига йўл тушди. Ўшанда кейинчалик республика травматология ва ортопедия илмий текшириш институтига директор бўлган Тоштемир Ўнгбоев шу муассасада раҳбар эди. Барча таҳлиллар қилинди, маслаҳатлашилди, чамаси, бу гал амалиёт олти соат давом этди. Белдан пасти бутунлай гипсда, қўл елкага осилган, бошқарилмайди. Барибир шифокорларга раҳмат, қараб ўтиришгани йўқ, қўлдан келганини қилишди. Аммо “йўққа қалам юрмайди”, деганларидек, илм ҳам ожиз қоладиган пайтлар бўлади. Қўлни ҳам текшириб кўришди, уни бошқарадиган нерв томири ё узилиб кетган, ё қисилиб қолган, деган хулосага келинди. Бундай амалиётни бажариш эса ўта мураккаб ҳисобланарди.

Қарши шаҳридаги вилоят касалхонасида ҳам олти ой ўтди. Бемор ҳар галгидек соғайиб кетишга умид билан бардам, ота эса кечаю кундуз парвона. Ҳамма ташвишларга шифокорлар шерик. Яна бир муаммо шунда пайдо бўлган эдики, узоқ вақт гипсда сақлангач, ўнг оёқ тиззаси қотиб, букланмайдиган бўлиб қолганди. Лекин тик туриб, юриш имкони пайдо бўлган, шунинг ўзи ҳам катта ютуқ эди. Ахир тўшакка михланиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас-да… Отанинг руҳи тетик, дамодам: “Ўғлим, Яратган севган қулларига дард берар экан. Бу ҳам бир синов, ҳаммаси ўтиб кетади”, дейишдан чарчамайди. Ота бундай деб тургач, ўғил ҳам дардини ичига ютади, оғриқларини унутади. Унинг хирагина жилмайиши ҳам отага мадор бўлиб қолган…

Уйга жавоб теккач, уч-тўрт ой ўтиб, табобат алломалари қўл муаммоси устида ўйлай бошлашди ва Москвага, ўша кунлар таърифи билан айтганда “дунёдаги энг кучли илм-фан маркази”га бориб даволаниш маслаҳатини қилишди. Ота, қариндошлар фарзанди учун ҳамма нарсага тайёр эди. Яна бир омадли тарафи — айни кунларда Тоштемир Ўнгбоев докторлик диссертацияси устида тадқиқот олиб бораётган, у ёқда танишлари бор экан. Барча ташкилий ишларни ўринлатиб, йўлга тушишди. Москвани эшитганлар бор, лекин кўрганлар топилмади, тоға ва почча ҳамроҳлигида самолётга ўтириб, таваккалига азим шаҳарга йўл олишди.

Бу ёқдан қаттиқ тайинлашган экан. Домодедовода даволовчи врач Александр Иванович Проценконинг ўзи кутиб олди. Энг катта муаммо — “серқуёш Ўзбекистон”дан олиб борилган “майда-чуйда”ларни олмайман, деб туриб олгани бўлди. Ҳеч жойни кўрмаган, тартибларини билмайдиган одамлар учун шаҳарда совғалар — “олма-тут майиз” ҳам дахмаза бўлди: қаерга қўйишади? Дўхтирнинг уйига олиб бориб, эшиги тагига ташлаб келишди. Инсоф қилса, олгандир. Тил билмаслик эса иккинчи дахмаза эди. Таксида кетаётганларида врач сигарет чиқариб, нимадир деди. Тоға “нет” деди. Мезбон музтар бўлиб қолди. Ҳолбуки, у чекишга рухсат сўраган, булар чекиш таклиф қиляпти, деб тушунган…

Сафарали ҳам тил билмаслик муаммосини ўксиниб такрорлайди. “Ҳаммаёқ ўрисча, бизни мактабда ўқитишмаган деярли. Кейин ҳам ишим тушмаган бу тилга, жуда-жуда қийин бўлган”. Хайрият, яхши одамлар ҳамма жойда бор, қўшни каравотдаги бемор (украин эди, чамаси) ёрдамга келди, сўзларни ҳижжалаб ўргата бошлади. Ҳужжатлар вазирлик орқали расмийлаштирилиб, ихтисослашган 7-клиникага жойлаштиришди ва тезда амалиётга тайёрлашди. Албатта, муаммолар оёқни букиш ва қўлни ишлатиш эди. Мутахассислар яхши билади, организмдаги ҳаракат кўринмас иплар билан бош мияга туташган ва шу ердан бошқарилади. Қўлга уланган тола шикастлангани аниқланиб, жарроҳлик амалиётига киришилади. Бу жараён қулоқнинг орқаси ва елка оралиғида микроскоп остида олиб борилади.

— Амалиёт бошланмасдан олдин қарасам, зал тўла оқ халатли одамлар. Бунақа жараён кам учрар, операция жами талабалар, тадқиқотчилар кўз олдида олиб бориляпти экан, — дейди С.Боқиев ўша таҳликали дамларни эслаб.

Бу лаҳзалар ҳам инсонга берилган умрнинг бир парчаси, уларни эсламаслик мумкин эмас. Тақдир кишини нима синоатларга рўпара қилмайди?

Электрон микроскоплар, энг сўнгги табобат ускуналари ёрдамида ўтган амалиёт етти соат давом этади. Бемор кучли наркоз таъсирида икки сутка беҳуш ётади.

— Кўзимни очсам, бошимнинг устида табобат ҳамшираси турибди. “Икки кечаю кундуз мижжа қоқмай ўтирди”, дейишди ҳамроҳларим. Шундай парвона бўлади, ҳушимга келганимга шундай хурсанд… Мана, инсоннинг бир-бирига меҳрибончилиги…

Қўл шифоси билан муқобил тиззани букиш амалиёти ҳам олиб борилди. Унга Елизаров ускунаси ўрнатилиб, муолажалар билан бирга аста-аста букиш машқи қилинади, тиззани букиш учун кўндаланг ўрнатилган больтни бурайдиган калит топшириб қўйишган. Бир куни қаттиқроқ бураб юборган эканми, туни билан кучли оғриқ берди. Шундан кейин фойдасизлиги аниқ бўлиб, ускунани олиб ташлашди.

Москвада ҳам муолажа саккиз ой давом этди, афсуски, ўзгариш бўлмади. Ўнг томонда қўл қимирламайди, тизза букилмайди. Бу синоат қаршисида табобат ожиз экан… Ҳаёт эса давом этади. Тўхтаб қолиш мумкин эмас, бу тириклик аравасидан тушиб қолишдек гап. Узоқ даволанишлардан кейин қишлоққа қайтиб, хонадонида, қадрдонлари даврасида анча ҳордиқ олди. Ёш вужуд (энди йигирма ёшдан ўтганди) ўз имкониятларини ишга солиб, тикланиш жараёни кетарди, гўё организм чекига тушган синовлар билан шафқатсиз курашарди. Шунда бекор туриш азоб устига азоб эканини тушунди ва ўзини яна севимли касбида синаб кўрмоқчи бўлди. Албатта, педагогиканинг ўз талаблари бор, биринчи навбатда муаллим болаларда илиқ таассурот уйғотиши лозим. Етти пушти умргузаронлик қилган қишлоқда эса ҳамма гапни билишарди. Шу туфайли тортинчоқлик қилмай, мактаб даргоҳига қадам қўйди. Дастлаб кунига бир соат дарс олиб кўрди. Жонли ҳаёт, болалар билан ишлаш завқи оғриқларни ҳам, ташвишларни ҳам эсдан чиқарар эди. Кейин тўла юклама билан ишлашга ўтди. Албатта, жонажон ва қадрдон жамоа унга мададкор бўлди, саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб турди.

— Сафаралида ўзгача иштиёқ бор эди, — деб эслайди ўша йиллари мактаб раҳбари бўлган Болта Каримов, — аввало, соҳаси — математика фанини яхши биларди ва яхши кўрарди. Ўқувчилар билан муомала қилишда катта ҳаётни кўрганлиги асқатарди. Шундай иштиёқ билан ишладики, қолганлар унга тенглашишга интилиб, бор кучини ишга соларди. Шу тарзда жамоада жўшқин ва ишчан муҳит юзага келди.

Кўп ўтмай, уни илмий бўлим мудирлигига тавсия қилдилар.

— Сафарали домла ҳар жиҳатдан бу вазифага арзирдилар. Талабчан, маданиятли, иссиқ-совуқни кўрган одам педагогларнинг чинакам маслаҳатчисига айланган эдилар, — деди ўша йиллари ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлиб ишлаган Хосият Узоқова, — биз чинакам мураббий билан ишлаётгандик…

Йиллар ўтиб борар, ҳар лаҳза ҳам синов, ҳам зафар билан кечарди. “Ҳаётдан ҳақимни оламан” деб аҳд қилган Сафарали Боқиев ҳеч кимда эътироз қолдирмасликка интиларди. Умрнинг унга ато этган имтиҳонлари эвазига бор қобилиятини намойиш қилишга уринарди. Шу йилларда унинг фаолиятида эътирозли ўринлар бўлмаган. Уч йил давомида ўзини кўрсата олган, ишонч қозонган эди. Касби туманидаги 10-ўрта мактаб директори Болта Каримов туман халқ таълими бўлими (ҳозирги мактаб ва мактабгача таълим бўлими)га ишга кетиш олдидан ҳеч иккиланмай ўрнига Сафаралини тавсия этди. У йиллари мактаб раҳбарига таълим соҳасидан ташқари бошқа кўп ташвишлар юкланган эди. Жумладан, машғулотлар пайти вақт, асосан, далада ўтарди. Бошидан қаттиқ синовларни ўтказганига қарамай, С.Боқиев бу вазифани зиммасига ола билди. У мактабда математика фанидан дарс берар эди. Директор бўлгандан кейин ҳам ўқувчиларга сабоқ беришда давом этди. “Энди мен раҳбар бўлдим” деб айримларга ўхшаб синфхонани унутмади.

— Ҳаво исигандан қор тушгунча болалар умри далада кечадиган шароитда биз ҳар доим Сафарали Боқиевни ўқувчилар билан бирга кўрардик, — деб хотираларини баҳам кўради ўша йиллар илғор бригадир сифатида донг таратган Нарзулла Расулов, — рости, унинг матонатига қойил қолардик. Юриши анча ноқулай бўлса-да, пахта даласини тарк этмас, пайкалдан-пайкалга болалар билан бирга шахдам юрарди. Бирон марта соғлиғидан шикоят қилган эмас…

Мактабда ўқув-тарбия ишлари ҳам янги поғонага кўтарилди. Ўша йиллар у раҳбарлик қилган билим маскани туманда олий ўқув юртларига кириш бўйича етакчилардан бирига айланди. Туман, вилоят миқёсидаги кўплаб тадбирлар ўтказилди. Ўз анъаналарига эга бўлган Касби туманидаги 10-мактабнинг обрўси яна ҳам юксалди. С.Боқиев раҳбарлик қилган олти йил эсда қоладиган даврлар бўлди. Кейинги вақтлар давомида ҳам раҳбар ўринбосари, руҳшунос сифатида самарали фаолият кўрсатди, билим маскани ҳаётида фаол иштирок этди.

— Педагог ўз қисматини ўзи яратади. У биринчи навбатда инсониятнинг келажагига масъул эканини унутмаслиги лозим, — деди ўтган йилларга хаёлан қайтаркан, С.Боқиев. — Тўғри, ҳамма касбларнинг ўз ўрни бор, аммо устозлик — касбларнинг отаси! Мен шу ҳақиқатни аввал бошдан тушуниб етганман ва шунга муносиб бўлишга интилдим.

Гап бугунги мактаб ҳаёти ҳақида кетар экан, муаммоларнинг боши ўқитувчига бориб тақалиб қолганини афсус билан таъкидлайди тажрибали педагог. “Бугунги ўқитувчилар болаларни эплай олмай, бошқара олмай қолди”, дейди у ташвиш билан. Яна бир ташвишли ҳолат — энди ота-оналар ўқитувчи эмас, боласи тарафига ўтиб олди. Гўё жигаргўшаси бор бўлса, етарли, унинг ким бўлиши аҳамиятсиз. “Ҳолбуки, бу ҳол мактабнинг вазифасига тескари…”.

Ўқитувчининг масъулияти ҳақида гап кетар экан, бир воқеани эслайди: мактабга туман халқ таълими бўлими мудири келган ва уни (директорни) сўраган. Дарсда бўлган ўқитувчи: “Дарсимни тугатай, кейин бораман”, деб жавоб берган. Кейинги кун туман раҳбари чақириб, койиш, ишдан ҳайдаш ўрнига: “Менга сиздек раҳбар керак!” деган. “Биз ана шундай муҳитда ишладик!” дейди собиқ ўқитувчи бугун фахр билан.

Йиллар Сафарали домланинг ҳаётида турлича кечган бўлса-да, уларнинг мазмуни, салмоғи кўнгилни мунаввар қилади. Гоҳ оғриқ, гоҳ қувонч билан ўтган дамлар тафаккури одамни донишмандга айлантирар экан. Бугун у қишлоқнинг обрўли шахсларидан, матонати, босиб ўтган ҳаёт йўли ёшларга ибрат қилиб кўрсатилади. Ахир атрофимизда кимлар умргузаронлик қилмайди? Яралишидан бошқаларга ташвиш бўлиб юрганлар қанча? Ёки турмушнинг арзимас синовига бардош бера олмай, йўлини йўқотганлар, оғирини бошқаларга ташлаб қўйганлар озми?

Тирикликнинг мазмуни эса Яратган ато этган умрни мазмунли ўтказиш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилишда экан. Кимларнингдир шафқатсизлиги (ахир уни уриб юборган ҳайдовчи нима қилиб қўйганини ойнадан кўрган чиқар) туфайли энг бебаҳо бойлигидан айрилган Сафарали Боқиев ўша хазинасини қайтариш учун қанча синовларни енгиб ўтди, хайрият, кимларгадир тирик товон бўлмай, ўз тақдирини ўзи қайтадан яратди. Бугун у чинакам ироданинг тимсоли сифатида жамоатчилик сафида ишонч билан юрибди. Ўз касбида муваффақиятларга эришди, турмуш ўртоғи Ҳожархон билан фарзандлар тарбиялаб, жамиятга қўшди. Энди набиралар ардоғида муносиб умргузаронлик қилмоқда. Бир инсонга ато этилган бахт шу бўлса керак. У бу кунларга изтиробларни енгиб, ғалаба билан етиб келди. Шу туфайли бу дамлар яна ҳам қадрли…

Ҳаким САТТОРИЙ,

ёзувчи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + four =