Ҳар биримиз битта Ўзбекистонмиз!

Сайёра Тўйчиева

Муаллиф ҳақида:

Сайёра ТЎЙЧИЕВА Жиззах вилояти Жиззах туманида туғилган.

“Вафо бўлиб уйғонаман”, “Мен сени қизғонаман”, “Кўзларингни соғинаман”, “Элим”, “Санамгина”, “Суянганим сўз бўлди”, “Шарофнома” номли шеърий, “Буюк инсон бошлаган йўл”, “Мунаввар замин”, “Ифтихор”, “Водийларни яёв кезганда” номли насрий тўпламлари чоп этилган.

Шеърлари рус, инглиз, турк, озарбайжон, қозоқ, тожик, қирғиз тилларига таржима қилинган. Севимли хонандаларимиз томонидан куйланаётган “Санамгина”, “Элим”, “Ўзбекистон”, “Опажоним, дардлашгани келинг”, “Жавоҳирим”, “Муҳаббат” сингари 200 га яқин қўшиқлари миллий қўшиқчилигимиз олтин фондидан жой олган.

1999 йилда “Шуҳрат” медали, 2022 йилда “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ­аъзоси, фалсафа фанлари доктори, профессор.

ХАЛҚИМ

 

Халқим, номинг баланд, шарафинг баланд,

Ҳамиша талпиндинг нурга, зиёга.

Оламга татирлик ҳалол ризқ билан —

Ҳалол фарзандларни бердинг дунёга.

 

Халқим, ниятлари улуғ донишим,

Ниятга муносиб — иқболинг бекам.

Ўзбек деганлари катта халқ эрур,

Шул сабаб улуғдир фарзандлари ҳам.

 

Бир гул боғ бўлмагай, шундай мақол бор —

Темур шиддатидан куч олган жонмиз.

Юрагида Ватанни кўтариб юрган —

Ҳар биримиз битта Ўзбекистонмиз!

 

Ошиқона

 

Дардинг билан куйиб юрсам,

Куйиб юрсам, суйиб юрсам,

Рашкдан безиб, тўйиб юрсам,

Фақат сени кўриб турсам.

 

Маломатдан чиқмай бошим,

Ҳижрон бўлса ичган ошим,

Ўшандаям эҳтиёжим —

Фақат сени кўриб турсам.

 

Исминг айтиб урса юрак,

Борлигингдан бериб дарак,

Менам тирикдирман, демак,

Фақат сени кўриб турсам.

 

Муҳаббат ўт, муҳаббат оҳ,

Сендами ё менда гуноҳ,

Эй бебаҳо, кийикнигоҳ,

Фақат сени кўриб турсам.

 

Хавотирми, хаёл бўлиб,

Гумону эҳтимол бўлиб,

Кейин сирли савол бўлиб,

Фақат сени кўриб турсам.

 

Сезмай қолса дўсту ғаним,

Ёлғиз сени излаганим,

Умрим бўйи тилаганим,

Фақат сени кўриб турсам.

 

Кўзларингни соғинаман,

Чўғсиз, оловсиз ёнаман,

Қабримдаям уйғонаман,

Фақат сени кўриб турсам.

 

Изингга термилиб юрсам,

Ўзингдан ўргилиб юрсам,

Сенга банди бўлиб юрсам,

Фақат сени кўриб турсам,

Кўриб турсам,

Кўриб турсам,

Кўриб турсам…

 

ЭЙ, БЕБАҲО…

 

Эй, бебаҳо, бағрикенг инсон,

Сизни десам, яшнайди жаҳон,

Йўлингизга кўзим нигорон,

Сизни жуда яхши кўраман.

 

Офтоб нима, рафторингизми?

Абри найсон баҳорингизми,

Ё рашки беқарорингизми?

Сизни ёмон яхши кўраман.

 

Ёлғон дунё ёлғонларидан,

Тўйиб куз-у хазонларидан,

Кўнгли бузуқ ёмонларидан,

Сизни ёмон яхши кўраман.

Эллик, олтмиш, саксонга бориб,

Атиргулнинг ғунчасин ёриб,

Шеър айтаман сизга ёлвориб,

Сизни ёмон яхши кўраман.

 

Олов рангли баётим ҳаққи,

Ишқ аталган саводим ҳаққи,

Умрим ҳаққи, ҳаётим ҳаққи,

Сизни ёмон яхши кўраман.

 

Кўзи билан дардим олганим,

Юрагимга кўприк солганим,

Билиб-билмай севиб қолганим,

Сизни ёмон яхши кўраман.

 

Биринчи муҳаббатим

 

Гулханмиди, оловмиди, чақмоқмиди,

Мақсадинг не, ич-ичимни ёқмоқмиди?

Аҳволимни кўриб, маъюс оқмоқмиди,

Не сир бордир кўзларингнинг қорасида?

 

Мен бир гулман, ифорлари сенга етмас,

Шафтолиранг баҳорлари сенга етмас,

Икки дунё муножотим энди битмас,

Суратим бор юрагингнинг ярасида.

 

Муҳаббатман тирноғимдан сочимгача,

Садоқатман сенга то минг ёшимгача,

Исминг ёзиб қўйиб қабр тошимгача —

Шеър айтаман сўзларимнинг сарасида.

 

Қўлим чўзсам, осмонлар ҳам келдилар паст,

Мендан бахтли оёқларинг остида хас.

Эй бебаҳо, эй бевафо, соҳир нафас —

Сендай йигит бормикан ер куррасида?

 

Ҳам суйганим, ҳам куйганим, жону дилим,

Жону дилим десам, бағрим тилим-тилим,

Бир-бирига етолмаган айт, севгилим,

Биздайларам бормикан эл орасида?

 

ҚОРАКЎЗ

 

Осмон узоқ, ер қаттиқ, қандоқ қилай, қоракўз,

Мен айтмоқчи шеър қаттиқ, қандоқ қилай,

қоракўз?

Пешонангга сиғмаган яримта дил аёлман,

Кетай десам, гўр қаттиқ, қандоқ қилай, қоракўз?

 

Сен бир олис юлдузсан, етолмадим, қоракўз,

Кўнгил узиб ва лекин кетолмадим, қоракўз.

Иккимизга армондир сеҳр тўла чимилдиқ,

Чимилдиқнинг сеҳрини ютолмадик, қоракўз.

 

Кўздан оқар бўлдилар жолаларим, қоракўз,

Бўғзимда қотиб қолди нолаларим, қоракўз.

Сен бировнинг ёрисан, сен бировнинг паноҳи,

Омон бўлсин бахтингга болаларинг, қоракўз.

 

Ўтинч

 

Баҳорлар шамолин асрайди,

Юлдузлар ҳилолин асрайди,

Булоқлар зилолин асрайди,

Ўзингни мен учун асрагин.

 

Тириклик энг буюк иноят,

Севгисиз яшамоқ жиноят,

Азизим, бу дунё омонат,

Ўзингни мен учун асрагин.

 

Кипригинг остидан топай жон,

Қонингда кўпирсин ишқ, исён,

Ўттизга кирмаган навқирон,

Ўзингни мен учун асрагин.

 

Рўзғорим бут бўлсин десанг гар,

Барака, қут бўлсин десанг гар,

Қиблам шу юрт бўлсин десанг гар,

Ўзингни мен учун асрагин.

 

Шеърларим денгиздан бир қатра,

Ҳар куни эсга ол минг карра,

Беажал ўлмасин Сайёра,

Ўзингни мен учун асрагин.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 + 20 =