Бизда пул тўлаб ўқишга одатланишмаган

Ҳозир деярли мажбурий обуна йўқ. Ҳеч ким бирорта газета ёки журналга ўз хоҳиши билан обуна бўлишни истамайди. Чунки улардаги ахборотларни ижтимоий тармоқлар ва веб-сайтлар аллақачон тезкор етказиб бермоқда. Хато кетса, дарров таҳрирлаб қўйишади. Энг муҳими — тезкорлик. Одамларга айнан шу керак.

Барча маълумотларни синчиклаб ўрганадиган матбуот нашрлари эса ҳали ҳам чоп этиладиган мақолаларнинг ишончлилигини текшириш билан овора. Э воҳ, бу текширувлар якунига етгунча хабар эскириб қолмайдими? Яна бирламчи манбани қидириш, унга аниқлик киритиш керак. Хабар эскирса, жумлалардаги замон шаклларини бироз ўзгартириш мумкин, холос. Ўтган замон… Ҳа-ҳа, одамлар тарих ўқишни яхши кўришади. Тарихни севишади, лекин ўзларини ниҳоятда замонавий кўрсатишга уринишади. Қўлида газета ушлаган кишини эса эскича қарашлар вакили деб билишади.

Салом, янги авлод вакиллари! Миллениаллар — анча консерватив қарашларга, урф-одатларга содиқлиги, ҳатто газета ва журналларга тез-тез кўз югуртириб туриши билан ажралиб турадиган қатлам. Худди ўзларидан олдинги беби-бумерлар ва “Х” авлоди каби. Аммо зумерлар ҳақиқий дўстлик рамзи ва икки даврни бир-бирига боғлаб турган кўприк ҳисобланади. Чунки улар газетага ҳам, интернетга ҳам ижобий муносабатда: ҳар иккисидан ҳам фойдаланишни билишади. Улар — миллениаллар яратган интернетни ҳам, улардан олдин пайдо бўлган китобни ҳам етарлича қадрлай оладиган авлод.

“Альфа”лар эса ҳақиқий технология одамларидир. Куни келиб, улар инсон билан технологияни уйғунлаштириб, мисли кўрилмаган кашфиётлар қилишар, балки. Лекин ҳозир асосий гап китоб ва газеталар ҳақида кетмоқда. Хўш, газеталарни ҳеч ким ўқимайди, деймиз. Агар янгилик сайтлари ва каналларининг барчаси пулли бўлганида, уларга қанча одам аъзо бўларди? Аслида шундай йўл тутиш тўғри эмасми?

Хориждаги “The Guardian”, “The New York Times”, “Bloomberg” ва бошқа кўплаб сайтларда эълон қилинган мақолаларнинг тўлиқ матнини ўқиш учун пулли обуна талаб этилади. Бу тажриба ўзимизнинг айрим (“Дарё” ва саноқли бошқа) нашрларда ҳам учраб турибди. Лекин натижа қандай? Кутилганидек эмас, жуда кам. Аслида, одамларга қанча кўп бўлса, шунча оз туюлади, аммо бу ерда кўрсаткич чиндан ҳам ҳаминқадар. Бу рақамлар қайсидир блогерга ташланадиган “донат”лардан ўнлаб баробар кам экани аниқ.

Замон ўзгаради, одамлар ҳам ўзгаради: вақти келиб пул тўлаб ўқиш ҳам одатга айланар. Тўғри, биз интернет орқали харид қилиш ва премиум-аккаунт сотиб олишни яхши ўргандик, бироқ маълумот ўқиш учун пул тўлаш ҳали хаёлимизга ҳам келмайди. Эҳтимол, бунга ўқувчиларни пул тўлаб ўқишга мажбур этадиган даражада кучли таҳлилий мақолалар ёзмаётганимиз сабаб бўлаётгандир.

Албатта, ҳаммаси ўз изига тушиб кетар, лекин ҳозирги ҳолатимиз мени доим ўйлантиради: одамлар кўп нарсанинг қадрига ўз вақтида етишни билишмайди. Афсуски, шундай!

Шаҳзод КЕНЖАЕВ,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети

халқаро муносабатлар факультети талабаси.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × five =