Машина тилни “тушунади”, лекин ўзбек тилини тушунармикан?

Кечаси соат ўн бир. Талаба қиз компьютер экранига тикилиб, сунъий интеллект дастуридан диплом иши юзасидан ўзбек тилида қисқача хулоса ёзиб беришни сўради. Бир неча сониядан кейин экранда чиққан матнни ўқиб, афсус билан бошини чайқади. Гаплар тўғри тузилгандек кўринса ҳам, уларда нимадир етишмасди. Баъзан сўз тартиби ғалати эди, баъзан бир гап ичида икки тил аралашиб кетган, баъзан эса умуман маъносиз иборалар чиқиб қолган эди. Шунда у ўша сўровни инглиз тилида юбориб кўрди. Жавоб бир зумда, хатосиз, равон чиқди. Нега шунақа? Нега бир дастур инглиз тилида моҳир ёзувчига ўхшаб гапиради-ю, она тилимизда дудуқланади?

Бу савол фақат битта талабага шахсий ноқулайлик туғдираётганлиги ҳақида эмас. Бу бутун бир миллатнинг рақамли келажагига тегишли муаммо. Бугун сунъий интеллект таълим, тиббиёт, давлат хизматлари ва бизнеснинг деярли барча соҳасига кириб бормоқда. Агар бу технологиялар ўзбек тилини яхши тушунмаса, ўзбек халқи бу инқилобдан четда қолиб кетиши мумкин.

Мутахассислар бу муаммони аниқ рақамлар билан исботлаган. 2025 йилда ўтказилган кенг қамровли тадқиқотда дунёдаги етакчи очиқ моделлар, жумладан, “Llama”, “Gemma” ва “Qwen” ўзбек тилидаги матнлар билан синаб кўрилган. Натижа кўпчиликни ҳайратга солади. Моделларнинг аксарияти изчил ва мантиқий матн ярата олмаган, баъзилари бир жумлада уч хил тилни аралаштириб юборган. Фақат “Kimi-K2-Instruct” модели нисбатан яхши натижа кўрсатган. Лекин унинг таржима сифати ҳам “BLEU” бўйича 0,54 бўлиб, профессионал таржимон даражасидан ҳали анча паст.

Бу тасодиф эмас. Муаммонинг илдизи сунъий интеллект тилни қандай ўқишида яширинган. Ҳар бир тил модели матнни токен деб аталадиган майда бўлакларга бўлиб ишлайди. Инглиз тилида битта сўз, одатда, битта токенга тўғри келади. Лекин ўзбек тили каби қўшимчаларга бой тилларда аҳвол бошқача. Масалан, “уйимиздагилардан” деган битта сўзнинг ўзи олти-етти бўлакка бўлиниб кетиши мумкин, чунки дастур қўшимчалар занжирини танимайди. Халқаро тадқиқотларга кўра, туркий тилларда бу кўрсаткич, яъни фертиллик даражаси инглиз тилидагига қараганда икки бараваргача юқори. Бунда бир хил фикрни айтиш учун модель икки баравар кўп куч сарфлаши керак бўлади.

Кўпчилик буни фақат дастурчиларнинг иши деб ўйлаши мумкин. Аслида эса, бу миллий манфаат масаласи. Биринчидан, иқтисодий адолат бузилмоқда. Кўп сунъий интеллект хизматлари токен сонига қараб пул олади. Демак, бир хил саволни инглиз тилида берган одам камроқ тўлайди, ўзбек тилида берган одам эса фақат тилининг ўзига хослиги туфайли кўп пул сарфлаши мумкин. Иккинчидан, сифат муаммоси бор. Модель матнни нотўғри бўлакларга бўлса, маънони ҳам чала тушунади. Натижада талаба илмий ишида, шифокор тиббий ҳужжатида, амалдор расмий хатида сифатсиз ёрдамчига дуч келади. Учинчидан (бу балки энг чуқур муаммодир), тил технологиялари ривожланмаса, тилнинг ўзи рақамли оламдан четда қолиб кетиши мумкин. Ёшлар маълумотни қайси тилда тез ва қулай топса, ўша тилга кўпроқ мойил бўлади. Агар ўзбек тилида сифатли рақамли мулоқот имкони бўлмаса, баъзи одамлар беихтиёр бошқа тилларга ўтиб кетиши эҳтимолдан холи эмас.

Сўнгги пайтларда баъзи тадқиқотчилар айнан ўзбек тили учун мосланган кичик моделлар яратишга муваффақ бўлишяпти. Қизиғи шундаки, атиги тўрт миллиард параметрли, лекин махсус ўзбекча токенизаторга эга бир модель синовларда юзлаб миллиард параметрли улкан халқаро моделлар билан бемалол беллаша олган. Бу эса ечим каттароқ модель яратишда эмас, тилни чуқур тушунадиган ва унга мосланган ақлли ёндашувда эканини кўрсатади.

Бу муаммонинг ечими бирон ташкилот ёки фақат дастурчилар зиммасидаги иш эмас, балки умуммиллий вазифа. Давлат даражасида ўзбек тили учун катта ҳажмли, сифатли ва ҳамма фойдалана оладиган матн тўпламларини яратиш керак. Университетлар ва илмий тадқиқот институтлари тилшуносликни сунъий интеллект мутахассислиги билан бирлаштириб, тилга мос токенизаторлар ва моделлар устида ишлаши лозим. Ёш дастурчилар ва тадқиқотчилар эса халқаро тажрибадан ўрганиб, ўз лойиҳаларини она тилига хизмат қиладиган кичик, аммо пухта ечимлар сифатида ривожлантириши мумкин.

Ўша кечаси компьютер қаршисида ўтирган талаба қиз буни билмасди, эҳтимол. Лекин унинг экранида чиққан ноаниқ, узуқ-юлуқ жавоб аслида катта бир саволнинг кичик акси эди. Сунъий интеллект асрига қараб келаётган бир пайтда ўзбек тили бу асрга ўз овози билан кира оладими ёки фақат таржима қилинадиган, ҳеч қачон тўлиқ тушунилмайдиган тил бўлиб қоладими? Жавоб бугун жамиятимизнинг бу масалага қанчалик жиддий қарашига боғлиқ. Бу масалада талаба қиз каби бугунги миллионлаб ёшлар Рақамли технологиялар вазирлигидан муносиб жавоб олишни истаса керак.

Зулфизар КАРИМОВА,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий

коммуникациялар университети талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine − 5 =