Маънавият инсон ҳаётининг иккинчи қуёшидир

Уруш йилларидан кейинги очарчиликни, болалар ва аёлларнинг эркаклар билан тенг меҳнат қилганини кўриб, шулар қаторида униб-ўсдим. Омоч тортдим, ғаллани галагов  қилдим. Ҳаёт мажбур этган, яшашга умид бағишлаган ҳеч бир юмушдан бош тортмадим. Бунинг учун бировни айбламайман, аксинча, ҳаётдан розиман. Гарчи ўша пайтлар маънавият деб аталмаган бўлса-да, инсонни тарбиялашга хизмат қилган ҳаёт сабоғидан, одамларнинг амалий иши ва сўзи билан берган ўгитларидан маънавий куч олганман, десам, асло хато бўлмайди.

Қишлоғимизда бир кенгфеъл бригадир бўларди. Ғалла пишган чоғларда хирмонбоши бўлиб, галагов тепасида турарди. Бир-икки кило буғдой учун одамлар отилиб кетадиган замонда шу инсон ота-оналаримизга: “Болаларингга айтинглар, оёғига каттароқ калиш кийиб келсин! Хирмонжойдан қоронғи тушганда қайтсин!” деб тайинлар экан. Чунки оёқда катта калиш билан галаговда қатнашсак, унинг ичига ғиж-ғиж буғдой тўларди. Буни биров, дейлик, назоратчилар сезмасди. Қоронғи тушганда эса ўша буғдойни белбоққа тўкиб олардик. Битта нон бўладими, бир коса аталага етадими — хуллас, шу буғдой кунимизга ярарди.

Ўша бригадир биз — ўспиринларга ёлғондакам дағдаға билан: “Нимага партия қўшиқларини билмайсанлар, ким ўқитяпти сенларни?” деб дўқ уриб ҳам қўярди. Биз эса буғдой янчаётган эшак ёки ҳўкизларни қистаб, бепарво хиргойи қиладиган “Хирмончи”, “Ҳў, майда” каби халқ қўшиқларини бас қилиб, дарҳол партияни мадҳ этувчи қўшиқларни билганимизча авжига чиқарардик. Бу қўшиқлардан кўзланган асл мақсад эса янада ғалати эди: калишимизда ғижирлаётган ёки бехос ерга сочилаётган доннинг шитирлаган товушини сездирмаслик! Қолаверса, хирмонжойни айланиб юрган партия вакилларининг диққатини чалғитиш. Ана сизга партия қўшиғи-ю, ана сизга ўлмай яшаб қолиш учун қилинган минг бир ҳийла…

Бу бригадир ҳам кўпчилик қатори чаласавод одам эди. Аммо инсоний меҳри, шу эл болаларининг илиги тўқ ўссин деган содда элпарварлиги билан менга катта маънавият сабоғини берган.

Кейинчалик мактабдаги ва олий даргоҳлардаги айрим устозларнинг ич-ичидан эзилиб, мустақиллик ҳақида пинҳона бир оғриқ билан, ҳар сўзини ўн қат қоғозга ўраб сўзлаши ботинимизга сингиб борди.

Айтмоқчи бўлган асосий мавзуимдан бироз чалғидим, шекилли, аммо юқоридаги гаплар ҳам зиён қилмайди, деб ўйлайман. Чунки маънавият биринчи навбатда ватанпарварликдир, деган хулосага келгунимча анча-мунча йўлни босиб ўтдим. Ватанпарварлик эса, аввало, Тангрини таниш, инсонни севиш, бандасидан ҳаё қилиш дегани экан-да…

Мен бугунги ёшларимиздан нолимайман, балки уларга ҳайрат ва ҳавас билан қарайман. Нолимаслигим сабаби — улар бизнинг ўз ҳосилимиз. Нимани эксанг, шуни ўрасан! Аммо уларнинг ҳаётга қараши, ўзгаришларни қабул қилиш даражаси ва тарзи барибир мени безовта қилади.

Маънавият ҳақида сўз кетганда, моддий тўкислик масаласи ҳам ўртага чиқади. Халқимизда шундай нақл бор: “Туянинг юки енгил бўлса, бақироқ келади”. Яъни юки енгил туя шўх бўлади, шаталоқ отади, бақириб, эгасига ҳам бўйсунмай, оламни бузгиси келади. Бу нақл аслида туя ҳақида эмас. Туя — шунчаки рамз. Асл гап биз — одамлар ҳақида.

Одамлар орасидан меҳр-оқибат, беғараз муҳаббат, бетама яхшилик кўтарилиб боряпти, дейишади. Бироз ҳаёт кўрган инсон сифатида мен ҳам бу фикрга қўшиламан. Нега десангиз, ҳаётимиз яхшиланди, яшаш енгиллашди. Минглаб юмушларни техника ўз зиммасига олди. Бироқ одамларни ақл бовар қилмас бир ёлғизлик қуршаб бораётгандек. Бемор қўшнидан хабар олиш ёки телефон орқали ҳол-аҳвол сўрашга эринамиз, вақт тополмаймиз. Ваҳоланки, кўнгилни кенг қилсак, бугун ҳар нарсага имкониятимиз етади.

Узоққа бормайлик: салкам 6 миллион тонна пахта етказиб берувчи юртимиз мустақилликнинг илк йилларида жиддий ғалла тақчиллигига дуч келган эди. Марказий таъминотдан узилган давлат қарийб йигирма миллионлик аҳолини нон билан таъминлай олмаслик хавфи остида қолди.

Ўшанда раҳбарларимиз бир йилнинг ўзида 300 минг гектар майдонни шахсий томорқа хўжаликлари учун ажратиб берди. Томорқали бўлган одамлар сал бўлса-да енгил тортди, ўз аравасини ўзи торта бошлади. Пахта майдонлари кескин қисқартирилиб, 1 миллион гектар суғориладиган ва 500 минг гектар лалми ерга ғалла экилди. Кўрпани бошингга тортсанг, оёғинг очилиб қоладиган, ғалла ҳам, кийим-бош ҳам бирдек зарур, айни чоғда таълим ислоҳоти ҳам кутиб турмайдиган бир қалтис паллада бундай таваккал қилиш чинакам жасорат эди.

Бу рақамлар ва мисолларни нега келтиряпман? Шаҳарликлар бўлка нонга соатлаб навбатда турган, қишлоқларда эса буғдойга арпа, жўхори ва ҳатто супурги уруғини аралаштириб тегирмонга ташиган 90-йиллар воқелиги ҳозирги талаба неварам учун эртакдек туюлади. Аммо замонавий технологиялар бағрида ўсаётган, инглиз тилини ҳам, компьютерни ҳам мукаммал эгаллаган мана шу авлод маънавий қадриятлар деган табаррук тушунчага қандай қараяпти?

Нега улар Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон” қасидасини юракдан ҳис этиб ўқиш, Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим”ини Шерали Жўраев ижросида вужуди титраб тинглаш ўрнига, хориждаги таълим имкониятини суиистеъмол қилиб, борган жойи — Америка ёки Европа давлатларида ноқонуний қолиб кетишни ўз орзусига айлантирмоқда? Ёки нима сабабдан оила деган шарқона муқаддас меросимизга беписанд қараб, олти ойга қолмай ажрашиб кетишяпти? Ёхуд таълим даргоҳларида устоз-муаллимнинг бир оғиз даккиси учун уни  ҳатто судгача олиб боришяпти?

Ахир юқоридаги каби миллий дурдоналардан умрида бир бора бўлса-да баҳра олиб мириққан инсон ўз юрти, миллий ўзлиги ва халқи ҳақида шунчаки ўйлай олмайди-ку! Юрт дардига бефарқ қараб туролмайди-ку!

Бу каби ўйлантирадиган маънавий оғриқларимиз кўп.

Халқимизда “Қўйни ўз ёғида қовурадилар” деган ҳикмат бор. Бу сабабларни, аввало, ўзимиздан қидиришимиз кераклигини, барча саволларга жавоб бериш биз — катталарнинг зиммамизда эканини англатади.

Хўш, биз қаерда хато қилдик ёки хато қиляпмиз? Яқинда Термизда истиқомат қилувчи бир ёш дўстимиз билан суҳбатлашиб қолдим. Банк тизимида ишлайдиган 30-35 ёшлардаги бу йигитнинг уч нафар фарзанди бор экан. Энг кичиги 3 ёшда бўлиб, инглиз тилига ихтисослашган пулли боғчада тарбияланаркан, ҳатто ўша тилда юзгача санашни билар экан. Каттаси рус синфида, иккинчиси эса инглиз тили мактабида ўқиркан. Кўз-қоши ўзбеклигини айтиб турган бу болакайлар уйда ҳам ўша тилларда сўзлашар, она тилида эса дурустроқ фикр билдиролмас экан. Ота-онаси эса бундан ниҳоятда мамнун.

Мен халқимизнинг улуғ эпоси — “Алпомиш” достонини тадқиқ этганман, бахшиларимиздан ушбу бебаҳо асарни ёзиб олганман. Бу достон ўзбек тили, миллий маърифатимиз ва маънавиятимизнинг битмас-туганмас хазинасидир. Бундай асарлар руҳини туйган одам эл-юрт дардидан ҳеч қачон айро яшай олмайди.

Афсуски, бояги уч нафар болакайнинг давраларда ёки экран қаршисида “Алпомиш”ни тинглаб, ундан маънавий завқ олишига ишонгим келмайди.

Қарийб йигирма ёшимизда, ҳарбий хизматда юрганда рус тилини чала-чулпа ўрганган эдик. Қолганини кейинчалик ҳаётий зарурат туфайли ўзлаштирдик. Ёшим саксондан ошган бўлса-да, компьютерни ўзимга керакли даражада ишлата оламан, уни ўрганганимга ҳам кўп вақт бўлгани йўқ. Замон тилини ёки технологияларни ўрганиш учун ота-онамиз бизни сира пулли мактабларга берган эмас — у пайтларда пуллик мактабларнинг ўзи ҳам бўлмаган.

Кейинги 15-20 йилда ёш оилалар фарзандларини рус ва инглиз тилларига, ахборот технологияларига ихтисослашган пулли таълимга йўналтириши урф бўлди. Бу, албатта, керак. Фарзандларимиз тилларни мукаммал эгалласа, замонавий билимларни ўзлаштирса, бундан фақат қувониш лозим. Бироқ…

Асл мақсадим нима? Биз шу муқаддас заминнинг фарзанди эканмиз, уни Ватан деб биларканмиз, ота-боболаримизнинг хоки ва қадамжолари шу ерда экан, бу юртни ким асрайди, ким ривожлантиради, ким унинг учун жонини фидо этади, ким уни дунёга танитади?! Бу ишни, шубҳасиз, она диёрини бетама муҳаббат билан севганларгина уддалай олади. Бир ҳақиқатга қаттиқ ишонаман: ҳар қандай эзгу туйғу, аввало, она тили воситасида инсон руҳиятига сингади. Ўз тилидан узилиш эса маънавий қашшоқлик ва миллий руҳнинг таназзулига олиб келади.

Шу ўринда: “Абу Наср Форобий етмишдан ортиқ тилни билган-ку”, дейишлари мумкин. Аммо бу буюк зот шунча тилни эгаллагани ҳолда, ўз она тили ва миллий илдизларини азиз тутган, руҳий софлигини сақлаган ва умрини илм-маърифат ҳамда эл-юрт равнақига бағишлаган улуғ аллома эди.

Маънавият инсон ҳаётининг иккинчи қуёшидир. Бу қуёш нури тушмаган манзиллардаги майсалар сарғайиб, ҳосил бермайди. Бу қуёш нури кўрмаган дарёнинг сувини ичиб бўлмайди!

Биз руҳга қувват, вужудга саодат бағишловчи ана шу қуёш нуридан бебаҳра қолмаслигимиз лозим.

Кўпни кўрган, саксонни қоралаган бир кекса биродарингизнинг сизга айтар холис сўзи ва мулоҳазалари шулардан иборат.

Тоштемир ТУРДИЕВ,

республика Маънавият ва маърифат маркази

Денов тумани бўлими раҳбари,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + eight =