Унутилмас кунлар
…Ўшанда Самарқандда Қорақалпоқ адабиёти кунлари давом этмоқда эди. Навбатдаги учрашув манзилига автобусда кетаётганимизда бундан кўп йиллар олдин бўлиб ўтган ёш ёзувчилар семинаридаги воқеалар ҳақида суҳбатлашдик. Ана шунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид:
— Албатта, у кунлар хотираларини қоғозга тушириш керак. Қандайин завқли, унутилмас кунлар эди, — деди ва кутилмаганда мен томонга ўгирилиб: — Марат, сиз шуни ёзинг, — деб қолди.
Шоир биродаримнинг бир оғиз сўзи менга туртки бўлди. Ростдан ҳам, бундан қирқ йил бурунги Дўрмон кунларини тез-тез эслаб турардим. У кунлар ҳақиқатан унутилмас эди. Ҳар хил учрашувларда бу ҳақда айтиб юрардим-у, лекин уларни қоғозга тушириш ҳақида ўйлаб кўрмаган эканман…
1980 йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида ҳар ойнинг сўнгги чоршанбасида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этиладиган бўлди. Яхши эсимда: бу тадбир ўша давр ёш ижодкорлари учун ғоят катта аҳамият касб этган, таниқли ёзувчи-шоирлар билан учрашувлар, уларнинг сабоқлари, йўл-йўриқлари ҳақиқий маҳорат мактаби вазифасини ўтаган эди. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Тўлепберген Қаипбергенов бу хайрли ишларга бош-қош эди.
Ўшанда замонамизнинг машҳур алломалари — Жўлмирза Оймирзаев, Тиловберген Жумамуратов, Хўжабек Сейитов, Тажетдин Сейитжанов, Байнияз Қайипназаров, Ғалим Сейитназаров, Гулойша Эсемуратова, Генжамурат Эсемуратов, Аданбай Тажимуратов, Исмоил Қурбонбоев, Жўлдасбай Дилмуратов, Матен Сейтниязовлар билан яқиндан танишдик, уларнинг ҳаётий ва ижодий тажрибалари, ўгитларидан баҳраманд бўлдик. Бу эса бизга катта илҳом, завқ-шавқ ва, энг муҳими, ишонч бағишлади. Улардан кейинги авлод шоир-ёзувчилари — Шовдирбой Сейитов, Узоқбой Пиржонов, Камол Мамбетов, Тўлепберген Матмуратов, Абдимурат Отажонов, Гулистон Шамуратова, Тўлибой Қобулов, Кенгесбой Раҳмонов, Сейдабулла Пиржонов, Тенгелбой Сарсенбаев, Мамбетали Қайипов кабилар ҳам биз учун йўл кўрсатувчи адабий маёқ бўлиб, ўз ортларидан эргаштиришди.
Мана шундай ҳар ойда ўтказиб турилган семинар-кенгашлар асносида адабиётга илк қадам қўйган ёшлар орасидан Республика ёш ижодкорларининг иккинчи семинарига қатнашадиган вакиллар танлаб олинди.
Республика ёш ёзувчиларининг иккинчи семинари 1982 йил август ойида Тошкентдаги Дўрмон ёзувчилар ижод уйида бўлиб ўтган эди. Роса ўн кун давом этган семинарда Қорақалпоғистондан шоир Бахтиёр Генжемуратов, адабиётшунос Кенесбай Рейимов, рус тилида ижод қилувчилардан Гулнара Жиянмуратова ва наср шўъбасидан камина — жами тўрт нафар ижодкор иштирок этдик. Бизни ушбу семинарга катта устозимиз (кейинчалик Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган) Тўлепберген Қаипбергенов бошлаб борди.
Дўрмон ижод уйига жойлашган кунимизоқ у киши бизни улуғ устоз, Ўзбекистон халқ шоири Зулфия Исроилова ҳамда атоқли адабиётшунос ва машҳур таржимон (кейинчалик Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан тақдирланган) Иброҳим Ғафуровлар билан учраштирди.
— Мана, бизнинг эртанги ёзувчи-шоирларимиз, — деди Тўлепберген оға бизни исм-шарифимиз ва танлаган соҳамиз бўйича бир-бир таништираркан. Суҳбат асносида устозлар адабий қарашларимиз билан қизиқди, саволлар берди, ўзларининг энг хайрли маслаҳатларини айтди. Ўша ерда Тўлепберген оға “Менинг дўстим” деган ҳикоям қўлёзмасини Иброҳим Ғафуровга узатди (ушбу ҳикоям кўп ўтмай “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида (1988 йил 20 август, №34) босилиб чиқди. Бундан ташқари, Бахтиёр Генжемуратов ва Кенесбай Рейимовнинг ҳам шеърлари чоп этилди).
Ёзувчилар уюшмасининг раиси Сарвар Азимов семинарни очиб, ҳаммамизни бу тарихий воқеа — адабиёт байрами билан табриклади. Иштирокчилар жанрлар бўйича гуруҳларга ажратилиб, машғулотлар бошланди. Биз шу чоққача фақат номларини эшитган, асарлари орқали таниш бўлган машҳур ижодкорлар билан бевосита учрашдик, маҳорат дарсларида қатнашдик. Жумладан, Зулфияхоним, Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Суннатилла Анорбоев, Иброҳим Ғафуров, Тоҳир Малик, Ўткир Ҳошимов, Александр Файнберг, Абдулла Шер, Нурали Қобул, Машраб Бобоев, Гулчеҳра Нуриллаева, Ҳалима Худойбердиева каби устозлар биз ёшлар билан машғулотлар олиб боришди.
Семинарга келган ёш ёзувчилар орасида биринчи тўпламлари чиққанлар ҳам, китоблари чиқмаган бўлса-да, аллақачон танилиб қолганлар ҳам бор эди. Наср секциясида бугунги кунда ўз қиёфасига эга ёзувчилар билан бирга бўлдим. Улардан тошкентлик Маъсума Аҳмедова, Орзиқул Эргаш (асли самарқандлик), фарғоналик Алишер Ибодинов, Матлуба Эгамбердиева, Мақсуда Эргашева, жиззахлик Абулқосим Мамарасулов, Мустафо Нурли, Венера Иброҳимова, навоийлик Раҳим Қодир, сирдарёлик Ҳаётхон Ортиқова, Баҳор Холбекова ва бошқа ижодкорлар бор эди (эҳтимол, орадан шунча йиллар ўтиб кетди, эҳтимол, кўпларининг исмларини унутгандирман).
2022 йили Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг 80 йиллиги муносабати билан “Танланган асарлар” тўплами қорақалпоқ тилида нашр этилди. Мен ҳам устозимиз олдидаги шогирдлик бурчимни озгина бўлса-да адо этайин деб, адибнинг бир неча ҳикоясини қорақалпоқчага ўгирдим.
Ўшанда Ўткир ака эндигина қирқ ёшга тўлган, бироқ аллақачон элнинг ардоқли, атоқли ва етук ёзувчисига айланиб улгурган, камтарин, келишган, мўмин қиёфали киши эди. Унинг вазмин, дона-дона сўзлаши, овозидаги майин оҳанг ва мусиқийлик кишини ўзига жалб этар, бу овозни қулоқ билан эмас, қалб билан тинглаётганингни ҳис қилардинг.
Куни кечагидек ёдимда: ёшлар навбат билан ўз асарларини ўқиб бераркан, бир маҳал Ўткир ака: “Қани энди, бизнинг Маратжон ҳам ўқисин, минг чақирим масофадан келиб ўтирибди…”, деб қолди. “Бизнинг Маратжон…” Юрагим бир қалқиб тушди. Ахир тасаввур қилинг, мендек бошловчи бир қаламкашни ўзига яқин олиб, шунчалар лутф қиляпти! Кейин эътибор қилсам, у даврадаги ҳар бир ижодкорга ана шундай самимият билан муносабатда бўлиб, бу билан даврага илиқлик бағишлаётган, ўзимизни эркин тутишимиз ва дадилроқ бўлишимиз учун имконият яратаётган экан.
Бугун, мана, неча ўн йиллар берида туриб ўша унутилмас кунларни кўз олдимга келтирсам ёки Дўрмон боғидаги улкан чинорлар остидаги йўлаклар бўйлаб кезинсам, назаримда, қаршимдан ўша улуғ устозларимиз чиқиб келаётгандек туюлаверади.
Яна бир нарса ёдимга тушяпти: 18 август менинг туғилган куним эди. Шунинг учун семинарга кетаётиб Нукусдан балиқ ва турли егуликлар олган эдим. Умримда биринчи марта туғилган куним Тошкентда, устоз ва тенгдош ижодкорлар даврасида нишонланган эди… Кундузги семинар машғулотларидан кейин, кечқурун майин шабада эсиб турган Дўрмон боғини оралаб сайр қиламиз. Суҳбатлар, адабий баҳслар ўз-ўзидан мушоираларга, ашула, ўйин-кулгиларга айланиб кетарди. Бунинг ташаббускори кўпинча Сирожиддин Саййид бўларди.
— Хўш, қани энди навбат мусиқага, — дерди у, масалан, — синтезаторда Бахтиёр Генжемуратов, гитарада Марат Товмуратов, чилдирмада Мирза Кенжа, ўйинда… — дея атрофидаги ёшлардан хоҳлаган биттасининг номини тилга олар, даврага чорлар эди…
…2022 йилнинг ёз кунларида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида Қорақалпоқ адабиёти кунлари бўлиб ўтганда биз Дўрмонга жойлашдик. Мен бу сафар учинчи қаватдаги бир хонада яхши шоир укамиз Ривож Отарбоев билан бирга бўлдим. Ўшанда бундан қирқ йил олдинги кунларнинг нафаси шу атрофларда кезиб юргандай туюлаверди менга. Гўё хонамдан чиқиб ҳовлига тушсам, дарахтзорни ораласам-у, ўша қирқ йил бурунги тенгдош йигит-қизлар давраси устидан чиқиб қолсам… Ва худди ўшандагидек дўстим Сирожиддин даврага файз киритиб, ҳазил-ҳузул қилаётган ёки ҳаммани лол қолдириб шеър ўқиётган бўлса… дея беихтиёр ҳаяжонланиб кетдим. Бироқ буларнинг бари хаёлимиздаги, энди сира қайтиб келмайдиган соғинчли кунлар хотираси эди, холос…
Марат ТОВМУРАТОВ,
ёзувчи.
