“СУДХЎРНИНГ ҚАБУЛ КУНЛАРИ”
Алиқул Хонимқуловнинг “Судхўрнинг қабул кунлари” номли мўъжаз романи замонавий ўзбек насрида инсон тақдири, маънавий танлов, нафс, мансаб, адолат ва ҳақиқат каби долзарб масалаларни бадиий талқин этишга интилиши билан эътиборга молик асардир. 2025 йилда “IJOD NASHR” нашриёти томонидан чоп этилган китобда роман билан бирга қисса, эссе, очерк ва ҳикоялар ҳам жамланган.
Романнинг ўзига хос жиҳати шундаки, муаллиф жамиятдаги иллатларни қуруқ танқид қилиш билан чекланмай, уларни муайян инсонлар тақдири, характерлари ва муносабатлари орқали кўрсатишга ҳаракат қилади. “Судхўрнинг қабул кунлари” деган номнинг ўзиёқ ўқувчида қизиқиш уйғотади: ким бу судхўр, унинг “қабул кунлари”га кимлар келади, улар қандай муаммолар билан мурожаат қилади ва бу учрашувлар ортида қандай инсонлар тақдири яширин? Сарлавҳа шу тариқа асар мазмунига кириш эшиги вазифасини бажаради.
Романда Давлат Хушвақтов образи асарнинг асосий ғоявий юкини кўтарувчи — нафс ва виждон ўртасидаги зиддиятни очувчи марказий қаҳрамонлардан биридир. Муаллиф уни оддий маънодаги судхўр сифатидагина эмас, балки пулни инсондан, манфаатни инсонийликдан устун қўювчи тип сифатида тасвирлайди. Давлат Хушвақтовнинг характерини очишда муаллиф жуда аниқ бир таъриф беради: у “ҳожатбарор, ҳеч кимга паст кетмайдиган, муросаю мадора деган тушунчаларни хаёлига ҳам келтирмайдиган, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган одам”, айни пайтда “тартиб-интизом яратишнинг пири” сифатида кўрсатилади. Энг муҳими, у одамларни ёқтирмайди, айёр ва маккор; хотини вафот этганидан кейин қайта уйланмайди. Бу таърифда қаҳрамоннинг ички зиддияти ҳам сезилади. Бир қарашда у тартибли, интизомли, ишини пухта биладиган одам. Аммо бу “тартиб”нинг замирида меҳр-шафқат ёки адолат эмас, манфаатпарастлик ва совуқ ҳисоб-китоб ётади. Унинг тартиби инсон ҳолини енгиллатиш учун эмас, аксинча, қарз олувчини ўз шартларига тўлиқ бўйсундиришга хизмат қилади. Хўш, унинг бундай “ҳожатбарорлиги” ортида аслида қандай манфаат ётади?
Давлат Хушвақтов одамларнинг эҳтиёжидан ўз манфаати йўлида усталик билан фойдаланади. Романда унинг қарз бериш тартиби жуда аниқ тасвирланган. У қарз олувчидан уй ҳужжатларини, машинасининг техпаспорти ва калитини, иш жойи ҳамда маҳалладан тўлов қобилияти ҳақидаги маълумотномани, ҳатто икки нафар гувоҳ ва хотини билан бирга келишни талаб қилади. Сўнгра нотариус орқали ишни расмийлаштириб, пулни қўлга тутқазади. Бу эпизод Давлат Хушвақтовнинг профессионал даражада пишиқ-пухта судхўр эканини кўрсатади. У тасодифий фойда изловчи кимса эмас. Унинг бутун фаолияти олдиндан пухта ўйланган, ҳар бир эҳтимолий хавф ҳисобга олинган. Шу боис унинг “тартиб-интизом яратишнинг пири” экани ҳам киноя тарзида берилган. Яъни у тартибни яхши кўради, аммо адолат тартибини эмас, ўз манфаатига хизмат қилувчи шахсий тартибини яратади. Энг аянчлиси — у ўзгаларнинг мушкул аҳволидан мўмай фойда кўришни кўзлайди.
Романда Давлат Хушвақтовга берилган энг кучли характеристикалардан бири шундай: у “эртага қичиши мумкин бўлган жойни бугун қашлаб қўйишга ўрганган одам”. У доимо “ноиложликдан икки оёғи бир этикка тиқилиб қолган одамларни интиқлик билан кутади”. Бизнингча, мана шу тасвир унинг бутун образини яққол очиб беради. Зеро, ҳақиқий кўмакчи бировнинг мушкули енгиллашганидан қувонади. Давлат Хушвақтов эса аксинча, бировнинг бошига тушган ташвишни бойиш имконияти деб билади. Демак, унинг судхўрлиги шунчаки касб ёки пул топиш воситаси эмас — бу унинг яшаш тарзи, бутун дунёқарашидир. Унинг учун муҳтож инсон — ёрдамга муносиб шахс эмас, балки мўмай даромад манбаидир.
“Бугундан бошлаб ҳеч кимга қарз берилмайди…” — ниқобланган шафқатсизлик намунаси бўлиб, Давлат Хушвақтов одамларни атайлаб ялинтириш мақсадида темир дарвозасига қарз берилмаслиги ҳақида эълон осиб қўяди. Шу билан бирга, унда ҳуқуқий масалалар бўйича мурожаат қилиш мумкинлиги ва шахсни тасдиқловчи ҳужжат (паспорт) талаб этилиши ҳам қайд этилади. Бу ерда муаллиф жуда нозик психологик ҳолатни кўрсатади: Давлат Хушвақтовга одамларнинг ялиниб-ёлвориши хуш келади. У фақат фоиз эвазига пул бериш билан қаноатланмай, қарздорнинг ўз ҳузурида хор-зор, ожиз ҳолга тушишидан ҳам маънавий устунлик туяди. Шу жиҳатдан у оддий судхўрлардан-да хавфлироқдир: у инсоннинг моддий муҳтожлигини руҳий қарамликка айлантиради. Раҳимжон билан боғлиқ воқеа эса бу образнинг асл қиёфасини фош этади: Давлат Хушвақтовнинг болаликдан бирга ўсган синфдоши Раҳимжон ундан 6 миллион сўм қарз сўраб келади. Аммо Давлат уни мазах қилади, қарз бермайди ва уйидан қувиб солади. Бу эпизод ғоят муҳим. Чунки бу ерда гап бегона шахс ҳақида эмас, болаликдаги қадрдон дўст ҳақида кетмоқда. Демак, Давлат Хушвақтов учун дўстлик, ўтмиш ва инсоний муносабатлар ҳам пулга арзимайди. Унинг қалбида “бу менинг синфдошим, болалик дўстим-ку” деган туйғу эмас, “бу қарз вақтида қайтариладими?” деган совуқ ҳисоб-китоб ҳукмрон. Шу боис Давлат Хушвақтов образи орқали ёзувчи муҳим бир саволни ўртага ташлайди: инсон бойлик орттиргани сари одамийлигини ҳам сақлаб қола оляптими?
Ҳалима билан боғлиқ эпизод қаҳрамоннинг маънавий тубанлигини батамом очиб ташлайди: Давлат Хушвақтовнинг энг жирканч қиёфаси айнан мана шу лавҳада намоён бўлади. У Ҳалиманинг ҳусн-жамолини кўриб, қарз пули эвазига унга ахлоқан номақбул шарт қўяди. Ҳалима эса унинг юзига ҳам қарамай: “Сиздаги ифлослик эса еру кўкка сиғмайди…”, — дея таклифни кескин рад этади ва хонадонни тарк этади. Бу воқеа романнинг ғоявий жиҳатдан энг кучли кульминацион нуқталаридан биридир. Зеро, Давлат Хушвақтов учун пул шунчаки бойлик эмас — у одамларни сотиб олиш, уларнинг иродасини синдириш қуролига айланган. У қарздорнинг моддий танглигини ахлоқий ожизликка айлантиришга уринади. Аммо Ҳалима унинг бу разил ниятини чиппакка чиқаради. Шу боис мазкур эпизодда икки куч тўқнашади: Давлат Хушвақтов — пул ва нафс тимсоли; Ҳалима — виждон ва номус тимсоли.
Муаллифнинг ғоявий позицияси эса очиқ ва қатъий: дунёда ҳамма нарса ҳам пулга сотилмайди. Ҳалима ўз рад жавоби билан судхўрнинг ўзи ўйлаган “маънавий устунлиги”ни эмас, аксинча, унинг ботиний тубанлигини фош этади. Асарда ҳам бу ҳолат “виждоннинг ҳар қандай ифлослик устидан тантана қилиши” сифатида баҳоланади.
Давлат Хушвақтовнинг “Мен бу пулга ўнлаб… жононларни “Тановар”га ўйнатаман” деган мақтанчоқлиги ҳам унинг дунёқарашини очиб, бойликнинг нопок қўлларда маънавий бузғунчи кучга айланишини англатади. У сармояни инсон бахти, эзгулик ёки жамиятга наф келтириш учун эмас, нафсини қондириш воситаси деб билади. Демак, унинг давлати ортгани сари маънавий дунёси бойимайди; аксинча, нафснинг чангали янада кучаяди.
Давлат Хушвақтовнинг оилавий муҳити ҳам унинг руҳий ёлғизлигини кўрсатади. Қаҳрамон хотини вафот этгач, қайта уйланмайди, қизлари эса Тошкентда ўз оилалари билан яшайди. Кейинчалик у хасталаниб қолганда, хизматкори Хосият ҳам аразлаб кетади; қизлари уни пойтахтга олиб кетиб, шифокорларга кўрсатадилар. У онкология шифохонасига ётқизилиб, операция қилинади, аммо аҳволи оғирлашиб, кўп ўтмай вафот этади. Бу якуний қисмни образнинг маънавий қисмати нуқтаи назаридан талқин қилиш жуда муҳим. У ҳаёти давомида ўзгаларнинг муҳтожлигидан фойдаланди, одамларга ишонмади, ҳеч кимни ёқтирмади. Оқибатда ўзи ҳам маънавий жиҳатдан мутлақо ёлғиз бўлиб қолди. Бу ерда муаллиф “бойлик — ёмонлик манбаи” деган жўн хулоса чиқармаяпти. Аксинча, бойлик инсон қўлида эзгулик воситаси бўлмай, балки инсоннинг ўзи бойликнинг қулига айланиб қолса, у маънан қашшоқлашади, деган фикрни илгари суради.
Давлат Хушвақтов — шунчаки “ёмон одам” эмас, балки кенгроқ маънодаги салбий ижтимоий типдир. Бизнингча, романда Давлат Хушвақтовни фақат “судхўр, айёр ва маккор кимса” деб баҳолаш кифоя қилмайди. У — инсоннинг инсондан манфаат йўлида фойдаланишига асосланган иллатли муносабатларнинг бадиий тимсолидир. Унда бир нечта салбий сифат мужассам: судхўрлик — муҳтожликдан фойдаланиш; айёрлик — ҳар қандай вазиятни шахсий ғаразга буриш; макр — инсоннинг ожиз нуқтасини топиш; шафқатсизлик — ҳатто болалик дўстига ҳам раҳм қилмаслик; нафс — мол-дунёни маънавий қадриятлардан устун қўйиш; одамовилик ва ишончсизлик — одамларга шахс сифатида эмас, манфаат объекти сифатида қараш. Шунинг учун Давлат Хушвақтов романдаги бошқа қаҳрамонларни бирлаштириб турувчи антипод — салбий маънавий мезон вазифасини бажаради. Эломоннинг табиатга, дарахтларга бўлган меҳрини Давлат Хушвақтовнинг одамларга муносабати билан қиёсласак, муаллифнинг тутган ўрни янада ойдинлашади: Эломон дарахтларда ғийбат ва кибр йўқлигини қадрлайди, Давлат эса муносабатларда фақат моддий манфаатни устун қўяди. Шу боис асар номидаги “судхўр” сўзи шунчаки касбни эмас, балки пулни инсондан устун қўйган маънавий қашшоқ қиёфани англатувчи бадиий рамз даражасига кўтарилади. Давлат Хушвақтовнинг фожиаси ҳам шунда: у умр бўйи одамларнинг пулини ҳисоблаб яшади, аммо охир-оқибат инсоний меҳр ва самимиятнинг бебаҳо қийматини англай олмади.
Эломоннинг синфдоши Карима тақдири ҳам асарда инсоний муносабатларнинг мураккаблигини акс эттирувчи муҳим жиҳатлардан биридир. Асарда Кариманинг турмуши бузилган, бир ўғли бор аёл экани ва қайнонанинг уни хушламаслиги қайд этилади. Бу кичик деталнинг ўзиёқ оила, аёл қисмати ва жамиятнинг унга муносабати каби долзарб масалалар ҳақида ўйлашга ундайди. Муаллиф қаҳрамонларни шунчаки “яхши” ёки “ёмон”га ажратиб қўймасдан, уларни ҳаётий муносабатлар гирдобида кўрсатишга интилади.
Асардаги яна бир эътиборга молик образ — Восит Аҳроровичдир. У газета бош муҳаррири бўлиб, мақтовга ўч раҳбар сифатида гавдалантирилади. Унинг ўзига хос салбий жиҳати — ҳақ гапни айтадиган, шахсий фикрига эга бўлган ходимларни сиқувга олиш ва қувғин қилиш одатидир. Бу образ орқали ёзувчи мансаб ва ҳақиқат ўртасидаги зиддиятни очади. Раҳбар учун холислик эмас, шахсий мақтов муҳим бўлиб қолган жойда мустақил фикр, танқид ва соғлом муҳитга ўрин қолмайди. Демак, Восит Аҳрорович феъл-атвори бир шахснинг камчилигигина эмас, балки жамият ривожига ғов бўлувчи мансабпарастлик ва хушомадгўйлик иллатининг тимсоли сифатида талқин этилади.
Мазкур фикрни Холбоев образи билан қиёслаб ўрганиш янада аҳамиятлидир. У вилоят мухбири ва танқидий мақолаларга мойил журналист сифатида кўрсатилади. Унинг “Ҳақиқат тарозисининг палласини далилу исбот босадими ёки раҳбар одамнинг оғзаки гапими?” деган саволи романнинг энг муҳим ғоявий йўналишларидан бирини белгилайди. Бу савол шунчаки бир касбий вазиятга эмас, балки бутун жамиятдаги адолат мезонларига дахлдордир. Ҳақиқат далил ва исбот билан ҳимояланиши керакми ёки мансабдорнинг кайфияти ва сўзи устун келадими? Муаллифнинг позицияси саволнинг қўйилишиданоқ аён: ҳақиқат мезони лавозим эмас, балки далил, виждон ва адолат бўлиши шарт.
Саттор ва Нозима муносабатлари эса асарда нафс ва хиёнат мавзусини янада кескинлаштиради. Нозиманинг дугонаси ҳамда қўшниси бўлган Дилором Сатторни йўлдан уради; Саттор йирик идора раҳбари ва бадавлат одам сифатида тасвирланади. Дилором ўз нафси йўлида дугонасининг турмуш ўртоғи Сатторни бошқа бир аёл — Самира билан таништиради. Бу ўринда шахсий худбинликнинг инсон қадр-қиммати ва муқаддас оилавий ришталардан устун қўйилиши қаттиқ қораланади. Муаллиф шу каби лавҳалар воситасида инсонни ташқи мартабаси эмас, ички маънавий савияси белгилашини исботлашга интилади.
Романнинг яна бир эътиборга молик хусусияти — муаллифнинг ўқувчини тайёр хулосаларга мажбурламай, балки ўйлантирувчи саволлар гирдобига тортишидир. Инсон нима сабабдан тубанликка юз тутади? Мансаб кишининг виждонини ўзгартириб юборадими? Нега айрим кишилар ҳақиқатнинг кўзига тик қарашдан қўрқади? Нафс синовлари олдида инсон ўз қадрини қанчалик сақлай олади? Адолатни қарор топтиришда холис далилларнинг ўрни қандай? Асардаги воқеалар ана шундай мураккаб саволларни кун тартибига қўяди. Китоб тақдимотида ҳам мазкур асар инсон ҳаёти, маънавий камолот, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги муросасиз курашни бадиий талқин этгани алоҳида эътироф этилган. Шу нуқтаи назардан қараганда, “Судхўрнинг қабул кунлари”ни фақат бир шахс ёки тор бир доира ҳақидаги асар деб баҳолаш етарли эмас. Унинг замирида инсоннинг ўз нафси, мавқеи, виждони ва ижтимоий муҳит билан мураккаб муносабатлари ётади. Муаллиф салбий ҳолатларни рўйирост очиб бериш орқали ўқувчини ўз нафси ва руҳий оламини тафтиш қилишга чақиради.
Хулоса қилиб айтганда, Алиқул Хонимқуловнинг “Судхўрнинг қабул кунлари” романи ҳақиқат, адолат, нафс, мансаб, виждон ва инсоний муносабатлар хусусида жиддий фикр юритишга чорловчи асардир.
Энг муҳими, асар ўқувчини “бошқалар қандай яшаяпти?” деган ташқи кузатувдан “мен қандай яшаяпман?” деган ички савол сари етаклайди. Асл адабиётнинг тарбиявий ва маънавий қиммати ҳам аслида шунда намоён бўлади. “Судхўрнинг қабул кунлари” китобхонни бефарқ қолдирмайдиган, инсон ва жамият муносабатлари ҳақида чуқур мушоҳадага чорлайдиган бадиий асар сифатида эътироф этилишга ҳақлидир.
Имомқул НУРИНОВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.
