Рамазон – қутлуғ имкониятлар ойи

Ўтган ҳафтада ижтимоий тармоқда шундай эълон ўқидим: “Кимда-ким Қуръон ўқий оладиган, аммо Қуръон китоби олишга имконияти бўлмаган кишиларни, шунингдек, иқтисодий шароити қийин оилаларни билса, бизга мурожаат қилинглар”. Бу ёзувдан кейин қатор телефон рақамлари берилган ва эҳтиёжмандларга Рамазон ойида холисанлиллаҳ муқаддас китоб ҳамда моддий ёрдам етказиб берилиши айтилган.
Ойларнинг султони — Рамазоннинг шарофатлари, саховатлари, хайру баракотлари нафаси юксак тоғларнинг мусаффо ҳавоси, баҳорий боғларнинг ифори, булоқларнинг тиниқлигу мунавварлигини жамлаб кўксимга, қалбимга кириб келгандек, хаёлларим нурларга чирмашиб кетгандек бўлди: бу мўътабар ойнинг фазилатларини тўкис англашга ожиз эканим аниқ, шундай бўлса-да, энг улуғ ҳикматларидан бири бу — Рамазон рангимиз, миллатимиз, тилимиздан қатъи назар, бандалар барчамиз тенг ва энг юксак мартаба — инсонийлик мақомига юксалишимиз, икки дунёда юзимиз ёруғ бўлиши учун берилган имкониятлар ойи эканини кўп қатори англайман. Бойликлар, унвонлар, мансаблару қайси тоифаларга мансублигимиз эмас, балки жисмоний, имону эътиқод, руҳий покликлар кўзгусида юзимиз, қалбимиз ёруғлиги ҳақиқий бахт эканидан сабоқ беради Рамазон.
Рўза кунлари дастурхонларимиз ҳар доимгидан ҳам тўкин бўлиб кетади. Аммо саҳарликдан шомгача бўлган очликдан кейин озгина таомдан нафсимиз қонади. Баъзида бир-икки кунгина парҳез овқат тановул қилсак, дармонимиз қуриганидан нолиймиз. Рўзадор кунларда эса бора-бора ярим косагина овқат ҳам кифоя қилиб, жисмимиз енгиллашиб, дардларимиз камайиб бораётганидан қувонамиз. Ҳа, анъанавий тиббиёт ХIХ асрга келиб инсон организмининг тозаланишида, айрим касалликлардан фориғ бўлишида очлик ҳам мўъжизавий восита эканлиги ҳақида тадқиқотлар ўтказиб, натижаларини янгилик сифатида маълум қила бошлади. Аслида, мусулмонлар олами учун қарийб бир ярим минг йилдан буён Рамазон жисмонан, маънан покланиш ойи, байрами бўлиб келмоқда. Балки бу Аллоҳ фарзини бажарганимиз учун бизга яққол сезилиб турган мукофотдир?..
Бир азиз инсон ёдимга тушди: Шайх Абдулазиз Мансур томонидан қилинган Қуръон китоби таржимаси матнини аввал машинкада, кейинчалик компьютерда терган Раҳима опа Каримжон қизи саксон ёшдан ўтиб вафот этдилар (Аллоҳ раҳматлари ёғилсин!). Бутун умри давомида уламо аждодларимиз меросини бугунги авлодга етказишга ҳисса қўшган Раҳима опа саксон ёшлари арафасида ҳам кириллчаю араб алифбосидаги матнларни кўзойнаксиз шариллатиб саҳифаларга терардилар. Опа билан ҳаётларининг охирги йилларида танишганман. Рамазон кунларидан ташқари, йил-ўн икки ой ҳар душанба, пайшанбада рўзани тарк этмайдиган бу қадди тик, чаққон аёл билан йўлга чиқсак, биз уларга етишиб юришга ҳаракат қилардик…
Рўзадор оғзимизни нафақат емак-ичмакдан, балки ножўя, тиғли, нимкоса тагига яширилган озорли сўзлардан, гаплардан ҳам асраймиз. Ҳамиша оғир-босиқлик, диловарлик, етти ўйлаб бир сўзлаш кераклигини жуда яхши биламиз, аммо ҳар доим ҳам тилимизга кучимиз етавермайди. Қаранг, Қодир эгам шайтонларнинг барчасини занжирбанд этадиган бу мунаввар ой бизни дилозорликдан сақланишга, энг оғир гуноҳларга сабабчи бўладиган суяксиз тилнинг ўзимиз ва ўзгаларга зулм этишидан сақланишга ҳам ўргатмайдими?! Уламолар айтганидек, “Ҳақиқий рўза фақат еб-ичишни эмас, балки бекорчи ва ҳаёсиз сўзларни ҳам тарк этиш орқали тутилган рўзадир”.
Бу ёруғ оламда кимлар бой-бадавлат, тўкисликда, кимлар камбағалликда яшаши билими, мулоҳазаси, қалби тор, нафси мор одамлар учун оддий ҳолатдек. Аслида, кимлар тўкинлик, кимлар эса қўли юпқалик билан ҳаёт кечириши — синов. Зеро, бу дунё ҳаётида одамлар амалга оширган мисқол заррасидек яхшиликлари учун ҳам, мисқол заррасидек ёмонликлари боис ҳам ажру мукофотлар олиши тайин экан, Парвардигори олам бандалари учун яратган неъматларнинг кўпи ёки кўпроғига эга бўлган кишиларнинг ҳисоб-китоби ҳам ўзига яраша, иншооллоҳ. Рамазон ўзи билиб-билмай ёки лоқайдлиги, ёки бойликка ҳирси туфайли ён-атрофидаги моддий ва маънавий ёрдамга муҳтожларга эътиборсиз бўлганлар, уларнинг ҳолидан хабар олмаганлар, ўзларига раво кўрган фаровон ҳаётни ватандошларига ҳам раво кўрмаганларни ўткинчи бойликка маҳлиёлик ғафлатидан, бахиллик балосидан, худбинлик касофатларидан қутулмоққа — қалбан уйғонмоққа чорлайди. Кўпчилик мол-давлати нисобидан закот берганлар ҳақида “Фалончи фалончига ёрдам берибди”, “Саховат кўрсатибди”, дейишади. Аслида, уламолар ҳар қандай (айниқса, моддий) саховатни кўрсатишга жазм этган одам ўз хатти-ҳаракатлари, сўзлари, феъл-атвори билан эҳсон (моддий ёрдам, закот)ни қабул қилиб олаётган одамни ноқулай вазиятга туширмаслиги; яхшиликни қабул қилиб олаётган кишидан миннатдор бўлиши кераклигини изоҳлаб тушунтирадилар: Аллоҳ розилиги йўлида саховат қилган кишига Аллоҳнинг мукофотлари — савоби, хайру баракоти (иншооллоҳ!) олдида тоғдек бойлик ҳам тупроқдек арзимас эмасми?
Рамазонда энг эзгу тилаклар болажонлар тилидан хонадонларга кириб боради:
Рамазон айтиб келдик
эшигингизга,
Худойим ўғил берсин
бешигингизга.
Саховат эгалари номлари дуоларга қўшилади:
Шу уйнинг орқасидан
ой кўринар,
Шу уйнинг эгалари бой кўринар.
Доно бобою момолар умрнинг тезкор, ўзимиз ҳар бир кунга омонат эканимизни ва шу боис яхши ишларимиз билан яхши ном олиш имконияти ҳам ғаниматлигини аждодлар айтимида такрорлайдилар:
Рамазон айта-айта одатим-а,
Ёқамга ўттиз тумор
қадатдим-а.
Ёқамда туморлардан бири қани,
Бултурги мўминлардан
бу йил қани?..
Кейинги йилларда Рамазон ойида холисанлиллаҳ ифторлик, саҳарлик тайёрлаб, рўзадорларни меҳмон қилаётган емакхоналар; маҳсулотлари нархини арзонлаштириб сотаётган савдо тармоқлари кўпайиб бормоқда. Кимлигини пинҳон тутиб, эҳтиёжманд оилаларга, кексалар, ногиронларга моддий ёрдам кўрсатаётганлар сафи айни Рамазонда кенгаймоқда (бундай ҳиммат бозорлардаги “пайтдан фойдаланиб қолиш” илинжида айрим харидоргир маҳсулотлар нархини ошириб юборадиганларга ҳам ибрат бўлади, иншооллоҳ).
Сўзимизнинг аввалида келтирилган ижтимоий тармоқдаги эълонни ўқиганда, хаёлга лоп этиб мамлакатимизда йилдан-йилга қаторлари тўлиб бораётган бадавлат тадбиркорлар, миришкорлар… шону шарафдорликда, маҳорату даромадда дунёнинг номдор спортсменларига тенглашиб, Ўзбекистон байроғини ҳилпиратиб турган йигиту қизларимиз ҳам келди. Уларнинг шижоати, салоҳиятига мос бўлган саховатларидан, молу мулкларига қут-барака киритадиган закотларидан юртимизнинг минглаб ҳожатманд оилалари Рамазон ойида моддий, маънавий томондан қаддини янада тиклаб олади, Худо хоҳласа.
Аслида, нафақат бадавлатлар… балки эътиборимиз, ширин сўзимиз, меҳру оқибатимиз, кечиримлилигимиз, эзгу тилак ва дуоларимиз билан савоблар олмоққа, қалб ғуборларидан покланмоққа имконият ойи кириб келмоқда! Аллоҳ барчамизни қутлуғ Рамазон ойининг саодатбахш насибаларидан баҳраманд этсин.
Муҳтарама УЛУҒОВА