“Ўткан кунлар”ни тинч қўйинг…

Яқинда телевизордаги  ҳар дақиқада  узатиладиган рекламаларнинг бири эътиборимни тортди. Унда улуғ адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи асосида “Зайнаб билан қолинг бегим” кинокартинаси суратга олинаётганлиги эълон қилинди. Бу хабар машҳур адиб асарларининг  мухлиси сифатида мени ҳам  бефарқ қолдирмади ва ушбу мулоҳазаларни битишга ундади.

Ўтган асрнинг 70-йиллари эди. Чекка қишлоқдаги мактабнинг саккизинчи синфида ўқир ва сентябрь ойи келар-келмас бепоён пахта далаларида “жавлон” уришга мажбур эдик. Бу ҳам етмагандек, ноябрь ойининг ўрталарига келиб биз ўқувчилар, Шаҳрисабздаги жамоа хўжалигининг бирига яна теримга сафарбар этилдик.

Далалар ҳувиллаб қолган, шип-шийдон бўлган пахта майдонларида яккам-дуккам очилган кўраклардан бошқа ҳеч вақо қолмаганди. Бизлар иккита шийпонга жойлашдик ва эртасига теримга тушдик. Орадан ўн кунлар ўтгач,  эрталаб гуруҳ раҳбаримиз  “бугун сизларни кинога олиб борамиз” деган ёқимли хабарни эълон қилди. Шубҳасизки, бу хабар ҳаммамизни қувонтирди, ўша куни энг дангаса болалар ҳам терим режасини бажарди. Кечки овқат бир соат аввал еб бўлингач, бизлар саф тортиб қўшни  қишлоққа йўл олдик.  Ўша йилларда  биз даштлик болалар кинотеатр  деганда усти очиқ, тўрт тарафи девор билан ўралган ва узун ёғоч ўриндиқлар амал-тақал қилиб қоқилган  клубни  тассавур қилардик, холос.  Усти  ёпиқ, деразаларига чиройли дарпардалар тутилган юмшоқ  ўриндиқли катта залга кириб, кўпчилигимиз ҳайратга тушганмиз.

Ниҳоят, экран ёришиб, томоша бошланди ва бу фильм бизлар шу пайтгача кўришга улгурган “оқлар” ва “қизил”лар уруши воқеалари тасвирланган Чапаев ёки ҳиндларнинг машҳур “Филлар менинг дўстим”, “Чангда қолган гул”, ўзимизнинг “Ёр-ёр”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Мафтунингман” каби киноларга ўхшамаслиги билан дарров эътиборимизни тортганди. Шундай қилиб, бир соатдан кўпроқ вақт мобайнида биз ўйинқароқ болаларни чексиз ҳаяжонга солган фильм тугаб, (кўнгли бўшроқ қизларнинг  Кумушнинг ўлими туфайли пиқ-пиқ йиғлагани, баъзиларининг Зайнабни қарғаганини ҳисобга олмасак), бу ажойиб санъат асари таъсирида  тинчгина қадрдон  шийпонимизга қайтдик.

* * *

Менинг эса хотирамда “фильм Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи асосида суратга олинди” деган ёзув муҳрланиб қолгани боис, мактабда ўқиш бошлангач, адабиёт фани ўқитувчимиз Абдужаббор муаллимдан:

— Домла, нега Абдулла Қодирий деган ёзувчи  китобимизда йўқ? – деб савол беришга жаръат этганим  ва муаллимнинг  кескин оҳангдаги:

— Бу саволни менга айтдинг, лекин бошқа бировга айтиб юрма, насиб бўлса мактабни битириб  ўқишга кирсанг, тушуниб оласан”, – дея жавоб бергани билан  ёдимда бир умрга муҳрланиб қолди.

Лекин мени улуғ адибнинг китобини топиб ўқишга бўлган иштиёқ тинч қўймасди. Кунларнинг бирида қишлоқдаги кутубхонадан унинг “Обид кетмон”и,  сўнгра яна кимнингдир уйидан “Меҳробдан чаён” ва ниҳоят, “Ўткан кунлар”ни  ҳам топиб  ўқиб чиқдим.

Айтмоқчи, гапимиз кино ҳақида эди. Шу ўринда ушбу фильм ижодкори машҳур кинорежиссёр Йўлдош Аъзамовнинг маҳоратига, айниқса, Отабекнинг ҳижрон азобида қийналиб майхонада бўлиши ва Машраб ғазали билан айтилувчи “Ўртар” ашуласини тинглаши эпизодини яратишига тасаннолар айтмасдан илож йўқ. Шу ўринда бу ўлмас ашулани ижро этган машҳур ҳофиз Муроджон Аҳмедовнинг  дардчил ноласи туфайли фильм эл орасида машҳур бўлгани ҳам ҳаммага аён бўлса керак. Албатта, бу кинокартинанинг томошабинлар қалбини забт этишида атоқли санъаткорлар Аббос Бакиров, Раззоқ Ҳамроев, Марям Ёқубова, Наби Раҳимов, Ҳамза  Умаров ва ўша йилларда эндигина санъат остонасига қадам қўйган ёш актёрлар Ўлмас Алихўжаев, Гулчеҳра Жамилова ва Гулчеҳра Саъдуллаевалар маҳоратига қойил қолмасдан бўлмайди. Машҳур фильм сабаб эл орасида фарзандларига Отабек ва  Кумуш исмларини қўйиш кенг оммалашган эди.

Айтишларича, яна 1969 йилда суратга олинган фильмнинг тўлиқ қисми Москвага олиб кетилиб, обдан қайчилангач, қайтариб берилган экан. Биз кўрган ва ҳамон неча бор намойиш этилса-да, ҳаяжонсиз томоша қилиб бўлмайдиган бу кинонинг қайчиланмаган ҳолати аслида қандай бўлган экан, шунга қизиқаман…

* * *

Йиллар ўтди. Юртимиз мустақилликка эришгач, 1997 йилда бир қанча томошабоп кино асарлари билан танилган кинорежиссёр Мелис Абзалов  “Ўткан кунлар”ни  қайтадан кино қилишга жазм этди. У кўплаб номдор ва иқтидорли ёш актёрларни бу ўта масъулиятли жараёнга  жалб этган бўлса-да, фильм маҳорат билан тасвирга олинган, анча тузук ишланганига қарамай, минг афсусларким, барибир томошабинлар қалбидан биринчиси каби муносиб жой топа олмади…

Энди мақоламиз бошидаги “Зайнаб билан қолинг бегим” деб номланган рекламага келсак, “Youtube” каналида узуқ-йулиқ бир нечта роликларга кўзим тушди-ю, ҳатто очиб томоша қилишга хафсалам етмади. Очиғини айтсам, олисларда қолган беғубор болалик хотираларимга соя тушишини истамадим…

Халқимизда “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин” деган мақол бор. Бу айниқса, ўзларини “юлдуз” санайдиган ва ўнлаб хусусий телеканалларни маза-матрасиз сериаллари билан тўлдираётган сохта киночиларга қарата айтилганга ўхшайди. Шу ўринда юракдан бир сўз отилиб чиқмоқда: “Ҳай, барака топкурлар,  майли, истаган кинонгизни суратга олаверинг, фақат ҳеч бўлмаса, Абдулла Қодирийни ва “Ўткан кунлар”ни тинч қўйинг!”

Хуллас, гапнинг пўсткалласини айтсак, “Ўткан кунлар” асосида учинчи бор кино ишлашни бас қилиш керак. Миллий кино санъатимизнинг жавоҳирига айланган шундай улуғ асарни ҳам бир аҳволга солмайлик!

Ўролбой ҚОБИЛ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

16 − twelve =