Ўзбекистон — Франция: Тараққиёт ва равнаққа эришиш йўлидаги қадамлар

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Президент Эммануэль Макроннинг таклифига биноан кеча – 11 март куни давлат ташрифи билан Францияга борди.
Франция ривожланган индустриал-аграр мамлакат бўлиб, саноат ишлаб чиқариши бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Иқтисодий салоҳият бўйича Франция дунёнинг энг ривожланган етти давлати қаторига киради. Бу ядровий давлат ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзосидан бири, шунингдек, Европа Иттифоқи ва халқаро майдонда муҳим роль ўйнайди.
Франция Ўзбекистон мустақиллигини 1992 йил 3 январда тан олган ва мамлакатларимиз ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 1 мартда ўрнатилган. 1993 йил 27 октябрда “Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисида”ги шартнома имзоланиши билан муносабатларнинг кейинги динамикаси мустаҳкамланди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил октябрь ва 2022 йил ноябрь ойларида Францияга расмий ташрифлари, шунингдек, Франция Президенти Эммануэль Макроннинг 2023 йил ноябрь ойида мамлакатимизга ташрифи барча соҳалардаги сиёсий мулоқот ва ҳамкорликни изчил ривожлантиришга янги суръат қўшди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил ноябрь ойида Парижга ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари юқори даражадаги ҳар томонлама шериклик муносабатларини ривожлантиришга келишиб олган эди.
Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги идоралараро даражадаги ҳамкорлик кенг йўналишларни қамраб олади. 2023 йил 2 ноябрь куни икки давлат раҳбарлари иштирокида таълим, маданий мерос ва ичимлик суви таъминоти инфратузилмасини яхшилаш соҳаларига оид бир қатор келишувлар имзоланди.
Бундан ташқари, 2023 йил 2 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ташриф чоғида муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтариш нияти эълон қилинган эди. “Яшил” энергия, хомашё қазиб олиш ва қайта ишлаш, инновацион қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти, логистика, инфратузилмани ривожлантириш ва туризм соҳаларида янги йирик лойиҳаларни илгари суриш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.
Парламентлараро ҳамкорлик, делегациялар алмашинуви, икки мамлакат парламентларидаги дўстлик гуруҳлари фаолияти, парламентлараро бирлашмалар ва кўп томонлама парламент тузилмалари томонидан ташкил этилаётган халқаро тадбирларда иштирок этиш орқали изчил ривожланмоқда. Ўзбекистон ва Франция парламентарийларининг ўзаро ҳамкорлиги тажриба алмашиш, глобал ва минтақавий муаммоларни муҳокама қилиш, шунингдек, кўп томонлама даражадаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Икки давлат савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор. Ўзбекистонда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити ва сармоявий имкониятлар француз бизнеси вакилларини тобора кўпроқ жалб қилмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон Франция технологияларини жалб этиш ва саноат ва ишлаб чиқариш соҳаларида илғор тажрибалардан фойдаланиш, ўзаро сайёҳлик алмашинувини кенгайтиришдан манфаатдор. Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқининг “GSP+” имтиёзли тизимининг бенефициари мақомини олгани савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш учун янги имкониятлар очди. 2024 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилга нисбатан қарийб 14 фоизга ошиб, қарийб 1,2 миллиард долларга етди. Бугунги кунда мамлакатимизда француз шериклар иштирокидаги 50 та корхона, жумладан, 23 таси 100 фоиз француз капитали билан фаолият юритмоқда.
“Total Eren”, “Veolia”, “EDF”, “Orano”, “Lactalis”, “Carrefour” ва “Shiever” каби жаҳон миқёсидаги компаниялар Ўзбекистонда энергетика, геология-қидирув, озиқ-овқат саноати ва чакана савдо соҳаларида фаол ишлаяпти. Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) Ўзбекистонда шаҳар инфратузилмаси, “яшил иқтисодиёт”, санитария, гидроэнергетика ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этади. 2022 йилнинг ноябрь ойида ФТА билан 2023-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланган бўлиб, у 1 миллиард евролик лойиҳаларни амалга оширишни кўзда тутади.
Бундан ташқари, кейинги йилларда Тошкент ва Парижда таълим форумлари ўтказилди. Ўзбекистонга Франциянинг Гавр-Нормандия университети, Париж-Саклай университети ва “Parij Pantheon-Assas” университетлари делегациялари келди.
Маданиятлараро мулоқотни ривожлантириш доирасида Самарқанд ва Лион, Бухоро ва Руэй-Мальмезон шаҳарлари, Жиззах вилоятининг Зомин тумани ва Флёр шаҳри ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилди.
Франция Тиббиёт академиясида Абу Али ибн Сино бюсти ўрнатилган. Шунингдек, Руэй-Мальмезон, Тулуза, Гретц-Арменвиль шаҳарларида икки давлат халқлари ўртасидаги дўстона муносабатлар тимсолига айланган Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек ва Абу Райҳон Беруний ҳайкаллари ўрнатилди ва “Ўзбек боғлари” барпо этилди.
Илмий ҳамкорлик ҳақида сўз борганда, Темурийлар даври санъати ва тарихини ўрганиш ассоциацияси ҳамда “Авиценна-Франция” уюшмасининг Франциядаги фаолиятини алоҳида таъкидлаб ўтиш мумкин. Бу уюшмалар Ўзбекистон маданий ва илмий меросини ўрганиш ҳамда уни Франция жамоатчилиги орасида кенг тарғиб қилишга катта ҳисса қўшаётир.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик изчил кенгаймоқда. 2022 йил март ойида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Париж марказий шифохоналари тармоғи “AP-HP” билан шошилинч тиббий ёрдам, педиатрия, гинекология, гематология ва онкология соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади.
Айтиш жоизки, Францияда ўзбек спортининг анъанавий тури – миллий курашга ҳам қизиқиш жуда юқори. Хусусан, 2022-2023 йилларда Париж шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича иккита халқаро турнир ўтказилди.
Мухтасар айтганда, бугунги кунда Ўзбекистон-Франция муносабатлари жадал ривожланиб, сиёсат ва иқтисодиётдан тортиб, фан, маданият ва таълимгача бўлган кенг кўламли соҳаларни қамраб олган. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга навбатдаги мазкур давлат ташрифи икки томонлама ҳамкорлик тарихидаги муҳим воқеа бўлиб, ташриф давомида илгари суриладиган янги ташаббус ва имзоланадиган келишувлар икки томонлама шерикликни янада юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
“Дунё” АА