Улуғ Амир қандай фазилатлар соҳиби эди?

9 апрель — Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун
Амир Темур — шонли тарихимиздаги мураккаб ва сирли ҳукмдорлардан бири. Унинг шахсияти ҳақида турли қарашлар мавжуд: баъзилар уни донгдор саркарда деб ҳисобласа, бошқалар темурийлар давлати асосчиси, минтақада марказлашган давлатни барпо этишга эришган қаттиққўл жаҳонгир сифатида эъзозлайди. Бироқ ҳақиқат шундаки, Темур нафақат буюк қўмондон, балки ўз даврининг улкан стратеги, давлат арбоби ва маданият ҳомийси ҳам эди. Улуғ Соҳибқироннинг шахсий фазилатлари, табиати ҳамда сифатлари ҳақида шу вақтга қадар қанчадан-қанча битиклар, ҳикоятлару афсоналар ёзилмаган дейсиз.
Олимлар ҳомийси
У қаерники фатҳ этса, ўша заминдаги соҳиби илмларни — олимлар, меъморлар, ҳунармандлар, санъат намояндаларини ўзи билан Самарқандга олиб келарди. Илм аҳлини ўз ҳимоятига олиб, уларни қўллаб-қувватлар, ташаббус ва ғояларини рағбатлантирарди. Унинг даврида мамлакат гуллаб-яшнади, раият бахтли ва саодатли умргузаронлик қилди. Зеро, ҳукмдор қадами етган жойда адолат ўрнатди, у ерни обод ва гўзал манзилга айлантирди.
Ибн Арабшоҳ (тўлиқ исм-шарифи — Шаҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Иброҳим) ҳам ўз замонасининг етук алломаларидан эди. Искандари соний уни Шомни истило қилиб ўзи билан пойтахтга олиб келганида, бўлғуси олим 12 ёшда бўлган. Ёш бўлишига қарамай, ўткир зеҳниятли Дамашқ ўғлони ҳукмдор диққатини қозонган. Бола Самарқанднинг энг олд мадрасаларида ўқиб, ўз даврининг етук олимларидан сабоқ олди. Дунё кезди ва пайти келиб аллома бўлиб етишди.
Тарихчиларнинг қайд этишича, Амир Темур пойтахтга ўз соҳасининг энг илғорларини, билимдонларини жам қилганди. Унинг вафот этиши билан темурий шаҳзодалар ўртасида тахт учун кураш авж олиб, ўзаро низо олови аланга олади. Кўплаб олимлар бу ерни тарк этиб, ҳар тарафга кетиб қоладилар. Чунки уларни ўз ҳимоясига оладиган, гавҳардек асраб-авайлайдиган зот бу оламни тарк этганди. Ибн Арабшоҳ ҳам узоқ ўлкаларга кетди, умрининг охирида Қоҳирада қўним топди. У ўнлаб асарлар ёзди. Улуғ муаррих “Ажойиб ул-мақдур фи ахбори ат-Таймур” (Амир Темур ҳақидаги хабарларда тақдир ажойиботлари) асарида Мовароуннаҳрда ХIV аср иккинчи ярми ва XV аср бошларидаги сиёсий жараёнларни ёритиш билан бирга Соҳибқироннинг сифатлари ва ўзига хос табиатига кенг урғу беради.
Юқорида таъкидланганидек, аллома ҳукмдорга замондош бўлиб, уни яқиндан кўрган, фазилатларидан яхшигина хабардор бўлган. Ибн Арабшоҳнинг гувоҳлик беришича, Темур оқу қизил юзли, узун бўйли, паҳлавонлардек катта жуссали (елкалари кенг), бармоқлари йўғон, икки кўзи бамисоли икки шамдек — изтиробсиз, вазмин киши бўлган. Салобати-ю овози киши юрагини ваҳмга солган. У ҳазил-мазахни ва ёлғонни, ўйин-кулги ва кўнгилхушликни хушламаган. Муваффақиятсизликдан руҳан синганини ёки муваффақиятдан беҳад шодланганини ҳеч ким кўрмаган. Унинг мажлисида ҳар ким ҳаддини билиб ўтирган, ҳатто манаман деган саркардалар, вазиру вузаролар ҳам амир ҳузурида тилларига эҳтиёт бўлиб ўтирганлар. Бу даврада бузғунчиликка даъват, ҳавойи сўзлар, ҳақорат, хунрезлик ва талончилик ҳавасидаги айтилган ҳар қандай гап эгасини нима кутишини ҳамма яхши билган. Қабулда ва зиёфатда бўлган элчилар ҳам ўз хотиротларида ушбу давраларнинг файзи ва таровати ҳақида илиқ сўзларни ёзиб қолдирганлари бежиз эмас.
“Душман элчиси ўрнини билиб ўтирсин!”
1404 йили Руй Гонсалес де Клавихо Кастилия ва Леон қироли Энрике III де Трастамар топшириғи билан Самарқандга элчилик миссиясини амалга оширади. У ҳам Темур билан бир неча марта учрашган, суҳбатлашган ва унинг иноятига ноил бўлган. Клавихо Амир Темур саройида кўрган-кечирганларини қоғозга туширган ва бу қўлёзмалар кейинчалик “Кундалик” номи билан китоб ҳолида чоп этилган. У ўз кундалигида салтанатнинг ўша даврдаги ижтимоий-сиёсий ва маданий аҳволи, одамлар турмуши, урф-одатлари, Соҳибқироннинг бунёдкорлик ишлари, унинг бошқа мамлакатлар билан ўрнатган муносабатлари, сарой тартиб-таомиллари, ҳукмдорнинг яқинлари — хотинлари, келинлари, фарзандлари ва неваралари тўғрисида маълумотлар келтирган. Аждодларимиз хориж мамлакатларини умумий маънода Фаранг, Фарангистон деб муболаға қилгани сингари, Клавихо ҳам бу ўлкани Мовароуннаҳр эмас, Татарлар салтанати деб янглиш талқин қилади. Шунга қарамай, биз унинг асари орқали ўша давр тарихига оид қимматли маълумотларни ўқишга муваффақ бўламиз.
Клавихо 1404 йилнинг сентябрида улуғ амир саройида элчилар шарафига берилган зиёфатни хотирлар экан, икки киши аранг кўтарган идишларда олиб келинган гўштларнинг мўл-кўллигидан ҳайратга тушади. У айрим ноз-неъматларни шу ерга келиб кўрган, мевалар ва тилни ёрар қовунлар мазаси бир умр оғзида қолганини айтади.
Элчиларнинг ҳар бирини ҳукмдор ўнг тарафидаги супада ажратилган зиёфат дастурхонига икки нафар мирзо етаклаб борган. Элчиларга уларнинг дипломатик миссияси ва ниятига қараб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилган. Масалан, Хитой императори Чуйсхон (Юнлэ) элчилари орқали йўллаган номасида Амир Темурга “ўғлим” дея мурожаат қилиб, ундан Мин салтанатига бож тўлашини талаб қилганди. Аввало, улуғ амир ёш жиҳатидан императордан катта бўлиб, дипломатик муносабатларга кўра хат камситувчи мазмунга эга эди. Аслида, Темур салтанатининг қудрати уникидан ортиқ бўлса ортиқ эдики, асло кам эмасди. Чиғатой улуси эса ўзига ниҳоятда бино қўйган бадхулқ Чуйсхонни “Тўнғизхон” деб майна қиларди ва уни тахтга нолойиқ деб ҳисобларди.
Зиёфат чоғида Фу Ан бошчилигидаги хитойлик элчиларнинг бошқалардан юқорида жойлашганига кўзи тушган Соҳибқирон: “Душманим йўллаган элчилар ўринларини билиб ўтирсин, уларни испаниялик ва бобиллик элчилардан қуйига ўтқазинг”, деб амр этади. Клавихо, шунингдек, жаҳонгир уни ўз суҳбатига аржуманд этган кишиларга яқинидан жой кўрсатганини, ўз олдига қўйилган тансиқ таомларни улар билан баҳам кўрганини қаламга олган. Фаранг юртларида ҳукмдорларнинг қўлларини ўпиб, эҳтиром кўрсатиш, мулозамат қилиш ва сертакаллуфлик одати бор. Аммо Темурбек Аллоҳнинг бир ожиз бандаси сифатида элчиларга қўлини ўпишга изн бермайди. У ошириб-тошириб айтилган сўзларни, ҳамду саноларни эшитмаган, дарҳол суҳбатдошидан мақсад-муддаони сўраган.
Айтилган сўз — отилган ўқ
Иккиланиш инсонга хос фазилат. Аммо улуғ аждодимиз ҳар бир қарорда собит бўлган. У ҳар қандай масалага обдан ўйлов билан ёндашган, сўнг ҳукм чиқарган. Айтган сўзини эса қайтиб олмаган. Чинакам ҳукмдорларга хос қатъияти ва бир сўзлилиги бор эди. Суҳбатдош бўлганлар унинг ўта синчков, зийрак бўлганлигини, юз ифодаси ва кўз ишораларини ҳам эътибордан қочирмаганлигини айтишади. Табиат инъом этган фаросати-ю заковати билан ростгўй ёки риёкор одамни ажратиб оларди. Дуч келган одамга ишониб кетавермас, ўша одамдан ўз сўзига инкор этиб бўлмас далил талаб қиларди.
Табиатан масхарабоз одамлар унга ёқмаган. Ўз ишида, касбида фазилат кўриб, унда янгиликлар қилган одамларга ихлос қилган. Фикрларига, таклифларига қулоқ тутган. Ўз фикрини пешлаш, ақлини чархлаш мақсадида шатранж ўйнаган. Тарихга оид китоблар, пайғамбарлар, авлиё-ю анбиёлар қиссалари ва сиёсатга оид китобларни ўқишни канда қилмаган.
“Қадримни биладиган зот дунёдан ўтди…”
Юқорида таъкидланганидек, Амир Темур зиёли кишиларни, олиму донишларни қадрлаган. Фурсат топди дегунча уларни мунозараларга чорлаган. Уламолар ҳам улардан кўп иззат-икром кўрганлар. Венгер олими Ҳерман Вамбери “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” китобида Амир Темур давлат тузишда Чингиз ясоқларига (қонун) асосланганини ва исломий эмас, аскарий давлатга таяниб хато қилмаганини ёзади. Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, олимларга ва дин уламоларига чексиз эҳтиром кўрсатса-да, уларнинг давлат ишларига аралашишларига, марказий ҳокимиятга ўз таъсирларини ўтказишга йўл қўймаган.
Келиб чиқиши тунислик бўлган тарихчи Ибн Халдун Амир Темур Шомга юриш қилган йили у билан учрашган ва бир неча маротаба ҳамсуҳбат бўлган. У Мисрнинг буржуй мамлуклари султони Фараж номидан амирга элчи бўлиб боради. Шом ва Миср халқи Мовароуннаҳр деган мамлакат ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмай, Темурбекни мўғуллардан деб ўйлашади. Соҳибқирон билан бўлган учрашувдан сўнг Ибн Халдун юрагидаги қўрқув тарқайди, у ҳақидаги фикрлари ўзгаради. Олим фотиҳ билан учрашув таассуротларини бўлишар экан, бир воқеага эътиборни қаратади.
Улуғ амир ҳузурига келиб чиқиши аббосийлардан бўлган бир киши келади ва халифалик тахтини унга олиб беришини талаб қилади. У “халифалик дунё тургунча аббосийларникидир”, деган ҳадис мавжудлигига ишора қилади. Амир Темур “бу адолат мажлиси” дейди ва қуръоншунос, ҳадисшунос олимларнинг фикрини сўрайди.
— Бу ҳадис тўғри эмас! — дейди шомлик шайх Бурҳониддин ибн Муфлиҳ. Ибн Халдун ва бошқа аҳкомлар ҳам шу гапни айтадилар. Жаҳонгир унга юзланиб шундай дейди: “Қозилар ва муфтийлар фикрларини эшитдинг. Бас шундай экан, мансаб талаб этишингга ҳеч қандай ҳаққинг йўқ. Йўлингдан қолма!”
Мавлоно Шамсиддин деган киши Амир Темур девонининг муншийси экан. У ўз замонасининг фозил инсонларидан бўлган. Унга “қаламининг ўткир тиғи ўз иқлимлари фатҳида маҳдум (Соҳибқирон)нинг найзасидан ҳам ўткир эди”, дея бежиз юқори баҳо берилмаган. Ҳукмдор Хитой юришига отланиб, Ўтрорда вафот этганидан кейин Мавлоно Шамсиддин муншийликни ташлади ва ҳеч қайси подшоҳ хизматига кирмади. Бошқалар унга савол назари билан қарашганида, шундай жавоб қайтарди: “Менинг қийматимни биладиган одам дунёдан ўтди ва энди мен бошқалар хизматида ўз ҳурматимни кеткизишни истамайман”.
Мустабид тузум даврида тарихимиз миллатимиздан яширилди ёки қайта ёзилди. Буюк аждодимиз Амир Темур шахсиятини қора бўёқларда кўрсатиш анъана тусини олди. Мактабларда “жоҳил, қаттол” деб ўқитилди. Истиқлол йилларига келиб халқ ўзлигига қайтди, тарихий ҳақиқатлар тикланди. Амир Темур қилган ишлар тарих саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан муҳрланди. Бугунги авлод ўқиб-ўрганиши ва аждодларга муносиб издош бўлишга астойдил интилиши даркор. Ва Соҳибқирон бобомизнинг: “Биз ким — мулки Турон, Амири Туркистонмиз. Биз ким — миллатларнинг энг қадими ва энг улуғи, Туркнинг бош бўғинимиз”, деган сўзларини ўгит мисоли қулоқларига илмоқлари лозим.
Ҳамзабек ТУРДИЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.