Устознинг кўнгли

1

Инсоннинг кўнгли кўчмайди, унинг “уйи” вужуддир. Аммо шундайлар борки, танидан кўнгил қаергадир кетиб қолган, ғойиб бўлгандек туюлаверади кишига. Қайга, дерсиз? Буни кўпчилик билади: кўнгилдай илоҳий неъматни ўзига оғдириб олувчи омиллар кўп бўлган, бугун ҳам бор. Бойлик ва қашшоқлик, амал, шон-шуҳрат, ҳасад, иғво, бўҳтон, оқибатсизлик, тамагирлик, андишасизлик, ҳаёсизлик каби қора иллатлар бу мўъжизани осонгина ўмарадилар.

Оқибатли инсон, ёзувчи, шоир ва журналист Абдусаид Кўчимовнинг кўнгли болаликдан бугунгача ўз жойида собит турибди. Бунга камина ўз ҳаётимнинг асосий мезони бўлмиш бир ижодий жамоадаги хизмат фаолиятим давомида тўла амин бўлганман.

Ўтган асрнинг 80-90-йиллари орасида қандайдир сабаб билан “Гулистон” журналидан бўшаб, “Тонг юлдузи” (“Ленин учқуни”) бош муҳаррири Абдусаид Кўчимовга қўнғироқ қилдим. “Ака, сизда бирорта бўш ўрин борми?” дедим салом-аликдан сўнг анча хижолатли оҳангда. “Кимга?” сўради ака. “Ўзимга”, деганимдан сўнг рағбатли овоз билан лутф қилди: “Балки телефонда ариза ҳам ёзарсиз, устоз!” (Абдусаид ака катта-ю кичикка “устоз” деб мурожаат қилади — бу сўз замирида бировга нисбатан ҳурмат ҳам, енгил юмор ҳам ва ўзига нисбатан камтарона кайфият ҳам мужассам).

Мен Абдусаид акани талабалик давримдан билардим, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналларида қисса, ҳикоя ва шеърларини ўқиганман. Аммо шахсан танимасдим. Кейинчалик адабий давраларда кўрдим, “Гулхан” журналида ишлаётганимда Ургут туманидан ёзилган “Болаларнинг соғлиғи керакми, тамакининг фойдасими?” деган танқидий мақолам учун раҳмат ҳам эшитганман. Лекин барибир шундай таниқли ижодкор, катта бир жамоанинг раҳбаридан телефонда иш сўрашим нотўғри эди. Яна ўйлайман: бунга Абдусаид аканинг ўзи сабабчи. Доимо очиқ чеҳраси, ҳаммага бирдай хушмуомалалиги, бошқалардан унинг ёш ижодкорларга ғамхўрлигини билганим менга шундай журъат берган бўлса керак.

Хуллас, ишга қабул қилиндим. Редакцияда иш қайнарди. Ўша вақтлари газета минглаб йўқ, юз минглаб нусхада чоп этилар, ходимлардан фақат долзарб мавзуларда мақолалар ёзиш талаб қилинарди. Бир орада бўлимимиз бошлиғи пенсияга чиқдими, бошқа ишга ўтдими, ҳозир эслолмайман, унинг ўрни бўшаб қолди. Бир неча ой икки ходим раҳбарсиз ишладик. Бир куни тушликка яқин Абдусаид ака қўнғироқ қилиб қолди ва мендан ташқарига чиқишимни сўради. Тушдим. У киши мени кўриб юра бошлади. Беихтиёр эргашдим. “Бирга тушлик қилсак”, деди ака бироздан сўнг.

“Анҳор” ариғи атрофида жойлашган ресторан шамойилидаги таомхонага келдик. Овқатланиб, чой ичишга ўтгандик, Абдусаид ака мен учун кутилмаган таклиф сирини очди:

— Бўлимларингизга бошлиқ тайинлаб, яна бир ходим олишимиз керак, — деди жиддийлик билан, — Сизни қўяй десам, ёнингиздаги опа (исми-шарифларини айтмай қўя қолай) жамоадагилар орасида гап-сўзни кўпайтиради. Келинг, ўшани қўяйлик. Ҳали яна имкониятлар очилади.

Бу эътибордан ниҳоятда ҳаяжонланиб, дедим:

— Ахир менинг ишга келганимга бир йил ҳам бўлгани йўқ-ку! Опа эса бир неча йилдан бери ишлайди, тажрибаси ҳам катта.

— Редакцияда раҳбарни нима ранжитади, биласизми? — мавзуни чуқурлаштирди Абдусаид ака. — Қалами йўқларнинг бир гуруҳ бўлиб, ижодий муҳитни бузиб туриши. Хатлар бўлими бошлиғи шундайларга бас кела олиши керак. Мен ўйлайман: опа уларнинг додини беради. Албатта, шу амални берсак. Қолаверса, бўлим бошлиғи газетхон билан жамоани боғлаб туради. Ишонаманки, сиз ҳам унга яқиндан ёрдам берасиз. Бирорта қобилиятли ўқувчининг ижод намунаси бир четда қолиб кетмаслиги керак. Ўн-ўн беш йиллар олдин шундай бир ўқувчининг мақоласини ишлаб чоп этишга тавсия этганман. Газетанинг йиллик мукофотини олди. Бош муҳарриримиз Суҳроб Йўлдошев менга Шофиркон туманига бориб, ёрлиқни топшириб келишга юборди. Борсам, ўқувчи пахта йиғим-теримида экан. Райком вакили билан далада йиғин ўтказиб, унга ёрлиқни топширганман. Ўша ўқувчи кейинчалик Самарқанд давлат университетида ишлаб, олим, ёзувчи даражасига етди. У ёзувчи Аҳад Ҳасаннинг ўғли — Илҳом Ҳасан эди. У автоҳалокат туфайли жуда эрта вафот этди. У академик бўлгулик салоҳият соҳиби эди. Раҳматли Тошкентга келса, мени кўрмасдан кетмасди.

Кўп ўйлайман: ҳаётда раҳбарнинг ходимига тушлик олиб бериши бошқа қандайдир мақомларда учрар, аммо бунчалик дилгирлик даражадагиси жуда кам бўлса керак. Таомхонадаги суҳбатда Абдусаид аканинг ўрнига бошқа кибрли бир одам раҳбар бўлганда, аввало, ўзимга тушлик олдирарди, “Агар яхши ишлаганингизда, бўлимга опа эмас, сиз раҳбар бўлардингиз”, дея таъсир ўтказар, камситарди. Ундайларнинг кўнгли ҳамиша тама томон “кўчиб” туради. Кейинчалик бундайларга кўп дуч келдим.

Бу ҳолатнинг акси ўлароқ, аслияти пок, ниҳоятда меҳрли, жуда кўп устозларнинг дуосини олган, жуда кўп ёш ижодкорларга акаларча ғамхўрлик қилган, иш билан таъминлаган, ўз амали билан ибрат бўлган Абдусаид аканинг кейинчалик қайси асарини ўқисам, кўз ўнгимда устознинг ёруғ чеҳраси намоён бўлади.

2

Ҳазрат Алишер Навоий “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарида Қуръони каримнинг бир оятига асосланиб: “Барча одамларнинг номлари илмдур”, деб ёзади. Бинобарин, инсоннинг номида уни қўйган одамнинг дунёқараши, эътиқоди, маърифати намоён бўлиб туради. Дунёқараш, эътиқод, маънавият эса илм орқали шаклланади. Шу маънода туғилиш — бир савол. Боланинг номига муносиб бўлиб улғайиши, улғайганда айтган ҳар гапига, аввало, ўзи амал қиладиган бўлиши ўша саволга жавобдир.

 

Аввал ўзинг қил амал,

сўнгра насиҳат элга де,

Эй Ҳувайдо, сўзламайсан-да

амал бор ўлмаса.

Камина Абдусаид Кўчимовнинг барча асарларини ўқиганман деб ўйларканман. Аммо куни кеча яқинда чоп этилган “Танланган асарлар”и қўлимга тегди-ю, адашганимни билдим. Хуллас, тезда уни ўқишга тушдим. Биринчи эссе “Мен шоирман, истасангиз шу” деб номланиб, сарлавҳа остига “Халқимизнинг ардоқли шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов гурунглари” деб қўйилган.

Эссе тафсилотларига ўтишдан олдин Ҳувайдо байти билан боғлиқ Абдусаид Кўчимовнинг унга ҳамоҳанг мулоҳазаларига эътибор қаратмоқчиман. Муаллиф устоз шоир Абдулла Орипов тилидан ёзади: “Қуръони Каримимизга асосланиб айтиш мумкинки, туғилган чақалоқда барча фазилату қусурлар худди пистанинг ичидаги мағиздай жойлашиб бўлади: яхшилик, ёмонлик, тулкилик, бўрилик — ҳаммаси шундайгина туради. Агар индамасанг, улар кўкаради. Ота-онанинг вазифаси яхшилик уруғини кўкартириб, ёмонини аланга олмасидан сув сепиб ўчириб туришдир”. Бемалол айтиш мумкинки, асарда шундай фалсафий, таълим-тарбияга асосланган фикрлар борки, улар адабий қаҳрамонга ҳам, муаллифга ҳам дахлдор деб ўйлайсиз. Чунки кўпчилик мухлисларга аёнки, Абдулла Орипов давра суҳбатларида бир китоб бўлгулик фикрини бир-икки жумлада ифодалаб ўтади. Англашимча, Абдусаид ака ҳар бир суҳбатдан олган таассуротларини ўша куниёқ уйига бориб қоғозга туширган. Фурсат туғилганда шоирнинг ҳикматли сўзларини асосли манбаларга суяниб кенгайтирган, содда ва равон тилда янада ўқимишли бўлишини таъминлаган. Ҳайрон қоларли томони шундаки, шоирнинг орифлиги тўла сақланганлиги учун, мазкур мулоҳазалар адабий қаҳрамонга ҳам, муаллифга ҳам узукнинг кўзидай ярашиб турибди.

Маълумки, мустақилликка эришувимиз жараёни, “ўтиш даври” деб аталган, халқ ниҳоятда қийналган замонда атоқли ёзувчи Шукур Холмирзаев адабий журналистикага оид жуда кўплаб эсселар ёзиб, адабий жамоатчиликни мушоҳадага чорлади ва бу адабий тур ривожланишига сабаб бўлди. “Мен шоирман, истасангиз шу” номли асар ҳам адибнинг ўша асарлари билан бемалол бўйлашади. Чунки муаллиф ундаги воқеа баёнида ўзбекона андишани йўлчи юлдуз деб билса-да, ниҳоятда усталик билан ўша давр ҳақиқатини очиб берган: “Укалар, мустақиллик янги бойлар учун одамгарчиликдан чиқиш мавсуми бўлди”, “Душманнинг ҳам академиклари бўлади”, “Тарих шундайки, унинг устида жарроҳлик амалиёти ўтказиб бўлмайди. Олис тарихимизга тийран назар ташлаш зарур. Тарихни даврлаштириш, чегаралаш, тарихий шахсларни ҳукмрон мафкура элагидан ўтказиш адолатдан эмас”, “Биринчилик учун сен эмас, асаринг курашади”, “Кийиклар тошбақаларни чаққонликка ўргатолмайди”… Бундай ёмби каби қимматли  мисоллар эсседа жуда кўп.

Айниқса, асарда ватанпарварлик, элпарварлик туйғуси ифодалари кишини ниҳоятда тўлқинлантиради. “Мен Данте асарини таржима қилиш жараёнида Шарқ ва Ғарбда яратилган жуда кўп асарларни ўқидим ва жуда-жуда ҳайратланарли манзараларга дуч келдим, — деб ёзади муаллиф атоқли шоир тилидан, — Данте “Илоҳий комедия”да тасвирлаган одамлар ҳақидаги тушунча, фараз Шарқдан, тўғрироғи, ватандошимиз ал-Фарғонийдан олинган экан”. Мазкур маълумот қанчалик адабий бўлмасин, шу қадар илмий аҳамиятга ҳам эгадир.

Бир давра суҳбати тафсилотида Абдусаид Кўчимов раҳматли Тошкент шаҳар имоми Анвар қорининг кутилмаганда “Абдулла Қодирийга етадиган ёзувчи борми?” деб сўраши ва унга Абдулла Ориповнинг топқирлик билан берган жавобидан ҳайратланади: “Бир муддат аввал Данте ҳақида гапирганда қудуқни эсладик. Шу қудуққа ҳамма челак ташлаб кўради. Қудуқ — ўша, Сув — ўша, Челак — ўша. Қудуқдан сув тортувчилар ҳам бир-биридан кам эмас. Лекин Абдулла Қодирийга гавҳар чиқди”.

Бу ва бунга ўхшаш мисолларда атоқли шоирнинг ҳам, муаллифнинг ҳам кенг дунёқарашлари, адабиётни санъаткорлик даражасида англаганлари намоён бўлади.

Шунингдек, “Танланган асарлар”ига устоз Абдусаид Кўчимов жуда кўп олим, шоир ва ёзувчиларга бағишланган эссе, бадиа ва мақолаларини киритган. “Сафар”, “Сизни ўйлайман”, “Дилкаш суҳбатлар”, “Буни ҳаёт дейдилар”, “Яхшилик ғолибдир, яхшилик ғолиб”, “Тоғ гули”, “Учрашув”, “Оддий халқ турибди тарози ушлаб”, “Орол — одам”, “Ўзанига сиғмаган дарё”, “Сокин момақалдироқ”, “Собир Ўнарни эслаб”, “Эъзоз дарахтининг шоҳ илдизлари”, “Сабоқ” каби ўнлаб асарлари киритилган. Уларда Расул Ҳамзатовдан Чингиз Айтматовгача, Муҳаммад Исмоилдан Абдулла Ориповгача, Қозоқбой Йўлдошдан ибн Арабшоҳгача, Шойим Бўтаевдан Маъруф Жалилгача, фото-санъаткор Абдуғани Жумадан адабиётшунос олим, адабий жамоатчи Пирмат Шермуҳаммедов, журналистлар Жаббор Раззоқ, Абдухолиқ Абдураззоқовгача жуда кўп ижодкорлар ҳақида ниҳоятда ибратли ва қизиқ маълумотларга эга бўласиз. Ҳатто бу фоний дунёдан рихлат қилган ижодкорлар таржимаи ҳолининг келтирилиши сайланмада илмий аҳамият касб этган. Қолаверса, бу муаллифнинг инсонпарварлигидан ҳам далолатдир.

Энди қаранг. Ушбу бағишловлар адабий қаҳрамонларнинг ҳар бири ёки қайсидир бир яқини томонидан уларга бағишланган мақолалардан иборат китобларга киритиларди. Масалан, Абдулла Орипов умрининг сўнгги кунлари Америкадан Абдусаид акага қўнғироқ қилиб, нашриётда томликлари тайёрланаётгани, унинг ташкилотчилари Бегимқул билан Алишер Назарга зудлик билан учрашиши кераклиги, ўзига бағишланган “Мен шоирман, истасангиз шу” номли эссеси қолиб кетмаслигини тайинлаган. Бошқа ижодкорлар ҳам шундай қиларди. Кейин бундай ҳайбатли кўринишдаги китобларда жуда кўп атоқли ижодкорларнинг асарлари киритилган. Бундай имконият улар қаторида Абдусаид акага ҳам насиб этган экан, нега унга бадиий асарларининг энг сараларини жамламай, асосан 2012 — 2016 йилларда ёзган хотира, бағишловларга ўрин берди? Ҳатто маърифатли, самимий ва содда қишлоқдошлари ҳақидаги мақолалари ҳам қўшилди. Бу ҳаммада ҳам топилмайдиган бир фазилат бўлиб, адабиётга — устозлари, сафдошлари, элдошларига бўлган чексиз ҳурматдан далолат. Муаллиф бежиз “Сафар” бадиасида Жалолиддин Румийнинг:

 

Аё сиз, жонланиб ҳар лаҳза

изларсиз илоҳийни,

Ани излашга ҳожат йўқ,

илоҳий — сиз, илоҳий — сиз,

— байтини келтирмаган.

Мақола бошланишидаги, ҳар бир инсоннинг исми илмдир, деган фикрга асосланиб айтиш мумкинки, Абдусаид ака учун кўнглидан ўрин олганларнинг номи, шаъну шавкати илм янглиғ муборакдир.

3

Кейинчалик кўп йиллар Ўзбекистон радиоси, телевидениесида ишбилармонлиги қадар талабчан, жамоаларда адабий-маърифий йўналишда жуда кўп хайрли ишлар қилган зукко раҳбар, шоир, ёзувчи ва журналист Абдусаид Кўчимов раҳбарлиги остида ишладим. Шеърий, насрий асарларини ўқиб тушунадиган бўлдим. Бу фаолият, адибнинг адабий дунёсини кузатиш менга ёрқин, унутилмас таассуротлар уйғотган. Айтмоқчиманки, мазкур “дебоча”нинг давоми бор.

Бугунги кунда гарчи Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, сенатор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими бўлса-да, устоз Абдусаид Кўчимовда ўша-ўша оддийлик, самимийлик зарра қадар ўзгармаганига ҳайрон қоламан. Билганим шуки, улуғ устозлар чиндан ҳам ўзгармас бўлишар экан…

Илҳом АҲРОР

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty + five =