Бухоро биенналеси: Жаҳонга эшик очаётган маданият

Бухоро асрлар давомида илм-фан, ҳунармандчилик ва маданиятнинг қудратли маркази бўлиб келган. Энди эса у яна бир бор жаҳон диққат-эътиборини ўзига қаратмоқда: Бухоро халқаро биенналеси орқали. Бу маданият ва санъат байрами Марказий Осиё тарихида илк бор ўтказилаётгани билан ҳам беқиёс аҳамиятга эга.

Жорий йилнинг 5 сентябридан 20 ноябригача давом этадиган биеннале “Recipes for Broken Hearts” — “Синган қалблар учун малҳам” мавзусида ўтмоқда. У замонавий санъат, ҳунармандчилик ва гастрономияни уйғунлаштирган кўп қиррали йирик маданий ташаббус сифатида тарихга кирмоқда.

Қирқдан ортиқ мамлакатдан етмишга яқин рассом, ижодкор, ҳунарманд ва ошпазлар очиқ осмон остидаги музей шаҳар — Бухорода тўпланди. Хорижлик меҳмонлар ўтмиш ва замонавийлик уйғунлигидаги ғояларни намойиш этишса, маҳаллий ижодкорлар ҳам бу борада улардан қолишмаяпти. Асосийси, ҳар бир асарда янгича нафас, ноанъанавий қараш ва бетакрорлик бор.

Ўзига хос “маданий олимпиада”га айланган биеннале тадбирлари Бухоронинг эски шаҳар қисмидаги 14 та тарихий объектида ўтмоқда. Улар орасида йиллар давомида ёпиқ бўлган Хожа Гавкушон мажмуаси, Рашид мадрасаси, Аёзжон, Улуғбек тамакифуруш, Аҳмаджон ва Фатҳуллоҳжон карвонсаройлари ҳам бор. Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан тикланган бу обидалар энди замонавий санъат асарлари ва инсталляцияларга қучоқ очаётир.

Ёруғлик, овоз, интерактив технологиялар ва турфа объектлар асосида яратилган асарлар томошабинни ҳайратга солади. Масалан, минглаб идиш-товоқ ва чойнаклардан барпо этилган “уй”лар, баланд обидаларга бўйлашган новвотлар павильони кишини гўё афсона оламига бошлайди. Ҳар қадамда сизни турли хотиралар ўзига тортади: бири болаликка етакласа, бошқаси келажак ҳақида ўйга солади. Шаҳар биеннале оламига тўла шўнғиди: бир майдонда концерт садолари янграса, бошқасида рассомлар асарлари кўз қувнатади, яна бир ерда замонавий инсталляциялар томошабинни ўзига чорлайди.

Бу жараёнлар ичида жадидчилик ҳаракатига бағишланган шўъба иши алоҳида аҳамият касб этди. Бухоронинг маърифатпарвар арбоби Усмонхўжа Пўлатхўжаев яшаган ҳовлида ўтган анжуман биенналега илмий-маънавий мазмун бахш этди. Дунёнинг турли нуқталаридан жадидшунослар, олимлар ва мустақил журналистлар унда иштирок этди.

Маълумки, бу ҳаракатнинг илдизлари Қримда пайдо бўлган. У замонасининг маърифатпарвари Исмоилбек Гаспринский фаолияти билан боғлиқ. “Усули жадид” мактаблари ва маърифат ғоялари Туркистондан тортиб Озарбайжон, Афғонистон, Туркия, Эронгача қулоч ёзди. Маҳаллий консерваторлар ва мустамлакачилар қаршилигига қарамай, жадидлар илм-маърифатни, замонавий фанларни, матбуот ва театрни халқ онгига сингдириш учун курашдилар. Уларнинг ғоялари миллат уйғонишининг маънавий ва сиёсий илҳомчиси бўлди.

— Жадидчилик туркий халқларни уйғотган маърифат шамчироғи эди. Миллатни илм билан қувватлантириш, ҳақни ноҳақдан ажрата оладиган, ўзлигини англайдиган, келажакка ишонч билан қадам қўядиган авлодни тарбиялашни мақсад қилди, – дея таъкидланди муҳокамаларда.

Жадидчилик ҳаракатини тадқиқ қилишда юздан зиёд илмий мақолалари билан танилган Темур Хўжа ўғлининг хизматлари беқиёс. Унинг асарлари Туркиядан тортиб АҚШ ва Япониягача чоп этилган. Шу боис олимнинг мероси нафақат Марказий Осиё, балки бутун туркий дунё учун муҳим аҳамиятга эга. У анжуманнинг диққат марказидаги асосий меҳмонларидан бири бўлди.

Темур Хўжа ўғли Бухорога келганида ота уйининг меҳмонхонага айланганини кўриб, ўтмиш ва келажак ҳақида ўйга чўмган, ўшанда бу уй музейга айланишини орзу қилган. Орадан фурсатлар ўтиб, ҳукумат уйни тасарруфига олди ва бу ерда музей ташкил этишга киришди. Олим эса уни отаси номида эмас, балки бутун жадидчилик ҳаракати музейи сифатида очишни таклиф этди. Бу ғоя давлат раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланди. Айни пайтда франциялик меъмор лойиҳаси асосида Ғозиён кўчасида жойлашган Усмонхўжа Пўлатхўжаев уйида реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

— Туркистон жадидчилик ҳаракатининг йирик марказларидан бири бўлганига тарихнинг ўзи гувоҳ. Бироқ мустабид тузум йилларида халқ онгига унга нисбатан салбий қарашлар сингдирилди. Яхшиямки, истиқлол туфайли миллий ўзликка қайтиляпти, тарихий ҳақиқатлар тикланяпти. Энг муҳими, давлат сиёсати даражасида жадидчиликка адолатли баҳо берилмоқда, – дейди Темур Хўжа ўғли.

Музей таркибида кутубхона ва тадқиқот маркази ҳам ташкил этилади. Олим эса Истанбулда отасидан қолган 15 мингга яқин китобни шу кутубхона ихтиёрига топшириш ниятида.

XIII асрда яшаган буюк аллома Носириддин Тусий қаламига мансуб “Ахлоқи Носирий” асарининг 17-асрда кўчирилган қўлёзма нусхасини узоқ йиллар давомида асраб келган Темур Хўжа ўғли яқинда ушбу ноёб дурдонани Бухородаги қўлёзмалар музейига топширди. Бу ҳолатни халқимиз учун тарихий қимматга эга туҳфа, десак муболаға бўлмайди.

— Бу саъй-ҳаракатлар, иншооллоҳ, жадидчиликни ўрганишни қўллаб-қувватлашга, янги тадқиқотлар яратилишига ва уни дунёга танитишга хизмат қилади, – дея сўзини якунлайди Темур Хўжа ўғли.

Дарвоқе, биеннале ўн ҳафта давом этади. Тадбирлар доирасида бетакрор павильонлар, кўргазмалар, таомлар фестивали, шеърхонлик, мусиқа ва перформанслар ўтказилиши кўзда тутилган. Хуллас, маданият ва санъат уйғун ушбу нуфузли форум юртимизни дунё маданий майдони билан янада яқинроқ юзлаштиришга хизмат қилади.

Ҳамзабек ТУРДИЕВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen + 18 =