Бекободда илм-фанга эътибор ортмоқда

Шу кунларда Тошкент вилоятининг Бекобод туманида катта ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари бўляпти. Бу ҳақда матбуот саҳифаларида ўқиб, билиб турибмиз. Эътиборлиси, илмдан ўзга нажот йўқлигини қалбан англаган ҳолда бу туманга ижодкорлар ва илм аҳли кенг жалб қилиниб, устоз-шогирд анъаналари йўлга қўйилмоқда.

Қайси соҳа бўлишидан қатъи назар, уни ривожлантириш, бу орқали мамлакатимиз иқтисодиётини кўтариш ният қилинган бўлса, ана шундай ҳар бир хайрли ишнинг пойдевори илм билан мустаҳкамланганига нима етсин!

Бекобод бу гал юридик фанлари доктори ва профессор Ҳалимбой Бобоев, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, академик, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов, психология фанлари доктори, профессор, академик, “Profi” университети ректори Ғайрат Шоумаров,  шунингдек, иқтисодиёт фанлари доктори, академик, Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг “Ислом иқтисодиёти ва молияси, зиёрат туризми” кафедраси профессори Нурислом Тўхлиев сингари бир қатор таниқли олимлар учун қучоқ очди.

Туман ҳокими Зайнилобиддин Низомиддинов ташаббуси билан “Ҳаётимиз файзи — устозлар билан” мавзуида ўтказилган илмий анжуманга маҳалла ёшлар етакчилари ва фаоллари, маънавият мутасаддилари, ўқитувчилар, давлат ташкилотлари ходимлари жалб қилинди. Ўзаро давра суҳбати тарзида ўтган тадбир турли соҳа вакиллари учун ҳамкорликда, фидойиларча ишлаш ва ҳар юмушга илм нуқтаи назаридан ёндашиш масаласида том маънодаги маҳорат дарси бўлди.

Қизғин жараёнда, айниқса, ёшлар устозлардан ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олишди.

— Саодатга эришмоқ учун маънавий ва моддий дунёнинг мувозанатини таъминлаш керак, — деди сўзга чиққан олим Ҳалим Бобоев ёшларга қарата. — Болалигим Бекободда ўтган. Бахтга эзгу ният ва меҳнат билан эришдим. Аммо ҳозир ҳам агар ота-онам тирик бўлишса, мен уларни қўлимда кўтариб юрар эдим. Шу боис илм чўққиларини забт этиш, шунингдек, “ота-она хизматларини тўкис қилолмадим”, деган армонсиз яшаш сизларга насиб этсин, дейман. Ёшларга олтмиш йилдан буён дарс бераман. Худога шукур, қаерга бормай, 4-5 нафар шогирдларим пешвоз чиқишади. Уларнинг айримлари бошқа мамлакатларда илм билан шуғулланишмоқда. Илмнинг шарофати билан шу муборак ёшимда ҳам керакли инсон бўлиб, эл ардоғида яшаяпман. Муҳими, ўзинг туғилиб-ўсган юртингга хизматинг сингиши.

— Бекободнинг 80 чақиримдан ортиқ ҳудуди қўшни Тожикистон билан туташ-чегарадош. Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон билан чегаралар масалалари ҳал бўлганини сизлар кундалик ҳаётингизда ҳис қилиб турибсиз. Бу жуда оғир, эҳтимол ҳал қилиб бўлмайдиган муаммодай туюларди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўра билган одилона сиёсати ана шундай тарихий натижаларни берди, — деди академик, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов. — Илм йўлини танлаган ёшларимиз энг катта ихтироларга қўл уряпти. Бекободдагидай изланиш, интилиш қўллаб-қувватланаверса, бу яқин келажакда ўзининг жаҳоний натижаларини беради, албатта.

— Ўзига тўқ одам бировнинг бошини силай олади. Масалан, Осиё иқтисодиётида локомотив давлат бўлган Сингапур давлатини олинг. Учта тил, шунча дин ва миллат вакиллари яшайдиган жуда ғаройиб мамлакат. Ер ости ресурслари мутлақо йўқ. Битта ютуғи, очиқ денгизи бор. Мамлакат катта тараққиётга эришди. Иқтисодий ислоҳотларни тўғри йўлга қўя олди. Қайси даврда иқтисодиёт барқарор ривожланган бўлса, ўша даврда барча соҳалар бирдек юксалган. Бугунги кунда мана шу каби изчил ислоҳотлар Ўзбекистонимизда жадал амалга оширилмоқда, — деди иқтисодиёт фанлари доктори, академик Нурислом Тўхлиев.

Илм-фан ва ҳаётнинг турли жабҳаларида катта меҳнати сингган таниқли инсонларнинг чиқишлари, ибратли сўзлари давра аҳлини бефарқ қолдирмади. Мазмунли, жуда фойдали маънавият дарси, сабоғи бўлди, десак, хато бўлмайди.

Учрашув сўнгида дунёқараши кенг, давра суҳбатидаги фаоллиги билан олимлар назарига тушган иштирокчиларга юздан ортиқ китоблар устоз-олимларнинг дастхатлари билан туҳфа этилди.

Обид ҚЎЛДОШ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + 16 =