Мингбулоқда Янги Ўзбекистон нафаси
Ўтган чоршанба куни эрталаб Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раҳбари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддинов ҳузурида бўлдик. Суҳбат давомида Икромхон ака Мингбулоқ тумани ҳар соҳада илғорлар сафида бораётганини айтиб қолди. Ўзлари ҳам мингбулоқлик нуронийлар ҳузурига боришини билдирди. У киши билан яна Мингбулоқ тумани марказида учрашдик. Икромхон Нажмиддинов, туман ҳокими Аҳрорбек Мансуров ва жамғарманинг бир гуруҳ фаоллари билан туман оқсоқоллари ва онахонлари пахта тераётган Навоий номли ҳудуд даласига бордик. Шу кунларда туманда ихтиёрий равишда, ҳа, қалб амри билан деганларидек, ёшу кексалар баҳоли қудрат ҳашарга чиқишаётган экан.
— Нуронийлар қадами теккан жойга файз ёғилади, — дея Икромхон Нажмиддиновнинг ўзи ҳам пахта теришга тушиб кетди. — Пахта кўпчиликнинг ризқи. Барака бир чигитда бўлади. Қайси чигитдалигини фақат Яратганнинг Ўзи билади. Шунинг учун деҳқон йил бўйи тўккан пешона тери, заҳматли меҳнати эвазига етиштирилган ҳосилни, бир дона чигитни ҳам увол қилмай йиғиб-териб олиш керак, деди у.
— Мингбулоққа ким ҳоким бўлиб келса, омадли бўлган, — дея Икромхон ака туман ҳокими Аҳрорбек Мансуровга ишора қилди.
— Икромхон ака устозим бўлади, — деди туман ҳокими. — Устознинг маслаҳатларига, ўгитлари ва йўл-йўриқларига таяниб, катта ютуқларга эришяпмиз.
— Адолатхон ҳам борми? — деди Икромхон ака атрофига йиғилганлар орасидан кимнидир излаб. — Адолатхон Бегалиева ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг назарига тушган, Юртбошимиз билан суҳбатлашган бахтли аёлларимиздан бири, — деб биз томон юзланди.
Этаги пахтага тўлган Адолатхон Бегалиевага ҳокимнинг совғаси бор экан, даланинг ўзида унга топширилди. Вилоят нуронийлари номидан олиб келинган эсдалик совғалари ҳам пахта теримига чиққан илғорларга бериладиган бўлибди. Яхши анъана.
Аёллардан бири ҳокимнинг ёнига келиб: “Бирга суратга тушайлик, менинг ўғлим ҳам бу йил ўқишга кирди, сизга ўхшаб эл назарида юрсин”, деб Аҳрорбек Мансуров билан расмга тушди. Раҳбарликнинг шундай завқли лаҳзалари бўлади…
Ҳа, фахр билан суратга тушса арзийди.Президент Фармонига асосан мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан Аҳрорбек Мансуров “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Дарвоқе, азал-азалдан кекса онахонларимизнинг бир удуми бор. Хайрли иш устида чалпак пишириб тарқатишади. Дала бошида қозон осиб, чалпак пишираётган экан. Соддагина ёзилган дастурхонда бир пиёла чой устида оқсоқоллар Аллоҳдан пахта хирмонига барака сўраб дуо қилишди.
Марказий Фарғона чўлларида жойлашган қўриқ Мингбулоқ каби туман аграр соҳага ихтисослашган бўлишига қарамай, пахта ҳосилдорлиги яқин вақтларгача 40 центнердан ошмаган. Кейинги пайтларда илғор технологиялар кириб келиши шарофати билан кўрсаткичлар кескин кўтарилди.
Ҳокимнинг таклифи билан “Файзимуҳаммад ота Ч” фермер хўжалигида ҳам бўлдик. Фермер хўжалиги дала шийпони худди дам олиш уйини эслатади.
— Жорий мавсумда ҳар гектар майдондан 65 центнердан пахта ҳосили олдик, — деди фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Чилматов. — Ҳосилдорликни шу даражага кўтара олишимизга яхши нав танлаганимиз учун эришдик. Тўғри, кейинги пайтларда мамлакатимиз пахтачилигига вегетация даври қисқа, агротехникаси енгил, ҳосилдорлиги юқори бўлган хорижий навлар кириб келяпти. Аммо ўзимизда ҳам чет элники билан беллаша оладиган навлар бор. Мана бу йил “Равнақ-1” навини экиб, ҳосилдорликни деярли бир ярим бараварга кўтардик. Ўзбек олимлари томонидан кашф этилган ушбу нав сув танқислиги, шўр ва турли касалликларга чидамли, тола бериш даражаси баланд экани тажрибада синовдан ўтди.
Аввалги йиллари ёз ойларида Сариқсув коллекторида сув сатҳи пасайиб, Зардарёга сув чиқмас эди. Сариқсув коллектори учун насос станциясига сувни димлаб берувчи 1 миллиард сўмлик иншоот қурилди.
Мингбулоқда Янги Ўзбекистон нафаси. Кенг ва равон йўллар, замонавий бинолар, турли савдо ва овқатланиш шохобчалари бунёд этилган. Обод маҳаллалар чиндан ҳам туман қиёфасини янада гўзаллаштириб юборибди.
— Тумандаги ижобий ўзгаришларни одамлар сизнинг фаолиятингиз билан боғлашмоқда, — дея Аҳрорбек Мансуровга юзландим. — Қайси жабҳада бўлмасин, раҳбар Ватан, миллат, халқ деб жон куйдирсагина ижобий ўзгаришлар бўлади. Ота-онаси, устозлари дуосини олса, ишига барака киради. Тадбиркорликдан ҳам хабарингиз бор чоғи?
— Қуш уясида кўрганини қилади, деган мақол бор, — деди ҳоким. — Қишлоқ фарзандиман. Шахсий томорқамда ҳамма мева ва сабзавот маҳсулотлари етиштирилади. Сигир, қўй, эчки, турли паррандалар боқамиз. Сут маҳсулотлари, гўшт, тухум деярли сотиб олмаймиз. Экологик тоза маҳсулотлар ўзимиздан чиқади. Беш қути асаларимиз ҳам бор. Бу йил қирқ кило асал олдик. Асал йил бўйи оиламизга етади. Ҳисор қўйларини, Испаниянинг Мурсия зотли эчкиларини боқамиз. Айниқса, отга меҳрим бошқача. Ўндан ортиқ зотли отларим бор. Отларга қарашга ҳам вақт топаман, ўзим тагини тозалайман. От парваришлаш кибрни ўлдиради.
Ҳақиқатан, асли касби ҳуқуқшунос бўлса-да, шу қадар кўп тармоқлардан хабардор бўлган Аҳрорбек Мансуров каби раҳбарлар билан суҳбатлашиб завқланади киши.
— Сиз айтиб берган шахсий ташаббус айнан Президентимизнинг олиб бораётган сиёсатига мос. Оилавий меҳнат, ҳаракат қани энди тумандаги ҳар бир оилада ҳам бардавом бўлса.
— Мақсадимиз шу. Имконият яратиб, қишлоқда яшайдиган, 5-10 сотих томорқаси бор юртдошларимизнинг ҳеч бири камбағал бўлишга ҳақли эмас деб ҳисоблайман.
Бу мулоҳазаларга қўшилмасдан илож йўқ.
Туманда кўплаб мактаб ва боғчалар, маҳалла идоралари қайта қурилди, янги ишлаб чиқариш корхоналари ишга туширилди. Аҳолининг барча даражадаги мавжуд муаммолари ўрганилиб, ҳал этиляпти.
Авваллари пахта ҳосилдорлиги гектаридан 30-45 центнердан ошмаган. Эндиликда ўртача 50-60 центнергача хирмон кўтарган фермерлар сони кенгаймоқда.
Олиб борилган ислоҳотлар, замонавий технологиялар жорий этилиши ва деҳқонларнинг меҳнатсеварлиги натижасида ҳосилдорлик деярли икки баробар ошди.
Туманда ўтган йили 20 та терим машинаси бор эди. Бу йил уларнинг сони элликка етди.
Саноат ва ишлаб чиқаришда йирик корхоналар ва кичик ишлаб чиқариш субъектлари вужудга келди. Қўшимча ишчи ўринлари кўпаймоқда. Жумладан, туманда фаолият юритаётган “Beeksport” МЧЖ томонидан 1,5 миллиард сўмлик мошни қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа қарийб 4 миллион долларлик экспортни таъминлаш имконини беради. Шунингдек, “ARTMEN” қўшма корхонаси томонидан момиқ сочиқ ҳамда текстиль-тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Корхона учун 38 гектар ер ажратилган, унинг умумий қиймати 151 миллион АҚШ долларини ташкил этади. У тўлиқ қувватда ишга тушса, йилига 62 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот ишлаб чиқаради. Икки мингта янги ишчи ўрни яратилади. “SMART TEXST N” МЧЖ эса Россияга трикотаж кийим-кечакларни экспорт қилмоқда. Бу ерда 50 дан ортиқ ишчи ёшлар меҳнат қилмоқда. “NILAL DIZAYNER” МЧЖ парта ва стуллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Унинг маҳсулотлари ички бозорда харидоргир, шунингдек, Қирғизистонга экспорт қилинмоқда.
Қурилиш ва ободонлаштиришда йўллар, мактаб ва боғчалар, шифохоналар замон талабига мос барпо этилмоқда.
Хусусий мактаб ва ўқув марказлари ҳам кўпайди. Мисол учун, туман марказида “COMPASS SCHOOL” хусусий мактаби иш бошлади. Бу масканда 1-11-синф ўқувчилари учун барча шароитлар яратилган. Ўқувчилар кунига икки маҳал иссиқ овқат билан таъминланган. Шифохона ва маҳалла биноларига, музейларга ҳам жиддий эътибор кучайтирилди. Тадбиркорликда эса эркин бозор имкониятлари кенгайиб, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик қишлоқларга ҳам кириб бормоқда.
Биргина драйвер лойиҳалар учун 3,8 миллиард ва оғир аҳволдаги 6 та маҳалла инфратузилмасига 18 миллиард сўм харжлангани туман тарихида мисли кўрилмаган ижтимоий лойиҳаларга пухта замин бўлди. Булар — камбағалликни, ишсизликни камайтириб, аҳоли кайфиятини яхшилашга омил бўлмоқда.
“Маҳалла еттилиги” билан биргаликда Президентимиз белгилаб берган мезон — қатъий тартиб-интизом, шахсий жавобгарликни кучайтирган ҳолда иш олиб борилмоқда. Йил бошида 2400 та камбағал оила рўйхатга олинган бўлиб, камбағаллик даражаси 7 фоизни ташкил қилган. Ўтган давр мобайнида 807 та оиладаги 3091 нафар киши камбағалликдан чиқарилиши ҳисобига камбағаллик даражаси 4,8 фоизни ташкил этди.
“Камбағал оилалар реестри”га киритилган 2069 фуқаро хизмат билан қамраб олиниб, даромадли бўлди. 28 турдаги субсидия имкониятларидан фойдаланиб, ҳатто ногиронлиги бўлган оилалар ҳам камбағалликдан чиқарилди.
Аҳоли ва фермерлар томонидан 938 километр закан-зовурларда балиқ ҳамда 505 километрида ўрдак боқишни йўлга қўйиш орқали йилига қўшимча 1 600 тонна балиқ, 1 350 тонна парранда гўшти ва 1,2 миллион дона тухум етиштирилади ҳамда 710 та ишчи ўрни яратилади.
3500 гектар ер майдонлари аҳолига экспортбоп маҳсулотлар етиштириш мақсадида тарқатиб берилди. Буғдойдан бўшаган ерга, асосан, мош экилиб, маҳсулотни қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш корхоналари 10 тага етказилди. Бу саъй-ҳаракатлар ишсизликни бартараф этиш ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган бўлиб, йил якунига қадар бу соҳада ҳам ижобий натижаларга эришилади.
Аҳоли кайфиятига таъсир қиладиган яна бир омил — хизматлар соҳасини ривожлантириш эканлигидан келиб чиқиб, Жомашўй шаҳарчасининг “Соҳил бўйи” кўчасида 24/7 лойиҳаси асосида 3 миллиард сўм маблағ ҳисобига 35 та хизмат кўрсатиш объектини ишга тушириш режалаштирилган. Пировардида, 100 нафардан ортиқ янги иш ўрни яратилади ва хизмат сифати ҳам яхшиланади.
Туман марказидаги “Мустақиллик” маҳалласида қурилиши режалаштирилган замонавий турар-жой лойиҳасига кўра, иккита 9 қаватли ва битта 16 қаватли замонавий уй-жойлар қад ростлайди. Мазкур бинолар аҳолига қулай шароит яратиш, туманнинг меъморий қиёфасини янгилаш ҳамда турар-жойларга бўлган эҳтиёжни қондиришга хизмат қилади.
Ҳудудларга 350 миллион сўмлик электр тармоқлари тортилди.
Президент ва Ал-Хоразмий мактабларига тайёрлов курсларини йўлга қўювчи “Кембриж сари йўл” ўқув маркази очилди. Мазкур марказда ўқувчилар халқаро стандартлар асосида, замонавий ўқитиш методикалари ёрдамида таҳсил олиш имкониятига эга бўлди.
Мингбулоқ нафақат аграр соҳада, балки иқтисодиёт, қурилиш ва саноат, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик жадал ривожланаётган туман сифатида намоён бўлмоқда. “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғоянинг ҳаётий ифодаси аниқ жараёнларда бўй кўрсатмоқда.
Куни кеча Мингбулоқдан қувончли хабар келди. Туман пахтакорлари вилоятда биринчи бўлиб пахта етиштириш йиллик режасини бажарибди. Улар 10 минг 900 гектар майдондан 47 минг 895 тонна хирмон яратишибди.
Офарин!
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Қосимжон АКБАРОВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзолари.
