Кўнгилни ҳаволантириш — саодатдир

Мен кўп йиллардан бери радио эшитаман. Ишхонамда радио бор. Мен сизга айтсам, мусиқа тинглаш масаласида баъзилардек эмасман. Отажон Худойшукуров айтган “Хоразм сегоҳи”, “Катта суворалар”ни тинглаш учун ҳамма ишларимни йиғиштириб қўяман. Дилнура Қодиржонованинг авжлари ҳам мени ҳайратга солади.

Мен айтаман: энди бу авжларга ҳеч кимнинг қўли етмаса керак. Дилнура мумтоз қўшиқлар ижросини шу даражада юксакка олиб чиқдики, унинг пойида ҳали кўп йиллар минғирлаб юрсалар керак. Сизга яна бир гапни айтайми? Отажон Худойшукуровнинг, Дилнура Қодиржоноваларнинг авжлари одамнинг кўнглини тоғдай кўтаради! “Кўтаради” деган ибора жуда ғариб. Бундай қўшиқларни эшитган одам ҳаволанади: ана шу ибора тўғри! Кўнгилни ҳаволантириш эса саодатдир: мен ҳар сафар “Лисон ут-тайр”нинг охирига борганда шундай кайфиятга тушиб қоламан. Вужудимга аллақандай куч қуйилиб кела бошлайди. Кўнгилнинг ҳаволанишида эса гап кўп: қўлтиғингиздан гўёки қанот ўсиб чиқади, одим отганингизда оёғингиз ердан узилади, осмону фалакларга учгингиз келаверади.

Қайсидир йили Зайниддин Зидан саркорлигида фаранг футболчилари жаҳон чемпиони бўлишди: халқ бундан ҳаволаниб кетди ва мамлакат бўйича меҳнат унумдорлиги йигирма фоизга ўсди! Ахир Форобий ҳазратлари “Наврўзи олам”и билан кун сайин юрт фироғида тонглари сарғайиб бораётган тутқунларни даволаганлиги ҳам бизга манбалардан маълум-ку!

Мен айтаман: маромига етказиб ижро этилган мумтоз ашула гўё зикрдай! Шунинг учун унга дахл қилиш, ўзининг ҳолидан бехабар қўл уриш, унинг ўзига… мослаштириб ижро этиш халқнинг юрагига буров солиш билан баробар гуноҳдир, гумроҳликдир!

Яхши гапнинг, яхши сўзнинг, яхши ашуланинг ғамхўри, ичкуяри бор: мухлислари – халқ! Башарият тарихи кўз кўриб, қулоқ эшитмаган юксалишлар қуршовида. Бу ҳолатлар осойишталигимизни таъминлаб беради, дегани эмас. Аксинча, мавжуд ҳаракатдаги тизим фаолиятига турли йўллар билан рахна солишга уринишлар бўлиши шубҳасизлигини англатади. Биз истаймизми-йўқми, бу кўҳна олам шундай яралган. Она тупроғимиз ўз-ўзидан обод бўлмаган. Одамлар ишончини қозониб, уларнинг қора қозони қайнаб туришини таъминлашнинг ўзи улкан бахт. Ҳозир ҳам қийинчилик дамларини ёдга олсам, баданим сесканиб кетади. Боиси, кўпчиликнинг кейинги тақдири қандай кечар экан, деган ўй билан яшаганман. Оғир синовли йиллар даврида ҳокимият тизимида оддий ходим бўлиб ишлаш ҳам кишига жиддий масъулият юкларди. Бироқ менга одамларнинг тақдири билан боғлиқ масъулиятли вазифа ишониб топширилган эди-да. “Мана, сенга тўкин ҳаёт, мана, мақсадинг сари ойдин йўл, қани, марҳамат!” демаган ҳеч ким. Ҳаммаси бошидан бошланган: эл дардига малҳам бўлиш учун бор имкондан фойдаланишга ҳаракат қилинган эди. Бу гапларни шунчаки айтиб бўлмайди. Ўтган асрнинг 30-40 йиллари. Қаҳатчилик — нақ жаҳаннам оловини пуркарди. Йўқчиликнинг нафаси бош суқмаган остона қолмаганди. Шунда халқ жипслашди, қўлни қўлга бериб, биргаликда манзил томон ҳаракат қилинди. Шунинг учун ҳам эллар, халқлар жасорати, мардлиги боис фашизм устидан ҳам ғалаба қозонилган эди. Бу билан бутун инсоният улуғ фожиадан асраб қолинган эди десак ҳам хато бўлмайди. Таҳликали кезларда мен Ватаним учун нима қилишим керак, деган ўй барчанинг қалбига муҳрланди. Айни ушбу паллаларда халқнинг матонати яна бир карра кўрикдан ўтди. Ҳа, бу гаплар Ватан учун жоним фидо, деган ҳар бир киши учун ибратдир.

Унутмаслик лозимки, Мустақиллик, эркинликка шунчаки эришилмаган, бу йўлда чекилган ҳасратлар юзаки тўқима ёки афсона эмас. Аксинча, йўлга чиққан карвонимиз билан жаҳонга бўй кўрсатдик. Айтиш мумкинки, бу — мустақиллигимизни ғоятда қадрлашга ҳамда шу эл учун бор ғайрат-шижоат билан меҳнат қилишга чорлайди. Энг олий неъмат, бахт аслида шу эмасми?!

Тоштемир ТУРДИЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими,

Денов туман Маънавият ва

маърифат бўлинмаси

раҳбари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × two =