“Ўзбeкистон – 2030”: Давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда
Куни кеча пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш ва унинг ижросини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўрни” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
“Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда давлат органлари, вазирлик ва идоралар, ННТлар, халқаро ташкилотлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Қайд этиш жоиз, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакат тараққиётининг асосий йўналишларини белгилаб берувчи, инсон манфаатлари ва жамиятнинг барча қатламларини қамраб олишга қаратилган муҳим ҳужжат ҳисобланади. Президентимиз томонидан 2023 йил 11 сентябрь куни қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармонда мазкур стратегиянинг амалга оширилишига фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб этиш, мониторинг жараёнида уларнинг иштирокини таъминлаш алоҳида қайд этилган.
Шу муносабат билан ННТларнинг жамиятдаги фаол, мустақил, ташаббускор институт сифатидаги ўрни янада ортмоқда. Давра суҳбатида мазкур ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳамкорлик механизмларини аниқ белгилаш ва келгуси қадамлар бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилди.
Тадбирда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков “Ўзбекистон – 2030” стратегияси — халқ стратегияси экани, ислоҳотларнинг марказида инсон манфаати туриши лозимлиги, жамият фикри, фуқаролар назорати ва ННТлар фаолияти стратегия ижросини баҳолашда муҳим мезон экани, давлат ва жамият ўртасидаги очиқ мулоқотни кучайтириш бугунги куннинг энг муҳим талаби экани юзасидан фикр юритди.
— Ислоҳотлар марказида инсон турган жойда стратегия муваффақиятли бўлади. Ҳозирги глобал шароитда ҳеч бир давлат ислоҳотларни ёлғиз амалга ошира олмайди. Давлат ва жамият ўртасидаги ҳамжиҳатлик, очиқ мулоқот ва ўзаро ишонч — самарали бошқарувнинг асосий мезонига айланди. Шу боис, фуқаролик жамияти институтларининг роли бугун амалий давлат сиёсатининг ўзагидир.
Ҳуқуқий демократик давлат қуришда фуқаролик жамиятининг ўрни — замон талаби. Давлат бошқарувининг самарадорлиги энди фақат ички жараёнларга эмас, балки давлатнинг қай даражада эшитиши, тушунтириши ва ҳисобдор бўлишига боғлиқ, — деди Элдор Туляков.
Тадбир давомида стратегиядаги мақсад ва кўрсаткичларнинг изчил, сифатли ва ўз вақтида бажарилиши юзасидан самарали жамоатчилик назоратини ўрганиш мақсадида ишга туширилган махсус онлайн портал — “uzbekistan2030.uz” ҳақида ҳам маълумот тақдим қилинди.
Таъкидланганидек, “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан юритиладиган ушбу платформа орқали аҳоли Стратегия ва Давлат дастурларининг ижроси, шунингдек, ҳар бир мақсад ва кўрсаткичлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари ҳамда таклифларини билдириш имкониятига эга. Ўз навбатида, Марказ ходимлари барча таклиф ва ташаббусларни умумлаштириб, ҳар ойда Республика комиссиясига тақдим этиб боради.
Шунингдек, ҳар йили БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан уйғун ҳолда стратегиянинг амалга оширилиши таҳлил қилиниб, жамоатчиликка эълон қилинади. Тадбирда мазкур платформа тақдимоти ўтказилиб, унинг имкониятлари, жамоатчилик фикрини тақдим этиши, Стратегия ва Давлат дастурлари ижроси ҳақидаги очиқ маълумотлар, фуқаролар фикрини тўплаш механизми ва лойиҳаларнинг батафсил статистик маълумотларини эълон қилиб борилиши тартиблари ҳақида маълумотлар берилди.
Давра суҳбатида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Мавлудахон Ходжаева ўз нутқида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ижросини таъминлаш, қонунлар сифатини ошириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва ижтимоий фаолликни оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтди.
— Парламент ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги конструктив мулоқот ва ҳамкорликни кенгайтириш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Бугунги кунда бу борада фаолиятимизнинг ташкилий-амалий механизмлари яратилган.
Жумладан, Қонунчилик палатасининг ҳар бир қўмитаси ҳузурида Жамоатчилик кенгашлари ташкил этилгани фуқаролик жамияти институтларининг норма ижодкорлиги ва парламент назорати жараёнларидаги иштирокини янада кенгайтирди, — деди Спикер ўринбосари.
Давра суҳбати якунида ННТлар учун янги грант механизмларини шакллантириш, давлат органлари билан ўзаро ахборот алмашинувини такомиллаштириш, жамоатчилик назоратининг ҳуқуқий асосларини янада кучайтириш, экологик ва ижтимоий дастурларда ННТлар иштироки самарадорлигини ошириш, Ўзбекистоннинг миллий стратегияларини амалга оширишда халқаро тажрибадан фойдаланиш бўйича фикрлар илгари сурилди.
Ўз мухбиримиз.
