Иқтидорнинг шаклланиши

Минора қурилиши бир неча йил давом этганидек, ижодкорнинг шаклланиши ҳам умрининг сўнгги дақиқасигача давом этади. Миноранинг тарҳи аввалдан чизиб қўйилганидек, ижодкор қисмати — жами инсонлар қисмати каби — азалдан Лавҳул-Маҳфузга ёзиб қўйилган. Ҳаётнинг қизиқлиги шундаки, бу китобни Аллоҳ таолодан бўлак ҳеч ким ўқимаган. Шу сабаб ҳар бир инсон, ҳар бир ижодкор Аллоҳга таяниб турмуш аравасини судраб кетаверади.

Аллоҳ инсонга унинг ўзи ҳам илғаши қийин бўлган, яширин тарзда кечадиган махфий иқтидор берадики, китобимиз айни шу иқтидорнинг шаклланиши, ривожланиши ва зиё тарқатиши борасидадир. Келинг, бу иқтидор қандай, қай тарзда ва қай даражада намоён бўлганлигини ижодкорлар ҳаётидан мисоллар келтириб, баҳоли қудрат кўриб чиқайлик.

Бунинг энг ёрқин намунаси — Ҳазрат Алишер Навоий ва Мавлоно Лутфий ўртасида бўлиб ўтган суҳбатдир. Маълумки, тўққиз ёшли Алишер ўзининг икки мисралик байтини Мавлоно Лутфийга тақдим этган эди. Мана ўша байт:

Оразин ёпқоч кўзимдан сочилур

ҳар лаҳза ёш,

Бўйлаким пайдо бўлур юлдуз

ниҳон бўлғоч қуёш.

Мавлоно Лутфий: “Шу икки мисра шеърингиз учун бутун ижодимни алмашмоққа тайёрман”, деган экан. Ўша пайтда Лутфий Ҳиротнинг энг забардаст, энг улкан, тенги йўқ беназир шоири эди. Унинг ижоди бутун хуросонликлар томонидан эъзозланар, минглаб оташин мухлислари бор эди.

Шундай экан, Лутфий бола Алишерни менсимаслиги, хатоларини айтиши, ҳатто: “Аллоҳнинг жамоли ҳақида ёзишга ҳали ёшлик қиласан”, деб шаштини қайтариши, унга етарлича баҳо бермай, заковатини тан олмаслиги ҳам мумкин эди. Ҳатто бунга ҳаққи бор эди. Чунки у пайтда Алишер ҳали Алишер Навоий эмас, ҳаваскор шоир эди. Аммо Лутфий Навоий даҳосини кўра билди. Ёш шоирни яқин олиш, ўзининг улкан салобати ва улкан ижоди олдида Алишер эсанкираб қолмаслиги ҳамда унга дўстона ёрдам қўлини чўзиш учун ўз оламшумул ижодини унинг оёғи остига ташлади.

Албатта, бундан Лутфий ижоди пасайиб қолгани йўқ. Билъакс, Лутфийнинг буюклиги янада яққол намоён бўлди. У бола Алишерда ўзбек шеъриятининг бўлғуси подшоҳини кўрди ва ўзининг нақадар зукколиги, узоқни кўра билишини асрларга намуна қилиб кетди.

Эрта уйғонган истеъдодлар

Албатта, Навоийдек одамларда истеъдод яққол намоён бўлади ва кўп куттириб, илҳақ қилмайди.

Яна бир буюк бобомиз Абу Али ибн Сино ҳазратлари етти ёшида Қуръони каримни ёд олган, биринчи асарларини ўн бир ёшида ёзган эканлар.

Абу Райҳон Беруний ҳазратлари илк асарини ўн тўрт ёшида, беш юз бетдан ортиқроқ бўлган “Ўрта Осиё халқларининг минг йиллик тарихи” қомусий китобини эса йигирма тўрт ёшида ёзишни бошлаб, йигирма етти ёшида тамомлаган эканлар.

Фаридиддин Аттор 13 ёшли Жалолиддин Румийни кўриб: “Бу бола ҳадемай оламдаги барча ошиқлар қалбига ўт солади!” — деб башорат қилган.

Тарих зарварақларига олтин ҳарфлар билан битилган бу воқеалар узоқ ўтмишда содир бўлгани, муҳити ва турмуш тарзи мутлақо ўзгача бўлгани учун бизга сайёрада юз берган ғаройиб эртакдек туюлиши мумкин. Аммо ҳаммаси бор гап. Биз эса бу воқеаларнинг муҳим қисми, яъни истеъдоднинг намоён бўлиши борасида сўз юритмоқдамиз.

Бугунги кунда ҳам истеъдоднинг яққол намоён бўлишига оид ёрқин намуналар кўп. Усмон Носир илк шеърини 9 ёшида ёзган эди. Йигирма икки ёшида эса Акмал Икромов Тошкентда бўлиб ўтган жуда катта йиғинда: “Бизнинг Пушкинимиз — бу Усмон Носир!” дейди. Усмон Носир истеъдоди жуда эрта камол топган ва порлаган ёруғ иқтидор эди.

Абдулла Қодирий 24 ёшида “Ўткан кунлар” романини ёзиб битқазди. Ўша пайтнинг ўзидаёқ Абдулҳамид Чўлпон: “Ўзбекнинг онаси бундай ёзувчини юз йилда бир туғади”, — дея айтди ва унинг башорати тўғри бўлиб чиқди.

Меҳнат ва заҳмат билан шаклланган иқтидор

Шунингдек, улуғларимиз орасида истеъдоди узоқ йиллар давомида шаклланганлари ҳам талайгина. Шоир Шукрулло шундай хотирлайди:

“Ўн тўрт-ўн беш ёшларимда шеър қоралай бошладим. Бир тўда болалар чуғурлашиб ёзган шеърларимизни Ғафур Ғуломга кўрсатиш учун олиб бордик. Ҳамма шеър ўқиди, шулар орасида мен ҳам. Устоз унга у деди, бунга бу деди, менга эса эътибор бермади. Орадан бир қанча вақт ўтиб, ёзган янги шеърларимизни яна олиб бордик. Устоз сўри устида ўтирган экан, шеърларимизни эшитиб турди-да, унга у, бунга бу деди. Менга келганда, жойларидан туриб, дарахтдан бир ғўрани узиб: “Ғўр шеърга ғўра муҳр бўлади”, — деди-да, ғўрани эзғилаб, шеърларим устига босди. Бироз хафа бўлдим-у, индамай кетавердим. Дилимда бир исён бор эди: “Қаттиқ меҳнат қиламан, қаттиқ ижод қиламан, кимлигимни устозга кўрсатаман, албатта катта шоир бўламан, зўр шеър ёзаман, қойил қолдираман!”

Орадан беш йилга яқин вақт ўтди. Янги шеърларимдан кўтариб яна устознинг олдига бордим. Бир соатга яқин шеър ўқидим. Бир пайт устоз: “Қани, кўйлагингни еч!” — дедилар. “Ие, Ғафур ака, нима қиляпсиз?” — дедим. “Еч дегандан кейин ечмайсанми?” — дедилар. Ноилож кўйлагимни ечиб, қўлларига тутқаздим. Устоз кўйлагимнинг этагидан ўпиб: “Энди буни кийма! Уйингга бориб осиб қўй! Йиллар ўтиб болаларингга, набираларингга кўрсатасан! Мен шоир бўлган куни устоз Ғафур Ғулом этагимдан ўпган, мана шу кўйлак ўша, дейсан”, — дедилар. Хурсандликдан кўзимдан ёш чиқиб кетди.

Бу кўйлакни йигирма йилдан ортиқ — қамалиб кетган йилларим кўп нарсалар қатори у ҳам йўқолиб кетгунга қадар асраб юрдим”, — деган эди Шукрулло.

Оловли йилларда, бош кўтарган одамнинг бошини қилич кесиб кетадиган замонларда, йиллар исканжасидан эҳтиёткорона авайлаб асралган истеъдоднинг шаклланиши эди бу.

Муҳит ва таассуротлар олами

Яна ўзгача, истеъдоднинг вояга етиш шакли ҳам бор. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қайипбергенов ҳикоя қилганди:

“Мен туғилганимда отам эллик ёшларда эди. Мендан олдинги фарзандлар турмаган, гўдаклик чоғидаёқ нобуд бўлиб кетаверган. Шунинг учун мени еру кўкка ишонишмасди. Отам қаерга борса, мени бирга олиб юрарди. Бола бўлишимга қарамай, куним катталарнинг гап-гаштагида ўтарди. У пайтда одамлар йиғилса, маънили-маърифатли суҳбатлар ўтказилар, баҳру байт айтилар, бахшилар халқ термалари ва достонларидан куйлашарди.

Қўшни овулдан қайтгунча отам кўрган-эшитганларимни айтиб беришни талаб қиларди. Уйга келгач эса онамга ҳам айтиб берардим. Шундай қилиб, ўзим билмаган ҳолда гўяндага айланиб қолгандим. Такрорлайвериб, жуда кўп ривоятларни, афсоналарни, достонларни миямга сингдириб олгандим. Менда ёзувчиликка ҳавас, балки шундан кейин — ичимда жуда кўп таассуротлар тўплангандан сўнг уйғонгандир, қобилиятим шу тарзда шакллангандир. Кўрган-билганни такрорлаш ҳаётимнинг сўнгигача давом этди. Кўрган-билганларимни ҳар куни алоҳида дафтарга ёзиб борадиган бўлдим. Ёзганларим бугунга келиб ўн жилдлик китобга жо бўлса ажаб эмас! Саккиз ёшимдаги одат саксон ёшимгача давом этди!”

Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ҳам бу борада қизиқ гап айтганди:

“Негадир болалигимда “ҳамма шеър ёзса керак, мен ҳам ёзаман” деб ўйлаганман ва ҳали эсимни танимай туриб, бир талай шеърлар ёзганман. Мактабдаги ўқитувчиларимга берганимда, “қаерлардандир кўчириб олгандирсан, ўзинг ёзмаган бўлсанг керак” деб ишонишмаган. Мен ҳам индамай қўяверганман. Ичимда хурсанд бўлганман: “Шоирлардан фарқим йўқ экан, энди ёзавераман” деганман. Шундан буён ёзаман. Ҳеч қачон илҳом келишини кутмайман. Ёзишни бошласам, илҳом ўзи келади. Мухбирларнинг “шеъриятга қандай кириб келгансиз?” деган саволи мен учун энг мушкул, жавоби энг қийин саволдир.

Мен шеъриятга кириб келмаганман, шоир бўлиб туғилганман, тамом-вассалом. Шеър ёзиш учун ёзишни ўргандим, шеъриятда ўзимга дўст топиш учун китоб ўқишни ўргандим. Энди шеъриятдан бошқа ҳаётим ҳам, кетадиган-келадиган, ўйлайдиган бошқа машғулотим ҳам йўқ!”

Илмга эҳтиёж ва масъулият

“Билмаганларимни оёғим остига қўйсам, бошим осмонга етар эди”, — дейди Имом Аъзам.

Имом Аъзамдай зот шундай деб турса, у кишининг билими олдида бизнинг билганларимиз тоғ олдида турган тошдан фарқ қилмайди. Шундай экан, биз илмга муҳтож бўлмай, ким муҳтож бўлсин! Ҳазрат Имом Аъзамнинг бундай дейишларига сабаб — ҳамиша илмга чанқоқликлари, ҳамиша юқори илм пиллапояларига интилишлари ва комиллик истаганларидир. “Билим билмасликни кенгайтиради!” — дейди донишманд Анаксимен.

Иқтидор инсонни катта майдонга олиб чиқади. Эл орасида ҳурматли, маълум бир муваффақиятларга эришган обрўли шахсга айлантиради. Мана шу ҳурматни, обрўни, шон-шуҳратни ушлаб туриш ҳам кишидан жуда катта иқтидор талаб қилади. Фалсафа фанлари доктори, етакчи олим Қиёмиддин Назаров ўз болалигини эслаб, қуйидагича ҳикоя қилади:

“Учинчи синфда ўқиб юрганимда, мактабда тадбир бўлиб қолди. Саҳнага чиқиб ашула айта бошладим. Ашула ярмига етганда, сўзлари ёдимдан кўтарилди. Олдинги қаторни бир марта такрорлаб айтдим, икки марта, уч марта… Ўқитувчим ёнимда доира чалиб турибди. Ўқитувчимга қарайман, индамайди. Ниҳоят, қўлимдаги рубобни отиб юбордим-у, даврадан йиғлаб чиқиб кетдим. Ўқитувчим билан икки-уч кун гаплашмай юрдим.

Бир куни ўқитувчим хонасига чақирди-да, мени стол устига чиқариб, бўйимни ўз бўйи билан тенглаштиргач, кўзларимга тик қараб: “Сен саҳнага чиқдинг. Саҳнага чиққан одамга энди ҳеч ким ёрдам беролмайди, буни яхши билиб ол. Ҳамма тайёргарликни саҳнагача қилиш керак, ҳамма ёрдамни саҳнага чиққунча олиш керак. Саҳнага чиқдингми, тамом, ортга йўл йўқ. Сен энди қиролсан! Сен ўзингни қўлга олишинг, ўзингни ўзинг бошқаришинг, сенга қараб турганларга эгалик қилишинг керак!” — деди. Шунда столни оёғим остига бекорга қўймаганини, мени ўзи билан тенг кўриб, жиддий гапирганини тушундим.

Бу бир умрлик сабоқ бўлди. Минбарда ҳар гал маъруза бошласам, мана шу воқеа кўз олдимда намоён бўлади ва минбарда туриб ҳеч қачон енгилмаслигим, энди ҳеч ким ёрдам бермаслиги, ўзимни қатъий бошқаришим лозимлигини ҳис қиламан”.

Ижод майдони ва виждон имтиҳони

Адабиёт майдони ҳам шундай. Бу майдонга тушгач, ўзингиздан бошқа ҳеч ким ёрдам бермайди. Шеър ёзишдан олдин шоир худди шер қаршисида тургандай ожиз туради. У хоҳ ҳаваскор бўлсин, хоҳ санъаткор — ҳамиша шундай. Тажрибали, истеъдодли бўлсангиз ҳам, бўлмасангиз ҳам, қаршингизда тер тўкиб қилинадиган меҳнат туради. Ҳар куни ва ҳар сафар!

Шеър ёзиш битта китоб чиқарганингиздан кейин енгиллашиб қолмайди. Ўнта китоб чиқарсангиз ҳам шу меҳнат, шу фидойилик, шу заҳмат давом этади. Яъни шеър қанча талаб қилса, шунча тер тўкишга, юрагингизни азоблашга, изтироб чекиш аламларига чидашга мажбурсиз. Айёрлик қилиб, заҳматдан озгина бўйин товладингизми — тамом, шеърингиз чала туғилган гўдакдек мажруҳ ва кераксиз бўлиб қолаверади.

Агар тажриба асосий аҳамиятга эга бўлганда, ёшлар ёмонроқ, кексалар эса яхшироқ ёзган бўларди. Афсуски, ундай эмас. Ижод ёшлардан қанча куч-қувват, заковат, иқтидор ва фидойилик талаб қилса, кексалардан ҳам худди шунча жоннисорлик талаб қилади.

Иқтидор ҳам фарзандингиздек тарбия, ғамхўрлик ва парваришни талаб қилади. Сиз нима қилсангиз, у ҳам шуни қилади. Қаёққа қадам ташласангиз, нимага эътибор берсангиз, у ҳам фақат шуни ўрганади. Ўғрилик қилсангиз, болангиз ҳам бир кунмас-бир кун албатта ўғрилик қилади. Кимгадир яхшилик қилсангиз, болангиз ҳам албатта яхшилик қилишни ўрганади. Истеъдод ҳам шундай — у сиздан ҳамма нарсани ўрганади.

Усмон Азим шундай воқеани гапириб берган эди:

“Юқори лавозимда ишлаб юрган пайтларимда ҳар хил илтимослар бўларди. Қўлимдан келса, холис битириб бераверардим. Шундай холислик билан италиялик бир гуруҳ тадбиркорларнинг ишини битириб берибман ва бу хаёлимдан мутлақо кўтарилиб кетибди. Бир куни улар меҳмонга чақиришди ва “завод фойдасидан улушингиз” дея катта миқдордаги пулни тутқазишди.

Бирдан орқага чекиниб: “Йўқ, йўқ, менга пул керак эмас, агар шу пулни олсам, кейин шеър ёзолмай қоламан”, — дебман. Қаршимда гўё иккита йўл тургандай эди. Ҳеч иккиланмай шеъриятни танладим. Бошқа йўл йўқ эди”.

Албатта, бой шоирлар кўп. Гап бу ерда бойликда эмас, бойликнинг пора, яъни ҳаром йўл билан топилаётганида ва ҳаром нарса ҳар қандай шоирни ногирон қилиб қўйишга қодир эканидадир! Усмон ака ўзини, истеъдодини мана шу ёвуз кучдан асраган. Балки у ўз виждонига хиёнат қилганида, кейин яхши ёзишни истаса ҳам, ёзолмаган бўларди.

Ҳар бир ижодкор иқтидорини шундай ҳимоя қилади, унинг намоён бўлиши, камол топиши учун муҳит яратади, шароит излайди, уруғнинг униб чиқишини кутиб туради.

Илҳом манбалари ва ижодкор феъли

Бир куни шоир Азим Суюн уйига таклиф қилиб қолди:

“Шу муюлишдан қайрилсангиз, бизнинг дарвоза ярқ этиб кўзга ташланади. Тепасига катта архар шохи қўйилган. Шу шохга қараб топиб олсангиз бўлади. Бошқа ҳеч кимнинг дарвозасида йўқ!”

Азим Суюннинг дарвозасини топиш мушкул бўлмади. Шоирнинг ўзи айтганидай, дарвоза тепасига қулоч етмайдиган архар шохи ва архарнинг калла чаноғи михлаб қўйилган эди. Ичкарига кириб, анграйиб қолдим. Ҳовли ўртасига харсанглар келтирилиб, тоғ ясалган; архарлар, бўрилар, какликлар, тоғ эчкиси, марал, айиқ, бургут ва яна турли-туман жониворларнинг ҳайкаллари худди тоғу тошда ўйнаб юргандек иштиёқ ва улкан муҳаббат билан ўрнатилган эди. Тоғ арчалари, туғдона, кийикўт, ялпизлар гуриллаб ўсиб ётар, ўзингизни худди тоғ қўйнига тушиб қолгандек ҳис қилардингиз.

“Бу — Бешбармоқ ота! — дея ҳайқирарди шоир. — Мен тоғлар бағрида туғилганман. Бу тоғлар менга илҳом бахш этади! Бу тоғларга қараб куч оламан, қудрат оламан! Ҳар бир шоир ўзига мана шундай илҳом манбаи яратиши керак! Юринглар, сизларга яна бир сиримни очаман!”

Азим ака шундай дея бизни ичкарига, ижодхонасига бошлаб кетди:

“Мана, мен ўтирадиган стол. Қаранглар, стулимда кўк бўрининг териси! Шу терининг устида ёзаман. Бу теридан менга кўк бўрининг қуввати ўтиб туради. Ўтирган заҳотим вужудимга туганмас дармон ўрмалайди. Кучайиб кетаман. Мана бу дивандаги эса қўнғир айиқнинг териси. Бу айиқ Нурота тизма тоғининг айиғи! Уни менга 95 ёшли кампир ийлаб-ошлаб берган. Бундай мукаммал ошлашни ўша кампирдан бошқа ҳеч ким билмайди. Мен мана шу айиқ терисига ўраниб ётаман. Айиқдай бақувватлигим шундан. Айиқ ўз ўлжасига ташлангандай, ижодга ташланаман. Ишлаб чарчамайман, ёзиб чарчамайман, қийинчиликларга қарши курашиб чарчамайман!”

Азим Суюн самимий ва содда инсон эди. Илҳом манбаи аслида архар шохи ёки айиқнинг терисида эмас, балки юрагида эканини, қалби қайнаб-тошиб турмаса, буларнинг сариқ чақалик қудрати йўқлигини яхши биларди. Биларди-ю, ўзини овутиш, ўзига тасалли бериш, ҳамма юкни фақат юрагига ташлаб қўймаслик кераклигини англаганидан, оғирликларни атрофидаги ашёларга юкларди. “Молани азоб билан тортаётган юрагим эмас, балки бошқа нарсалар”, деб ўзини ишонтирарди, овутарди ва юрагига енгиллик берарди. Улар куч бермаса-да, “куч беряпти” деб ўзини ишонтиргани туфайли, натижада ҳақиқатан ҳам улардан куч келаётгандай бўлаверарди.

Шукур Холмирзаев ҳам ўзини моҳир овчи ҳисобларди. Дала ҳовлисига борганимда, кўпинча ов милтиғига суянган ҳолда ўтирганининг гувоҳи бўлардим. Бу милтиқ отмасди. Чунки ичида ўқи йўқ эди. Нафақат ўқи, балки тепкини босадиган илмоғи ҳам йўқ бўлиб, қуруқ макет эди. Лекин Шукур ака унга суяниб ўтиришни, болалиги ҳақида хаёл суришни, тоғда қандай овчилик қилганлари, қандай қилиб қоплонни ёки қобонни отганлари, қандай қилиб айиққа дуч келиб қолганларини гапириб беришни ёқтирарди.

Кўпгина ҳикоялари шу тарзда дунёга келарди. Шукур аканинг милтиққа суяниб хаёл суриб ўтириши унинг болаларча беғуборлигидан, ишонувчанлигидан, соддадиллигидан дарак берарди. Лекин, истаймизми-йўқми, унинг иқтидорига, илҳомига бу хаёл суришлар озуқа ҳам эди. Агар Шукур акага “Мерседес”да юриш илҳом бағишлаганида, албатта “Мерседес”дан тушмай юрган бўларди. “Худо ҳар кимга феъл-атворига яраша истагини қондиради”, дейишади-ку!

Синовлардан туғилган илҳом

Биз илҳомни ўзлари излаб, ўзлари топган ижодкорларнинг айримлари ҳақида сўз юритдик. Лекин баъзилар қисматнинг қаттиқ зарбаларига дуч келгач, ўзлари истамаган ҳолда оғир мушкулотларга йўлиққач, юракларида исён қайнаб тошади. Туйғулари, изтироблари вулқондек отилиб, илҳом уларни қайноқ ижод қучоғига етаклайди.

Шундай воқеа ҳассос шоира, оташқалб ижодкор, доно ва фозила аёл Турсуной Содиқова ҳаётида юз берди. Бу ҳақда Турсуной опа шундай дегандилар:

“Оғир касалликка чалиниб, ётиб қолдим. Инсульт бўлдим. Бир ярим йил битта тўшакдан турмадим. Ўлим дам-бадам йўқлаб қўяр, раҳми келибми, қайтиб кетарди. Шу ётганимда ҳаётни севиб қолдим. Ўлим ва ҳаётнинг ораси бор-йўғи бир сониялик йўл эканини мана шу кунларда англаб етдим. Баъзида бир сониядан сўнг тирик бўламанми-йўқми, билмасдим. Гоҳида кўзимни юмишга қўрқардим. Гоҳо уйқуга кетишдан олдин қайта уйғонаманми-йўқми, буниям билмасдим. Қўрқиб-қўрқиб ухлардим. Худодан эсон-омон уйғотишини ҳар кеча ёлвориб сўрардим. Уйғонгач эса минг бора шукроналар айтардим.

Ҳар бир лаҳзада ўлим бўғзингдан бўғиб турса, ҳар лаҳзани ўлимнинг беаёв чангалидан бирма-бир юлиб-юлқиб тортиб олаверганингдан сўнг ҳар бир лаҳзанинг қадрига етар экансан. Унгача қадрига етмас экансан. Унгача етмагандим. Унгача ҳаётим тўлиб-тошиб оққан дарёдек гувулларди. Мен абадий шундай бўлади, абадий шундай ўйнаб-кулиб яшайвераман, ўлим мендан жуда узоқда — кўз кўрмас, қулоқ эшитмас, одам оёғи етмас жойларда деб ўйлардим. Ҳамма ўйлаганларим хом хаёл экан.

Бир ярим йилдан сўнг оёққа турдим-у, қўлимга қалам олдим. Энди ҳар лаҳзам сўнгги лаҳзам бўлиши мумкинлигини билиб ёзаман, ҳаётни севиб ёзаман. Ҳаётда из қолдирай, ному нишонсиз йўқ бўлиб кетмай, Худонинг олдида жавоб беришга арзигулик савоб ишлар қилай, элу юрт олдида юзим ёруғ бўлишига лойиқ асарлар ёзай, Худонинг буюклигига, буюк қудратига ҳамду сано айтмай бу дунёдан ўтсам, энг ношукур, энг нонкўр, энг ярамас инсон бўлиб қоламан, Яратган Парвардигор Эгам мана шундан асрасин, деган тилакда ёзаман!

Мен ўлимни кўрдим, шу туфайли одамларни яшашга чорлайман — яхши яшашга, яшаш қадрини яхшироқ англашга чорлаб яшайман. Мен тирикликни улуғловчи қўнғироқман. Мен душманнинг калтакларини еб, дўстнинг қадрига кўпроқ етган инсонга ўхшаб қолдим. Ўлим мени яшашга илҳомлантирди! Мен ёзганим сари ўлимдан узоқроққа қочаётганга ўхшайман. Мана шу қочиш мени илҳомлантиради!”

Дўстлик ва устозлик мадади

Шунингдек, шоирни дўстлари, устозлари, севган ёрлари ҳам илҳомга ундайди. Бир куни шоир Шукрулло дўстларнинг бир-бирларини илҳомлантириши, иқтидорларини юксак қадрлашлари ҳақида қуйидагиларни гапириб берган эди:

“Бир куни Абдулла Қаҳҳордан: “Ғафур Ғулом иккалаларингиз ўзбекнинг икки буюк ижодкори бўла туриб, нега бир-бирларингиз билан ҳеч келишмайсизлар?” — деб сўрасам, у шундай жавоб берди: “Нима, биз отамизнинг мулкини талашармидик? Ғафур ўзи мендан қочиб юради. Бир-икки марта кўришганимизда: “Сен жуда катта билим эгасисан, иқтидоринг тенгсиз, шу қудратингни нега рўёбга чиқармайсан, нега кўпроқ ижод қилмайсан, шаҳарма-шаҳар юраверасан? Кўп гапларинг ичингда, қачон борингни тўкиб соласан? Атомни ўтин ёришга сарфлама, атом — бу сенинг иқтидоринг”, деб койигандим. Шундан буён қочиб юрадиган бўлди. Келишмовчилигимизнинг асл сабаби шу. Мен кўпроқ ижод қилсин дейман. У кўпроқ ижод қилса, ундан кўра кўпроқ мен хурсанд бўламан”, — деган эди. Улар доимо бир-бирларини қўллаб-қувватлашар, бир-бирларига мадад бўлишни истар, ижодда кўмаклашиб, бир-бирларини ёзишга чорлаб туришарди”.

Хулоса

Бу ёзганларим — ижодкорларнинг қайноқ ҳаёти ҳақида бир шингилгина лавҳалар, холос. Ҳар бир ёзувчи, ҳар бир шоир бир-бирига ўхшамайдиган алоҳида сайёралардир. Уларнинг ҳар бири ҳақида ёзганда, мутлақо бир-бирига ўхшамаган руҳий дунёни, бир-биридан ўзгача бўлган сирли оламни кўрасиз. Бу оламга кирсангиз, янги бир дунёни кашф этгандай завқланасиз. Шунинг учун бу оламлар ҳақида ҳали анча ҳикоялар ёзиш мумкин эди. Келажакда улар албатта ёзилади ҳам.

Лекин ўшанда ҳам ёзиладиган нарсалар тугамайди. Чунки бу — ҳаёт. Ҳаёт ҳақида ёзиш ҳеч қачон ҳаётнинг ўзидан кўп бўлган эмас. Ҳаёт ҳақида ҳамиша ва ҳар қачон ёзавериш мумкин. Адабий ҳаёт эса мана шу ҳаётнинг гултожидир. Ҳар бир инсон эса ўз ҳаётининг подшосидир!

Сизлар билан суҳбатлашишга арзигулик сўзларимиз, кўнгил кечинмаларимиз, дардлашадиган дардларимиз ҳали кўп. Шунинг учун қулай имкониятлар яна такрорланади деган умидда, мақолага қуйидаги сўзлар билан якун ясаймиз. Зеро, буюк ёзувчиларимиздан бири айтганидек: “Адабиёт умри боқийдир, ёлғиз угина ўлимни тан олмайди”.

Муҳаммад ИСМОИЛ.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + eighteen =