Жадидларнинг маърифатпарварлик ғоялари
Туркистон тарихида шундай бир давр борки, у миллат тафаккурини уйғотган ва келажак сари йўл очган. Бу — жадидлар даври.
XIX аср охири ва XX аср бошларида шаклланган жадидчилик ҳаракати мустамлакачилик зулми, саводсизлик ва ижтимоий турғунлик шароитида вужудга келди. Жадидлар миллат таназзулининг асосий муаммоси фикр ва тафаккур танқислигида эканини англадилар. Шу боис улар курашни маърифат тарқатишдан бошладилар.
Маърифий ислоҳотлар марказида таълим масаласи турди. Тараққийпарвар боболаримиз очган “усули жадид” мактаблари эски мактаб тизимидан тубдан фарқ қиларди: унда ёдлаш эмас, тушуниш; итоат эмас, фикрлаш устувор эди. География, тарих, табиий фанлар орқали жадидлар болаларга дунёни танитди, уларнинг дунёқарашини кенгайтирди. Бу мактаблар миллий онг шаклланишининг дастлабки майдонига айланди.
Жадидлар фақат мактаблар очиш билан чекланиб қолмадилар. Улар матбуотни уйғониш минбарига айлантирдилар. “Тараққий”, “Садойи Туркистон”, “Ойна” каби нашрлар орқали жамиятдаги иллатлар очиқ тилга олинди. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Фитрат, Чўлпон қаламида сўз қуролга, мақола эса ижтимоий ташхисга айланди. Уларнинг асарларида миллат тақдири, виждон, масъулият ва озодлик ғоялари марказий ўрин эгаллади.
Жадидларнинг энг илғор қарашларидан бири — аёлларни маърифатли қилиш ғояси эди. Улар аёлни фақат оила доирасида эмас, жамият тараққиётининг фаол субъекти сифатида кўрдилар. Қизлар таълими, аёллар ҳуқуқи ва ижтимоий мавқеи масалалари жадидлар учун асосий масалалардан бири бўлган. Чунки улар яхши билардилар: аёл — келажакни яратувчи фарзандлар тарбиячиси, аёлларни ўқитмай туриб, ҳеч қачон маърифатли жамиятни қуриб бўлмайди.
Бироқ жадидларнинг маърифатпарварлик ғоялари сиёсий тизим учун хавфли бўлиб кўринди. Натижада бу ҳаракат шафқатсизларча бостирилди. Қатағонлар жадидларнинг жисмоний ҳаётига якун ясади, аммо уларнинг ғояларини йўқ қила олмади. Аксинча, бу фикрлар тарихий хотирада янада мустаҳкамланди.
Жадидлар орзу қилган жамият — билимли, фикрлайдиган ва масъулиятни ҳис қиладиган жамият эди. Бу орзу бугун ҳам долзарб. Чунки жадидлар йўли — бу осон йўл эмас, аммо миллатни сақлаб қоладиган ягона йўлдир.
Райҳон ОБЛОҚУЛОВА,
Мирзо Улуғбек номидаги
Ўзбекистон Миллий университети
журналистика ва ўзбек филологияси факультети
1-босқич талабаси.
