Элга хушхабар етказиш саодати

Риштон туманининг Амиробод қишлоғида Назиржон ота ва Ойимсахон ая сулоласи ўқимишли, меҳнаткаш, меҳр-оқибатли оила сифатида танилган. Бу оилада узоқ кутилган ва бир неча опа-сингиллардан сўнг туғилган ўғилга Расулжон дея исм қўйишди. Бу исм муқаддас битикларда “хушхабар етказувчи” маъносида келиши таъкидланади. Демак, ҳаётда ҳеч нарса тасодифан бўлмайди, исм танлаш инсон тақдири билан бевосита боғлиқ ва унда муштарак ришталарни боғловчи илоҳийлик бор, назаримизда…

Айнан мана шу “хабар етказиш” хислати ёш Расулжоннинг кейинги ҳаёт йўлини белгилаб бергандек. Ўрта мактабнинг 6-синфида ўқиб юрган чоғларидаёқ туманда нашр этилувчи “Риштон ҳақиқати”, шунингдек, республика болалар газетасига кичик-кичик хабарлар, қишлоқ одамлари ҳаётидан олинган лавҳаларни қоғозга тушириб, конвертга солиб, почта орқали юбориб турди. Эҳҳе, юборган мақолалари газетада чоп этилиб қолса борми, ундан бахтли, ундан кучли одам йўқдек туюларди гўё. Ахир ҳеч ким айтмаган, журъат қилмаган, хаёлига келмаган фикрни, жараённи ёритишнинг ўзи бўладими? Бу палладаги қувонч-у ифтихор, келажак орзулари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Миллий матбуотимиз илм-фани дарғаларидан бўлган Мухтор Худойқулов ушбу оилага бегона эмаслиги эса Расул аканинг журналистикада теран томир, чуқур илдиз отгани моҳиятини англатувчи яна бир ёрқин сифатдир. Расулжон Камоловнинг талабалик йиллари ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларидаги миллий уйғониш даври тўфонлари, шиддатли бўронларига тўғри келди. Тошкент давлат университети журналистика факультети профессор-ўқитувчилари — мамлакатнинг энг таниқли, кучли билимга эга олимлари. Курсдошлар ҳам келажакда ўзбек журналистикаси, адабиётига елка тутиш завқ-шавқи билан ёнаётганлар — Исажон Султон, Минҳожиддин Мирзо, Абдурасул Жумақулов, Азиза Солиева, Мастура Эргашева…

Ўқиш йилларида серқирра ижодкорнинг мақолалари, ҳикоялари республика газеталари, адабий журналларида нашр этилди ва устозлар назарига тушди. Шу тарзда талабаликдан сўнг дунё ахборот майдони гигантларидан бўлган собиқ Иттифоқ телеграф агентлиги — ТАССнинг республика бўғини — ЎзТАГда Фарғона вилояти бўйича мухбири вазифасида иш бошлади. Тез орада Тошкент, Москва ва бошқа ҳудудларнинг марказий нашрларида “Р.Камолов” имзоси билан эълон қилинаётган тиш-тирноқли, “мих” мақолалар ёш журналистга ҳурмат-эътибор олиб келди. Шу билан бирга, унинг ёзишга, ижод қилишга бўлган иштиёқини янада оловлантирди. Фарғона журналистикасида ўзига хос муҳит яратган Дониёр Эргашев, Аъзамжон Ортиқов, Шуҳрат Олимов, Алишер Ибодинов, Абдуназар Худойназаров, Толибжон Турсунов, Тоҳиржон Ҳамроқулов, Машрабжон Саримсоқов, Муҳаммаджон Обидов, Абдужалил Бобожонов, Бахтиёр Қамбаров каби устозлик мақомидаги дарғалар истеъдодли ва ёш, серғайрат ҳамкасбни ўз қаторларига қўшишди.

— Инсон камолотида устозларнинг ўрни ниҳоятда муҳим. Менинг бахтим ҳам шунда, менимча. Ҳаётим давомида жуда кўп яхши инсонлар, меҳри дарё устозларга рўбарў бўлдим, улар кўмагида камчиликларимни тўғриладим, ютуқларга эришдим, — дейди Расул ака. — Жумладан, ЎзАга ишга келганимнинг дастлабки куниёқ мени очиқ чеҳра, самимий ва илиқ сўзлар билан кутиб олган журналист-ёзувчи Бахтиёр Мансуровнинг кўрсатган ёрдамлари-ю беозор танбеҳлари ҳануз қулоқларим остида жаранглаб туради. Биз бу инсон билан шу қадар иноқлашиб кетдикки, дўстона ришталар кейинчалик оилавий борди-келдиларга айланди. Устоз оламдан ўтгач ҳам меҳр иплари узилгани йўқ, унинг оила аъзолари, фарзандлари билан тез-тез кўришиб, устозни хотирлаб тураман.

Кейинчалик ҳам у бир неча жамоаларда ишлади, устозлар ўгитига амал қилди. Мустақиллик йилларида номи “Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА” сифатида ўзгарган мамлакатнинг биринчи рақамли ва нуфузли ахборот манбаи бўлган улкан жамоада Расул ака салкам 15 йил самарали фаолият кўрсатди. Сўнг бир муддат “Туркистон пресс” ахборот агентлигида, “Ишонч”, “Меҳр ёғдуси”, “Маҳалла”, “Фарғона ҳақиқати” сингари газеталар таҳририятида ишлади. Айни пайтда Вазирлар Маҳкамаси муассислигидаги “Янги Ўзбекистон” газетасининг Фарғона вилояти бўйича махсус мухбири, шу билан бирга, вилоят ҳокимлиги нашри — “Янги Фарғона” газетасида сидқидилдан меҳнат қилиб келмоқда.

Қалами чархланган устоз журналистлар кейинчалик ёзувчи сифатида ҳавас қилса арзийдиган муваффақиятларга эришгани ҳеч кимга сир эмас. Миллий қадриятлар, одамгарчилик, меҳр-оқибат каби мавзулардаги йигирмага яқин ҳикоялар жамланган “Йигитнинг ори” китоби Расул Камол ёзувчиликда ҳам қувонарли ютуқларга эришиши мумкинлигини кўрсатди. Аммо ҳамиша ҳаётнинг қайноқ жараёнлари, ўсиш нуқталарида бўладиган бундай журналист учун вақт масаласи энг тансиқ неъмат бўлса, на илож! Умидимиз шуки, Расул ака яқин йилларда тўплаган катта ҳаётий тажрибаси асосида яхши-яхши адабий асарлар яратишга бел боғлайди. Кундаликлар, эсдаликлар, хотира-эсселар ёзади. Ишонинг, унинг қаҳрамонлари жуда жонли, ён-атрофимизда юрган одамлар, таниш ва қадрдон қиёфалар бўлади. Бу бўлажак ижодкорлар учун Расул Камол мактаби бўлади.

Ҳаёт чархпалагини қарангки, устозлар сабоғини олган бу инсон Назиржон Ҳошимов, Умиджон Жабборов, Масъуджон Сулаймонов, Шерзод Қорабоев, Шоҳидбек Аслонов сингари ўнлаб ёш ҳамкасблар униб-ўсиши учун йўл-йўриқ кўрсатди, ҳаётий ва ижодий сабоқларидан баҳраманд этди. Уларнинг ютуқларидан қувонди, нуқсонларини кўрганда юракдан эзилди, кўмагини аямади.

Қарийб 40 йил мобайнида журналистиканинг “қаттиқ нон”ини еса-да, соҳага садоқатини намойиш қилиб келаётган Расул ака катта ҳаётий ва амалий тажрибага эга. Шу боис ундаги ҳозиржавоблик, тезкор фикрлаш қобилияти, ҳар қандай ахборот ва янгиликни бир зумда сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиб олиш маҳоратига қойил қолмай илож йўқ. Устоз журналистнинг ҳатто кичик бир ахбороти, хабари, публицистик мақоласида ҳам ўзига хос ёндашув, сарҳисоб ва таҳлил бўлади. Хуллас, ҳар бир чиқишида ўз “мен”и, услуби, нуқтаи назари, “имзоси” бор. Шунинг учун ҳам бу мақолалар жуда равон ёзилади, осон ўқилади. Устозлар таъбирича, Расул Камол катта мактаб кўрган, ҳаётий сабоқлар олган, ўзи кузатган ва билган мавзулар ҳақида ёзадиган зуваласи пишиқ журналист.

Давлатимиз ҳам бу каби азаматларини доимо бошида баланд кўтаради. Расулжон Камоловнинг 2000 йили “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, 2012 йили “Шуҳрат” медали билан тақдирлангани ана шу фидойи меҳнатнинг юксак эътирофидир. Истиқлол йилларида эришилган мислсиз ютуқларни, баъзан қайсидир соҳада кўзга ташланган муаммоларни моҳирона тасвирлай оладиган қаламкаш 2022 йили Ўзбекистон журналистлар уюшмаси томонидан ўтказилувчи “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови ғолиби бўлган.

Ҳаётнинг паст-баланд йўлларидан мардонавор ўтиб келаётган ҳамкасбимизнинг букилмас иродаси, ори, ғурури кучли. Тийрак нигоҳли бу инсон ҳамиша ҳаётдан завқланиб яшашни билади. Компьютер ёки телефон экранига термилиб мақола ёзишдан зерикса, кетмонини елкасига ташлаб, томорқа юмушлари билан андармон бўлади. Расул ака томорқачилик, қорамол боқиш, шоли етиштириш ҳадисини олган, хуллас, уй-рўзғор, деҳқончилик профессори. Қўли гул ошпаз, футбол ва теннисни қойиллатади, курашда анча-мунча полвоннинг курагини ерга теккизади.

У — устозлар ва янги авлод ўртасидаги ишонч кўприги. Зеро у ўнлаб ёш ижодкорларни устоз журналистлар даврасига қўшган. Ҳамкасблар, қадрдонлар, қариндошлар гурунгларида даврабоши, бир сўз билан айтганда, ҳамма жойда ва ҳамма ишда ҳозиру нозир. Ишни деб оилани, оила қайғусида кўчани унутиб қўймайди. Ҳаммасига вақт топади, улгуради. Навқирон йигитдек ғайрат-шижоат тарк этмагани — доимо шошиб юриши, тез-тез гапириши, тиниб-тинчимаслигида яққол намоёндир.

Расул ака беш нафар фарзандни муносиб тарбиялаб, ўқитиб, элга қўшди. Бугун ота ҳовлида фарзанд ва набиралар жам бўлганда файзли хонадон шодон кулгилар, эрка қилиқлар билан тўлиб-тошади. Бобо ва набиралар ўртасида қизиқарли ўйинлар, беллашувлар, мушоира, китобхонлик баҳси бошланади. Янги авлод сулоланинг муносиб вориси сифатида ўқишда, спортда, меҳнатда тобланмоқда.

Умр дарё мисоли шовуллаб оқиб кетавериши айни ҳақиқатдир. Дўст, қадрдон, ҳамкасб, ака, устоз мақомида билиб, узоқ йиллар ҳамфикр ва ҳаммаслакликда ишлаб келаётган Расул ака шу кунларда қутлуғ 60 ёшга қадам қўймоқда. Бу умрнинг маълум бир сарҳисоб даври, лекин журналистика ҳамда ижодда айни камолот палласи саналади. Шу сабабли Расул Камол ҳали кўп йиллар давомида ўткир қаламини қўлдан қўймаслигига ишонамиз. Авлодлар ўртасидаги муштарак ришталар узилмаслигини таъминлашда бу каби устозларнинг ўрни беқиёс. Шу маънода, миллий матбуотимиз равнақ-ривожи, завол топмаслиги учун ҳали бизга Расул Камолдек фидойилар кўп керак. Бу — шунчаки ҳамкасблар, қадрдонларнинг хоҳиш-истаги эмас, Фарғона журналистикаси талаби, яқин истиқболга мўлжалланган режаси шундай…

Ботир МАДИЁРОВ,

Ҳаётжон БОЙБОБОЕВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 1 =