Устозларнинг устози

У ҳеч қачон ичидагини ташига чиқармаган.

Унинг бирор марта асабий ё жиғибийрон бўлиб юрганини кўрмаганмиз, десак ишонаверинг.

Пойтахтдаги катта-кичик машваратлар, зиёли, ижодкорлар давраси у кишисиз ўтмайди.

Ва ҳеч қачон бировнинг ортидан ғийбат қилганини эслолмаймиз.

Яна…

Ким бўлдийкан ўзи бу одам деб ўйлаяпсизми?

Шерзод Ғуломовни танимайсизми?

Ҳа, ўша — Ўзбекистон халқ ёзувчиси, ўнлаб асарлари билан халқимиз меҳрини қозонган ва “Эҳ, сенинг ёшлигинг менда бўлсайди” дея армон билан куйлаб ўтган атоқли адиб Ҳамид Ғуломнинг суюкли фарзанди.

Ана энди устозимиз ҳақида батафсил сўз айтмоқдан аввал барчамиз учун ибрат намунаси бўлмиш бир ҳаётий мисолни келтирмоқни лозим топдик.

Биз минг йилдан бери таниган, билганимиз, ўзи ҳам табаррук ёшга кирган инсон Тошкентдаги қадим “Тешикқопқоқ” қабристонида абадий  қўним топ­ган падари бузруквори ва нав­қирон ёшида дунёдан ўтган жигаргўшаси, истеъдодли шарқшунос  олим Фарҳоджон ҳамда роппа-роса бир асрдан кўпроқ бахтли, саодатли умрни яшаб, 2021 йил охират сафарига кузатганимиз Шерзод аканинг волидаи муҳтарамалари Манзура ая (1920 йилда таваллуд топган экан)мизнинг муборак қабрларини ҳар ҳафта зиёрат қилмоққа чоғланади. Ҳафсала билан хилхона атрофини ўт-ўландан тозалайди, ям-яшил бўлиб очилиб ётган гулларни суғориб чиқади ва оҳиста овозда Қуръони каримдан билган сураларини ўқийди. Нурли кўзлари ёшланади.

Ўша маҳзун лаҳзаларда унинг озурда кўнглидан нелар кечишини биз билмаймиз. Билганимиз, умр отлиғ карвон йўлларида ўзининг хайрли ишларини сарҳисоб қилади у. Ва…

Айтишларича, Шерзод ака дунёга келган биринчи ҳовли Бешёғоч даҳасидаги ўша довруғи баланд  Арпапоя маҳалласида жойлашган экан. 1944 йил 3 май куни дунёга келган ва “метирка”сига Шамшодбек дея исм битилганини кўрган шоир Ғафур Ғулом Ҳамид Ғуломга қарата: “Бу чақалоқ бугундан бошлаб Шерзод бўла қолсин” деган экан. Шу-шу бўлди-ю, расмий ҳужжатларда бошқача, одамлар орасида эса Шерзод бўлиб кетди…

Кимки, Ҳамид Ғуломнинг “Йиллар, йўллар, устозлар” ҳамда “Вафонинг узун йўли” ҳужжатли қиссаларини мутолаа қилган бўлса,  уларда бўлажак машҳур теле-радиожурналист, моҳир ташкилотчи ва истеъдодли раҳбар, рес­публика журналистикасининг етук вакили Шерзод Ғуломов қандай муҳитда тарбия топгани ва ўша даврнинг неча ўнлаб манаман деган номдор ижодкорлари қадами етган гўзал хонадонда тонготар суҳбату мушоираларга  бевосита гувоҳ бўлганини анг­лаб етади.

Яна бир қизиқ воқеа тафсилотини эшитинг: журналистика факультети талабаси бўлган Шерзод Ғуломов 1963 йилнинг кеч кузида пахта даласида юрганида ҳарбий комиссариат вакили унинг қўлига чақирув қоғозини тутқазиб кетади. Аёнки, армияга боришдан бўйин товлаш жиноят билан тенг. Қаҳрамонимиз олис Қозоғистоннинг совуқ бурчаги Толдиқўрғон вилоятида жойлашган ҳарбий  қисмда хизматни ўтай бошлайди.  Кутилмаганда бир куни машҳур  адиб-шоир, Ҳамид Ғуломнинг хонадонида кўп бора меҳмон бўлган Константин Симоновдан оддий аскар Ш.Ғуломов номига бандерол-совға келади. Зобитлар мавжуд тартибга кўра, қопни очиб кўришсаки, ичида икки-учта китоб бор эди. Энг ҳайратланарлиси, 19 ёшли йигитчага жўнатилган китобларда кимсан ўша даврнинг энг довруқли шоири номидан “Эҳтиром ила Сизнинг Константин Симонов”  деган жимжимадор ёзув турарди. Орадан кўп ўтмай у “Доблесть” номли газетада ҳарбий журналист сифатида фаолият кўрсата бош­лайди…

Устознинг улкан кутубхонасидаги нодир китобларни варақласангиз Расул Ҳамзатов, Давид Қуғултинов, Ғафур Ғулом, Зулфия, Чингиз Айтматов, Мирзо Турсунзода, Миртемир, Асқад Мухтор, Саид Аҳмад, Уйғун, покистонлик шоир Файз Аҳмад Файз ва яна юзлаб таниқли ижодкорлар дастхатларига кўзингиз тушади. Уларнинг ҳар биттаси бу оиланинг муқаддас бойлиги сифатида юксак қадрланади. Шерзод ака саховатли зиёли эмасми, ўзи умргузаронлик қилаётган маҳалла кутубхонасига бир ярим мингдан кўпроқ турли жанрлардаги китобларни ҳадя қилди.

Шерзод Ғуломовнинг меҳнат дафтарчасини кўрганмисиз? Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, унда фақатгина “Ишга қабул қилинсин” деган биттагина ёзув бор холос. Негаки, у қарийб қирқ йилча вақт давомида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида турли вазифаларда узлуксиз ҳалол ишлаб келди.

Айниқса, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасида ўн йилдан зиёдроқ ишлаган даври алоҳида таъкидлашга лойиқ десак муболаға бўлмайди. Хусусан, эндигина оёққа тура бошлаган уюшма ташаббуси билан миллий ва халқаро журналистиканинг юксак ютуқларини кенг оммалаштириш, сўз ва ахборот эркинлигини янада ривожлантириш ҳамда бу машаққатли соҳа вакиллари орасида танқидий-таҳлилий мушоҳада ва ижодий фаолиятга янгича ёндашувларни шакллантириш ва уларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида  мамлакат тарихида  илк бор  “Олтин қалам” Миллий мукофоти  таъсис этилгани тарихий воқеа эди. Ке­йинчалик “Йилнинг энг фаол журналис­ти”, “Энг улуғ, энг азиз”  республика ижодий танловларининг  ҳам қамрови ва нуфузи ошди.  Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида уюшманинг бўлимлари ташкил этилди.

Ва ниҳоят Шерзод Ғуломов ўзининг асаблари темирдан эмаслигини яхши биларди ва энди кексалик гаштини сурмоқ учун шогирдларига йўл бериб дам олишга қарор қилди. Қайда, яна қўйишмади: энди Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси Экспертлар кенгаши раиси — “Менинг юртим” телеканали ижодий-бадиий кенгаши раиси,  ЭОАВМА  бошқаруви раиси ўринбосари — бош директор лавозимида фаолият кўрсата бошлади. Мамлакатимизда нодавлат электрон ОАВ  ривожига муносиб ҳисса қўшди. Ҳозир эса яна масъул вазифада – кенг томошабинлар аудиториясига эга бўлмиш “Mening yurtim” телеканалида ижодий-мафкуравий ишлар бўйича маслаҳатчи. Халқимиз ишончини қозониб келаётган телеканал нуфузини ошириш ва оммани сифатли контент билан таъминланишига  беминнат кўмак беряпти, ёш ижодкорларга ўзининг бой иш тажрибаси ва билимини ўргатиб келяпти.   Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси қошидаги Фахрий журналистлар кенгаши раиси сифатида самарали жамоатчилик фаолияти  олиб бормоқда.

Ўзбек журналистикасида ўзига хос ўрни ва нуфузига эга бўлган устознинг меҳнати юксак қадрланган: “Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, “Дўстлик” ордени соҳиби ва яна ўнлаб мукофотлар соҳиби. Асосийси, у қайси бир даврага кириб борса, каттаю кичик юксак қадрлайди. Бундай мартаба, шон-шавкат ҳар кимга-да насиб этавермайди.

Бугун ўзининг қутлуғ саксонинчи баҳорини қаршилаётган Шерзод Ғуломовга айтар сўзимиз битта: толеингиз, иқболингиз ҳамиша баланд бўлсин. Тилда ҳам, дилда ҳам устозлик мақомига муносибсиз. Умр йўлларингиз ҳамиша ойдин бўлсин!

Норқобил ЖАЛИЛОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Шоқаҳҳор САЛИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси,

“Дўстлик” ордени соҳиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 − 6 =