Чемпионликка даъвогарлар

Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университети талабаларининг ютуқларидан лавҳалар

Урганч давлат университетида талабаларнинг чуқур билим олишлари, ўзларининг иқтидорларини намоён этишлари учун қулайликлар яратилган. Мураббийлар ва талабалар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ҳамда аҳиллик ютуқларга дебоча бўлаётир.

Хурсандбек Мамасалаев мазкур олий даргоҳнинг спорт фаолияти, педагогика ва психология факультети талабаси. У ўз тенгдошлари орасида чаққонлиги, жисмонан бақувватлиги ва иродалилиги, билимга чанқоқлиги жиҳатдан алоҳида ажралиб туради.

Олий таълим даргоҳида яратилган имкониятлар, қизиқарли машғулотлар ва жисмоний фаоллик борасидаги машқлар ўз самарасини берди. Хурсандбек Мамасалаев бирга таҳсил олаётган дўстлари билан Андижон шаҳрида катталар ҳамда “U-20” ёшлилар ўртасида енгил атлетика бўйича Ўзбекистон чемпионатда фаол иштирок этди.

“U-20” ёшлилар ўртасидаги мусобақада уч ҳатлаб сакраш йўналишида барча рақибларини ортда қолдириб, маррага биринчи бўлиб етиб келди ва олтин медаль соҳибига айланди.

Мазкур нуфузли мусобақа давомида Хурсандбекнинг кўрсатган натижаси мутахассислар томонидан ҳам юқори баҳоланди. Спортга жуда қизиқадиган талаба энг яқин рақибини 1 метр 2 сантиметр фарқ билан ортда қолдирди ва чемпионатнинг юқори натижаларини қўлга киритди. Хурсандбекнинг маҳорати юксак баҳоланди ва алоҳида эътироф этилди.

Бу ғалаба нафақат Хурсандбекнинг ютуғи, балки у ўқиётган Урганч давлат университетида спортни ривожлантириш, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ёрқин самарасини намоён этди.

Ушбу мусобақада университетнинг спорт фаолияти, педагогика ва психология факультети талабаси Сардорбек Адамбоев ҳам енгил атлетика бўйича “U-20” ёшлилар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати баҳсларида ўзининг ёрқин салоҳиятини намоён этди.

У 60 метр масофага югуриш финалида 7,05 сония натижа билан марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтиб, олтин медални қўлга киритди. Ўзбекистон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди.

Ал-хоразмий ворислари

Жорий йилнинг 25-28 январь кунлари Бухоро давлат университетида талабалар ўртасида “Bukhara International Mathematics Olympiad — 2026 (BIMO — 2026)” халқаро математика олимпиадаси бўлиб ўтди.

Ушбу интеллектуал мусобақада Урганч давлат университетининг физика-математика факультети талабалари юқори натижаларни қўлга киритиб, Хоразм вилояти шарафини дадил ҳимоя қилдилар.

Олимпиадада университетнинг математик таҳлил кафедраси ўқитувчиси Ж.Абдуллаев ва И.Исмоилов раҳбарлигида 8 нафар талабадан иборат 2 та жамоа иштирок этди.

Якуний таҳлилларга кўра, якка баҳсларда талабалар томонидан жами 7 та медаль — 3 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медаль қўлга киритилди.

Олий таълим даргоҳининг физика-математика факультети иқтидорли ёшлари Анварбек Машарипов, Шерзодбек Саидов, Муслима Давронбекова олтин медаль соҳиби бўлдилар.

Мазкур факультетнинг Ҳожиакбар Собиров, Муштарий Раҳимова каби истеъдодли талабалари кумуш медалга, Нодира Нурматбаева, Мўътабархон Ҳайитбоевалар эса бронза медалига сазовор бўлишди.

Олий таълим даргоҳининг иқтидорли ёшларидан бири бўлган Моҳинур Қосимова жамоа шарафини муносиб ҳимоя қилиб, “Энг фаол иштирокчи талаба” номинациясини қўлга киритди.

Ғалабалар ва муваффақиятлар Урганч давлат университетида математика соҳасида олиб борилаётган сифатли таълим, замонавий ёндашувлар ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг самарали меҳнатлари меваси эканлигини яна бир бор намоён этди.

Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen + 12 =