Тоғларни “уйига келтирган” аёл

ёки тежамкорликда японлардан қолишмайдиган ҳамюртимиз ҳақида

У санаторийларга бормаган. Баҳор келди дегунча шаҳарликлар сингари тоғу тошларга интилмайди ҳам. Чунки боришга вақтини қизғанади. Тўғрироғи, бунга ҳожат ҳам сезмайди. Ундан кўра ўша ҳавони, иқлимни ўз уйига кўчиришни маъқул билиб иш тутишни афзал кўради, шунга интилади.

Бу аёлни тежамкорликда тенги йўқ деса бўлади. Сувни, электр токини исроф қилганни кечирмайди. Ҳатто кўчалардаги ёқилиб қолган чироқларни ўчиртириш учун елиб-югуришдан эринмайди. Уйида сувнинг жўмраги тагига челак қўйдириб, идишлар ювилган сувнинг ҳам бекор кетишини истамайди. Буниси ўз йўлига. Автомат кир машинага шланка ўрнатиб, сувини катта тоғорага тушадиган қилиб қўйганига биров ишониб, биров ишонмайди-ю, биз шуни ўз кўзимиз билан кўрганимиз рост. Хуллас, бу ҳолатларни эшитиб, кимдир: “Шу ҳам ҳаётми?” — деса, бошқаси: “Қойил-э!” — дейди ҳайрат билан. Фақат лоқайдларгина унга парво қилмай, аҳамият ҳам бермай, ўз одатларига кўра эътиборсиз ўтиб кетишлари мумкин. Фақат бугина эмас. Унинг ишлари, ҳаёт тарзи, одатлари бир олам…

Бу аёл ҳақида эшитишимиз билан йўлга чиқдик. Маҳалласи шундоққина пойтахтимизнинг Ўрикзор даҳасида, Бўзсув анҳори ёнида жойлашган экан. Атроф саранжом-саришта, кўчанинг икки томонига, дарвозалар атрофига гуллар, арча ва ниҳоллар экиб қўйилган.

Нигора опанинг уйини топишимиз қийин кечмади. Чунки унинг хонадони ташқарисида ноёб усулдаги кўчатлар гуркураб ўсиб ётарди. Икки томони яшиллик билан ўралган дарвоза томонга бурилиб, эшик қўнғироғини босдик. Нигора опанинг ўзи чиқиб келди. Унга ниятимизни айтишимиз билан ичкарига бошлади. Бу аёлнинг бағри кенг, хушфеъл эканлигини фаҳмладик. Дарвозадан ичкарига киришимиз билан бир хилдаги қатор экилган гулларга кўзимиз тушди. Ўзимизни қиш пайтида яшил маконга кириб қолгандек сездик. Ҳовли томонга юрар эканмиз, хонадон соҳибаси изоҳ берди:

— Мен гулларни яхши кўраман.  Шу боис цементларнинг устига ҳам тувакларда гул экиб ўстираман. Кун қаттиқ совиб кетса, ичкарига олиб кираман. Бўлмаса, ташқарида туради.

— Қачондан бошлагансиз бу ишларни?

— 2021 йилдан бошладим. Президентимиз “Яшил макон” ҳақида айтганларидан сўнг мен жуда таъсирландим. Шу туртки бўлди. Ўзи озгина гулларим бор эди. Кўпайтирдим.

— Гулларингиз жуда кўп-ку! Жами нечтача келади?

— 150 дан ошиқ гулларнинг ўзи. Улар чанг ютади, ҳавони тозалайди. Бу ёқда арчалар бор. Томорқамизга арча кўчатлари ўтқаздим. 50 тупга яқин арчаларим бор. Уларни 4 йил олдин экканман. Ўшанда кичкина эди. Йилига 2-3 қаричдан ўсаркан.

Нигора опа шундай дея томорқани кўрсатди. Атрофга қараб, анграйиб қолганимиз рост. Чунки ҳали бунақасини кўрмагандик. Хонадонда худди санаторий ёки дам олиш уйларида бўлгани каби кўм-кўк арчалар бўй таратиб турарди. Ўртадаги яшил стуллар унга зеб бериб тургандек. Бу ерда ҳаво ҳам бошқача экан.

— Мен тоғларга бормайман. Шу ерда юраман. Бир кунда 15000-20000 қадам юришга ҳаракат қиламан. Айтишади-ю, соғлиқ ҳаракатга боғлиқ. Пиёда юришимиз шарт. Мана, чет элларга борсак, бир туманда атиги иккита дорихона бор. Мен Европага борганимда, дорихона излаб, тополмаганман. Излаб-излаб топганимда эса рецептсиз дори бермаган. Бизда-чи, битта маҳаллада, керак бўлса, 20 та дорихона. Кўпроқ табиий нарсалардан фойдаланишга ҳаракат қиламан.

Суҳбатдошимизни гапга солиш ниятида савол ташладик:

— Ўстириш осонмасдир?

— Йўқ. Қийин эмас. Мен кимёвий дорилардан фойдаланмайман. Куз охирларида дарахтларнинг баргларини сотиб оламан. Уни маҳаллий гўнгга аралаштириб, тагига сепиб чиқаман. Шу сабаб, атайлаб 5-6 та қўй боқамиз. Кейин Қўйлиққа бориб, янги очилган “Food City” бозоридан пўчоқлар олиб келаман. Банан, мандарин пўстларини сувга ивитиб қўямиз. Эрта билан шу сувни гулларга қуямиз. Ўзи атрофимиздаги ҳамма нарса инсонга фидо бўлиб туради. Биз буни сезмаймиз ҳам. Мен фарзандларимга шу ҳақда тушунтираман. Кейин болаларим, келиним ёрдам беради.

— Шаҳарлик аёл… Қишлоқ хўжалигидан узоқда бўлгансиз. Қаердан ўргандингиз?

— Китоблардан ўқидим. Агрономлар билан маслаҳатлашдим. Улардан сўраб ўргандим.

— Томорқангиз неча сотих ўзи?

— 6 сотих.

— Шу 6 сотихда 50 та арча борми?

— Йўқ, бу ерда 24 та арча бор. Ташқарида ташландиқ ерни обод қилдик. Ўша ерга ҳам четларига арча, ўртасига мевали дарахтлар экилган.

— Уйингизда ҳаво бошқача…

— Сиз баҳорда келсангиз, бунданам бошқача бўлади…

Нигора опа шундай дея арчалар ўртасига қўйилган яшил рангли стуллар томонга юриб, ўтиришни таклиф этди.

— Тежамкор экансиз-да!

Нигора опа шу гапимизни кутиб турган каби жонланиб кетди.

— Ҳа, мен исрофдан қўрқаман. Доимо тежамкорликни тарғиб қиламан. Эрталаб турсам, кўчадаги симёғочлардаги чироқлар ёниб турибди. Ёз фасли эди. Соат 4 дан тонг ота бошлайди. Нега соат 9 гача ёниб туриши керак? Сергелидан Ипподромгача тунги чироқлар ёқилганича туришини кўриб, жаҳлим чиқди. “Тошшаҳарэлектр”га телефон қилдим. “Ўчирамиз”, деб ўчиришди-ю, эртасига яна чироқлар ёниқ турди. Мен бир ишнинг кетига тушсам, охирига етказмагунча қўймайман. Кейин вазирлигига бордим. “Шаҳарга айтинглар, светни ўчиришсин вақтида. Қанча ток бекорга кетяпти”, дедим. Охири ўчирадиган бўлишди.

— Сизга нима? Шунча одам эътибор бермай юрибди-ю тинчгина, оч қорним, тинч қулоғим, деган каби…

Бу гапимиз суҳбатдошимизга ёқинқирамади. Сал жаҳл аралаш тушунтиришга киришди:

— Мен бундай қилолмайман. Виждоним йўл қўймайди. Ахир бу дунёга нимага келдик, битта яхшилик қилмасак? Бир куни бозорга борсам, крандан сув шариллаб оқиб ётибди. Бозор бошлиғига кириб айтдим. Нима дейди денг? “Пулини тўлаб қўйганмиз. Нима ишингиз бор?” — деди бепарво. Роса гапирдим. Барибир қилмади. Кейин ўзим сантехник топиб, олиб бордим ва тузатиб қўйдик. 60 минг сўм бердим. Шунга бозор бошлиғининг кучи етмайдими? Йўқ, улар исрофдан қўрқмайди… Кейин бир куни экология вазирлигига бордим. Шундоққина ёнида дарахтлар таги сувга тўлиб, анҳор ҳосил қилган. Кириб, бошлиғига айтдим. “Қўяверинг, “штраф” оламиз”, деди кулиб. Одамлар виждонини ютиб юборганми, билмайман. Мен уволдан қўрқаман. Ҳамма нарсанинг уволи бор.

Нигора опа нафақа ёшида. Ўзи ҳуқуқшунослик мутахассислигига ўқиб, нотариусда ишлаган. Ишлаган вақтлари орттириб, ер олгани, ҳозирда Сергели туманида кичик меҳмонхона барпо қилгани тўғрисида гапириб берди. Ота-онасини эслаб, кўзига ёш олди. Отаси шу ривоятни кўп айтиб берганини эслади:

“Ривоят қилишларича, бир одам ҳаёти давомида кўп ёмонликлар қилади. Маишат билан кун кечиради. Вақти-соати етиб, у дунёга борганида, унинг учун жаннатнинг эшиклари ёпиқ эканини кўрди. Бу ҳақда сўраганида: “Умринг давомида ҳеч кимга яхшилик қилмагансан. Одамларга фақат зарар келтирдинг. Шунинг учун сенга жаннатда жой йўқ!” — деган жавобни эшитади. Кейин: “Майли, мени нима қилсанглар розиман. Фақат Яратгандан битта тилагим бор. Бошқалар мендек ҳаёт кечиришмасин. Бу ерда шундай азоблар кутаётганини билишсин. Мен қолган одамларга яхши бўлиши учун нима қилишим керак?” — дея савол назари билан қараб турганида, у ўзини эмас, кўпчиликни ўйлагани учун унга жаннатнинг эшикларини очишган экан”.

— Мен шунга ишонаман. Кўпчиликни ўйлаган инсонни дуо қилишади. Кўпнинг дуоси вожиб бўлади.

Нигора опа шундай дея ўйланиб қолди.

Шу пайт чойнак-пиёла кўтариб, келини ёнимизга келди. Фурсатни бой бермай, қайнонаси ҳақида сўрадик.

— Қайнонам тиллага топилмас аёл. Жуда талабчан. Талабчан бўлганлари билан уришмайдилар. Секин тушунтирадилар, — деди келин Севинч Ниғматова. — Доим одамлар ғамини ейдилар. “Ҳар куни овқатнинг олдини қўшнилардан ким ночорроқ, муҳтожроқ бўлса, ўшанга беринглар аввал”, деб тайинлайдилар. Кейин ўзимиз тановулга ўтирамиз. Қариялар уйига, мурувват уйларига пишириқлар, сомсалар юборишимизни айтмаса ҳам бўлади.

— Тежамкор эканлар. Сизга малол келмайдими?

— Бошида тушунишим қийин кечди. Бу борада ўзимнинг отам маслаҳат бериб, кўп насиҳат қилганлар. Бугунги кунда одатга айланган. Идиш ювсам, тагига челак қўйиб, сувини керакли жойга ишлатаман. Ҳатто, кўргандирсиз, автомат кир машинамизнинг кир ювилган сувиниям оқиб кетишига йўл қўймаймиз. Шланка қилиб, тоғорага солиб қўйганмиз.

— Уни кейин қаерга ишлатасизлар?

— Унитазга шу сувни ишлатамиз.

— Қойил. Тежамкорликда японларни ҳам ортда қолдирибсизлар!

Нигора опа келини олиб келган чойни қуйиб, узатди. Энди қайнона-келин ҳақида қўни-қўшнилар, маҳалла-кўй фикрини билиш истагида кўчага чиқдик.

— Нигорахон ўзи бир олам. Дугонам ҳақида қанча гапирсак ҳам оз, — деди қўшнилардан бири Латофат Раҳматиллаева. — Қўшиқларни маромига етказиб айтади. Ёзган шеърларини эшитиб, йиғлайсиз. Маҳалладаги қаровсиз ерни ўзлаштириб, 5 туп кўчат экди. Чиқиндихона бўлиб ётарди. Бугунги кунда чиройли бўлиб турибди. Атрофга ҳар хил ибратли мақоллар, донишмандларнинг табиат ҳақидаги фикрларини ёзиб осиб чиққан. Бошқа биров шуни қилмасди. Бундай ишлар Нигорахоннинг қўлидан келади. Ундан ўрганиб, мен ҳам уйда гуллар, ниҳоллар экдим. Ҳозир келиним ҳам қизиқиб қолган.

Буни эшитиб, Нигора опага юзландик:

—  Сотиб олдингизми ерни?

— Йўқ. Ўзимизнинг жойимиз ўзимизга етарли. Нима қиламан ортиқчасини? Уйимизнинг ёнидаги мана шу катта майдон шунчаки чиқинди босиб ётарди. Маҳаллага чиқдим. Ҳокимият қарор чиқариб берди. Боғ яратдим. Маҳалланики бўлади. Меваларидан ҳамма баҳраманд бўлса, савоби тегади. Қариялар уйларига нарса олиб борганимизда, кўпинча мева сўрашарди. Унақа кўп ололмасдим. Энди мана шу ниҳоллар мева тугса, ҳаммага тарқатаман.

— Нигора опа маҳалламизга ёш пайти келин бўлиб тушган. Шундан бери шу ерда яшайди. Қайнона-қайнотаси, турмуш ўртоғи ҳам яхши одамлар эди, — деди биз билан суҳбатда Учтепа тумани “Кўксарой” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилшод Исматуллаев. — Кўргандирсиз, хонадонида “Яшил макон” бунёд этиб, ибрат бўлмоқда. Маҳалла идорамизга, қўни-қўшниларга, ким қизиқса, албатта, гул кўчатларидан беради. Ундан ташқари, яхши ташаббус билан чиқдилар. Бу ҳақда айтмасак бўлмайди. Ўтган йил ёз фаслида ўзлари ёнларидан харажат қилиб, Учтепа туманидаги кўчалар юзига экилган дарахтларнинг ҳаммасини ёз бўйи суғориб турдилар. Жуда катта иш бўлди лекин. Аёл киши шу ишга бош-қош бўлиб тургани таҳсинга сазовор, аслида.

Доноликнинг қизи, қаноатнинг синглиси, қарам бўлмасликнинг онаси — тежамкорликдир. Шунинг учун ҳам тежовлининг иши бежовли, дейишади. Кимда саховат бўлмаса, дўсти бўлмайди. Дўсти бўлмаса, мол-давлати бўлмайди. Ҳар икки нақлни Нигора Носирова мисолида таҳлил этса бўлади. Чунки Нигора опанинг ҳаётидаги тўкинлик, ишларидаги саранжомлик, ўрни келганда тежамкорлиг-у, ўрни билан саховат улашишдек одатлари бир-бирини тўлдириб тургандек туюлади. Шу ҳақда гап очгандик, Нигора опа ўша кунларни эслади:

— Тўғри, кўчаларда ниҳолларга ўз хоҳишим билан сув қуйдик. Ўзимиз уйда кондиционер ёқмадик. Чунки электр “лимит”и ошиб кетарди. Кечаси билан пастдаги Бўзсув анҳорига мотор қўйиб, катта тонналик бочкаларга сув тўлатиб, кейин бориб, дарахтларга қуйдик. Ниҳолларни асраб қолдик. Бу катта савоб.

— Фарзандларингиз-чи? Уларга бу ишингиз оғирлик қилмайдими?

— Улар ҳам ўзимга ўхшайди. “Олманинг тагига олма тушади” деган гап бекорга айтилмаган. Бир мисол айтай. Кўчада тургандик. Бир автомашина ғиз этиб учиб ўтиб кетди. Беихтиёр: “Машинанг қурсин-а, учирмай ўл!” — дедим. Шунда ёнимда турган қизим: “Онажон, ундай деманг! У ҳам бировнинг азиз боласи. Унга инсоф берсин, иймон берсин, деб сўранг”, деса бўладими? Ўзим оғзимдан чиққан сўзга ғалати бўлиб кетдим. Уялдим. Фарзандларим тежамкорликда ҳам мендан қолишмайдилар. Кичик қизим касалхонада ётганида ошхонадаги краннинг жўмраги бузилиб, сув оқиб ётган экан. Ҳамширага айтса, “Қачондан бери оқиб ётади-ю”, — дебди. Шунда ҳалиги ҳамширанинг уч йилдан бери фарзанд кутиб, бўлмаётганини эшитган қизим унга қарата қаттиқ гапирибди. “Ўзингиз Аллоҳ яратган неъматни қадрламаяпсиз-у, яна Яратгандан неъмат кутяпсиз-а?! Шу кранни тузаттириб қўйинг, кўрасиз. Келаси йил фарзандли бўласиз”, — дебди. Кейин касалхонадан чиқиб, бу гапни унутган экан. Яқинда кўчада ўша ҳамширани кўрибди. Ҳақиқатан, бир йилдан кейин болали бўлганини айтиб, миннатдорлик билдирибди.

“Аёллар — фаришталарнинг опа-сингилларидир”, деган сатрларни ўқигандим. Бунда, албатта, хотин-қизларнинг ватанпарварлик, оилапарварлик, фарзандга меҳр-муҳаббат, ўз ишига садоқат каби фазилатлари назарда тутилади. Хонадондаги саранжом-саришталик, тартиб-интизом аёлга боғлиқ. Нигора опага ўхшаш аёллар исрофгарчиликни ҳайдаб, файзу баракани чақириб, яхшиликни ушлаб туришга интиладилар. Шундай аёлларга қарата “Аёл борки, олам мунаввар!” дейишса керак.

Саодат ЎРМОНОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × two =