“Ўзбекистонда аждодлар меросига ҳурмат юксак даражада”
Туркиянинг Анқара шаҳрида буюк шоир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллигига бағишланган анжуманларда бу эътироф алоҳида таъкидланди
Бош котиб сим қоқди
Телефоним жиринглаб қолди. Кўтардим. Таниш овоз. “Ғайратбек, жақсимисиз? Мен Султон Раевман. Ёнимда Шавкатжон Ортиқов ўтирибди, биласиз, у ТУРКСОЙнинг Ўзбекистон бўйича вакили. 9 февраль куни гўзал Тошкентнинг Адиблар хиёбонида Алишер Навоий отамизнинг туғилган кунига бағишлаб ўтказилган анжуманлар овозаси Туркияга ҳам етиб келди. Тошкентда бошланган катта адабиёт байрамини Туркияда – Анқарада ҳам давом эттирсак, нима дейсизлар? Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси шу хайрли ишга бош-қош бўлса… Менга қолса, бу тадбирни кечиктирмаслигимиз керак. Шу анжуман билан боғлиқ барча юмуш ва масалаларни Шавкатжон билан биргаликда келишиб олсангизлар”.
Яшириб нима қилдим, Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙнинг Бош котиби, Қирғиз халқ ёзувчиси, “Келажак пойдевори” халқаро мукофоти соҳиби Султон Раевнинг дилларни ёруғ қиладиган ушбу ташаббуси бизга ҳам қувонч, ҳам ғайрат-шижоат бағишлади.
Бу ёруғ муждани Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ шоири, сенатор Сирожиддин Саййидга етказдик. Бу таклиф устозимиз томонидан ҳам қўллаб-қувватланди…
Мақсад эзгу бўлса, мурод ҳам тез ҳосил бўлар экан. Қутлуғ ниятни амалга ошириш мақсадида Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги элчихонаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Туркия Ёзувчилар уюшмаси ва Анқара ижтимоий фанлар университети ҳамкорликда тадбирларга тайёргарлик ишларини бошлаб юбордик.
Комил ишонч ила айтаман: ўзбек – она халқимиз буюк халқдир. У жаҳон тамаддунига беқиёс ҳисса қўшган аллома, шоир, адиб ва улуғ мутафаккир зотларни берган миллатдир. Жаҳон илм-фани, маданияти, адабиёти ва санъатида ўчмас из қолдирган улуғ аждодларимизнинг ҳар бирлари Ўзбекистоннинг шону шавкатини, ўзбек халқи довруғини етти иқлимга ёйганлар ва ёймоқдалар. Фикрларимизнинг тасдиғи ўлароқ, муҳаддис боболаримиз Имом Бухорий, Имом Термизий, қомусий алломаларимиз Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, илм-фан соҳаларидаги олимларимиз Мирзо Улуғбек, Ал-Фарғоний, Ал-Хоразмий, тасаввуф уламолари Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбандий, Хожа Аҳрор, улуғ адиблар Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби халқимизнинг буюк фарзандлари номларини эслашнинг ўзи кифоя.
Барчамизга маълум, “тенгдоши Помиру оқсоч Тёншон” (Эркин Воҳидов – Ғ.М) бўлган ўзбек халқининг буюк фарзанди Алишер Навоий нафақат туркий дунё, балки башарият шоиридир.
Шубҳасиз, буюк шoир ва мутафаккир, атoқли давлат ва жамoат арбoби Алишер Навoийнинг бебаҳo адабий-илмий мерoси нафақат xалқимиз, балки жаҳoн адабиёти тариxида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривoжида муҳим ўрин тутади. Улуғ мутафаккир шoир ўз асарлари орқали юксак умуминсoний ғoяларни илгари сурган, oна тилимизнинг беқиёс сўз бoйлиги ва мислсиз ифoда имкoниятларини бутун кўрку жoзибаси билан кўрсатиб берган. Шу боис ҳазрат бобомиз дунёдаги миллиoнлаб асл сўз ва ҳикмат ихлосмандлари қалбидан мунoсиб ўрин эгаллади ва эгаллаб келмоқда.
Кейинги йилларда Амир Низомиддин Алишер Навoийнинг бoй ва серқирра мерoсини ҳар тoмoнлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва чет элларда тарғиб қилиш, xoтирасини абадийлаштириш бoрасида кенг кўламли ишлар амалга oширилмoқда. Жумладан, шoир туғилган сана ҳар йили юртимизда ва хорижий давлатларда кенг нишoнланиб, “шеър аҳли аро жаҳонгир” (Абдулла Орипов – Ғ.М) бўлган сўз санъаткори ижoдига юксак ҳурмат ва эҳтирoм кўрсатилмoқда. Шу маънода Анқарадаги анжуманлар ҳам ҳақиқий маънода “Мажолис-ун нафоис” бўлди, десак муболаға бўлмас.
Мўъжаз эмас, мўъжиза кутубхона
Биз Осиё ва Европа минтақалари бир-бирига қўл берган юрт сари учдик. Учоғимиз эрталаб Туркия пойтахти Анқара шаҳрига қўнди. Мақсадимиз Алишер Навоий бобомиз таваллудининг 585 йиллигига бағишланган анжуманларда иштирок этиш.
Ижодий жамоамиз раҳбари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид. Жамоа таркибида Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, навоийшунос олим, академик Шуҳрат Сирожиддинов, таниқли адабиётшунос олимлар Нурбой Жаббор, Нафас Шодмон, Мақсуд Асадов, Шаҳло Ҳожиева ҳамда камина ва янги манзаралар, янги қиёфаларни қадам-бақадам тасвирга олиб бораётган телевидение ходимлари бор.
Биз, энг аввал, Туркия Халқ кутубхонасида бўлдик. Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ташаббуси билан бунёд этилган Халқ кутубхонаси очилишига бағишланган тантанали тадбирда иштирок этган эди. Бу маҳобатли иншоот майдони 125 минг квадрат метрдан иборат. Ўн бир қаватли бино марказида катта гумбаз. Энг катта ўқув зали “Жаҳоннома” деб аталади. У ерда дунёнинг юздан ортиқ давлатларидан келтирилган китоблар тартиб билан териб қўйилган. Айлана шаклдаги ўқув зали гумбазида Қуръони каримнинг Алақ сураси 4-5-оятлари мазмуни: “У инсонга қалам билан ёзишни ва билмаган нарсасини ўргатган зотдир” деган ёзувлар битилган. Залнинг 16 та устуни бўлиб, улар туркий халқларнинг тарихий илдизларига рамзий ишорадир.
Муҳташам кутубхонада китобхон учун барча шароит ва имкониятлар муҳайё. Ўқиш заллари, қадимий қўлёзмаларни реставрация қилиш лабораторияси, архив мажмуаси, кўргазмалар ва болалар майдончалари, автотураргоҳлар, кўркам хиёбонлар, дам олиш хоналари, таомхона ва қаҳвахоналар… Хуллас, ҳамма-ҳаммаси мавжуд. Кутубхона бошлиғи Айхан Туғлу: “Ҳозирда беш ярим миллиондан ортиқ босма манбага эгамиз. Кутубхонамиз борган сари бойиб бормоқда. Айниқса, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан мингта китоб туҳфа қилиш қарорларингиз шу кунларнинг энг яхши хушхабари бўлди. Бунинг учун, албатта, катта раҳмат. Яна бир маълумот, кутубхона бир вақтнинг ўзида беш минг ўқувчини қабул қила олади. Биз китобхонларимизни ҳар куни чой, қаҳва, енгил таомлар билан меҳмон қиламиз”, – дея тўлиб-тошиб сўзлади.
Кутубхона саёҳати ҳайратимизга ҳайрат, завқимизга завқ қўшди. Барчамиз Ўзбекистон раҳбари совға қилган китобларни кўришга ошиқардик. Ниятимизни кўзларимиздан англаган кутубхона бошлиғи Айхан Туғлу бизни ўша томонга бошлади. Президентимиз томонидан туҳфа қилинган дунёда ўта ноёб бўлган “Усмон Мусҳафи”нинг хаттотларимиз томонидан кўчирилган нусхаси, Жалолиддин Румийнинг машҳур “Маснавий” асари ҳамда Абу Бакр ар-Розийнинг “Касалликлар тарихи” асари қўлёзмаларининг факсимиле нусхалари, “Алишер Навоий асарларининг Истанбул кутубхоналаридаги тасвирий нусхалари” номли китоб-альбом, Юнус Эмро шеърларининг ўзбек тилига таржимаси жамланган “Ўлмас кўнгул” деб номланган жавоҳирларни кўриб, қувондик. Кейин биз ҳам кутубхонага янги китоблар – Ойбек, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Анвар Обиджонларнинг “Танланган асарлар”и, адиб Хайриддин Султоннинг “Ялдо кечаси” ҳамда ўзимизнинг китобларимизни ҳадя қилдик.
Ўз навбатида Анқарадаги Халқ кутубхонаси ходимларига мамлакатимизда китоб ва китобхонликка берилаётган эътибор, бу борада мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида гапириб бердик. Айниқса, Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Янги Тошкентда қарийб 4 гектар майдонда Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг янги биноси барпо этилаётганлиги билан боғлиқ хабаримиз мезбонларни қизиқтириб қўйди. Миллий кутубхонамизнинг янги биноси миллий меъморчилик анъаналари ва замонавий архитектура ечимларини уйғунлаштирган ҳолда лойиҳалаштирилган. Тўрт қаватли иншоотнинг умумий майдони 30 минг квадрат метрдан зиёд бўлиб, бир вақтнинг ўзида 1 минг 420 нафар китобхонга хизмат кўрсатади.
Мажмуа кўп тармоқли бўлиб, халқаро ва миллий йирик кутубхоналарнинг электрон базаларига онлайн уланиш имкони, кўзи ожиз китобхонларга махсус ўқиш ва тадқиқот олиб бориш учун барча шароитлар яратилади. Шунингдек, ташриф буюрувчилар учун 300 ўринли қаҳвахона, галерея, енгил спорт ўйинлари майдончалари ва дам олиш ҳудудлари барпо қилинади.
Президентимиз, илм-фан ва маънавиятга сармоя киритган давлатнинг иқтисодий салоҳияти ҳам барқарор ва юқори бўлади, деган мазмундаги фикрларни кўп таъкидлайдилар. Ҳикоямизга диққат қилиб, қулоқ бериб турган мезбонлар “мамлакатингизда барпо этилаётган ушбу кутубхонанинг довруғи, дунёнинг энг машҳур кутубхоналари донғи каби, бутун оламга таралсин”, деб ният билдирдилар.
Ёнимизда, қалбимизда
Алишер Навоийнинг ҳайкали илк бора қайси хориж давлатида ўрнатилганини биласизми? Ҳа, топдингиз! 1968 йилда Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида. Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритганидан кейин улуғ аждодимизга бўлган эҳтиром ҳадди аълосига етди. 2002 йили Москвада, 2004 йили Токиода, 2008 йили Бокуда, 2017 йили Шанхайда, 2018 йили Душанбеда, 2019 йили Минскда, 2021 йили Сеулда, 2023 йили Остонада Алишер Навоийга ёдгорликлар ўрнатилди. Назаримда, бу ҳайкаллар фақатгина улуғ аждодимизга бўлган ҳурмат ва эъзоз бўлиб қолмай, балки буюк халқимиз ва Ватанимизга кўрсатилган эътибор ва эҳтиром намунаси ҳамдир.
Яна ҳам қувончлиси, ҳар йили февраль ойида бобомиз ҳайкали ўрнатилган шаҳарларда адабий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтади. Улуғ шоир ҳайкали пойига гуллар қўйилади. Ғазаллар ва ижодкор қаламига мансуб ашъорлар қўшиқ қилиб куйланади.
2024 йилдан буён Анқарада ана шундай анжуманлар анъана тусини олди. Дарвоқе, Анқара шаҳри Кечиўрен туманидаги Алишер Навоий ҳайкали мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги тантаналари доирасида очилган.
Анқара шаҳрида Алишер Навоийнинг 585 йиллиги тамомила ўзгача нишонланди. Тадбирлар Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросимидан бошланди. Адабий йиғинда Халқарo туркий маданият ташкилoти – ТУРКСOЙ Бoш кoтибияти, Ўзбекистoн Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистoннинг Туркиядаги элчиxoнаси, Анқара шаҳри Кечиўрен тумани ҳoкимияти вакиллари, Ўзбекистoн, Oзарбайжoн, Қoзoғистoн, Қирғизистoн, Туркия ва Туркманистoндан ташриф буюрган навoийшунoс oлимлар, таниқли шoир ва ёзувчилар иштирoк этди. Сўзга чиққанлар Навоийнинг бемисл ижодий ва илмий мероси хусусида сўз юритдилар. Шоирлар ҳазратга бағишланган шеърларидан ўқиб бердилар. Сўлим боғ бағрида қад ростлаб турган бобомиз сиймосига боқиб, хаёлимда ул зотнинг шу сатрлари такрорланди:
Сўзда, Навоий, не десанг чин дегил,
Рост наво нағмага таҳсин дегил.
Орадан салкам олти аср вақт ўтди. Бир қараганда, Навоий узоқ ўтмишда қолгандай туюлади. Аммо шоирнинг гавҳар сўзлари, садафдек сатрлари фикрингизни инкор этади. Ва беихтиёр, йўқ, Навоий ўтмишда эмас, ёнимизда, қалбимизда, бизнинг замондошимиз, деб юборганингизни ўзингиз ҳам сезмай қоласиз. Яна бир эътиборли жиҳати, олти юз йил наридаги замондошимиз бугун барчамизни бир манзилда жамлаб, бизга тинчлик, бирдамлик, якдиллик, эзгулик, инсонийлик, Ватану миллатпарварликдан сабоқ бериб турибди.
Эҳтиром ва эъзоз
Алишер Навоий ҳайкали пойидаги тадбир яна бир қутлуғ анжуманга уланиб кетди. Туркиянинг Анқара шаҳрида жойлашган Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ Бош қароргоҳида буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Мир Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан “Алишер Навоий – туркий адабиётнинг буюк намояндаси” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди.
Тадбирда Қозоғистоннинг Туркиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Еркебулан Сапиев, Туркманистоннинг Туркиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Мекан Ишангулиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ шоири Сирожиддин Саййид, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов, Анқара ижтимоий фанлар университети ректори, Туркия Ёзувчилар уюшмаси раиси Мусо Козим Арижон, ТУРКСОЙ Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Эшдавлат, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, шунингдек, Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Туркманистондан келган навоийшунос олимлар, таниқли шоир ва ёзувчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси – Спичрайтери, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султоновнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган видеотабриги намойиш этилди.
Видеотабрикда, жумладан, шундай сўзлар янгради: “Буюк бобомиз Алишер Навоийнинг “Дегонимни улусқа марғуб эт”, яъни ижодимни халққа манзур қилгин, деган орзуси, мана, 585 йилдирки, ижобат бўлиб келмоқда. Ҳазрат Навоий шахсияти ва асарларининг тенгсиз сеҳри ва жозибаси, куч-қудрати бор. Бу даҳо санъаткор асарларини неча юз йиллар давомида миллионлаб инсонлар ўқиб, баҳра олиб келадилар ва улар қайси миллат ва элат вакиллари бўлмасинлар, дунёнинг қайси бурчида яшамасинлар, ўзларини ўйлантираётган, қийнаётган саволларга ўз даврининг маънавий ва руҳий муаммоларига Навоий ижодидан жавоб топа оладилар”. Видеотабрикда билдирилган фикрлар тадбирда сўзга чиққанлар томонидан ҳам алоҳида эътироф этилди. Зеро, бу фикрлар Алишер Навоий ижодининг мазмун-моҳиятини англашда мутахассисларга ҳам, оддий китобхонлар учун ҳам дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев маърузаси давомида: “Ўзбекистонда аждодлар меросига ҳурмат, уни асраб-авайлашга бўлган эътибор жуда юксак даражада. Фақат олимлар, академиклар эмас, балки ёшлар ҳам Навоийни, Бобурни яхши билади. Уларнинг шеърлари, ғазалларини ёддан айтади. Бу жуда муҳим. Бу – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг адабиётга, маданиятга, китобхонликка қаратаётган юксак эътибори натижасидир”, – дея алоҳида таъкидлади. Султон Раев ўз фикрларини шундай давом эттирди: “Ўзбекистон тарихда икки Буюк Ренессансга асос солган. Ҳозир Учинчи Ренессансга пойдевор қўйиш учун ҳаракат қилиняпти. Ҳеч шубҳа йўқки, Учинчи Ренессанс учун айнан Навоий мероси муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Алишер Навоий асарлари бадиий, фалсафий, илмий жиҳатдан мукаммал асарларгина эмас, балки онгимизга куч-қувват берадиган, инсонларни, элларни, халқларни бир-бирига бирлаштирадиган маънавий макон ҳамдир”.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ўз маърузасида мамлакатимизда маънавият ва маърифатни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Туркий давлатлар ташкилоти доирасида таъсис этилган Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди. Жумладан, Сирожиддин Саййид: “Биз Навоийни ёд этар эканмиз, аслида ўз умумий хотирамизни, умумий виждонимиз ва умумий келажагимизни ёдга оламиз”, – деди. Сўнг Алишер Навоий ғазалидан илҳомланиб битилган “Кўзунг не бало…” номли мухаммасини ўқиб берди.
Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг “Ахир, Навоий бор, Навоий бордир” шеъри ўтирганларнинг онг-шуурига нур бағишлади. Шундан сўнг Йилдирим Боязид университети профессори, доктор Фунда Топрак, Озарбайжон Миллий фанлар академияси профессори, доктор Саодат Шиҳиева, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори ўринбосари, профессор, филология фанлари доктори Мақсуд Асадов, қирғизистонлик профессор Жидигер Саалаев, ТУРКСОЙ Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Эшдавлат, Анқара университети тил, тарих ва география факультети профессори, доктор Берди Сариев Алишер Навоий ижодининг туркий дунё адабиётига таъсири ва бугунги кундаги аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини баён қилдилар.
Анжуман доирасида туркий дунё маданияти ва адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ зиёлилар ТУРКСОЙ томонидан мукофотланди. Хусусан, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ва академик Шуҳрат Сирожиддинов ТУРКСОЙнинг Олтин медали, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборов ТУРКСОЙ медали билан тақдирланди.
Етти иқлим харидори
Анқара ижтимоий фанлар университетида “Алишер Навоий ва туркий дунё” мавзусида илмий анжуман ўтказилди. Анжуман ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистоннинг Туркиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Илҳом Ҳайдаров ҳамда Анқара ижтимоий фанлар университети ректори, профессор Мусо Козим Арижоннинг кириш сўзлари ва самимий тилаклари билан бошланди ҳамда икки шўъбага бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирди. Биринчи сессияга профессор Билол Чакижи, иккинчисига профессор Селчук Жошкун раислик қилди. Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Туркманистондан келган соҳа мутахассислари, олимлар ва ёзувчилар Навоий шахсияти, қарашлари ва туркий дунё тафаккурига қўшган ҳиссаси ҳақида атрофлича сўз юритдилар.
Хусусан, филология фанлари доктори, профессор Нафас Шодмонов, Анқара Ҳожи Байрам Вали университети профессори, доктор Вели Саваш Елок, филология фанлари доктори Шаҳло Ҳожиева ва бошқалар Навоий меросининг аҳамияти ва туркий дунёдаги ўрни ҳақида сўз юритишди.
Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтган бу тадбирларни кузатиб, яна хаёлимдан улуғ шоирнинг “Сабъаи сайёр” достонидаги қуйидаги мисралари ўтди:
Дегонимни улусқа марғуб эт!
Ёзғонимни кўнгулга маҳбуб эт!
Тилга лафзини ногузир айла,
Жонға назмини дилпазир айла!..
Халққа зеби торак айла ани!
Ўқуғонға муборак айла ани!
Етти афлокни анга ёр эт!
Етти иқлим элин харидор эт!
Кўриб турибмиз, ҳазратнинг ашъори нафақат туркий дунё, балки етти иқлим элини ўзига харидор этиб келмоқда. Ишончимиз комил, улуғ бобомизнинг мероси яна кўп асрлар мобайнида инсониятни камолот сари етаклайверади.
Икки денгиз бирлашганда
Туркия сафарининг яна бир эсда қоладиган жиҳати ҳақида тўхталиб ўтмасам бўлмайди. Бизнинг кўп йиллик орзуларимиз ушалди. Ўзбекистондан борган ижодий жамоага Кўнё шаҳрида Мавлоно Жалолиддин Румий ва Шамс Табризий ҳазратлари ётган табаррук масканни зиёрат қилиш насиб этди. Мен бу муборак зотлар ҳақида кўп эшитганман, ўқиганман. Масалан, Шамсиддин Афлокийнинг “Маноқиб ул-орифийн”, Мавлоно Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс”, Алишер Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” асарларида ғоят ибратли сўзлар бор. Мавлоно Жалолиддин Муҳаммад Румий-Балхий ҳижрий 604 йил робиъул-аввал ойининг 6-куни (милодий 1207 йил 30 сентябрда) Балх шаҳрида дунёга келганлари айтилган.
Атоқли шоир ва таржимон Мирзо Кенжабекнинг “Жалолиддин Румий сабоқлари” мақоласида шундай маълумотлар бор: “У зот амирул-мўъминин – ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу авлодидандир. Отаси Баҳоуддин Валад Хуросон подшоҳи Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ қизининг фарзанди ҳисобланади. Баҳоуддин Валад шариат ва тариқат илмларида камолга етгач, ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маъно оламида у зотга Султонул-уламо – олимлар султони деб ном берадилар. Бу ҳол бошқа зотларга ҳам туш орқали билдирилади. Ҳазрати Жалолиддин ана шундай шарафли оилада дунёга келадилар.
Ҳазрати Жалолиддин Муҳаммаднинг камол топмоғида бир неча азиз сиймоларнинг назар ва хизматлари бор. Булардан бошида у зотнинг оталари “Султонул-уламо” – Баҳоуддин Валаддан бошлаб, Саййид Бурҳонуддин Муҳаққиқ Термизий, шайх Фаридуддин Аттор, шайх Шамси Табризийгача давом этади. Хусусан, шайх Шамси Табризий Мавлоно ҳаётида ғоят муҳим ўрин тутган севикли сиймодир. Ҳазрати Мавлоно Шамси Табризийни топгунларича бошқа бир умрни, ундан кейин бошқа бир умрни яшадилар. Кўнё шаҳрида бу икки зот учрашган жой “Мажмаъул-баҳрайн” – “Икки денгиз бирлашган жой” деб аталган”.
Бир ривоят бор: Шамси Табризий айтади: “Ҳақ таолога ёлвориб: “Мени авлиёларинг қаторига қўшгил ва уларга биродар айлагил!” деб кўп илтижо қилар эдим. Тушимда менга: “Сени бир валийга биродар қилгаймиз!” дейилди. Мен эса: “Ул валий зот қаерда?” дедим. Бу тушдан кейин менга уч марта кетма-кет: “Сен истаган валий Рум диёридадир!” дейилди. Улар, ривоятда айтилгани каби, Румда дийдорлашадилар. Шу икки улуғ авлиёнинг учрашган жойини “икки денгиз бирлашган жой” дейишади.
Бизни шаҳар бўйлаб олиб юрган мезбон тилидан бол томиб Кўнёни таърифлайди: “Шаҳримизнинг ҳудуди Европанинг 11 мамлакатидан ҳам катта. Аҳолиси бўйича Туркияда олтинчи ўринда туради. Кўнё пайғамбарлар шаҳри. Бу ерда олти нафар пайғамбарнинг равзаси бор. Яна Кўнё “авлиёлар шаҳри” ҳам дейилади. Негаки, бу замин кўплаб авлиёлар, шоиру адибларнинг бешигини тебратган. Туркияга келаётган сайёҳларнинг жуда кўп қисми айнан шу қутлуғ тупроқни зиёрат этиш истаги билан Туркияга келишади”.
Ана шунга ўхшаш маълумотлар бизнинг қалбимизда Мавлоно Жалолиддин Румий ва Шамс Табризий ҳазратларига муҳаббат пайдо қилган. Шукур, шу улуғларни зиёрат қилиш насиб этди.
Миллий ғурур рамзи
Туркия сафари чоғида яна бир бор амин бўлдимки, Алишер Навоий жаҳон адабиётининг улуғ сиймоларидан бири, шоир, мутафаккир ва давлат арбоби, туркий маданият тараққиётида бурилиш ясаган, миллатимизнинг миллий ғурури рамзига айланган буюк зотдир. Ҳазратнинг мероси халқимизнинг миллий, бадиий тафаккури, маданияти тарихида бутун бир даврни ташкил этади. Сўз мулкининг султони нурли қалами ила яратган безавол адабий мерос замон ва маконлар оша абадул-абад яшайверади. Эзгуликка, яхшиликка интилган эллар ва юртлар билан ҳамнафас, ҳамқадам бораверади.
Ғайрат МАЖИД.
Тошкент – Анқара – Кўнё – Тошкент.
