Билимли ва ташаббускор ёшлар ёруғ келажагимиз эгаларидир

DCIM100MEDIADJI_0006.JPG

Яқинда Кўксарой қароргоҳида Муҳтарам Президентимиз Шавкат ­Мирзиёевнинг ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқоти мамлакатимиз тараққиёт стратегиясида инсон капиталини ривожлантириш устувор йўналиш эканини яна бир бор тасдиқлади. Ушбу учрашув ёшлар сиёсатини янги босқичга олиб чиқадиган аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб берди. Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, стартап ва инновацион лойиҳаларни молиялаштириш, таълим ҳамда бандлик тизимини такомиллаштириш борасида илгари сурилган ташаббуслар олий таълим муассасалари олдига ҳам катта вазифаларни қўймоқда. Ҳар ҳафтанинг пайшанба куни “Ёшлар куни” этиб белгиланиши эса, ёшлар билан ишлашни тизимли, очиқ ва масъулиятли жараёнга айлантиради.

Муҳтарам Президентимиз томонидан ҳар бир олий таълим муассасасида таълим сифатини таъминлаш, ғоя, стартап, лойиҳалар кўламини ошириш, ёшларни спортга, соғлом турмуш тарзига кенг тарғиб қилиш бўйича янги инновацион ёндашувлар ишлаб чиқилиши ҳамда жорий қилиниши юзасидан аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Президентимизнинг охирги йиллардаги таълимга, хусусан, олий таълимга, илм аҳлига юксак эътиборлари натижасида республикамиз олийгоҳлари салоҳияти ортди, олимларимизнинг нуфузи, жамиятдаги ўрни ҳамда олиб борилаётган ислоҳотларга, ижобий ўзгаришларга дахлдорлиги ошди. Бугунги кунга келиб олий таълим муассасалари мамлакат, ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожида нафақат кадрлар тайёрлаш орқали иштирок этмоқда, балки истиқболли лойиҳалар, кенг кўламли ислоҳотларда амалий ишлар билан бевосита ўз ҳиссасини қўшишга интилмоқда.

Мазкур устувор йўналишлар Фарғона давлат техника университети фаолиятида амалий ўз аксини топмоқда. Бугунги кунда университетимизда 19 202 нафар талаба таҳсил олмоқда. Таълим жараёнини ишлаб чиқариш билан узвий боғлаш мақсадида 67 та йирик корхона билан ҳамкорликда дуал таълим йўлга қўйилган бўлиб, 3 832 нафар талаба ушбу тизим асосида билим ва амалий кўникма эгалламоқда. Университет қошида 50 та кафедра филиаллари ташкил этилган, 165 нафар юқори малакали амалиётчи-мутахассислар ўқув жараёнига жалб қилинган.

Битирувчилар бандлигини таъминлаш масаласи ҳам доимий эътиборимиз марказида. 2024-2025 ўқув йилида университетни 3 337 нафар битирувчи тамомлади. Уларнинг 3 283 нафари иш билан таъминланди, 42 нафар битирувчи иш берувчи корхона ва ташкилотлар талаблари асосида ташкил этилган қисқа муддатли курсларда қўшимча билим ва амалий кўникмаларга ўқитилмоқда. Бу кўрсаткичлар таълим мазмунини амалиёт билан уйғунлаштириш борасидаги ишларимиз самарадорлигини қисман ифодалайди.

Жорий ўқув йилидан АT соҳаси таълим йўналишларида босқичма-босқич лойиҳага йўналтирилган таълим (“Project based learning”) тизими жорий этила бошланди. Жорий қилинаётган тизимда барча юқори курс талабаларининг мутахассислик фанларидан назоратлари, курс ишлари, малакавий амалиёт ҳисоботлари лойиҳа кўринишида амалга оширилади ва баҳоланади. Таълим жараёнларига жорий қилинаётган ушбу янги тизим вилоятимиздаги ташкилотларнинг рақамлаштириш ёки рақамли тизимларини такомиллаштиришга қаратилган реал эҳтиёжлари ва улар асосида шакллантирилган муаммолари банки асосида амалга оширилиши режалаштирилган. Бу эса, бир томондан, вилоятимиздаги корхона ва ташкилотларни рақамлаштириш даражаси ва сифатининг ортишига, иккинчи томондан, битирувчиларнинг мақсадли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

Шунингдек, университетимизда сунъий интеллект лабораторияси, IT-парк ва акселераторлик марказларини ташкил этиш бўйича амалий ишлар бошланган. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши нафақат IT-хизматлар экспорти кўламининг ортишига, балки битирувчиларни ишчи ходим эмас, янги иш ўрни яратадиган иш берувчи сифатида шакллантиришга кўмак бўлади деб ҳисоблаймиз.

Фарғона давлат техника университети халқаро ва маҳаллий таълим хизматлари бозорида мавқеини мустаҳкамлаш, халқаро меҳнат бозорига рақобатбардош кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида университет ва мавжуд таълим йўналишларини халқаро аккредитациядан ўтказиш жараёнларини олиб бормоқда. Жумладан, муҳандислик таълими аккредитацияси бўйича ­дунёдаги энг нуфузли ташкилотлардан бири ҳисобланган Германиянинг “ASIIN” ташкилоти билан “Архитектура ва қурилиш” факультетини барча таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш бўйича жараёнлар ўз ниҳоясига етди.

Яна бир муҳим янгилик, дунёнинг биринчи рақамли аккредитация ташкилоти ҳисобланган Буюк Британиянинг “QAA” ташкилоти томонидан республикамиз таълим ташкилотлари орасида илк бор, ўрганишлар натижасига кўра, Фарғона давлат техника университети томонидан юборилган сўров қабул қилинди ва университетни институционал аккредитациядан ўтказиш бўйича ўзаро шартнома имзоланди. Шартномага кўра, Буюк Британиянинг “QAA” ташкилоти томонидан университетни институционал аккредитациядан ўтказиш бўйича барча харажатлар Осиё Тараққиёт Банки томонидан тўлиқ грант сифатида тақдим этилмоқда.

Ҳозирда университетда архитектура ва қурилиш соҳасида 5 та ихтисослашган марказ — Геолаборатория маркази, Геотопография маркази, Бино ва иншоотларни лойиҳалаш маркази, Бино ва иншоотлар конструкцияларининг сейсмик мустаҳкамлигини баҳолаш лабораторияси ҳамда Аккредитацияланган қурилиш синов лабораторияси самарали фаолият юритмоқда. Ушбу марказлар ҳудудда амалга оширилаётган соҳага оид лойиҳаларда муносиб иштирок этмоқда.

Ёшлар сиёсати доирасида спорт фаолиятини ривожлантириш ҳам муҳим йўналиш ҳисобланади. Университетимизда талабаларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида спорт тўгараклари, мусобақалар ва турнирлар мунтазам ташкил этилмоқда. Талабаларимиз ҳудудий ва республика миқёсидаги мусобақаларда фаол иштирок этиб, муносиб натижаларга эришмоқда. Спорт орқали ёшларимизда интизом, ирода, жамоавийлик ва етакчилик фазилатлари шаклланмоқда.

Университетимиз қошида хорижий ҳамкорлар билан биргаликда қишлоқ хўжалигига замонавий технологияларни жорий этишга ихтисослашган Технопарк ташкил этилмоқда. Ушбу Технопаркда замонавий технологиялар асосида қишлоқ хўжалигида қўлланишга мўлжалланган техникалар ишлаб чиқариш бўйича тўлиқ цикл йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар — ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни билимли, ташаббускор, рақобатбардош ва жисмонан баркамол этиб тарбиялаш — Фарғона давлат техника университети фаолиятининг бош мезонидир. Ватанимиз келажаги ва тараққиёти учун билимли ва салоҳиятли ёшларни тайёрлаш пировард мақсадимиз ҳамда фаолиятимизнинг мазмунидир.

Илмдоржон ЖАҲОНГИРОВ,

Фарғона давлат техника университети ўқув ишлари бўйича проректори,

ректор в.в.б.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × one =