Тоғларни уйқудан уйғотиб қайтдим!
Сайёра САМАНДАР
Муаллиф ҳақида:
Сайёра Самандар 1968 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Филология фанлари номзоди, доцент.
Шоиранинг “Сизга айтолмаган сўзларим”, “Кўнглум”, “…Ва яна баҳор”, “Озодликдек бахт йўқдир”, “Фақат ишқ”, “Менинг ҳақиқатларим”, “Матонатли Марям қиссаси”, “Менинг Отам” номли эссе-хотира китоблари нашр этилган.
2025 йилда Озарбайжонда “Ошиқларга салом айтинг” номли шеърий тўплами нашр этилган.
2022 йилда “Шуҳрат” медалига сазовор бўлган.
(Грузия дафтари. Саирме илҳомлари)
* * *
Тоғлар, нега жимсиз?
Дарахтлар?
Уйқу вақти тамом!
МЕН КЕЛДИМ!!!
* * *
Тоғлар жимжит.
Атроф сукунат.
Тошлар гўё буюк қайғуда.
Булутларга бошини қўйиб,
Дарахтлар ҳам беғам уйқуда.
Шунча сокин бўладими тоғ
Қалбда вулқон отаётган пайт?
Оғушига чўкиб оромнинг,
Ҳаловатга топиларми вақт?
Билдим, шоир келмаган бунга,
Бу ерларга келмаган ҳеч дард.
Дарахтларни бир-бир силкитиб,
Мен тоғларни уйғотишим шарт!
* * *
Дарахт бўлмоқ бахтдир ҳеч йўқса,
Бир яхшилик нақддир ҳеч йўқса,
Яшаш учун вақтдир ҳеч йўқса,
Дилим, яшил япроққа айлан!
Умр — тоғда эсган бир шамол,
Фурсат ҳам йўқ бермоққа савол,
Вужудингга етмасдан завол,
Ватан деган байроққа айлан!
* * *
Тоғда кезган жайроним,
Гоҳо дили вайроним,
Мендай жони арзоним,
Сени олиб кетайми?
Мажнунтолдай хам дамим,
Шодон дамим, ғам дамим,
Бўлар эдинг ҳамдамим,
Сени олиб кетайми?
Дилим лола бўлгайдир,
Жоним жола бўлгайдир,
Ҳаққа нолам бўлгайдир,
Сени олиб кетайми?
Йиғлаб қолма изимдан,
Кўз ёш солма изимдан,
Қараб толма изимдан,
Сени олиб кетайми?
Юргил, дилни титармиз,
Кўнгил аро йитармиз…
Ўтли шеърлар битармиз,
Сени олиб кетайми?
Сени олиб кетайми?..
* йитмоқ-йўқолмоқ, адашмоқ
* * *
Жаҳолат заҳрини кесгунча,
Жоҳилнинг қаҳрини кесгунча,
Занг босган кишанни ечгунча,
Тоғларни бағримдан бермасман!
Ирмоқлар дарёсин топгунча,
Тошларга урилиб, чопгунча,
Ғафлатнинг кўзини ёпгунча,
Тоғларни бағримдан бермасман!
Офтобни бошимга қўйгунча,
Кўксимга ишқ сўзин ўйгунча,
Бу замин то Сўздан тўйгунча,
Тоғларни бағримдан бермасман!
* * *
Бу тоғлар бир менга зормиди,
Менингсиз нотавон, хормиди,
Дарахтлар бўйнига дормиди,
Мен билан тоғ бўлди бу тоғлар.
Бошида рўмоли олмиди,
Бағрида қайғуси холмиди,
Энди ҳам армони қолдими?
Мен билан тоғ бўлди бу тоғлар.
Изимдан эргашиб кетгудай,
Сочимга илашиб кетгудай,
Пойимни бир тавоф этгудай,
Мен билан тоғ бўлди бу тоғлар!
* * *
Кўзларинг недин нам деманглар,
Дилингда недин ғам деманглар,
Кўнглунгда ниманг кам деманглар,
Шу тоғлар завқига зордирман.
Тангадай кун тушмас тоғларга,
Юмуш йўқ қарғалар, зоғларга,
Шифо бор аламлар, доғларга,
Мен асли осмонга ёрдирман.
Тошларнинг оҳига эш бўлдим,
Харсанглар додига эш бўлдим,
Булутдай чайқалдим, о, тўлдим,
Демак, мен дунёда бордирман!
* * *
Нигоҳим кўкдадир.
Вужудим кўкда,
Кўксимга улкан бир тоғ кирди гўё.
Икки елкам узра кўм-кўк, ям-яшил
Икки дарахт ўсиб чиқди, ё Худо!
Пешонамдан ўпди само оҳиста,
Кўзларимга ботди ёруғ юлдузлар.
Менинг ўзим ҳақда сўзлай бошлади
Юрагимга чуқур ботган илдизлар!
* * *
Бағрида булоқлар кўз очган,
Васфида ирмоқлар сўз очган,
Тупроқда сўқмоқлар юз очган,
Китобдир ҳар тоши, Саирме.
Рангларнинг номини талашган,
Ошиқлар жонини талашган,
Гуржининг шонини талашган,
Ё кўзи, ё қоши Саирме.
Гулларнинг бўйида адашган,
Кўнгилнинг кўйида адашган,
Муҳаббат ўйида адашган,
Оҳунинг кўз ёши Саирме.
* * *
Ёзингни йиғламай кузатгил,
Бағрингни тиғламай кузатгил,
Дилингни дилимга узатгил,
Биз куздан ўтармиз шон билан.
Ёмғирлар елкангдан эзганда,
Юрагинг булутдан безганда,
Чақмоқлар жонингни узганда,
Биз куздан ўтармиз шон билан.
Сен бунда, мен унда ёнармиз,
Кундузда ҳам тунда ёнармиз,
Ишқ қайда — биз шунда ёнармиз,
Биз куздан ўтармиз шон билан.
Азим тоғ! Дунё шу. Ёдга сол,
Хазонлар фаслини қарши ол,
Ёз ўтди. Кузларда яхши қол,
Биз куздан ўтармиз шон билан!
* * *
Чиқмас сира ёмғир аламдан,
Дилим ичра томади чак-чак.
Бўғзим аро майдонга тушар,
Сўзлар сафга тизилиб лак-лак.
Осмон айтар ғамгин қўшиғин,
Ариқларнинг тошади дарди.
Булоқларнинг кўзлари гирён,
Дарахтларнинг ошади дарди.
Ҳўл бўлади жиққа юрагим,
Истиғфор айтади тинмасдан.
Мен тутган соябон зор йиғлар,
Кўнглимни олишни билмасдан.
* * *
Кўзларинг бир лаҳза юммагил,
Дарахтдай уйғоқ бўл, ухлама.
Йиқилсанг, осмонга йиқилгил,
Тупроққа қулама, қулама.
Бошингни осмонга қўй, юксал,
Уйғоқни осмон ҳам билади.
Кўрдингми, дарахтлар тун бўйи
Тик туриб ибодат қилади.
* * *
Жисмингга бир олов ўрмалар,
Уммонлар билмайди ўчириб.
Яхшиям, о, қандай улкан бахт! —
Ватанни бўлмайди кўчириб.
Омонат жонингни ҳовучлаб,
Типирлар чап томон курагинг.
Нотекис уради… оғрийди…
Ватанни соғинган юрагинг.
* * *
Тоғларда адашган кийигим,
Кўкси минг садпора куюгим,
Оҳ, манинг соддадил суюгим,
Кўзлари ҳайронам, ҳайронам,
Юраги вайронам, вайронам.
Йўлингдан қашқирлар чиқса гоҳ,
Бўғзингдан отилса ўтли оҳ,
Ўзларин тортгайдир ўшал чоҳ,
Ғамбодам, ғамбодам, ғамбодам,
Дилпорам, дилпорам, дилпорам.
Тошлардан тошларга урилсанг,
Тиззангдан қон сизиб сурилсанг,
Дод солиб қайтадан тирилсанг,
Оҳ, жони овворам, овворам,
Бечорам, бечорам, бечорам.
Йиғлама, елкангга тегса ўқ,
Йиқилма, қаддингни эгса ўқ,
Яхшига омонлик йўқдир, йўқ…
Оҳ манинг, сайронам, сайронам,
Сайёрам, сайёрам, сайёрам…
Кўзлари гирёнам, гирёнам,
Оҳ, манинг жайронам, жайронам…
* * *
Тоғларнинг бағрига лолалар экдим,
Тошларнинг юзидан артдим гардларни.
Булоқлар кўзини тозалаб қўйдим,
Сойларга оқиздим дардларни.
Булутлар чокига чечаклар тақдим,
Қуёшнинг йўлига тикладим нарвон.
Заррин нурларини ҳовуч-ҳовучлаб,
Замин узра ёйиб чиқдим беармон.
Дарахтлар шовуллаб куйлай бошлади,
Ёниб шеърлар айтдим, ёниб сўз айтдим.
Пойида шеър ўқиб такрор ва такрор,
Тоғларни уйқудан уйғотиб қайтдим!
2025 йил 28 август – 6 сентябрь,
Грузия.

