Дахлдорлик туйғуси билан
Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш борасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларда дендрология боғларини ташкил этиш ғояси экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган.
Албатта, булар натижасида шаҳарларда “яшил белбоғ”лар пайдо бўлади, чўлланиш ва тупроқ эрозиясининг олди олинади, биохилма-хиллик сақланади, келажак авлод учун соғлом табиий муҳит яратилади.
Тўғри, сўнгги йилларда миллионлаб кўчатлар экиш ишлари амалга оширилди, ҳудудларда янги боғ ва яшил ҳудудлар ташкил этилди, давлат ва жамоатчилик ҳамкорлиги кучайтирилди.
Жумладан, биз яшаётган Урганч шаҳрини боғловчи ҳалқа йўли бўйида “Касаба уюшмаси боғи”нинг барпо этилиши айни муддао бўлди. Бугун мазкур хиёбон аҳолининг барча қатлами — ёшу қари учун сўлим ва гўзал бир масканга айланди.
Энг муҳими, воҳамиз иқлим шароитида шаҳар ва қишлоқлар кўчалари, майдон ва хиёбонлари бўйлаб экилган дов-дарахтларни, яшилликларни парвариш қилиш ва ёзнинг иссиқ кунларида қуриб қолмаслиги учун астойдил ҳаракат қилиш зарур.
Қисқача айтганда, ҳудудларда дендрология боғларини барпо этиш ташаббуси “Яшил макон” лойиҳасининг муҳим қисми бўлиб, у нафақат табиатни муҳофаза қилиш, балки аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Мен ҳам бу ҳаракатга ўз ҳиссамни қўшаётганимдан хурсандман. Мўъжазгина боғимиз бор. Унда йигирмадан ортиқ мевали дарахтлар ва буталар, ўндан зиёд турли гулларни экиб, парвариш қиляпман. Зеро, барча инсонлар бу умуммиллий ҳаракатга “лаббай” дея жавоб бериши зарур.
Давлатимиз раҳбарининг кўчат экиш шахсий ташаббуси юртимизда экологик маданиятни юксалтириш, шаҳар ва қишлоқларимизни янада обод ва кўркам қилиш йўлидаги муҳим қадам бўлди ва барчани бирдек руҳлантирди.
Президентимизнинг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этиши барча даражадаги инсонларга куч-қувват бағишлади ва ҳаммани, шак-шубҳасиз, шу она табиатга дахлдорлик туйғуси билан яшашга даъват қилди. Зеро, бу каби тадбирлар нафақат атроф-муҳитни муҳофаза қилишга хизмат қилади, балки аҳоли, айниқса, ёш авлод қалбида табиатга меҳр ва масъулият туйғусини шакллантиради.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси тадбирлари давомида турли хил манзарали ва мевали дарахтлар ўтқазилиб, шаҳар ва қишлоқларимиз инфратузилмасига янги нафас бахш этилмоқда. Яшил ҳудудларнинг кенгайиши ҳавонинг тозаланишига, иқлимнинг юмшашига ҳамда инсон саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, бундай ташаббуслар жамоатчиликни бирлаштириб, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик руҳини мустаҳкамлайди.
Бугун мамлакатимиз бўйлаб давом этаётган хайрли ва эзгу тадбирлардан руҳланган ҳолда, ҳар бир фуқаро ўз ҳудудида дарахт экиш, уларни парвариш қилиш орқали табиатга ўз ҳиссасини қўшиши жуда муҳимдир. Негаки, келажак авлод учун соғлом ва гўзал муҳит яратиш — барчамизнинг муқаддас бурчимиз ҳисобланади.
Шу жиҳатдан кўчат экиш ташаббуси юртимизда экологик барқарорликни таъминлашда, яшил маконларни кўпайтириш ва халқ фаровонлигини оширишда, саодатли кунларни, гўзал ва мусаффо муҳитни яратишда катта аҳамиятга эгадир.
Бу эзгу ва хайрли ишлар бардавом бўлсин. Жамоамиз — ҳар биримиз қалбларда дахлдорлик туйғусини мустаҳкам жойлаб, эл-юрт тинчлиги ва фаровонлиги йўлида шубҳасиз хизмат қиладиган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси тадбирларида фаол иштирок этамиз, ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Дилбар БЕКЧАНОВА,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси
Хоразм вилояти бўлими раиси.
