Жадидшунос журналист

Журналистнинг маълум бир соҳага ихтисослашиши бор гап. Айни пайтда “ихтисослашиш” журналистни ўзи танлаган, ёқтирган соҳа, мавзуни бир қадар мукаммал ўрганишга мажбурлайди. Яъни, бугун қайсидир туманда иш бошлаган янги саноат корхонаси ҳақида информация, эртага эса депутат билан учрашишдан лавҳа, индинга илғор фермер тўғрисида очерк қоралайдиган “қирқ қўлли” журналистлардан фарқли ўлароқ, танлаган мавзусига чуқур кириб бориш, қаҳрамони яшаган давр, сиёсат “об-ҳавосидан нафас олиш”ига тўғри келади.

Сўнгги йилларда жадидлар ҳаракати мавзуси олд қаторга чиқди: ОАВларда бир аср илгари юртимизни маърифатга ундаб, шу орқали истиқлолга эришиш орзусида яшаган жадид боболар ҳаёти, ижоди, фожиали умрлари изчил ёритила бошлади. Президентимиз ташаббуси билан “Жадид” газетаси ташкил қилиниб, қисқа фурсатда ўз ўқувчиларини топди.

…Бундан ўттиз беш йиллар олдин — мустақиллик остонасида ёш журналист Шарқия Эшчоновани Рустам Султонов йўқлайди ва унга бир шахс ҳақида мақола ёзишни тавсия қилади. Рустам Султонов Хоразмнинг кейинги деярли етмиш йиллик даврида турли лавозимларда ишлаган, қурувчи сифатида бир қатор йирик саноат корхоналари қурилишига бош бўлган, собиқ шўро даврида вилоят маркази ижроқўми раиси, истиқлолдан кейин Урганчнинг биринчи ҳокими бўлиб ишлаган инсон. Тўқсонни қоралаб қолган бу инсон ҳалиям фаол: “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимига раҳбарлик қилмоқдалар.

Шарқия Эшчонова журналистик фаолиятида кескин бурилиш ясаган ўша учрашув ҳақида шундай хотирлайди: “Рустам ака мендан “Марям Султонмуродова ҳақида эшитганмисиз?” деб сўрадилар. Чалароқ эшитганимни айтдим. “Ҳаёти фожиали кечган шу аёл менга яқин қариндош бўладилар. Сизга унинг Хоразмда ва Тошкентда яшаётган фарзандлари манзиллари ва телефон рақамларини бераман. Уларда жуда кўп эълон қилинмаган маълумотлар бор. Шуларни ўрганиб, бирор нарса ёзсангиз. Мустақиллик шунга имкон беряпти-ку ахир!” дедилар. Марям Султонмуродова шахсига қизиқишим шундан бошланган…”

Шу ўринда Марям Султонмуродова ҳақида мухтасар эслатишга тўғри келади.

1914 йилда Хива хонлигида “Ёш хиваликлар” ҳаракати тузилади. Ҳаракат тузилишига жадидлар таъсири жуда кучли бўлган. “Ёш хиваликлар” ҳаракати етакчилари орасида жадидлар кўпчиликни ташкил қилган. Бу ҳаракат 1918 йилда хонлик ўрнида Хоразм Халқ Республикасини тузади. Янги республиканинг илк раҳбарларидан бири мулла Жуманиёз Султонмуродов эди.

Мулла Жуманиёз Султонмуродов жадидлар бошлаган эзгу амалиёт — ёшларни хорижда ўқитиш анъанасини изчил давом эттириш тарафдорларидан эди. У бу ишни қизларини четга ўқишга юбориш орқали бошқа илмга чанқоқ ёшларни руҳлантирган.

Мулла Жуманиёз Султонмуродовнинг 1905 йилда туғилган тўнғич қизи Марям 1922-1928 йилларда Германиянинг Мюнхен шаҳрида таҳсил олади. Таҳсил олиш жараёнида рус, немис, француз тилларини ҳам ўрганади.

Ўқишдан қайтгач, бир муддат Хоразмда, сўнг Тошкентда турли вазифаларда — хотин-қизлар шўъбасида, “Гулистон” журналларида ишлайди.

У 1937 йил 13 февралда НКВД томонидан қамоққа олинади ва унга “Германияда ўқиган вақтида “Озод Туркистон” ташкилотига аъзо бўлган” деган сиёсий айб қўйилади. Сохта айб билан қамалган аёлнинг ўн йилга яқин умри Қозон, Суздаль шаҳарларидаги ҳибсхоналарда ва Калимадаги “Дальстрой” лагерида ўтади.

Қамоқ муддатини ўтаб Хоразмга қайтгач, бирорта газета ёки журналга ишга олишмагач, ўз туғилган қишлоғи — Чандирқиётда оддий ҳамшира бўлиб ишлаб, етим қолган болалари тарбияси билан машғул бўлиш мажбуриятида қолади.

1949 йил 29 март куни у қайта қамоққа олиниб, олдинги жазо муддати учун асос бўлган сохта айбловлар билан яна қатағон тегирмонига тушиб кетади.

Сталин вафотидан сўнг олиб борилган “илимилиқ” сиёсат замонида озодликка чиқади. Гарчи олдин икки марта қамалганида қўйилган айблар сохталаштирилган деб оқланган бўлса-да, ўзи севган журналистлик касбида ишлашига рухсат берилмайди.

Хорижда таҳсил олган хоразмлик биринчи журналист аёл умрини ўз қишлоғида ҳамширалик қилиб, оила тебратиш билан якунлайди…

Шарқия Эшчонова аввалида бўлғуси қаҳрамонининг фарзандлари билан учрашиб, шўро қатағони умрини пайҳон қилган мард ва иқтидорли аёл ҳақида туман ва вилоят газеталарида мақолалар эълон қилади.

“Марям Султонмуродованинг Урганчда яшаётган ўғли Омон ака билан гурунгларимиз асносида илк очеркимни ёздим. Аммо бир очеркда қаҳрамоним сийрати ва суратини тўлиқ очиб бера олмаганимни, қолаверса, жанр бунга имкон бермаслигини англаб етдим ва изланишларимни давом эттирдим. Вақти келиб, бу изланишларим Марям Султонмуродова ҳақида рисола ва китоблар ёзишимга туртки берди”, дея эслайди Ш.Эшчонова.

Ш.Эшчонованинг “Умр йўлларида” рисоласи Марям Султонмуродова ҳақида чоп қилинган илк китоб эди. Кейинчалик вилоят ва республика архивларида ойлаб манбаларни излаш, қаҳрамони билан ўша узоқ — 30-йилларда бирга ишлаган ҳамкасблари эсдаликларини йиғиш, фарзандлари қўлида сақланаётган асарлари, хатлари ва бошқа ҳужжатларни тадқиқ қилиш “Чироқ кўтарган аёл” китоби дунёга келишига замин яратди. Бу китоб бир неча марта рус ва ўзбек тилларида чоп этилган.

Муаллиф бундан ташқари, Марям Султонмуродованинг шахсий ҳаётида рўй берган фожиаларни бадиий акс эттирувчи “Чин муҳаббат қиссалари” китобида қаҳрамони билан умр йўлларини боғлаган яна бир жадид Воис Каримий ўртасидаги ҳақиқий севгини ёвуз тузум мусибатга айлантирганини моҳирона тасвирлаган.

Фидойи журналист Шарқия Эшчонова ўттиз йилдан ортиқ даврда ­Марям Султонмуродова ҳақида маҳаллий матбуотда ўнлаб мақолалар чоп қилдирди, маърифатга интилиб, умрини шўролар барбод қилган аёлнинг 90, 100 йиллик мавлуд саналари тантанали нишонланиши жараёнларига бош бўлди.

Қисқаси, жадидшунос деб ҳақли равишда таърифланишга лойиқ тиниб-тинчимас журналист Шарқия Эшчонованинг Марям Султонмуродова ҳамда унга ҳамфикр, ҳаммаслак, ҳамтақдир бўлган замондошлари — жадидлар ҳаракатига қўшилган, улардан руҳланган ўнлаб тарихий шахслар ҳақида ёзган рисола, китоблари ҳажми юз босма табоқдан ошади (ўтган йили Марям Султонмуродова ҳақида суратга олинган фильмда тасвирланган воқеаларнинг аксари Ш.Эшчонованинг кўп йиллик изланишлари самарасида очиқланган маълумотлардан иборат эканлигини ҳам эслатиб ўтиш ўринли).

Ш.Эшчонова ойда бир бора чоп қилинаётган “Тўмарис” журнали муҳаррири бўлиб ишлаш билан бир вақтда, ҳали-ҳамон умри мазмунига айланган мавзудан узоқлашгани йўқ. М.Султонмуродова ҳақидаги тарихий роман устида ишлаяпти. Қаҳрамони ҳаётига оид янги манба ва маълумотлар тўплашда давом этмоқда.

Рўзимбой ҲАСАН,

Ўзбекистон Ёзувчилар ва

Журналистлар уюшмалари

аъзоси, “Дўстлик” ордени соҳиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twelve + nine =