Янги Ўзбекистон маҳаллалари — ободлик ва бирлик манзили

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва

Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси ҳамкорлигида

Тошкент вилоятида медиатур ўтказилди

Маҳалла — халқимиз учун Ватаннинг азиз парчаси, бебаҳо қадриятларимиз бешиги, меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик маскани. Эҳтиёжманд, муҳтож оилаларга кўмак бериш, бир-бирларига елкадош бўлиш каби эзгу одат ва анъаналаримиз айнан маҳалла тимсолида намоён бўлади. Биз барпо этаётган Янги Ўзбекистонда маҳалла инсон қадри улуғланадиган, ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган, қонун устуворлиги мустаҳкам қарор топадиган фуқаролик жамиятининг асосидир.

Маҳалла — ватан ичра мўъжаз ватан

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Орипов ўртасидаги учрашувда ҳам мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан маҳаллаларга кўрсатилаётган катта эътибор ва чексиз ғамхўрлик, маҳаллаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, рўёбга чиқарилаётган ўзгаришларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш ҳамда ҳамкорликни кучайтириш ҳақида сўз борди. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди. Ушбу Меморандум ижросини таъминлаш, маҳаллаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий дастурлар, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ташаббуслар ҳамда илғор тажрибаларни кенг жамоатчиликка етказиш, шунингдек, уюшма фаолиятининг очиқлик ва шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик билан самарали мулоқотни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси билан ҳамкорликда Тошкент вилояти ҳудудида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида медиатур ташкил этилди.

“Янги Ўзбекистон маҳалласи — ободлик ва бирлик манзили” шиори остида ўтказилаётган медиатур иштирокчилари билан дастлаб Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси ўринбосари Долли Аллаев уюшма марказий биносида мулоқот қилди.

— Маҳалла ноёб тузилма, уни жамиятимиздаги барча жараёнларни тўлиқ акс эттирадиган ўзига хос кўзгу дейиш мумкин, — деди раис ўринбосари. — Маҳалла Ўзбекистонимиз имижи, давлат билан халқ ўртасидаги кўприк. Президентимиз раҳбарлигида сўнгги йилларда маҳалла тизимини тубдан ислоҳ қилиш, унинг институционал салоҳиятини ошириш, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 2023 йил 21 декабрда қабул қилинган фармон асосида жорий этилган “маҳалла еттилиги” тизими бугунги кунда мамлакатимиздаги 8 минг 992 та маҳаллада 55 мингдан ортиқ аъзони қамраб олган ҳолда самарали фаолият юритмоқда. Мурожаатчиларнинг еттита муаммоси бир жойда ечилади. Жорий йилнинг январь-март ойларида маҳаллаларни халқчил ва самарали бошқарув тизимига айлантириш бўйича кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилди. Ўтган йили тўрт ярим миллиондан ошиқ фуқаро мурожаатларининг 85 фоизи маҳаллаларда ҳал бўлган. Жорий йилнинг биринчи чорагида 81 фоиз маҳаллада жиноят содир этилмади. Ишсизлик ва камбағалликка қарши курашиш жиноятчиликни қисқартирди.

Раис ўринбосари оммавий ахборот воситалари вакилларини уюшма биносидаги мўъжазгина музей билан таништирди. Замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган медиамарказ журналистлар ҳайратини оширди. Маҳаллалардаги барча маълумотларни рақамлаштириш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида ташкил этилган “Рақамли маҳалла” платформаси жорий этилгани, 401 та кўрсаткичдан иборат “Маҳалла баланси” шакллантирилиб, муаммоларни манзилли ҳал этиш механизми йўлга қўйилгани ҳақида “Ситуацион марказ” ходими кўргазмали ахборот берди. Долли Аллаев самимий ва журналистлар билан мулоқот олиб боришда катта тажрибага эга раҳбар экан, унинг суҳбатлари ўзига оҳанрабодек тортиб турди. Саволларга тўла-тўкис жавоблар берди.

У бугунги медиатурнинг мақсади маҳаллалар фаолиятини очиқ ва кенг тарғибот қилиш эканини алоҳида таъкидлади.

Икки ён томонига Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси логотипи туширилган “Янги Ўзбекистон маҳалласи — ободлик ва бирлик манзили” шиори остидаги медиатур” деб ёзилган замонавий автобусда Ўрта Чирчиқ туманига қараб йўлга чиқдик. Тошкент – Нурафшон автомобиль йўлидан бориб, пештоқига “Дўстлик маҳалласи” деб ёзилган маҳаллага бурилдик. Маҳалла гузарига кираверишда “маҳалла еттилиги” вакиллари билан журналистларни Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Ўрта Чирчиқ тумани бўлими бошлиғи Раъно Жуманова таништирди. Гузар деворларидаги ёзувларда буюк алломаларнинг ҳикматларига нигоҳингиз тушади.

— Маҳалламизда 684 та хонадонда 3468 нафар аҳоли истиқомат қилади, — дейди “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рустам Худойбердиев. — Ҳудудимизда ўн беш миллат вакили бир оиладек аҳил яшайди, уларнинг кўпчилиги ўзбек ва дунган миллатига мансуб фуқаролардир. Ўтган йили ва шу йилнинг биринчи чорагида маҳалламизда бирорта жиноят содир этилмади, ишсизлар ҳам йўқ, ҳамма фойдали меҳнат билан банд.

Кираверишдаги хонада кекса оқсоқоллар шахмат ўйнашмоқда.

— Маҳаллада кексалар учун ҳамма қулайликлар яратилган, — дейди “Йўлбарс агро” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор, 78 ёшли Холдор ота Неъматиллаев. — Шундай чиройли маҳаллаларни барпо этишга бош-қош бўлаётган Президентимизга минг раҳмат!

Маҳалла гузаридаги тикувчилик цехида уй бекаларига касб сирлари ўргатилаётир. Ҳозиргача 55 нафар уй бекаси касбга тайёрланибди.

Сумалак ҳиди

Гузар ҳовлисидаги айвонда “Шукроналик” тадбирига йиғилган кекса оналар ноз-неъматлар билан безатилган дастурхон атрофида ўтиришибди. Бир томонда миллий либослардаги аёллар ўйинга тушиб, хуш кайфият улашмоқда.

Ҳовлида эндигина тайёр бўлган сумалак ҳиди атрофга таралиб турибди. Қозон бошидаги онахонлар журналистларни сумалакдан насиба олишга таклиф қилишди.

— Сумалакка тош ҳам солганмисизлар? — дея уларга юзландим…

Маҳалла гузарига яқин жойда ташкил этилган “Дўстлик” маҳалла сервис компанияси фаолияти билан танишдик.

— Сервис компаниямиз учта маҳалла аҳолисига 23 турдаги хизматларни кўрсатади, — дейди компания раҳбари Умид Алиёров. —Бугун жамоамизда 15 нафар маҳаллий аҳоли фаолият юритмоқда. Биринчи чоракда аҳолига 500 миллион сўмдан ортиқ пулли хизмат кўрсатдик.

Абдулла Қодирий кўчасидаги 83-уйда яшовчи Ғулом Абдуназаров хонадонидамиз. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси кўмаги билан у имтиёзли кредит олиб, йигирма сотих майдонда тўрт йил аввал иссиқхона ташкил этган экан. Иссиқхонада парвариш қилинаётган помидор ҳадемай ҳосил беради. Ўтган йили иссиқхонанинг ўзидан 80 миллион сўмдан кўпроқ даромад олинибди. Ундан ташқари, исмалоқ етиштирилиб, уч қути асалари, етти бош қорамол парвариш қилинмоқда.

Узумзорлар оралаб…

Медиатур иштирокчиларининг кейинги манзили Пискент туманининг “Мингтепа” маҳалласи бўлди. Ижодкорларни янгидан барпо этилган ишкомли йўл бошида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг туман бўлими раҳбари Ҳикмат Исамуҳамедов бошчилигидаги фаоллар кутиб олишди.

— “Мингтепа” маҳалласида 636 та хонадон бўлиб, уларнинг 620 тасида узумчилик билан шуғулланишади, — дея бўлим раҳбари журналистларни Ўрикзор кўчасидаги 1-уйга таклиф этди.

— Ота-боболаримиз узумчилик билан шуғулланиб келишган, — дейди хонадон соҳиби Абдужалил Ҳусанбоев. — Йигирма сотих майдонда узумнинг “Наманган чиллакиси” навини парвариш қиламиз. Асосий даромадимиз узумчиликдан. Узумларимиз 12 йилликдан 15 йилликкача бор. Ишкомлар орасига ноябрь ойида эккан исмалоқни сотиб бўлдик. Картошка, пиёз, саримсоқпиёз экиб, улардан ҳам қўшимча даромад оламиз. Уч ўғлим оиласи билан бир ҳовлида яшаймиз.

Тўғриси, маҳорат билан тараб чиқилган бундай узумзорларни авваллари Олтиариқда кўргандим. Пискентликлар ҳам бу соҳада анча илгарилаб кетибди.

— Мамлакатимизда энг биринчи бўлиб узум бизнинг Пискентда пишади, — дейди Ҳикмат Исамуҳамедов. — Мингтепалик ёшлардан 36 нафарига узумзор барпо қилишлари учун бир гектардан ер ажратиб берилди.

Шу кўчадаги Адолат опа Рустамовалар оиласи ҳам 20 сотих майдонда узумнинг “Қора гўзал”, “Победа”, “Наманган чиллакиси” навларини парвариш қилар экан. Ўғли, келини, тўрт нафар набираси томорқада меҳнат қилиб, яхши даромад олишади. Узумзорлар орасида плёнка остида помидор, бақлажон, болгар қалампири, райҳон ва жамбил кўчатлари етиштириб сотишар экан. Шу кунларда ток барги бизнеси ҳам бошланар экан.

Адолат опанинг набираси ўзлари тайёрлаган узум шарбатидан пиёлаларга қуйиб, меҳмонларга узатди.

“Мингтепа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шуҳрат Эшбеков ҳамроҳлигида Ўрикзор кўчасидаги 4-уйда яшовчи Усмон Муллажонов хонадонидамиз. Бу хонадон гуллар билан янада файзли бўлиб турибди. Хонадон соҳибаси тандирдан янги узилган нон ва кулчалар тўла сават билан пешвоз чиқди. Бир бўлак-бир бўлакдан нон ушатилди. Нон ҳиди, ширали таъми онам раҳматлининг нонларини ёдимга солиб юборди. Менга атаб шунақа кулчалар ёпиб берарди…

Пискентдан ширин таассуротлар билан Бўка томон боряпмиз. Буғдойзорларга нигоҳим тушади. Буғдой бошоқлари ҳам бўй кўрсатиб қолибди. Илоҳо, ғаллазорлар ҳосилига барака кириб, хирмонларимиз донга тўлсин!

Маҳаллалар уюшмаси Бўка тумани бўлими бошлиғи Зоҳиджон Обидов анча нотиқ экан. “Навобод” маҳалласига етгунимизча туман маҳаллаларида олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини тушунтириб, амалга оширилаётган ибратли ишлар хусусида гапириб кетди.

“Бир келиб кетинг қишлоғимизга”

“Навобод” маҳалласидаги Зулайҳо Рабиева хонадони кираверишида журналистлар карнай-сурнайлар садоси остида кутиб олинди. Карнай овози барчага хуш кайфият бағишлаб юборди.

— Маҳалламиз аҳолиси, асосан, тожик миллатига мансуб, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Холиқберди Дадабоев. — Тожик халқида ҳам қадимий анъаналар, удумлар унутилиб кетмасин деб ҳаракат қиладиган онахонлар кўп. Зулайҳо Рабиева шу мақсадда каштачилик, сўзаначилик, қуроқчилик ишлари намуналаридан уйида музей ташкил этган. Шу билан бирга у ёшларга ҳам қадимий миллий касб сирларини ўргатиб келмоқда.

Тошкент вилояти тожик миллий маданий маркази раиси Саврон Мирзаев саъй-ҳаракати билан фуқаролик институтларини қўллаб-қувватлаш фонди гранти бўйича 150 миллион сўм маблағ қўлга киритилиб, “Навобод” маҳалласида тикувчилик цехи ташкил этилган. Бугунгача 30 нафар уй бекаси тикувчилик касбига ўргатилди.

Цехга кирганимизда, у ерда 20 нафар аёл маҳсулот тайёрлаётган экан.

— Президентимиз мамлакатимизда истиқомат қилаётган бошқа миллат вакилларига алоҳида ғамхўрлик кўрсатмоқда, — дейди Саврон Мирзаев. — “Навобод” маҳалласидаги барча кўчалар тўлиқ асфальтланди. Маҳалла учун янги бино қуриб берилди.

Маҳалланинг янги биносига кираверишда меҳмонларни миллий либосдаги қизлар қўллари кўксида кутиб олишди. Уларнинг юзларидаги бахтиёрлик қувончларини кўриб, ҳавас қилдик. Маҳалла биносидаги янги ташкил этилган кутубхонада бир ярим мингдан ортиқ адабиётлар бор экан. Беҳбудийнинг “Бутун саодат илмдадур, илмсиз миллат ҳаётда йўқолур” деган ҳикмати шиор қилиб ёзиб қўйилибди.

— Маҳалла кўчасида бунёд этилган иншоотларда аҳолига 19 турдаги хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган, — дейди ҳамроҳларимдан бири, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Тошкент вилояти бошқармаси раҳбари ўринбосари Фузайлхон Ҳошимов. — Маҳаллий тадбиркор Давлат Сангинов 516 миллион сўм маблағ сарфлаб, кичик ўйингоҳ бунёд этди. Футбол ўйингоҳига энг замонавий сунъий қоплама ётқизилган.

Ўйингоҳ ёнида бир гуруҳ онахонлар меҳмонларга тортиқ этиш учун кўк сомса, кўк чучвара, патир нонлар тайёрлабди. “Бир келиб кетинг қишлоғимизга” қўшиғи янграмоқда…

Навобод қишлоғидан Тожикистон тоғлари кўринади. У томонлардан димоғларга хуш ёқадиган сабо келиб турибди. Тошкентнинг бўғиқ ҳавосидан безор бўлган нафас йўлларимиз тоза ҳаводан қайтадан очилиб кетгандай бўлди. Бир гуруҳ журналистлар маҳаллий ёшлар командаси билан волейбол ўйнашга ҳам улгуришди. Байрамона кайфият ва мусаффо ҳаво бағрида журналистлар кетар вақти бўлганига қарамай, бу гўшада кўпроқ ушланиб қолишди.

Маҳаллаларнинг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи янада ортиб бораётгани, муаммолар жойида ҳал этилаётгани, маҳалла муҳим вазифалар рўёбга чиқарилаётган масканга айланаётгани гувоҳи бўлдик.

Ишончимиз комил бўлдики, мазкур медиатур маҳаллаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини намоён этиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва давлат ҳамда жамоатчилик ўртасидаги очиқ мулоқотни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × five =