Ақчакўл илҳомлари қайта кўз очди

Янги оҳанглар янгради…

Баҳорнинг муродбахш кунларидан бирида Эллигинчи қалъада озод овозлар жаранглади. Бу жарангдор овозлар Ақчакўл қирғоқларига бош уриб қайтди. Тўққиз йилдан буён мамлакатимизнинг барча жойидан келадиган иқтидорли ва истеъдодли ёшларни кутавериб кўзлари тўрт бўлган Ақчакўлнинг соғинчлари ушалди гўё…

* Тўққиз йиллик танаффусдан сўнг “Ақчакўл илҳомлари”

 яна қайтадан ташкил этилди.

* Бўстонда Абдулла Ориповнинг бюсти очилди.

* Дашт ўрнида ҳазрати инсон меҳнатидан БЎСТОН юз очди.

* Ёш иқтидорлар кашф этилди.

Сўлим Амударёнинг зилол сувларида тобланган Элликқалъадаги “Ақчакўл илҳомлари” танлови ўзгача бир тарзда бошланди ва кўнгилларни шод этди.

Элликқалъани пойтахтдан келган бир гуруҳ адиблар, рассомлар ашъорлари билан янада тўлқинлантириб юбордилар. Ташриф буюрган ёшларнинг ўзгача оҳанглари юракларни титратди гўё…

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан ташкиллаштирилган саҳналар, гўзал бир тадбирлар қалбларга роҳат, кўзларга қувонч ҳадя этди гўё…

Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Халқ шоири Сирожиддин Саййид, таниқли шоирлар Ғайрат Мажид, Фарида Афрўз, Маҳмуд Тоир, Рустам Мусурмон ва бошқа яна бир қанча сўз соҳибларининг ҳар бир чиқиши юртдошларимизни тўлқинлантириб юборди.

Ўзбекистон Қаҳрамони, севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг умр йўлдоши Ҳанифахон аянинг ҳамда фарзанди Шоирахон Орипованинг сўзлари, ташрифлари бутун танлов иштирокчиларини мамнун этди. Ҳанифахон аянинг устоз шоиримиз Абдулла Ориповга бағишлаб ёзган шеъри, чексиз соғинч ва эҳтиромлар, гўзал назм дурдоналари кўзларимизни ёшлантирди…

Элликқалъада танлов кунида янги очилган Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов бюстини кўрганимизда, устоз қаршимизда гавдалангандек бўлди…

— Биз ҳамон Абдулла Ориповдан ўрганамиз, — деди Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид устознинг бюсти қошида, — шу муқаддас маъвода Устознинг излари қолган, Устознинг сўзлари қолган, Устознинг бетакрор фикрлари, эътирофу ҳикматли назмлари ҳамон жаранглаётгандек… Биз бу бюстнинг ўрнатилишидан мамнунмиз. Устозга бўлган ҳурмат ва иззатдан хурсандмиз. Устознинг таклифлари ва ташаббуслари билан “Ақчакўл илҳомлари” республика танловига тамал тоши қўйилган эди. Мана, орадан тўққиз йил ўтиб, Президентимиз ­Шавкат Мирзиёевнинг адабиётга, маънавият ва маърифатга эътибори, ғамхўрлиги сабабли яна ушбу танлов — адабиёт ва санъат байрами қайта тикланди. Бу дийдорлашувни мамлакатимизнинг кўпчилик аҳолиси соғинч билан кутган эди…

Матназар Абдулҳакимнинг “Устозга эҳтиром” шеърига қўйилган ҳайкал қошида бошимизни эгдик. Назаримда, шу лаҳзаларда муаллиманинг фарёди келади узоқ-узоқлардан. Муаллима жонажон уйига, оиласига ҳамон шошилаётгандек эди. Ҳамон гўдак фарзандига кўкрак тутиш учун чоғланаётгандек… Аммо йиртқич чангалига тушган муаллиманинг фарёди юракларни ўртаб юборади. Унинг қонли кўйлаклари кўз олдимга келгандек бўлади. Бу фарёд ҳамон эшитилиб тургандек… Бу фарёд орасида дафтар топширмай қолган 7 нафар ўқувчининг ҳам фарёдлари элас-элас қулоққа чалинади… Ўқувчилар бошларини айбдорона эгиб: “Муаллима опажон, бизни кечиринг, биз агар етти дафтарни Сизга берганимизда, шу дафтарларни ёқиб, уйингизга етиб борардингиз”, дейишади фарёд билан…

Муаллима эса хокисор бўлиб турибди. Музтар бўлиб турибди. Эмизикли фарзандининг она меҳрига тўймай қолганлигидан изтироб чекиб турибди. Меҳр ва муҳаббат билан АДАБИЁТни ўрганаётган ўқувчиларига тайёрлаган сабоқларини беролмай қолганига афсус чекиб, надомат билан қараб турибди…

Муаллиманинг пойига қўйилган гулдасталар буюк УСТОЗга чексиз ҳурмат ҳиссини ифода этди. Муаллима ўзининг пойига қўйилган гулдасталарни кўриб, секингина жилмайиб қўйгандек бўлади, назаримда. Ёнидаги ўқувчининг бошини силагандек туюлади. Жилмайиши баробарида “Мен ҳаммангизни яхши кўраман” деяётгандек туюлади. Ҳатто дафтар топширмай қолган етти нафар ўқувчини ҳам кечиргандек…

Танлов иштирокчилари бўлган назм ва наср ихлосмандлари — Абдулла Ориповнинг шогирдлари, бугунги ёшларнинг қаламидан тўкилган дурдоналар жуда ҳароратли ва бетакрор эди. Уларнинг жозибали сатрларида Янги Ўзбекистон юз очгандек, бор бўй-басти билан намоён бўлгандек… Уларнинг асарларида юртимизнинг меҳнаткаш, самимий, оқкўнгил инсонлари шу азиз тупроқни янада гуллатиш ишқида ҳалол меҳнат қилишаётганлиги ифода этилади. Бу инсонлар ўзлари туғилиб ўсган жойни ўзлари дунёга келган, киндик қони томган тупроқни азиз билишади. Бу инсонлар шоирларнинг шеърларида, адибларининг асарларида яшашади, санъаткорларининг оҳангларида юз очишади… Ёшларнинг сатрларида жаранглаган туйғулар соф, мусаффо. Уларнинг интилишлари, тасаввурлари, илҳомлари гўзал. Ёшларнинг Ватанга муҳаббати ўзларининг қалбидан тошган шеърларида акс садо беради…

Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нурнинг ташрифи санъат ихлосмандларини янада хушнуд этди. Унинг шогирдлари танлов доирасида сеҳрли қаламлари воситасида манзараларни бетакрор ҳолда ифода этишди. Тасвирий санъат соҳасининг иқтидорли ёшлари юракларидаги ошуфталикларни, юртимизнинг гўзаллигини қоғозга муҳрлашди. Она Ватанимизнинг, жонажон юртимизнинг, азиз тупроқнинг ҳисларини, туйғуларини, ўтмиши ва келгусини тараннум этишди. Бир-биридан гўзал манзаралар яратишди…

Эллигинчи қалъани яратишда бош-қош бўлган, шу қум ва даштдан иборат бўлган замин ўрнида жаннатмакон бир бўстонни яратган инсон, Элликқалъа тумани марказини БЎСТОН деб атаган олим Неъматулла Худойбергановнинг қадамини бутун бир юрт муносиб баҳолади, муносиб иззат-ҳурмат кўрсатишди, муносиб тақдирлашди. Шоирларнинг шеърларида куйга солинди бу замин, рассомларнинг асарларида оддий дашт ўрнида БЎСТОНни яратган инсон меҳнати туфайли даштда ГУЛИСТОН кўз очди. Ҳар бир қадамда боғ яратган, ҳар бир қадамни яшиллик дунёсига айлантира олган ҳоким, шоир, адиб ва олим дея олқишланадиган Ҳазрати Инсоннинг меҳнатлари бугун тилларда достон бўлмоқда, заҳматлари ўз мевасини кўрсатмоқда… Дашт ўрнида гуллар, боғлар кўзларни қувонтиради. Янгидан-янги бинолар қад ростлади, сўлим бир масканга айланди Элликқалъа!

Танлов бошланишида ва якунида ижро этилган қўшиқлар саҳналарни титратди гўё. Худди Отажон Худойшукуров, Бобомурод Ҳамдамов тирилиб келгандек бўлди…

Ёшларнинг овозлари бетакрор, жарангдор, тиниқ ва ширали… Танловда Абдулла Орифлар туғилди, Отажонлар қайтадан дунёга келди, Акмал Нурнинг издошлари намоён бўлди. Улар бизнинг ворисларимиз, улар Янги Ўзбекистоннинг ҳур ва озод иқтидорли ёшларидир!

Энг ҳайратланарлиси, кўнгилларни сел этган қўшиқлар ижрочиси Тамара Дошумованинг ташрифи бўлди. Қарсаклар қарсакларга уланди. Тамара опанинг бетакрор овозлари узоқ-узоқларга етиб борди. Ҳатто Қизилқум ва Қорақум бағридаги барханларни бир силкитиб, тебратиб ўтгандек бўлди. Унинг оҳанглари Ёнбош қалъаларни, Тупроққалъаларни эритди, Бўзатов этакларигача етиб борди.

Илмли, дунёқараши кенг, келажакка интилувчан, Янги Ўзбекистон қурувчилари бўлган ёшларнинг соҳир овозлари янграган танловдан ҳамма хурсанд бўлди. Янгидан-янги иқтидорлар кашф этилди. Уларга қимматбаҳо совғалар ва фахрий ёрлиқлар ҳадя қилинди.

Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − three =