Ноқонуний олибсотарлар жавобгарликка тортилди

Бозорлар ва жамоат жойларида қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг осойишталигини бузаётган ҳамда ноқонуний даромад орттиришни касб қилган кимсаларга нисбатан кескин чоралар кўриш ҳуқуқ-тартибот идоралари олдидаги муҳим вазифалардан биридир. Хусусан, Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди томонидан “Истеъмолда бўлган транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлари Сергели бозори” МЧЖ ҳудудида амалдаги тартиб-қоидаларни менсимай, ноқонуний фаолият юритган 66 нафар фуқарога нисбатан қонуний чоралар кўрилди.

Ички ишлар органлари томонидан ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар давомида расмийлаштирилган ҳужжатларга асосан, туман суди томонидан: 15 нафар фуқарога — 10 суткадан; 3 нафар фуқарога — 7 суткадан; 12 нафар фуқарога — 5 суткадан; 8 нафар фуқарога — 3 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. 28 нафар шахсга эса тегишли тартибда жарима жазоси қўлланилди.

Ушбу шахслар бозорда харидорлар ва сотувчилар ўртасида ноқонуний воситачилик қилиб (халқ тилида “даллоллар” ёки “сайгаклар”) даромад топишни касб қилган. Улар фуқароларни алдаш ва ноқонуний хизматлар кўрсатиш билан шуғулланиб, ўзларини тартибга чақирган ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажаришдан бош тортган.

Мисол учун:  1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган М.У. 2026 йил 15 май куни бозор ҳудудида ноқонуний олди-сотди фаолиятини тўхтатиш ҳақида огоҳлантирилишига қарамай, ички ишлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаган. У жамоат жойида бақир-чақир қилиб, ходимларни ҳақоратлаган ва жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимаган.

Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди ҳуқуқбузар М.У.ни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддаси ва 194-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбдор деб топди. Унга МЖтКнинг 34-моддаси тартибида узил-кесил  10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

1989 йилда туғилган фуқаро Ш.Б. ҳам ИИО ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмай, ноқонуний фаолиятини тўхтатишдан бош тортган ва жамоат жойида уятли сўзлар билан ходимларни ҳақорат қилган. Суд мажлисида у ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди.

Суд ҳукми билан Ш.Б. МЖтКнинг 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга МЖтКнинг 34-моддасига асосан  7 сутка маъмурий қамоқ жазоси берилди.

Қонун олдида ҳамма баробар. Бозор ҳудудида “тадбиркорлик” ниқоби остида фуқароларни алдаш, фирибгарлик қилиш ва осойишталикни бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Қинғир иш, зўравонлик билан узоқни кўзлаганлар адашадилар. Ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмайдиган ва жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимайдиган кимсаларга эса жазо муқаррардир. Бу каби профилактик тадбирлар ва суд муҳокамалари келгусида ҳудудда осойишталик ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Меҳрибон ҲАСАНОВА,

Жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг

тергов судьяси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty + thirteen =