Халқпарвар мураббий
Яхши инсоннинг икки қўли ҳам тўғри бўлиши керак.
Ўзбек халқ мақоли.
Инсон ҳаётида шундай шахслар учрайдики, уларнинг номи тилга олинганда қалбда ҳурмат ва миннатдорлик туйғулари уйғонади. Бундай инсонлар ўз меҳнати, фидойилиги ва гўзал фазилатлари туфайли бошқаларнинг меҳрини қозонади, ҳаётида ўчмас из қолдиради.
Кексаларимиз: “Яхши инсоннинг қадри унинг амалларида намоён бўлади”, дейишади. Жудаям топиб айтилган гап! Зеро, бундай инсоннинг ҳар бир иши, ҳар бир сўзи ва муомаласи одамларга яхшилик улашишга хизмат қилади. Бундай мўътабар инсон билан бир сафда меҳнат қилиш, елкадош бўлиш, ҳеч бўлмаса, оддий суҳбатидан баҳраманд бўлишнинг ўзи катта бахт ҳисобланади. Чунки бундай эзгу фикрли инсонлар атрофидаги кишиларни ҳам руҳлантиради, ҳам яхшиликка чорлайди. Азиз Оппоқович Тўраев ана шундай шариф инсонлар сирасига киради.
Шарафли умр баёни
Дарҳақиқат, меҳрибон устознинг ҳаёт йўли меҳнатсеварлик, матонат ва инсонийлик фазилатлари билан безалган. Ҳаёт унга даврнинг йирик давлат арбоблари — Усмон Юсупов ва Шароф Рашидов каби раҳбарлар билан бевосита бирга фаолият юритиш, уларнинг эътибори ва ишончини қозониш имкониятини берди. Бу эса катта масъулият ва юксак ишонч (садоқат) рамзи эди.
Азиз Оппоқович кўпчилик учун нафақат ҳамкасб ёки раҳбар, балки чин маънодаги устоз ва маслаҳатгўй бўлиб келган. У кишининг меҳрибонлиги, самимийлиги ва одамларга бўлган ҳурмати кўплаб юртдошларимиз тақдирида ўз аксини топган. Шу боис бу инсонни қадрлайдиган, ҳурмат қиладиган ва устоз деб билганларнинг сони жудаям кўп.
У кишининг ҳаёти давомида шаклланган маънавий-маърифий муҳит, меҳнат ва тарбия мактаби қанчадан-қанча кишиларни камолга етказди. Бу мактабдан ўтганлар бугун турли соҳаларда юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда. Улар орасида масъул лавозимларда фаолият юритаётганлар, жамият равнақига хизмат қилаётганлар ва эл ҳурматига сазовор бўлганлар кўплаб топилади.
Шунинг учун ҳам Азиз Оппоқович Тўраевнинг ҳаёт ва меҳнат йўли ҳақида сўз юритиш — фақат бир инсон тақдирини эмас, балки меҳнат, садоқат ва инсонпарварликка бағишланган ибратли умрни ёд этиш демакдир.
Адолат нигоҳи
Устознинг табиати ва ҳаёт йўли ҳақида мушоҳада юритар эканмиз, унинг пок нияти, беғубор қалби ва эзгуликка йўғрилган амаллари кўз олдимизда гавдаланади. Унинг ҳар бир сўзида ҳаётий ҳикмат, ҳар бир насиҳатида эса инсонни комилликка чорловчи маъно мужассам. Шу боис устознинг суҳбатидан баҳраманд бўлган ҳар бир шахс қалбида яхшилик янада бўй кўрсатади.
Бу табаррук одам билан яқиндан танишиш бахти менга буюк давлат ва жамоат арбоби, халқимиз қалбидан чуқур жой олган Шароф Рашидов ҳақида ёзилган “Биз билган ва билмаган ҳазрати инсон” номли китоб туфайли насиб этди. Китобни нашрга тайёрлаш жараёнида масъул муҳаррир сифатида иштирок этиш мен учун катта шараф ва айни пайтда юксак масъулият эди.
Мазкур вазифани сидқидилдан адо этишга интилар эканман, устоз билан кечган ҳар бир мулоқот, муҳокама қилинган ҳар бир фикр ва қаламга олинган ҳар бир воқеа замирида улкан ҳаётий тажриба ва чуқур донишмандлик мужассам эканини англадим. У ҳар бир масалага синчковлик билан ёндашар, ҳар бир воқеага ҳақиқат ва адолат мезони билан баҳо берар эди.
Шу жараёнларда мен нафақат китоб устида ишладим, балки ҳаётнинг ўзига хос сабоқларини ҳам олдим. Устознинг фикрлаш тарзи, инсонларга муносабати ва воқеаларга теран назар ташлаш қобилияти менда чуқур таассурот қолдирди. Бу эса, тан олиб айтишим керак, мен учун унутилмас ҳаёт мактабига айланди.
Тафаккур карвонбошиси
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, теран ҳаётий тажриба соҳиби, профессор, маънавият ва маърифат йўлида умрини бахшида этган фидойи устоз — Азиз Тўраев 1936 йилда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида меҳнаткаш деҳқон оиласида таваллуд топган. Оддий оила муҳитида улғайган бўлса-да, у қалбида илмга чанқоқлик, юртга муҳаббат ва инсонларга хизмат қилиш туйғусини эрта шакллантирди.
Азиз Тўраев бутун меҳнат фаолияти давомида ёш авлодни ватанпарварлик, инсонпарварлик ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашни ўзининг энг муқаддас бурчи деб билди. Унинг кўп йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида минглаб шогирдлар ҳаёт йўлини топди, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшувчи етук кадрлар сифатида камолга етди.
Тарих фанининг етук намояндаси сифатида у халқимизнинг бой ўтмиши, миллий мероси ва маънавий қадриятларини чуқур ўрганиб, уларни кенг жамоатчиликка етказишда самарали меҳнат қилди. Илмий изланишлари, маърузалари ва ҳаётий тажрибаси орқали кўплаб ёшларда илмга, тарихга ва миллий ўзликни англашга қизиқиш уйғотди.
Азиз Тўраев нафақат талабалар ва шогирдлар учун устоз, балки атрофидагилар учун меҳрибон маслаҳатчи, камтарин суҳбатдош, муҳими, бағрикенг инсон сифатида ҳам катта ҳурмат қозонган. Устознинг самимийлиги, хокисорлиги, одамийлик каби эзгу фазилатлари кўплар қалбида чуқур из қолдирган.
Бугунги кунда ҳам устоз жамоатчилик ишларида фаол иштирок этиб, республика “Меҳр-мурувват” жамоат фонди раҳбари сифатида инсонпарварлик ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, эҳтиёжмандларга кўмак бериш ва ёшларга маънавий мадад кўрсатиш йўлида самарали фаолият юритмоқда.
Қуйида қарийб бир асрга яқин мазмунли умр йўлини босиб ўтаётган, икки фарзанднинг меҳрибон отаси, набираларининг ардоқли бобоси бўлган замондошимизнинг ҳаёт тажрибаси, латиф ва дақиқ фикрлари, шу билан бирга, ибратли мулоҳазалари билан яқиндан танишамиз.
“…Ҳаётий сабоқлар…”
Мен учун, ҳаёт академияси, бу — мўътабар юртдошларимизнинг мазмунли ва завқли турмуш тарзи, холис ўгитлари ва самимий муносабатларининг умумлашмасидир. Зотан, яхши инсонлар борки, яхшилик ўлмайди, эзгулик абадий яшайди.
* * *
Яхшилар ҳаётига ибрат кўзи, холислик назари, сабоқ нигоҳи билан боқмоқ лозим. Ўшанда сенга ҳам улардан бир насиба тегса, ажабмас…
* * *
Умрни яшаб ўтиш баробарида киши ўзини гоҳ доно, гоҳ нодон, гоҳ ўқимишли, гоҳ саводи йўқдек ҳис этиб бораркан. Энг асосийси ва мушкули, бу — ўзингни англаш экан…
* * *
Ҳаётда ҳеч бир нарса осонликча қўлга киритилмаган, киритилмайди. Бунга шубҳанг бўлса, марҳамат, барча азизу мукаррам инсонлар ҳаётига, буюк аждодларинг тарихига назар сол. Шундай экан, оқил инсонда яшашдан мақсад ўзидан ўчмас из қолдиришдир. Бунга эса, аввало, кишининг ўз-ўзига қаттиқ ишонмоғи, олдига аниқ мақсад қўймоғи, бутун иқтидори ҳамда салоҳиятидан унумли фойдаланмоғи, ва албатта, бу йўлда тинимсиз меҳнат қилмоғи лозим бўлади…
* * *
Ҳалоллик ва меҳнатсеварлик нуқсонсиз ишлаш сиридир.
* * *
Ёшларга ва зурриётларимга насиҳатларим:
— Қўлинг очиқ, тилинг ширин, виждонинг тоза бўлсин.
— Ҳаётни онгли яшашда, дўст танлашда огоҳ бўл! Зеро, айнан ушбу омилларга эътиборсизлик кишининг умри давомида кўплаб адашишларига сабаб бўлади.
— Ёлғонни, гарчи у сенга катта фойда келтирса ҳам, ишлатма, кам бўлмайсан, кейин пушаймон бўлмайсан.
— Ёшликни имконият, соғлиқни омонат, умрни фурсат деб бил. Ўшанда улардан оқилона фойдаланишинг зарурлигини янада кучлироқ ҳис этасан.
— Яхши инсон, ишончли дўст бўлишга ҳаракат қил, ўшандай бўл ва умринг охиригача ўшандай бўлиб қол…
* * *
Ён дафтардан:
Ҳар гал онам ҳаётининг сўнгги дамларини эсласам, кўзим жиққа ёшга тўлади. Бечора, муштипар волидамиз умрининг охирги дақиқаларигача Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган акам — жигарбандининг номини такрорлай-такрорлай вафот этганлар…
* * *
Баъзан, қизиқ, болаларим бунчалик соддадил, бунчалик ишонувчан бўлишмаса, деб ўйланиб қоламан…
* * *
Мен қиз набирамни шундай эркалайман: сен мен учун онамсан, қизимсан, набирамсан. Ўшанда унинг шаҳло кўзлари янада порлаб кетади…
* * *
Ҳа, Азиз Тўраевнинг ҳаёт йўли — фидойилик, маърифатпарварлик ва инсонпарварликнинг ёрқин намунасидир. Шу кунларда муҳтарам ва мўътабар устозимиз Азиз Оппоқович Тўраев муборак 90 ёшни қаршилаш арафасида. Унинг босиб ўтган умр йўли ёш авлод учун ибрат мактаби, устозлик фаолияти эса эзгулик ва маънавиятга хизмат қилишнинг юксак намунаси бўлиб қолади.
Обиддин МАҲМУДОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
аъзоси.
Таҳририятдан:
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёвнинг жорий йил 18 июндаги фармонига биноан атоқли олим, жонкуяр устоз Азиз Тўраев мамлакатимизда илм-фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантириш йўлидаги кўп йиллик фидойи хизматлари, қолаверса, таваллудига 90 йил тўлиши муносабати билан “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди. Улкан эътироф, самимий эҳтиром қутлуғ бўлсин, устоз!
