Юксак тафаккур – жамиятни ўзгартирадиган куч

Самарқанд  давлат  чет  тиллар  институтида  дунё  тилларида  эркин  сўзлаша  оладиган  мутахассислар  тайёрланмоқда

Бугун Ўзбекистон ўз тараққиёт йўлининг мутлақо янги, пойдевор босқичини босиб ўтмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Янги Ўзбекистон ғояси ва Учинчи Ренессанс пойдеворини бунёд этиш стратегияси миллатнинг уйғониши, ижтимоий-сиёсий ҳамда маънавий ҳаётнинг тубдан янгиланиш жараёни экани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатга айланди. Хўш, мана шундай тарихий бурилиш палласида оммавий ахборот воситалари вакиллари — журналистларнинг ўрни ва масъулияти нималардан иборат?

Ҳар қандай уйғониш ва юксалиш даври адолат ҳамда шаффофлик пойдевори устига қурилади. ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали кузатяпмизки, бугунги ўзбек журналистикаси шунчаки расмий тадбирларни ёритувчи “кўзгу” вазифасидан чиқиб, жамият ҳаётидаги ўткир муаммоларни дадил кўтариб чиқувчи, мавжуд камчиликларни рўйирост танқид қилувчи кучга айланди.

Журналистлар давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг халқ олдидаги ҳисобдорлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Коррупцияга қарши курашиш, бюрократияни фош этиш ва қонун устуворлигини қарор топтиришда журналистик чиқишлар энг таъсирчан қурол бўлиб хизмат қилмоқда. Негаки, сўз эркинлиги бор жойда ривожланиш бўлади; яширин иқтисодиёт ва коррупция эса шаффофликдан жуда қўрқади.

Бугунги кун журналистининг вазифаси — жамиятда илм-фан, маърифат ва китобхонликни энг юқори чўққига олиб чиқишдир. Матбуот саҳифаларида, эфир ва ижтимоий тармоқларда енгил-елпи контентлар эмас, балки ёшларни чуқур мушоҳадага чорлайдиган, уларда АТ, тадбиркорлик ва инновацияга ҳавас уйғотадиган материаллар кўпайиши керак. Журналист — миллат тарбиячиси, янги давр қаҳрамонларини кашф этувчи ва уларни жамиятга ўрнак қилиб кўрсатувчи маёқдир.

Сир эмаски, бугунги дунё нафақат иқтисодий ёки ҳарбий, балки кучли гибрид ва ахборот урушлари майдонига айланди. Бундай шароитда ўзбек журналистикаси миллий хавфсизликни таъминлаш ва ахборот хуружларига қарши курашишнинг олдинги сафида туриши шарт.

Жамиятда саросима ва ишончсизлик уйғотишга қаратилган ҳар қандай ёлғон (фейк) хабарларга қарши профессионал ва тезкор фактларни текшириш (факт-чекинг) маданиятини шакллантириш журналистларнинг асосий бурчидир. Шу билан бирга, Янги Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ва туристик салоҳиятини халқаро ҳамжамиятга холис ҳамда таъсирчан тилда етказиш ҳам айнан ОАВ зиммасидаги масъулиятдир.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “ОАВ ва журналистлар халқ билан мулоқотнинг энг таъсирчан кўприкларидан биридир”. Учинчи Ренессанс пойдеворини мард, адолатли ва ўз касбига садоқатли журналистларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бугунги журналист шунчаки воқеаларни баён этувчи эмас, балки ўз сўзи билан жамиятни ўзгартирадиган, одамларни эзгуликка ва юксалишга сафарбар эта оладиган чинакам кучдир. Ана шундагина биз кўзлаган буюк келажак пойдевори мустаҳкам ва ортга қайтмас тус олади.

Ренессанс — бу, энг аввало, тафаккур инқилобидир. Биринчи ва Иккинчи Ренессанслар Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Низомиддин Мир Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод сингари буюк бобокалонларимизнинг интеллектуал салоҳияти туфайли вужудга келди. Учинчи Ренессанс пойдеворини қўйиш ва Янги Ўзбекистонни барпо этиш — бу фақат янги бинолар, замонавий инфратузилма ёки иқтисодий кўрсаткичлар билан ўлчанадиган жараён эмас. Бу, энг аввало, инсон тафаккурини, дунёқарашини ва маънавий қиёфасини янгилаш демакдир.

Тарих шуни кўрсатадики, ҳар қандай буюк уйғониш аввало сўздан, фикрдан ва ҳақиқатни айтишга журъат топган зиёлилар сафидан бошланган. Шу маънода, бугунги журналист зиммасидаги масъулият оддий касбий бурчдан анча юксак — у халқ тафаккурини шакллантирувчи, жамият виждонини уйғотувчи ва миллат келажагини йўналтирувчи кучдир.

Ушбу улуғвор мақсад йўлида Самарқанд давлат чет тиллар институтида 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб халқаро журналистика йўналиши фаолияти йўлга қўйилиб, мутахассислар тайёрлашнинг мутлақо янги тизимига асос солингани амалий қадамлардан бири бўлди.

Бугунги кунда халқаро журналистика йўналишида жами 93 нафар талаба таҳсил олмоқда. Улар шунчаки хабар ёзувчи шахс эмас, балки дипломат, сиёсатшунос, тилшунос ва энг муҳими, миллий ғоя тарғиботчиси бўлишлари лозимлигини жуда яхши билишади. Шу боис ўқув режасига киритилган фанлар рўйхати талабаларда ҳам фундаментал билим, ҳам амалий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган.

Мазкур йўналиш талабаларига ижтимоий-сиёсий ва тарихий фанлардан “Ўзбекистоннинг энг янги тарихи”, “Фалсафа”, “Диншунослик”, “Сиёсатшунослик”, “Дипломатия ва халқаро муносабатлар”; касбий ва амалий фанлардан “Журналистика асослари ва тарихи”, “Миллий ва жаҳон журналистикаси тарихи”, “Халқаро журналистикада жанрлар”, “Аудиовизуал журналистика”, “Фотожурналистика асослари”, “Босма оммавий ахборот воситаларида жанрлар ва маҳорат масалалари”, “Давлат бошқарув органлари билан ишлаш”; нутқ ва лингвистик маҳорат фанларидан “Медиалингвистика ва адабиёт”, “Ўзбек ва жаҳон адабиёти”, “Ўзбек тилининг амалий услубияти”, “Бошловчи нутқ техникаси ва маҳорати”, “Нотиқлик санъати”; рақамли технологиялар ва ахборот хавфсизлиги бўйича “Ахборот технологиялари”, “Интернет ва коммуникациялар тарихи”, “Масс-медиада компьютер графикаси”, “Медиа ҳуқуқи”, “Медиа этикаси”, “Медиа билан ишлаш” ҳамда “Фавқулодда вазиятларда журналист хавфсизлиги” фанлари чуқур ўқитилмоқда.

Энг муҳими, институтнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, талабаларга хорижий тиллар интенсив тарзда ўргатилмоқда. Бу эса битирувчиларнинг жаҳон ахборот майдонига тўғридан-тўғри чиқишини таъминлайди. Мазкур тизимли ёндашув натижаси ўлароқ, бугунги кунда ушбу йўналишни битирган ёш мутахассисларнинг аксарияти нуфузли оммавий ахборот воситаларида, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг ахборот хизматларида муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Замонавий журналистикани юқори технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу мақсадда институтда ташкил этилган замонавий мультимедиа маркази талабалар учун ҳақиқий тажриба майдонига айланди. Марказ энг сўнгги русумдаги компьютер техникаси, профессионал фото ва видеокамералар, овоз ёзиш ускуналари, ёритиш воситалари ҳамда ахборотни таҳрирлаш учун мўлжалланган махсус дастурий таъминотлар билан жиҳозланган. Овоз ёзиш учун махсус акустик хонанинг мавжудлиги маҳсулот сифатини профессионал даражага кўтаради.

Мультимедиа марказининг асосий ўзига хослиги шундаки, унинг фаолиятида сунъий интеллект имкониятларидан ва илғор ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланилмоқда. Бу ерда назария ва амалиёт уйғунлиги таъминланиб, муҳим лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Булардан биринчиси 12 тилли глобал контент бўлиб, талабалар иштирокида испан, итальян, немис, француз, инглиз, рус, турк, араб, хитой, корейс, япон ҳамда ўзбек тилларида турли медиамаҳсулотлар, аудиокитоблар тайёрланмоқда. Бўлажак журналистлар томонидан асос солинган “Янги Ренессанс” газетаси, “Самарқанд зиёси” радиоси, “Муваффақият формуласи” дастури ҳамда “Чегарасиз тахайюл” подкасти ёшларнинг эркин фикрлашлари ва ижодий маҳоратини юзага чиқаришга хизмат қилмоқда.

Мультимедиа марказидан масофавий таълим йўналиши талабалари учун махсус видеодарслар платформасини яратишда ҳам фойдаланилмоқда. Профессор-ўқитувчиларнинг видеодарслари тасвирга олиниб, ижтимоий тармоқларга мунтазам жойлаштириб борилмоқда.

Ҳозирги глобаллашув ва виртуал макон ҳукмронлиги даврида ижтимоий тармоқлар нафақат ахборот ва таълим манбаи, балки ёшлар онгини заҳарлайдиган иллатлар полигонига ҳам айланмоқда. Интернет маконидаги назоратсизлик оқибатида кўп вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказаётган айрим ёшларда ижтимоий манқуртлик, сиёсий саводсизлик, жоҳиллик, мутаассиблик, радикализм ва “оммавий маданият” таъсирига кўр-кўрона эргашиш иллатлари намоён бўлаётгани сир эмас.

Институтимиз жамоаси ушбу маънавий хавф-хатарларга қарши фақатгина маърузалар билан эмас, балки замонавий медиамаҳсулотлар орқали курашиш стратегиясини танлади. Иқтидорли талабалардан ташкил топган медиастудия ижодкорлари томонидан “Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш — барчамизнинг бурчимиз”, “Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши биргаликда курашамиз” ҳамда “Жаҳолатга қарши маърифат” ғоялари остида туркум видеороликлар ва ижтимоий контентлар тайёрланиб, тармоқларда кенг тарғиб қилинмоқда.

Мазкур медиа маҳсулотлар ёшларни илм-фан ва касб-ҳунарга қизиқтириш билан бирга, “Ватанпарварлик, миллий ғурур ва ҳарбий хизматга шайлик”, “Ёшларнинг ахлоқий тарбияси ва муомала маданияти”, “Тарихий ва миллий ўзликни англаш, маърифатпарварлик”, “Китобхонлик маданиятини шакллантириш ва тарғиб қилиш”, “Менталитетимизга ёт иллатлар ва ғояларга қарши кураш ҳамда факт-чекинг (ахборотнинг ҳақиқийлигини текшириш)”, “Тўғрилик, ҳалоллик ва коррупцияга қарши муросасизлик”, “Экологик маданият”, “Яшил макон ва яшил иқтисодиёт ғоялари”, “Соғлом турмуш тарзи ва спорт” каби ҳаётий ҳамда стратегик мавзуларни қамраб олади.

Ушбу лойиҳалар нафақат институт доирасида, балки бутун вилоят ва республика миқёсида ёшлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатувчи маънавий қалқон вазифасини ўтамоқда. Назарий билимларнинг амалиётда нечоғлиқ акс этиши соҳа мутахассисларининг тажрибасига боғлиқ. Шу боис институтда ташкил этилаётган маҳорат дарслари ва ижодий учрашувлар тизимли тус олган.

Хусусан, таниқли журналист ва адиб — “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Фармон Тошев, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раҳбари Шуҳрат Орипов, Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси раҳбари Манноб Ибодуллаев, ЎзАнинг вилоятдаги мухбири Ғолиб Ҳасанов, “Овози Самарқанд” газетаси бош муҳаррири Баҳодир Раҳмонов ҳамда таниқли журналистлар Акрам Ҳайдаров, Абдулазиз Йўлдошев, Абдуғофир Йўлдошев каби соҳа намояндалари иштирокида ўтказиб келинаётган семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ва мастер-класслар устоз-шогирд анъанасини давом эттириш билан бирга, талабалар учун ҳақиқий ижод мактаби вазифасини ўтамоқда.

Бундай мулоқотлар ижодкор ёшларнинг соҳага бўлган меҳрини ошириб, уларда касбий масъулият ва журналистикага хос кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилмоқда. Устоз-шогирд анъаналарининг бундай юксак даражада ташкил этилиши талабаларнинг олий ўқув юртининг ўзидаёқ замон талаб қиладиган кадрларга айланишига замин яратаётир.

Бугун Самарқанд давлат чет тиллар институтида таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ҳар бир ёшнинг кўзида эртанги кунга ишонч, Ватанга муҳаббат туйғусини кўрамиз. Журналистика соҳасига қизиқаётган, дунё тилларида Янги Ўзбекистон овозини янгратишга шайланаётган бу иқтидорли ёшлардан умидимиз жуда катта.

Биз Учинчи Ренессанс пойдеворини бун­ёд этар эканмиз, бу йўлда энг аввало маърифатли, ватанпарвар ва масъулиятли авлодни тарбиялашимиз шарт. Ана шундай салоҳиятли авлодни вояга етказишда эса таълим муассасалари, айниқса, журналистика каби ижтимоий фикрни бошқарувчи соҳа вакилларини тайёрлайдиган даргоҳларнинг ўрни беқиёсдир. Институтда яратилаётган илмий-ижодий муҳит, замонавий медиамакон ва халқаро журналистика таълими тизими бу улуғ мақсаднинг амалий ифодаси.

Фахр билан айтиш мумкинки, эртанги кун тарихини бугун ёзаётганлар — қўлида қалам, қалбида Ватанга садоқат ва онгида буюк мақсад мужассам бўлган ёшлардир. Улар қанчалик билимли, мустақил фикрли ва маънавий баркамол бўлса, Янги Ўзбекистоннинг эртаси шу қадар нурафшон бўлади. Чунки миллатнинг буюк келажаги, аввало, унинг сўзига, тафаккурига ва ҳақиқатни ҳимоя қила оладиган фарзандларига таянади.

Баҳодир ХОЛИҚОВ,

Самарқанд давлат чет

тиллар институти ректори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − eight =