Ҳунар ортидаги илоҳий завқ

ёки “Икки эшик орасида”ги халоскор йўл

Яқинда таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Танланган асарлар” тўпламини ўқий бошладим. Яхши асар ўқувчига янги ғоялар ва теран фикрлар туҳфа этиши бор гап. Ушбу мутолаа жараёнида, айниқса, муаллифнинг ўз ҳаёти ва оиласи ҳақидаги хотиралари эътиборимни тортди. Унда шундай сатрлар бор: “Ҳайҳотдек оила, жўжабирдай жон. Отамиз хизматда ҳисобчи-бухгалтерлик қиладилар, уйда эса косибчилик. Онамиз ҳам тиниб-тинчимайдилар: дўппи тепчийдилар, попоп тикадилар, нималарнидир бозорга олиб бориб сотадилар”.

Ушбу жумлаларни ўқирканман, беихтиёр кўз олдимда Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” романидаги бош қаҳрамонлардан бири — Роҳила гавдаланди. “Бу икки образ ўртасида қандай боғлиқлик бўлиши мумкин?” дерсиз. Мен кўрган асрий боғлиқлик ва ўхшашлик қуйидагича.

Роҳила трактор ҳайдайди, далада бетиним кетмон чопади. Унинг чеккан изтироблари, ҳаётий фожиалари ўзига етарли. Бироқ барча қийинчиликларга қарамай, унинг руҳи ором топадиган, борлиғи завқланадиган ҳунари бор — у кашта тикади. Хуршид Дўстмуҳаммаднинг отаси ҳам тўққиз фарзанднинг бошини қовуштирган масъулиятли оила бошлиғи. Кун бўйи идорада ҳисобчилик қилиб чарчашига қарамай, уйга келгач, оиласига қўшимча даромад келтирадиган, асосийси, кўнгил зайли билан бажарадиган юмуши — косибчилик билан шуғулланади.

Бугун технологиялар инсон оғирини енгил, узоғини яқин қилаётган бир пайтда, биз ҳунар берадиган ўша соф руҳий завқ ҳақида озгина тўхталиб ўтмоқчимиз. Халқимиз орасида “Ҳунарли киши хор бўлмас”, “Бир йигитга етмиш ҳунар оз”, “Ҳунар, ҳунардан ризқинг унар” деган мақоллар бежиз бот-бот такрорланмайди. Ҳунарли одам қаерга бормасин, ўз ўрнини, ризқини ва эл орасидаги иззатини топади. Энг муҳими, у ушбу олтин меросни ўз фарзандларига ҳам юқтиради.

Болалигимизда бувим раҳматли айтиб берган бир ривоят ҳамон ёдимда. Қароқчилар қўлига тушиб қолган бир подшоҳ ўзининг гилам тўқиш ҳунари сабабли омон қолади. У гилам нақшларига яширин белги битиб, саройдагиларга хабар етказади ва асирликдан озод бўлади. Эртакларда бадиият бўлишини, бадиият қоидаларига кўра эса айрим фикрлар яширин, образли ифодаланишини инобатга олсак, бу ерда ҳам “Ҳунаринг — сенинг ҳаётдаги энг катта халоскоринг” деган қадимий ҳикматни кўрамиз.

Хўш, ота-боболаримиз хулосасига кўра, ҳунар инсонни шунчалар юксалтирар, мушкулотлардан халос қилар экан, биз нега бунчалик дангасалашиб кетдик?

Авваллари момо ва буваларимиз нафақат ўз ҳовлисини, балки кўчаларни ҳам озода сақлаб, райҳонлар, гуллар экишарди. Бугун эса гоҳо уйимиздан чиққан чиқиндини белгиланган жойга олиб бориб ташлашга ҳам эринамиз. Маҳаллаларни айланар экансиз, шинамгина ошхонаси йўқлигидан, томорқасини ўт босиб, қаровсиз ётганидан уялмай, ўзининг камбағаллиги ва шароити йўқлигидан нолийдиган одамларни учратасиз. Эртаю кеч ғафлат босиб, телевизор ва телефонга термилиб ўтирган одамга эса ўзидан бошқа ҳеч ким ёрдам бера олмайди.

Аслида, миллий маънавиятимиз анъаналарига кўра, дангасалик ҳам уят, ҳам жамиятни ичидан кемирувчи мудҳиш иллатдир.

Ўйлаб кўринг, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммаднинг оталари даврида ёки Роҳила улғайган йилларда замона бугунгидек қулайликларга бой бўлмаган. Одамлар неча чақирим йўлларни пиёда ёки от-уловда босиб ўтишган. Аммо шунда ҳам касб юмушларидан ташқари ҳунар билан шуғулланишга улгуришган. Бизда эса имконият ҳам, вақт ҳам етарли, бироқ ҳафсаласизлик дардига йўлиққандекмиз.

Ахир ҳунар шунчаки кундалик тирикчилик ёки моддий эҳтиёжларни қондириш манбаи эмас. У инсон қалбининг гўзал кўзгуси, матонат ва ички ироданинг юксак тарбиячисидир. Ҳар бир тикилган чок, ҳар бир йўнилган ёғоч ёки урилган ғишт замирида улкан руҳ ороми, фикрлар жамланмаси ва яратувчанлик фалсафаси яшайди. У инсондаги, айниқса, ёш авлоддаги нафосат, сабр-матонат, зийраклик каби хислатларни тарбиялайди. Яъни ҳунарсиз инсон фақат даромад манбаидан эмас, руҳий тарбиядан ҳам маҳрум бўлади.

Халқимиз бежизга ҳунарни “зангламас олтин”га қиёсламайди. Мол-давлат тугаши, имкониятлар эскириши, замонлар ўзгариши мумкин, аммо инсоннинг бармоқлари орасига яширинган уқув ва маҳорат уни ҳар қандай инқирозлардан, ҳаётнинг кескин бўронларидан омон олиб чиқади. Демак, бугун биз фарзандларимизга қолдирадиган энг катта эзгулигимиз — уларнинг онгига меҳнатсеварлик уруғини экиш ва қўлига бирор фойдали касб-ҳунар тутқазишдир.

Токи аёл-қизларимиз яна қўлига игна олиб кашта тиксин, тиккан ҳар бир такрорланмас гули, тортган ҳар бир ипи билан ўз хонадонларига нафосат, файз ва қут-барака олиб кирсин. Ўғил-қизларимиз аждодларимиздан қолган миллий ҳунарларни ўзлаштириб, янги бинолар тикласин, эски анъаналарни бойитиб, замонавий мўъжизалар яратсин. Зеро, ҳунарли одам ҳаётда ҳеч қачон зерикмайди, руҳан тушкунликка тушмайди ва маънавий ёлғизланиб қолмайди. У ўз қўли билан яратган буюмидан, бунёд этган иморатидан, пешона тери эвазига эришган натижасидан ўзгача бир илоҳий завқ, ички хотиржамлик ва ғурур туяди.

Замон қанчалик ўзгариб, технология қанча ривожланмасин, инсон қўл меҳнатининг ҳосиласи бўлмиш ҳунар ўз қадрини асло йўқотмайди. Роҳиланинг кашта тикиши ва адиб Хуршид Дўстмуҳаммаднинг отаси ҳақидаги хотиралари бизга бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди: ҳунар инсонга нафақат ризқ, балки руҳий таянч, маънавий озуқа воситаси ҳамдир. Бугунги қулай ва шиддатли ҳаёт тарзи бизни аста-секин ана шу таянчдан узоқлаштирмоқда. Шунинг учун ҳам аждодлардан қолган бу бой меросни — меҳнатсеварлик ва турли-туман ҳунарларни янги авлод қалбига қайта сингдириш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири, десак, адашмаймиз.

Яна бир гап. Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда мактаб таълими ҳақида сўз юритар экан, болаларимиз 11 йил ўқиб, нега бирорта ҳунарнинг эгаси бўлмай мактабни битиряпти, дея куюнчаклик билан сўз юритган эди. Дарҳақиқат, ҳунар — инсон зийнати. Ҳунарли киши ҳаётда қийналмайди. Энг муҳими, ҳалол нон топади. Ҳунарсиз одамнинг эса жойи келганда, қўлидан ҳеч нарса келмайди. Шу жиҳатдан “бир йигитга қирқ ҳунар оз” деган нақл бежиз айтилмаган бўлса керак. Бу ҳикматни ҳар бир ота-она ўзига мақсад қилиб олиши лозим. Майли, фарзандларимиз ўқисин, илмли бўлсин, аммо, албатта, ҳеч бўлмаганда бирорта ҳунарнинг ҳам бошини тутсин.

Маҳмуда ИСАБОЕВА.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − 12 =