Диёнатни куйлаган адиб

Баъзи хонадонга оддий меҳмон бўлиб кирмайсиз. Эшикдан қадам қўйишингиз биланоқ у ерда яшаб ўтган инсоннинг нафаси, нигоҳи ғойибона сизга ҳамроҳ бўлади. Шунда девордаги сурат, шкафдаги китоб, ёзув столида қолган буюмлар — бир инсоннинг умри, тақдири, маънавий олами ҳақида сўзлай бошлайди. Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги Фирдавсий маҳалласида жойлашган маскан — ўзбек адабиётининг ёрқин намояндаси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов яшаб ижод қилган хонадонга борганимда вужудимни ана шундай туйғу қамраб олди.

Сокин ҳовли. Ҳаммаёқ озода. Бир қарашда оддийгина мўъжаз ҳовли. Аммо бу оддийлик ортида бир умрлик меҳнат, изланиш, ижод мужассам. Гўё хонадон эгаси ҳозиргина ташқарига чиқиб кетган-у, эшик очилиши билан таниш қадам товуши эшитиладигандек… Мен юртимиз фахри бўлган бу оилага шунчаки ташриф буюрганим йўқ. Хизмат юзасидан адибнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган мақолага фотолавҳа тайёрлаш мақсадида келгандим. Аммо орзу-умидларга тўла бу оилада бироз қолиб, хонадон эгаларининг суҳбатига қулоқ тутар эканман, касбий вазифам аста-секин маънавий саёҳатга айланди.

Шуни алоҳида айтиш лозимки, инсоннинг таниқли ижодкор бўлиши бир масала. Миллат тақдирига дахлдор сўз айтиш эса ҳам жасорат, ҳам ватанпарварликдир. Шунданми, бетакрор асарлар муаллифи Одил Ёқубовнинг адабий меросига назар ташласангиз, бутун ижоди замирида бир улуғ тушунча — диёнат сўзи турганини чин дилдан англайсиз. У инсонни инсон қиладиган фазилатлар — ҳалоллик, виждон, адолат, ор-номус, Ватанга садоқат ҳақида ёзди. Қаҳрамонларини ҳаётнинг мураккаб синовлари қаршисида қолдириб, уларнинг қалбидаги ҳақиқатни излади. Шу боис адиб асарлари орадан йиллар ўтса-да, ўз ўқувчисини йўқотмаяпти. Ёшлик чоғимизда “Эр бошига иш тушса”, “Диёнат” каби асарларни қўлдан қўймай ўқиганмиз. Китоб саҳифаларидан тарихни, инсон тақдирини, ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатини англашга уринганмиз. Айниқса, дунё миқёсида эътироф этилган “Улуғбек хазинаси” романи 60 дан зиёд тилга таржима қилинганлиги ўзбек адабиёти нуфузини янада оширганлиги диққатга сазовордир. Бугун эса ўша асарлар муаллифининг эл назари тушган табаррук хонадонидаман.

Кеча китоб саҳифалари ортидан таниш бўлган ҳассос адиб бугун хотира, китоблар орасида менга янада руҳан яқинлашгандек эди. Ёзувчининг ҳаётда ҳамнафаси бўлган Марям ая Ёқубова — адибнинг умр йўлдоши. Улуғ 90 ёшни қаршилаган онахоннинг чеҳрасида ортда қолган хотиралар дунёси акси бор. У журналист сифатида ҳам, оила бекаси сифатида ҳам Одил Ёқубовнинг машаққатли ва шарафли умр йўлига гувоҳ бўлган. “Дўстлик” ордени соҳибаси ­Марям ая билан суҳбатлашар эканмиз, адиб билан боғлиқ хотираю армонлар бир-бир эшик очиб бораётгандек туюлди. Ёнимизда адибнинг ўғли, профессор Мурод ака ҳам отаси ҳақида тўлқинланиб сўзлади: “Хонадонимиз эшиги падари бузрукворимизнинг энг яқин дўстлари учун ҳамиша очиқ эди, – деди у. – Жаҳон адабиёти устунларидан бири, отамнинг дўсти, машҳур ёзувчи Чингиз Айтматов 2001 йили уйимизга ташриф буюрганди. Бу ташрифни ҳанузгача оила аъзоларимиз яхши хотира билан эслайди”.

Бу ҳаяжонли суҳбатда мен учун энг таъсирли жиҳат – серқирра адиб Одил Ёқубовнинг ёзувчилик фаолияти билан бирга оддий инсон қиёфаси эди. Албатта, катта адабиёт ўз-ўзидан пайдо бўлмайди.Унинг ортида бедор тунлар, қалб изтироби, жамият ва инсон тақдири ҳақидаги оғриқли ўйлар, баъзан эса бутун бир даврга қарши туришга мажбур қиладиган виждон амри бор.

1989 йил 16 июнь. Москва.

Ўша кунни эсламасдан, ёзувчи Одил Ёқубов шахсияти ҳақида тўлиқ атрофлича гапириш қийин. Гап шундаки, ўшанда у Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқарувининг биринчи котиби (1987-1991) сифатида Москвадаги баланд минбардан туриб пахта яккаҳокимлиги, халқимиз ҳаётига етказган оғир зарбалари, ўзбек хотин-қизларининг эрта тонгдан кун бўйи заҳар сепилган пахта далаларидаги қора меҳнатининг мудҳиш оқибатлари, косаси бир умрга оқармаётган халқнинг инқирози, аянчли изтироби ҳақида очиқ-ойдин гапирди. Маъруза сўнгида республикани пахта зуғумидан қутқариш фавқулодда комиссиясини тузишни талаб қилди. Бу шунчаки баланд минбардан туриб айтилган сиёсий баёнот эмасди. Бу — халқ дардини юракдан ўтказган адибнинг жасорати, ҳашаматли бино залини титратган пахта сиёсатига қарши кескин овози эди. Ўша қаттол даврда ҳақиқатни очиқ айтиш осон эмасди. Айниқса, юқоридан белгиланган қолиплар, қўрқув ва тенгсизлик ҳукм сурган бир шароитда. Ёзувчи мушоҳадасининг дадиллиги ва журъати ҳар кимга ҳам хуш келавермаслиги бугунги кунда ҳаммага аён. Аммо миллат дардида ёнган ижодкор Одил Ёқубов сукутни эмас, ошкора ҳақиқатни танлади. У халқнинг моддий ва маънавий аянчли аҳволидан қайғурди. Миллат қайғуси, оддий одамнинг оғриғини ўзининг шахсий дарди деб биларди.

Биламизки, етук адиб учун қалам ижодий иш қуроли эмас, балки виждон олдидаги масъулият ҳамдир. Шу боис қаҳрамонимизнинг ҳар бир асарида инсон тақдирига дахлдор бир савол бор: виждонимиз олдида қандай яшаяпмиз? Ҳақиқат қаршисида ўзимизни қандай тутяпмиз? Бу саволлар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмай, долзарблигича турибди. Ёзувчи ва публицист Одил Ёқубовнинг машаққатли ижодий йўлига назар ташлар эканмиз, “Диёнат” сўзи хаёлимда қайта-қайта жаранглайверади. Диёнат — инсоннинг ўзлиги, ҳақиқатдан чекинмаслик, халқ дардини ўз дардингдек ҳис қилиш. Адиб бутун ижоди билан бир умр ана шу пок туйғуни ҳимоя қилди. Шунинг учун ҳам унинг қаҳрамонлари оддий адабий образ бўлиб қолмади. Улар ўқувчини ўзи билан суҳбатлашишга мажбур этади. Китобни ёпганингиздан кейин ҳам уларнинг тақдири, танлови хаёлингизда яшайверади. Аслида, ҳақиқий адабиётнинг ҳар қандай китобхон қалбини уйғотадиган эзгуликка етакловчи бадиий кучи ҳам шунда.

Кези келганда шуни айтиш жоизки, жорий йилда миллий адабиётимизнинг ёрқин юлдузи Одил Ёқубов таваллудига 100 йил тўлди. Шу боис Давлатимиз раҳбарининг қарори билан юртимизда адибнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, асарларини кенг тарғиб этиш, унинг бой адабий меросини ёш авлодга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Бу — бир адиб юбилейини нишонлашдан кўра кенгроқ маъно-мазмун касб этади. Сўз санъаткори Одил Ёқубов мероси — бир давр адабиётининг тарихигина эмас. Унда халқнинг кечмиши, инсоннинг руҳий олами, адолат ва ҳақиқатга интилиш, миллий ўзлик ва маънавий масъулият масалалари мужассам. Шу маънода адибнинг асарлари яна қўлма-қўл ўқилаётгани, янги авлод китобхони унинг қаҳрамонлари билан қайта танишаётгани бежиз эмас. Чунки оний вақт лаҳзалари ҳақиқий сўзнинг қадрини камайтирмайди. Аксинча, уни тоблайди, келгуси авлод йўлини нурдай ёритиб, мудроқ қалбларни уйғотади.

Хонадондан чиқиш олдидан яна бир бор атрофга назар ташладим. Сирли сукунат. Ҳовлидаги ранг-баранг гуллар таровати кўнгилга завқ бағишлайди… Шунда бир ҳақиқатни чин дилдан ҳис қилдим: инсон бу дунёдан кетади, аммо унинг эзгу амали, халққа қилган хизмати, маънавий олами яшайверади.

Дарҳақиқат, ўзбек халқининг юрагидан чуқур жой эгаллаган Ўзбекистон халқ ёзувчиси ва жамоат арбоби Одил Ёқубов бугун орамизда йўқ. Аммо адибнинг ҳақ сўзи, бадиий асари, курашчан қаҳрамонлари барҳаёт.

Султонбой ДЕҲҚОНОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 + fourteen =