Салбий пиар машҳурликнинг осон йўлими?

Бугун интернет ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Биргина телефон орқали янгиликларни ўқиймиз, дўстларимиз билан мулоқот қиламиз, мусиқа тинглаймиз ва турли видеоларни томоша қиламиз. Айниқса, “Instagram”, “TikTok”, “Facebook”, “YouTube” ҳамда “Telegram”нинг турли гуруҳ ва каналларида ҳар куни миллионлаб видеолар, турфа контентлар пайдо бўлмоқда. Шу ўринда бир саволни ўзимизга жиддийроқ берадиган вақт келди: биз аслида нимани ва нима учун томоша қиляпмиз?

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда одамларни ҳайратга солиш, жиркантириш ёки ғазаблантириш орқали эътибор қозонишга уринаётган контентлар кўпайиб бораётганини кўриш мумкин. Шулардан бири — овқатланиш жараёнини камерага олиб, уни атайлаб, томошабинга ноқулай ва хунук тарзда намойиш этишдир.

Аслида, камера қаршисида овқатланиш янги ҳодиса эмас. Дунёда бундай контентнинг “мукбанг” деб аталадиган тури бор. Унда инсон камера олдида таомланади ва аудитория билан мулоқот қилади. Бу жанр Жанубий Кореяда пайдо бўлиб, кейинчалик дунёнинг бошқа мамлакатларига ҳам тарқалган.

Бироқ айрим контент яратувчилар оддий овқатланишни эмас, балки айнан шок эффектини берувчи ҳолатларни намойиш этишга интилишмоқда. Мўл-кўл овқат ейиш, таомни ҳаддан ташқари катта миқдорда кўрсатиш, одамда нохуш ҳис уйғотадиган овоз ва ҳаракатларни атайлаб бўрттириш — буларнинг барчаси кўпроқ кўришлар сони ва изоҳ йиғиш воситасига айланмоқда. Натижада одамлар видеони ёқтиргани учун эмас, аксинча, ундан норози бўлгани ва жиркангани учун ҳам томоша қилишади.

Энди бир мулоҳаза қилайлик. Миллий анъаналаримизда овқатланишнинг ўзига хос одоби ва маданияти бор. Ота-оналаримиз ёшлигимиздан таомланиш одобини, овқатга ҳурмат билан муносабатда бўлишни ўргатишган. Масалан, ош — паловни кафтга кам-камдан олиб, маданият билан тановул қилиш уқтирилган. Кейинчалик қошиқда овқатланишга ўргандик. Аммо бугун-чи? Айрим кимсалар бу жараённи бошқача кўрсатиб, овқатни қўлида мижиғлаб, жуда хунук манзарада таомланаётганини видеога олмоқда. Уни бошқаларга кўрсатиб, шу орқали кўришлар сонини оширишга уринаётганлар тобора кўпаймоқда. Уларни кўриб, ҳар қандай одамнинг кўнгли айниши табиий. Бу каби видеоларни турли ёшдаги йигитлар, ҳатто аёл ва қизлар суратга олаётгани жуда ачинарлидир. Арзон пиар учун видео олиб, ўзини шарманда қилаётган бундай инсонларга нима дейиш мумкин? Ушбу видеолар остига, асосан, негатив изоҳлар, нафратга тўла сўзлар ёзилади. Аммо кўришлар сони камайиш ўрнига, ёмғирдан кейинги қўзиқориндек тобора кўпайиб бормоқда.

Бу каби видеоларни нафақат юртимиздаги томошабинлар, балки чет эллик фойдаланувчилар ҳам кузатади. Бу ҳолат уларнинг миллий таомларимиз — ош, манти ва бошқа лаззатли таомларимизга бўлган муносабатини ўзгартирмайдими? Таом-ку майли, ўша овқатни бундай тарзда истеъмол қилаётган инсонларга ва халқимизга нисбатан қандай фикр уйғонади? Миллий қадриятларимизни асраб-авайлашга уринаётган бир пайтимизда, баъзиларнинг бундай хатти-ҳаракатлари билан қадриятларимиз обрўсига путур етказаётгани ачинарлидир. “Интернетга чиқаман, пиар видео олиб машҳур бўламан, “Instagram” ва “YouTube”да обуначиларим сонини ошириб, юқори даромад топаман” деган калтабинлик билан видео олиш, фақат ўз манфаатини ўйлаш асло тўғри эмас.

Биз бугун нотўғри овқатланиш, жирканч кўринишдаги таомланиш ва бунинг оқибатидаги уятли ҳолатлар ҳақида сўз юритдик. Аслида, бу каби салбий ёндашув бошқа мавзуларда ҳам кўпаяётганини таъкидлаш керак. Масалан, кийиниш одобига риоя қилмаслик, турли хунук қилиқлар кўрсатиш орқали урф-одатларимизни масхара қилаётган кимсалар ижтимоий тармоқларда кун сайин кўпаймоқда.

Ижтимоий тармоқларда кўришлар сонининг кўплиги инсоннинг ижодкор, ибратли ёки жамият учун фойдали эканини англатмайди. Миллионлаб кўришлар баъзан шунчаки миллионлаб инсонларнинг қизиқувчанлиги маҳсулидир. Шунинг учун бугун интернет фойдаланувчиси сифатида ҳар биримиз масъулиятни ҳис қилишимиз керак. Ҳар бир видеони томоша қилишдан олдин “Бу менга нима беради?” деб савол берайлик. Ёқмаган ёки бемаъни контентни улашишдан аввал эса “Мен уни танқид қиляпманми ёки беихтиёр реклама қиляпманми?” деб ўзимизни сўроққа тутайлик. Экран қаршисидаги танловимизга бефарқ бўлмайлик.

Фотима МАНСУРОВА.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + 15 =