Вақтлараро саёҳат маскани

Вақт бўйлаб саёҳат қилиш фақат фантастик роман ёки киноларда бўлмайди. Бунинг учун Америка ёки Япониянинг илмий марказларига бориш ҳам шарт эмас. Хўш, унда нима қилиш керак? Энг қулай йўли — пойтахтимиздаги Ўзбекистон тарихи давлат музейига ташриф буюришдир. Икки йиллик мукаммал таъмирдан сўнг яна халқимиз ва юртимиз меҳмонлари учун ўз муҳташам эшикларини очган ушбу маърифат масканига йўл олдим.

Очилиш маросимининг санаси тасодифан танланмаган. Жорий йил ушбу даргоҳга “Туркистон халқ музейи” номи билан асос солинганига 150 йил тўлди. 55 йиллик бинонинг муҳандислик тизимлари, коммуникация ва электр тармоқлари, ҳатто трансформаторларигача бутунлай эскириб қолгани боис, дастлаб бир йилга мўлжалланган таъмирлаш ишлари икки йилга узайтирилган эди.

Мозийгоҳга илк қадам қўйишим билан қаршимда пайдо бўлган полотно мени ҳайратда қолдирди. Беихтиёр хаёлимга оташин шоир, бахт ва шодлик куйчиси Ҳамид Олимжоннинг ушбу сатрлари келди:

Чиройлидир гўё ёш келин,

Икки дарё ювар кокилин.

Қорли тоғлар турар бошида,

Гул водийлар яшнар қошида.

Чор атрофга ёйганда гилам,

Асло йўқдир бундайин кўклам.

Икки ёнимда эса турли даврларга мансуб устунлар тикланган. уларнинг ёнидан ўтар эканман: “Буюк боболаримдек тетик, шахдам ва виқор билан одимлаяпманми?” — деб ўйлаб қолдим.

Музей заллари бўйлаб юрар эканман, экспозициялар мени динозаврлар давридан бошлаб бугунги кунимизгача бўлган узоқ ва бой тарих йўлидан олиб ўтди. Юртимиз ҳудуди цивилизациянинг энг қадимги ўчоқларидан бири бўлганини, Ер тарихи давомида шунчалик кўп салтанатлару улкан ўзгаришларни бошидан кечирганини бир неча соатлик саёҳат давомида ҳис қилиш одамни ҳайратга солар экан. Ҳар бир залда ўзимни худди вақтлараро саёҳатчидек ҳис этдим; гўё ҳар бир даврга бағишланган хона бир бекат, мен эса шу бекатларни бирма-бир босиб ўтаётган йўловчи эдим. У ерда илгари фақат мактаб дарсликларида кўрган хариталар, қурол-аслаҳалар ва турли кулолчилик буюмлари намуналарини ўз кўзим билан кўриб, чексиз завқ олдим. Бундай ҳиссиётни на фантастик асарлар ва на ахборот технологиялари визуализацияси бера олади.

Маълум қилинишича, бугунги кунда музей жамғармасида 350 мингдан ортиқ экспонат сақланмоқда. Улар орасида 70 мингдан зиёд археологик топилмалар, 100 мингдан ортиқ нумизматика намуналари, қадимий қўлёзмалар ва этнографик материаллар мавжуд. Янги экспозицияни лойиҳалаштириш ишларига Туркиянинг “Авдор” компанияси жалб қилинган бўлиб, натижада замонавий воситалар орқали ўзбек давлатчилигининг шаклланиш тарихи, халқимизнинг бой анъаналари ва маданияти янада жонли ҳамда таъсирчан тарзда гавдалантирилган.

Саёҳатим давомида мени энг кўп ҳайратлантирган ва узоқроқ тўхталишимга сабаб бўлган бўлимлардан бири Соҳибқирон Амир Темурга бағишланган зал бўлди. Сўнг мени Мирзо Улуғбек фаолиятига бағишланган бўлим кутиб олди. Бу ерда унинг юлдузли осмон тадқиқотлари, Самарқанддаги расадхонаси ва аниқ астрономик ҳисоб-китоблари ҳақида ҳикоя қилувчи экспонатлар қаторида, ташриф буюрувчилар бевосита ўз қўллари билан синаб кўришлари мумкин бўлган қизиқарли интерактив қурилма ҳам ўрнатилган экан.

Бу доира шаклидаги, календарь-ҳисоблагичга ўхшаш асбоб бўлиб, унда йиллар 2020 дан 2070 гача, ойлар ва кунлар айлана шаклида жойлаштирилган. Унда тегишли тешикчаларга ишора қилиш орқали исталган сананинг ҳафта кунини аниқлаш мумкин. Ушбу қурилмани томоша қилар эканман, бундан беш аср аввал — телескоп ва компьютерлар бўлмаган бир даврда, фақат юксак ақл-заковат ва сабр-тоқат билан осмон жисмларининг ҳаракатини бунчалик аниқликда ҳисоблаб чиққан донишманд бобомизнинг закийлигига яна бир бор тан бердим.

Экспозиция бўйлаб юришда давом этиб, Иккинчи жаҳон уруши даврига бағишланган хонага кирдим. Бу ердаги экспонатлар ва суратларни томоша қилар эканман, кўз олдимдан уруш ҳақидаги фильмлар, ўқ овозлари ва оналарнинг дод-фарёди ўтгандек бўлди. Ушбу хонада туриб, тинчлик деган тушунчанинг нақадар қимматга тушганини, бугунги осойишта ҳаётимиз ортида қанчадан-қанча инсонларнинг фожиаси ётганини яна бир бор чуқур ҳис этдим.

Саёҳатимнинг энг сўнгги нуқтаси эса мени бутунлай бошқача бир оламга олиб кирди. Тўрт девори ва ҳатто шифтининг ярмигача экранлар билан қопланган хона… Бу ерда ўтмиш ва келажак бир нуқтада туташгандек эди. Атрофимдаги барча мониторларда тарих саҳифалари ва келажак тасвирлари ёнма-ён жонланарди. Очиғи, бу бўлим саёҳатнинг ниҳояси эмас, балки янгича англашнинг бошланишидек туйилди.

Афсуски, вақтим чеклангани боис музейда узоқ қололмадим. Қачон бизда ҳам чет элликларга ўхшаб музейларни соатлаб, шошмасдан томоша қилиш кўникмаси шаклланар экан-а?

Ташқарига чиқсам, хорижлик сайёҳлар ўзбек эканимни билиб, бирга суратга тушишга таклиф қилишди. Ажаб эмас, кейинчалик халқаро сайтлардаги саёҳатномалар орасида суратларим чиқиб қолса…

Музейни тарк этар эканман, ўтмишни билиш шунчаки қизиқиш эмас, балки келажакни қуришнинг зарурий шартидир, деган ҳақиқатни англаб етдим. Ўзбекистон тарихи давлат музейи нафақат ўтмиш хазинаси, балки ҳар бир ташриф буюрувчини ўз даври ва масъулияти ҳақида ўйлашга ундовчи кўзгу ҳам экан. Тарих — бу фақат китобларда ўқиладиган сана ва воқеалар рўйхати эмас, балки ҳар биримиз ҳар куни ёзиб бораётган ва ҳали якунланмаган ягона ҳикоядир. Мен ҳам келажак авлодга муносиб мерос қолдириш ҳақидаги хаёллар ва эзгу ниятлар билан ўқишим томон йўл олдим.

Ҳусниддин МУҲАММАД МУРОД,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 3-босқич талабаси.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 + 16 =