НОБЕЛЬ МУКОФОТИ: ШОН-ШАРАФ, ЭЪТИРОФ ВА… УНИ РАД ЭТГАНЛАР

Инсоният цивилизацияси, фан ва маданиятига бебаҳо ҳисса қўшган энг муносиб вакилларга 2026 йилги Нобель мукофотининг барча лауреатлари эълон қилиб бўлинди.

Бу мукофотнинг тарихи 1895 йилга бориб тақалади. Швед ихтирочиси ва саноатчиси Альфред Нобель ўз васиятида қарийб бутун бойлигини инсониятга энг катта наф келтирган шахсларни тақдирлаш учун махсус жамғармага қолдирди. Пул мукофоти, олтин медаль ва дипломни ўз ичига олган ушбу нуфузли мукофот илк бор 1901 йилда топширилган. Ғолиблар исми октябрь ойида эълон қилинса-да, тантанали топшириш маросими Альфред Нобель вафот этган 10 декабрь куни Стокгольм ва Осло шаҳарларида ўтади.

Аксарият олимлар, ёзувчилар ва жамоат арбоблари учун Нобель мукофотига сазовор бўлиш фаолиятининг энг юқори чўққиси ва жаҳон миқёсидаги эътироф ҳисобланади. Аммо мукофотнинг юз йилдан ортиқ тарихида шундай фавқулодда ҳолатлар ҳам юз берганки, айрим лауреатлар ушбу олий эътирофдан ва унга қўшиб бериладиган катта миқдордаги маблағдан воз кечишган.

Хўш, инсониятнинг энг нуфузли мукофотини олишни кимлар ва нима сабабдан рад этган?

Ўз хоҳиши билан тўлиқ воз кечиш

Нобель мукофоти тарихида лауреатларнинг ўз хоҳиши билан ёки ҳукуматлар босими остида ушбу мукофотни олишни рад этган ҳолатлари бор.

Жан-Поль Сартрнинг (Франция) принципиал равишда ҳар қандай расмий мукофот ва унвонлардан воз кечиш одати бўлган. 1964 йилда адабиёт бўйича мукофотга сазоворлиги эълон қилингач, тарихда биринчилардан бўлиб бу мукофотни қабул қилиб олишдан воз кечади. Адиб ўзини “институт”га айлантириб қўйишга йўл қўймаслиги кераклигини, мукофотни қабул қилиш эса уни Нобель қўмитаси билан боғлаб қўйиб, эркинлигига путур етказишини таъкидлаган.

Франция ва Европада бу воқеа қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлади. Зиёлилар ва сўл аъзолар Сартрнинг бу қадамини ўз принципларига содиқлик, эркинлик ва аксилбуржуазия позициясининг намойиши деб ҳисоблаб, уни қўллаб-қувватлайдилар.

Аксарият ОАВ ва танқидчилар унинг бу ҳаракатини такаббурлик ва атайлаб қилинган театрлаштирилган намойиш деб баҳолайди. Нобель қўмитаси муносабатларга афсус билдириб, мукофот бериш ҳақидаги қарори ўзгартирилмаслигини маълум қилади.

1973 йилда Вьетнамда ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги Париж битими имзолагани учун АҚШ Давлат котиби Генри Киссинжер билан бирга Тинчлик мукофотига Ле Дик Тхо (ҳақиқий исми-шарифи — Фан Динь Тхо, 1911-1990, Вьетнам) номи эълон қилинади.

Вьетнамнинг йирик давлат ва сиёсий арбоби, Компартия асосчиси ва етакчиларидан бири бўлган дипломат мамлакати заминида ҳануз тинчлик қарор топмагани, АҚШ қўшинлари ва унинг иттифоқчилари битим шартларини бузишда давом этаётганини айтиб, мукофотдан воз кечади.

Осиё мамлакатларида ва урушга қарши ҳаракатлар орасида унинг бу қарорини тўғри англаб, унга ҳурмат кўрсатилади. АҚШ ва Жанубий Вьетнам режими томонидан тинчлик битимига риоя қилинмаётгани ҳақидаги важи фронтдаги реал вазиятни акс эттирган эди.

Ҳукуматлар босими остида воз кечиш

Лауреатлар ўз мамлакатларидаги сиёсий режим сабабли мукофотни рад этишга мажбур бўлишгани тўғрисида мисоллар бор. 1958 йилда Адабиёт бўйича мукофотга Борис Пастернак (СССР) лойиқ кўрилади.

Мукофот хорижда чоп этилган “Доктор Живаго” романи учун берилади. У аввалига мукофотни қабул қилади. Совет Иттифоқида ёзувчига қарши кенг кўламли таъқиб ва таҳқирлаш кампаниясидан кейин уни рад этишга мажбур бўлади.

Шафқатсиз танқидий мақолалардан сўнг Ёзувчилар уюшмасидан ҳайдалади, мамлакатдан бадарға қилиниш ҳамда фуқароликдан маҳрум этилиш билан таҳдид қилинади. Жуда катта руҳий босим ўтказилади.

Ғарбда эса Пастернакнинг босим остида воз кечиши норозилик тўлқинини ва муаллифга нисбатан ҳамдардликни келтириб чиқаради. Бу воқеа совуқ уруш даврининг энг йирик маданий-сиёсий жанжалларидан бирига айланади.

1989 йилда ўғли Евгений медаль ва дипломни қабул қилиб олади.

1935 йилда Нобель тинчлик мукофоти нацистларнинг концлагерида бўлган немис пацифисти ва аксилфашисти Карл фон Осецкийга насиб этади. Шундан кейин Адольф Гитлер Германиянинг барча фуқароларига Нобель мукофотларини қабул қилишни тақиқлаб қўяди.

Кимё бўйича мукофотга лойиқ кўрилган германиялик Рихард Кун (1938), Адольф Бутенандт (1939) ҳамда Физиология ва тиббиёт бўйича мукофот лауреати Герхард Домагк (1939) ҳам расмий равишда ташкилий қўмиталарга мукофотлардан воз кечиш хатини юборишга мажбур бўлишади.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг 1947-1949 йилларда уларнинг барчасига олтин медаль ва диплом топширилади, аммо муддат ўтгани сабабли мукофот пулини олишолмайди.

Учинчи рейхнинг сиёсий матбуоти Гитлернинг тақиқи ва олимларнинг мажбурий воз кечишини Нобель қўмитасининг “аксилнацист ва яҳудий таъсири”дан “немис ғурурини ҳимоя қилиш” сифатида талқин этади.

Халқаро илмий ҳамжамият олимларнинг мукофотдан воз кечишларини Гестапо томонидан бўладиган тўғридан-тўғри қатағон ва ҳибсга олиш хавфи остида қолишдан ҳимоя эканини жуда яхши тушунишларини эътироф этиб, тадқиқотчиларнинг илмий дунёдаги обрў-эътиборига ҳеч қандай путур етмаганини маълум қилади.

Дональд Трамп ва Нобель мукофоти

АҚШ президенти Дональд Трамп ўзининг дипломатик ҳаракатлари учун Нобель тинчлик мукофотига лойиқлигини бир неча бор таъкидлаган эди. 2026 йилда ҳам бундан бенасиб қолди. “Мен саккизта урушни тўхтатдим, мукофот эса ҳеч ким танимаган одамга берилди”.

Оқ уй соҳиби, хусусан, “Иброҳим келишувлари”нинг имзоланиши (Исроилнинг бир қатор араб мамлакатлари — БАА, Баҳрайн, Судан, Марокаш билан муносабатларини нормаллаштириш), Ким Чен Ин билан олиб борилган музокаралар, минтақавий можароларни ҳал қилишдаги фаоллиги ва дипломатик босим орқали урушларни тўхтатиш қобилияти ҳақидаги баёнотлари ва бошқа “хизмат”лари ҳақида жар солишдан тоймайди.

Трамп 2009 йилда Барак Обама лавозимга киришганидан бор-йўғи тўққиз ой ўтиб, тинчлик мукофотига сазовор бўлганини ғайирлик билан кўп эслаб, бу мукофотни “ҳеч нарса учун” олганини таъкидлашдан тинмайди.

Ростдан ҳам унинг номзоди Тинчлик мукофоти учун кўрсатилган. Бу дегани Нобель қўмитасининг маъқуллашини англатмайди. Дунё бўйлаб минглаб одамлар: парламент депутатлари ва университет профессорларидан тортиб, давлат раҳбарларигача ариза топшириш ҳуқуқига эга.

Трамп мукофот унга фақат сиёсий сабабларга кўра берилмаяпти, деб яна хафа бўлади. Унинг фикрича, қўмита холис эмас ва фақат “сўл-либерал истеблишмент”га хайрихоҳлик қилади.

Нима учун Нобель қўмитаси унга мукофот беришга шошилмаяпти? Етакчи экспертлар ва халқаро таҳлилчилар бир қанча омилларни ажратиб кўрсатишади. Танқидчилар Трампнинг битимлари узоқ муддатли халқаро институтларга эмас, балки кўпинча шахсияти билан боғлиқ ва қисқа муддатли келишувларга таянишини таъкидлайдилар.

Унинг биринчи президентлик даврида асосий халқаро битимлар — Иқлим бўйича Париж битими, Эрон бўйича ядровий келишувдан чиқиши Нобелнинг глобал ҳамкорлик ва қуролсизланиш ҳақидаги ғояларига зид келгани айтилади.

АҚШ президентлари ва Нобель тинчлик мукофоти

Бутун тарих давомида Нобель тинчлик мукофоти АҚШнинг тўрт нафар президентига насиб қилган. Улардан уч нафари лавозимда ўтирган вақтида, бири эса лавозимдан айрилгач тақдирланган.

Президент Теодор Рузвельт 1904-1905 йиллардаги рус-япон урушига чек қўйган Портсмут тинчлик шартномасини (1906) тузишда воситачилиги учун тақдирланган. Рузвельт Нобель тинчлик мукофотини олган биринчи америкалик эди.

Вудро Вильсон (1919) президентлик даврида Миллатлар Лигаси — БМТнинг ўтмишдошини ташкил этишга қўшган ҳал қилувчи ҳиссаси ва Биринчи жаҳон уруши тугаганидан кейин тинчлик тартибини ўрнатишдаги ҳаракатлари учун Нобель мукофотига муносиб кўрилган.

Жимми Картер президентлик муддатидан сўнг 21 йил ўтгач, 2002 йилда халқаро можароларни тинч йўл билан ҳал қилиш, демократияни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ўзи асос солган “Картер маркази” орқали ривожланиш йўлидаги ўн йиллик ҳаракатлари учун мукофотланган.

1978 йилда президент бўлиб турган пайтида у Миср ва Исроил ўртасидаги тарихий Кэмп-Дэвид келишувларида воситачилик қилган бўлса-да, мукофот ўшанда Анвар Садат ва Менахем Бегинга берилади.

Барак Обама президентлик фаолиятини давом эттирар экан, “халқаро дипломатия ва халқлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги фавқулодда ҳаракатлари”, шунингдек, ядро қуролидан холи дунё ғоясини илгари сургани учун 2009 йилда юксак мукофотга лойиқ кўрилади.

Нобель мукофотига сазовор бўлганлар орасида АҚШ вице-президенти Альберт Горга 2007 йилда Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳи билан биргаликда глобал исиш ҳақидаги билимларни тадқиқ қилиш ва тарқатиш бўйича қилган меҳнатлари учун берилган.

Замонавий дунёда  аҳвол қандай?

Бугун дунёда авторитар тенденцияларнинг ортиши кузатилмоқда. Нобель тинчлик ёки адабиёт мукофоти диссидентлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ёки мухолифатчиларга берилганда, авторитар режимлар бунга худди СССР ёки нацистлар Германияси каби муносабат билдирмоқда.

Хитойлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Лю Сяобо қамоқда бўлган пайтида Тинчлик мукофоти (2010) билан тақдирланади. Пекин Нобель қўмитасига жуда катта босим ўтказиб, миллий ОАВда бу мавзунинг ёритилишини тўхтатиб қўяди, лауреатнинг қариндошларига эса мамлакатдан чиқиб кетиш тақиқи қўйилади. Ослодаги тақдирлаш маросимида унинг курсиси бўш қолади.

Замонавий лауреат, агар халқаро институтлар реал ҳарбий можарони тўхтатишга қодир эмас деб ҳисобласа ёки Нобель қўмитаси жамиятни парчалайдиган қарорлар қабул қилаётган бўлса, норозилик белгиси сифатида Тинчлик мукофотидан воз кечиши мумкин.

XX аср ўрталаридан фарқли ўлароқ, Нобель қўмиталари ўз қоидаларини мослаштириб олганлар. Лауреат рад этишини маълум қилса ҳам, Нобель қўмитаси уни барибир мукофотнинг расмий эгаси деб ҳисоблайди. Қарор қайта кўриб чиқилмайди.

Агар лауреат медаль ва дипломни олиш учун маросимга кела олмаса ёки хоҳламаса, улар лауреатнинг ўзи ёки унинг қонуний вакиллари олиб кетгунга қадар Нобель фондида сақланади.

Шундай қилиб, Нобель мукофоти ­дунёдаги энг асосий мукофот мақомини сақлаб қолар экан ва ўткир сиёсий ҳамда инсон ҳуқуқларига оид мавзуларга тўхталар экан, ҳокимият органлари томонидан тўсқинлик қилиш уринишлари ва шов-шувли сиёсий воз кечишлар муқаррардир.

Аброр ХОН.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan