ҲИНДИСТОН ВА МАРКАЗИЙ ОСИЁ ЎРТАСИДАГИ АДАБИЙ КЎПРИК

Баъзи сафарлар фақат янги манзилларни кўриш ва янги инсонлар билан танишиш имкониятигина эмас, балки тарих, маданият, тил ва адабиётни англаш учун янгича нигоҳ ҳам бахш этади. Бундай сафарларда юз берган айрим учрашувлар йиллар ўтса-да, ўзининг самимияти ва ёқимли таассуротлари билан хотира қаърида яшайверади. Марказий Осиёга қилган сафарим ҳамда Тошкентда профессор Улфат Муҳибова билан учрашувим мен учун ана шундай унутилмас, қалбга яқин воқеалардан биридир.

2019 йилда Тошкент шарқшунослик институтида — бугунги Тошкент давлат шарқшунослик университетида — ташриф буюрган профессор сифатида фаолият юритиш имконига эга бўлдим. Ўша пайтда профессор Улфат Муҳибова кафедра мудири эди. У кишининг меҳр, самимият ва илиқ эҳтиром билан кутиб олганлари ҳамон ёдимда. Уларнинг муомаласида етук олимага хос салобат, нозиктаъб муаллимага хос камтарлик ва меҳмонга нисбатан чин дилдан иззат-икром уйғунлашган эди. Шу учрашув орқали мен у зот шахсиятининг илмий масъулият билан инсоний муносабатлардаги самимият бир-бирига гўзал тарзда туташган ёрқин қиррасини кашф этдим.

Профессор Улфат Муҳибова етмиш йиллик таваллуд айёми муносабати билан кафедра устозлари тантанали тадбир ташкил этишни ният қилганлар. Бу анжуман у кишининг илмий ва адабий хизматларига кўрсатилаётган ҳурмат ҳамда миннатдорлик ифодаси бўлади. Шу муносабат билан ёзилган ушбу дил сўзларимни ҳам уларга эзгу тилакларимнинг изҳори сифатида тақдим этаман. Шу ўринда бир жиҳатни қайд этмоқчиман: бу юртда устозлар белгиланган ёшга етиши биланоқ илм даргоҳидан чекинмайдилар; истаклари ва саломатликлари имкон берган муддатгача дарс беришда давом этишлари мумкин. Шу боис профессор Улфат Муҳибова бугун ҳам мазкур муассасада таълим фаолиятини давом эттирмоқда.

Тошкентдаги сафарим давомида ушбу илм маскани, унинг устоз ва талабалари, шунингдек, ҳиндий ва урду тилларини ўрганиш ҳамда ўқитиш анъаналари билан яқиндан танишиш бахтига муяссар бўлдим. Кузатиш ва таассуротларимни “Ўрта Шарқда Тошкент — урду ва ҳиндий тилларининг йирик маркази” номли мақоламда жамлаганман. Унда Тошкентнинг илмий муҳити, ҳиндий ва урду тилларини ўрганиш орқали Ҳиндистон билан Марказий Осиё ўртасида тобора ривожланиб бораётган адабий-маданий мулоқотни ёритишга интилганман. Шу сафар билан “Имом Бухорий юртида бир неча кун” номли саёҳатномам ҳам боғлиқ. Унда Марказий Осиё замини, унинг бой маданий мероси ва сафар чоғидаги турфа таассуротлар тасвирланган. Мазкур саёҳат менга Марказий Осиёни шунчаки географик ҳудуд эмас, балки жонли ва серқирра маданий олам сифатида идрок этиш имконини берди. Бунинг муҳим сабабларидан бири ҳам ушбу диёр билан Ҳиндистон ўртасида қадимдан мустаҳкам тарихий ва маданий ришталар мавжудлигидир.

Бугун профессор Улфат Муҳибованинг илмий фаолияти ва адабиёт йўлидаги хизматлари ҳақида қалам тебратар эканман, 2019 йилдаги ўша учрашув беихтиёр ёдимга тушади. Ўшанда кафедра мудири сифатида намоён бўлган ғайратли ва меҳрибон сиймолари, у кишининг илмий ҳаёти ҳамда адабий меросини ўрганар эканман, янада теран маъно касб этади. Ҳиндий тили ва ҳинд адабиётига муҳаббатлари фақат дарс бериш билан чегараланмаган. Улар илмий изланишлар, ижодий фаолият, дарсликлар яратиш ва таржима орқали Ҳиндистон билан Марказий Осиё ўртасидаги адабий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшганлар.

Олимнинг қадр-қимматини фақат чоп этилган китоблари, илмий мақолалари ёки эгаллаган лавозимлари билангина ўлчаб бўлмайди. Унинг фаолияти ортидаги кенг маданий замин, турли тиллар ва жамиятлар ўртасида алоқа ҳамда мулоқот ўрнатишдаги ўрни ҳам шунчалик муҳимдир. Шу нуқтаи назардан профессор Улфат Муҳибованинг узоқ йиллик илмий йўли алоҳида эътиборга лойиқ. Улар ҳиндий тили ва ҳинд адабиётини ўқитишни шунчаки тирикчилик манбаи деб билмай, уни юксак маданий масъулият сифатида қабул қилганлар.

Профессор Улфат Муҳибованинг илмий ҳаёти ҳиндий тили ва ҳинд адабиётига узоқ йиллар давомида садоқат билан хизмат қилишнинг ёрқин намунасидир. У кишининг хизматлари, бир томондан, Марказий Осиёда ҳиндий тилини ўрганиш анъаналарининг давомийлигини таъминлагани, иккинчи томондан эса, ҳинд адабий меросини Ўзбекистон китобхонлари ва талабаларига етказишга изчил интилганида намоён бўлади. Фаолиятлари тил ўқитиш, адабиётшунослик тадқиқотлари, таржима ва ўқув қўлланмалари яратиш каби кўплаб соҳаларни қамраб олади.

Уларнинг илмий йўлини тушунишда шуни унутмаслик керакки, чет тилини ўқитиш фақат грамматика, сўз бойлиги ва нутқ малакаларини шакллантириш билангина чекланмайди. Тил орқали талаба ўша тилда сўзлашувчи жамиятнинг туйғулари, тарихий тажрибаси, маданий қадриятлари ва адабий анъаналари билан ҳам танишади. Профессор Улфат устознинг хизматларини айнан мана шу кенг маънавий уфқ доирасида баҳолаш лозим.

Тошкентда ҳиндий тилини ўқитиш ва оммалаштириш борасида профессор Улфат Муҳибованинг ўрни эътиборга молик. Улар таълим бериш билан бирга муассаса зиммасидаги вазифаларни адо этиб, ҳиндий тили ва адабиётини ўрганиш учун қулай илмий муҳит яратишга ҳисса қўшганлар. Кафедра мудири сифатидаги фаолиятлари фақат маъмурий юмушлардан иборат эмас эди; илмий тадбирларни ташкил қилиш, талабаларга йўл-йўриқ кўрсатиш ва ҳинд адабиётини ўрганишни рағбатлантириш ҳам бу вазифаларнинг ажралмас қисми бўлган.

2019 йилда у киши билан бўлган мулоқотим менга бир ҳақиқатни шахсан ҳис эттирди: таълим муассасаларининг асл қудрати устозларнинг жиддияти, ўзаро ҳамкорлиги ва илмга беғараз фидойилигида мужассам. Шу жиҳатдан уларнинг инсоний фазилатлари илмий хизматларини англаш учун ҳам муҳим мезон бўлиб хизмат қилади.

Профессор Улфат Муҳибованинг адабий қизиқишларидаги ўзига хос жиҳатлардан бири ҳинд адабиёти, айниқса, бҳакти анъанаси ва Браж адабиётига бўлган эътиборидир. Ҳинд адабиётининг бу анъаналари фақат диний кечинма ва туйғулар ифодаси эмас; уларда халқ тилларининг тараққиёти, ижтимоий онг, инсоний ҳис-туйғулар ва маданий уйғунликнинг турли қирралари ҳам мужассам. Уларни ўрганиш Марказий Осиё талабалари ва тадқиқотчиларига ҳинд жамияти ҳамда унинг адабий меросини чуқурроқ англаш имконини беради.

Бҳакти адабиётининг шеърий анъаналарини тадқиқ этиш ҳинд адабиётининг тил соддалиги, туйғулар теранлиги ва умуминсоний дунёқараш алоҳида қадрланадиган жиҳатларини очиб беради. Профессор Улфат Муҳибованинг бу соҳага қизиқишлари ҳинд адабиётини ўрганишни Ҳиндистоннинг кенг маданий манзараси билан боғлайди.

Ҳиндистон ва Марказий Осиё муносабатлари тарихи кўп қирралидир. Савдо-сотиқ, сафарлар, дин, фалсафа, тасвирий санъат, мусиқа ва адабиёт икки минтақа ўртасида узлуксиз алоқалар ҳамда фикр алмашинувига замин яратган. Бу ришталарнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунишда тиллар ҳамда адабий анъаналарни ўрганиш алоҳида ўрин тутади.

Маълумки, тилнинг халқаро миқёсда ёйилишида таржима ва ўқув адабиётларининг аҳамияти ниҳоятда катта. Таржима туфайли адабий асар бир тил китобхонлари доирасидан чиқиб, бошқа тил ва маданият вакилларининг қалбига йўл топади. Дарслик ва луғатлар эса тил ўрганувчиларга зарур таянч яратиб, таълим жараёнини янада изчил ва самарали қилади.

Заҳматкаш устознинг нашр этилган асарлари орасида монографиялар, дарсликлар, луғатлар, таржималар ва илмий мақолалар мавжуд. Илмий фаолиятларидаги бу ранг-баранглик хизматлари биргина йўналиш билан чегараланмаганини кўрсатади. Улар ҳиндий тилини ўрганиш ва ўқитиш, адабий тафаккурни ривожлантириш ҳамда ҳинд адабиётини кенг китобхонлар оммасига етказиш учун турли воситалардан фойдаланганлар. Тадқиқотларининг аҳамияти шундаки, улар ҳиндий тили ва ҳинд адабиёти тадқиқини Марказий Осиё илмий муҳити билан боғлайди. Шу тариқа уларнинг илмий асарлари ва таржималари тилшунослик изланишлари билан бир қаторда маданиятлараро мулоқот воситасига ҳам айланади.

Профессор Улфат Муҳибованинг шахсияти ва илмий меросини Ҳиндистон билан Марказий Осиё ўртасидаги адабий ҳамда маданий муносабатларнинг муҳим боғловчи ҳалқаси сифатида баҳолаш мумкин. Ҳиндий тилига узоқ йиллик садоқати, ҳинд адабиётига теран қизиқишлари, илмий ва ижодий фаолиятдаги серғайратликлари, таржима соҳасидаги хизматлари у кишини нуфузли олима сифатида танитди. Бу хизматлари учун улар миллий ва халқаро миқёсда эътироф этилиб, муносиб тақдирланган. Профессор Улфат Муҳибова ҳиндий тили муаллимаси ва тадқиқотчисигина эмас, балки Ҳиндистон билан Марказий Осиё ўртасидаги адабий-маданий ришталарни мустаҳкамлаётган чинакам маънавий кўприк бунёдкорларидан биридир, десак, ҳақ сўзни айтган бўламиз.

Хожа Муҳаммад ИКРОМУДДИН,

Ҳинд тиллари маркази, Жавоҳарлаъл

Неру университети профессори.

Янги Деҳли

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan