“Менинг машинамни бериб юборинг” (Таниқли ўзбек адиби Одил Ёқубовнинг Шароф Рашидов ҳақидаги эсдаликларидан битиклар)

— Газетангизни кузатиб боряпман, — дедилар у киши. — Ҳар қалай шу орада бир-иккита жиддий танқидий мақола бердингиз. Дадилроқ бўлаверинг. Лозим бўлса, вазирларни ҳам танқид қилаверинг. Фақат чиқишингиз асосли бўлсин. Танқидий мақолаларни эълон қилишдан аввал яхшилаб текшириб кўринг. Катта юрт, туҳмат гаплар ҳам бўлиб туради. Ҳар бир хатни аввал текшириб, ҳақиқат қилинг.

Ўзбек насри ва публицистикасининг йирик дарғаларидан бири, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг жаҳоний шуҳратга эга асарларини ўқиганинг сари эл-юрт учун, унинг қалб жароҳатлари учун малҳам исташ, жонфидолик шунчалик бўлар эканда, деб ўйлаб қоласан киши. Улкан сўз устаси 2009 йилнинг декабрида дунёдан кўз юмган эди. Аммо вақт ўтган сари адибнинг миллий маданиятимиз ва адабиётимиз равнақига қўшган ҳиссасининг миқёси ва аҳамияти янада теранроқ касб этмоқда. Ёзувчининг фарзанди, таниқли иқтисодчи олим Искандар Ёқубов падарининг адабиёт ва санъат ҳақидаги турли йилларда ва турли матбуот нашрларида чоп этилган мақолалари, публицистик чиқишларини бир тўплам остида жамлаб, “Сўз” номи билан нашр­га тайёрлади. Уни “Шарқ” нашриёти шу йил чоп этди.

— Китобга кирган мақолалар, суҳбат ва хотиралар Одил Ёқубовнинг журналист ва адиб сифатидаги ҳамда жамоат ва давлат арбоби мавқеидаги қарийб олтмиш йиллик умрининг маҳсули бўлиб, улкан ижодкор ҳаёти ва ижод йўлларини теранроқ билиш, унинг табиатига хос хусусиятларини англаш, ижодий лабораториясига кириш ва умуман шахсиятини чуқурроқ ҳис қилиш имконини беради, — деб ёзади китоб сўзбошисида адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев.

Қуйида китобдан олинган бир мақола муштарийларимиз эътиборига ҳавола этилди. Уни ўқиганимизда нафақат буюк давлат арбоби ва ёзувчиси Шароф Рашидов шахсияти ҳақида, балки ўша даврдаги маънавий ҳаёт, Матбуот ва Сўз қадри хусусида тасаввурларимизни янада бойитади деб ўйлаймиз.

Саксонинчи йил. Агар янглишмасам, август ойининг ўрталари. Ғафур Ғулом нашриётида ишлайман. Бир кун котибамиз хонамга шоша-пиша кириб келди. Ҳаяжонда. Кўзлари хиёл бежо.

— Одил ака, — дедилар “қулт” ютиниб. — Сизни … Сизни Шароф Рашидович чақиряптилар экан. Тез етиб борар экансиз.

Мен унгача ҳам Шароф ака билан кўп учрашганман, бирга ишлашган пайтларим, узоқ-узоқ суҳбатлашган онларим ҳам бўлган. Шундай бўлса-да, республикамиз раҳбари, ҳатто собиқ Политбюро аъзолигига номзод, боз устига салобатли одам, беихтиёр сусти босар эди.

Котибамизнинг ҳаяжони менга ҳам «юқди». Эски «Волга»м бўларди, шунга ўтириб кетяпману хаёлимдан: «Нима мақсадда бунчалик шошилинч чақирдийканлар, ишқилиб, тинчлик бўлсин-да», деган фикр чиқмайди. Неча текшир-текширлардан ўтиб, ниҳоят ҳузурларига кириб бордим.

Шароф ака Ўрдадай катта хонанинг ўнг томонидаги кўк мовут билан қопланган ичакдай узун столнинг тўрида, ёнбошида ўн-ўн бешта оқ телефон, ким биландир гаплашаётган эканлар. Мени кўриб: «Келинг, ўтиринг», деган маънода ишора қилдилар.

Кўрсатган жойларига бориб ўтирдим. У пайтларда уч йил кейин рўй берадиган фожеий ҳодисалардан шабада ҳам йўқ, Шароф ака кайфи чоғ, узунчоқ хушсурат юзида битта ҳам ажин йўқ, фақат анча сийраклашиб қолган сочларига қиров қўнган, телефонда ҳам мулойим кулиб гаплашардилар. Шундай бўлса-да, «Нима сабаб бундай тўсатдан чақирдийканлар», деган савол хаёлимдан чиқмас, дилимдаги ғулу кўтарилмас эди.

Раҳматлининг бир яхши одати бор эди: у киши одатда гапни суҳбатдошининг ҳол-аҳволи, ишлари, бола-чақаси, оиласининг тинчлигини сўраб-суриштиришдан бошлар эдилар. Бу сафар ҳам суҳбат шундай бошланди-ю кўнглимдаги ғалаён тўзғиб, енгил нафас олдим.

Шароф ака савол-жавобдан кейин бирзум хаёлга толиб ўтирдилар-да:

— Бундай, укажон, — дедилар, (у киши ўзларидан ёш одамларни доим «ука», «укажон» деб чақирардилар). — Сизни муҳим бир масала билан таклиф қилдим. Ўзингиз ҳам билсангиз керак, адабиёт газетамизнинг аҳволи жуда ночор. Сони қирқ мингга ҳам етмайди. Адабиёт газетаси ҳам қирқ минг нусхада чиқадими? Мана, сиз кўп йиллар «Литературная газета»да махсус мухбир бўлиб ишладингиз. У қанча нусхада чиқади?

— Билишимча, етти, етти ярим миллион нусхада, Шароф ака, — дедим мен.

— Ана, кўрдингизми? — деди у киши бошини чайқаб. — «Литгазета» етти ярим миллион нусхада чиқса, бизнинг газетамиз лоақал бир-икки юз минг нусхада чиқиши керак-ку? Ё гапим нотўғрими, ука?

Мен гапнинг нишаби қаёққа қараб кетаётганини сездиму, сўз тополмай каловланиб қолдим.

— Хуллас калом, — дедилар Шароф ака, — биз ўйлаб-ўйлаб шу ишни сизга юклашни лозим кўрдик. Кўп йилдан буён масъул жойларда муҳаррир, бош муҳаррирлик лавозимларида ишлаб келяпсиз. Тажрибангиз бор…

Мени ваҳима босди-ю, «Мен бу ишни уддалай олармиканман?», деган маънода яна ғулдирай бошладим. Шароф ака гапимни шартта бўлдилар:

— Сиз бу гапларни қўйинг, ука, — дедилар қўлларидаги қалам билан столни тақ-тақ уриб. — Менинг маслаҳатим, шу бугуноқ газетага боринг.

Ўн кун муҳлат сизга. Ишлар билан яхшилаб танишиб чиқинг. Газета нега оқсаяпти? Уни бу қийинчиликлардан чиқариш учун қандай тадбир, қандай чоралар кўриш керак? Умуман, нималар қилсак, газетанинг савиясини кўтара оламиз? Бу масалаларни батафсил ўрганиб чиқиб, бизга таклифингизни беринг. Яхшиси, шу таклифларингизни қоғозга тушириб, олдимга келинг. Биз қўлимиздан келган ҳамма ёрдамни берамиз. Келишдикми?

Раҳматли шундай дедилар-да, «эътирозингизни қўйинг», деган маънода қўлларини узатдилар:

— Ўн кундан кейин кутаман, ука.

У маҳалда газета ҳафталикка айланган бўлиб, Асқад ака бош муҳаррир эдилар. Маълум бўлишича, у киши бошқа ишга ўтган эканлар.

Шу куниёқ собиқ Марказқўм бўлим бошлиқлари мени газета ходимлари билан таништирдилар. Иш билан танишиб, шундай хулосага келдим: кадрлар ёмон эмас. Иш тепасида яхши журналистлар, таниқли ёзувчилар. Ҳамма қусур ташкилий масалаларда. Газетанинг чиқа бошлаганига йигирма йилдан ошган бўлса-да, таҳририятда ҳукумат телефони йўқ (ҳукумат телефони, яъни «вертушка» бўлмаса, на бирор катта идора, на бирорта вазир билан гаплаша оласиз, бошқача қилиб айтганда, бирор-бир зарур масалани ҳал қила оласиз). Боз устига машинаси ҳам йўқ, Бу ҳам етмагандай, саккиз саҳифалик адабий газетанинг бир сонига бериладиган гонорар бор-йўғи саккиз юз сўм, бинобарин, бир «подвал» мақола муаллифи нари борса, 25-30 сўм қалам ҳақи олади, холос.

Идорама-идора югур-югур бошланди.

Биринчи бўлиб, қалам ҳақи масаласи ҳал бўлди. Гонорар икки баробар оширилди, яъни ҳар бир сонининг қалам ҳақи бир минг олти юз сўмга кўтарилди. Бу эса газетага келадиган мақолаларни танлаб олиш, энг муҳими, истеъдодли муаллифларни жалб этиш имкониятини беради. «Вертушка» масаласи ҳам бир ҳафтага қолмай ҳал бўлди.

Йўқ, бу ишлар ўзи бўлгани йўқ, албатта. Масалан, газетага «вертушка» ўрнатиш учун Министрлар Советининг махсус қарори чиқиши лозим экан. Анча югуришга тўғри келди. Энди фақат енгил машина муаммоси қолди.

Шароф ака ҳар ҳафта чақириб, мен қилган илтимосларим ҳал бўляптими-йўқми, сўраб-суриштирардилар.

— Гонорар масаласи нима бўлди?

— Ҳал бўлди, Шароф ака, раҳмат сизга.

— «Вертушка»ни қўйиб беришдими?

— Раҳмат, Шароф ака, қўйиб беришди.

— Машина масаласи нима бўлди?

Мен аниқ бир жавоб беролмай, ғулдурайман:

— Машина ҳам ҳал бўляпти, Шароф ака.

Аниқ жавоб беролмаслигимнинг нозик томони бор. Гап шундаки, машина масаласи ўша маҳалдаги Марказқўмнинг ишлар бошқармаси бошлиғи Турсун Умаровичга топширилган эди. У кишига ҳар куни ишимиз тушади. Шароф акага очиғини айтсам, Турсун Умарович билан орамиз бузилиб қолишидан чўчийман-у, очиқ гапиролмайман. Бу вазият бир ойча давом этди.

Ниҳоят, бир кун Шароф ака яна чақириб қолдилар.

— Газетангизни кузатиб боряпман, — дедилар у киши. — Ҳар қалай шу орада бир-иккита жиддий танқидий мақола бердингиз. Дадилроқ бўлаверинг. Лозим бўлса, вазирларни ҳам танқид қилаверинг. Фақат чиқишингиз асосли бўлсин. Танқидий мақолаларни эълон қилишдан аввал яхшилаб текшириб кўринг. Катта юрт, туҳмат гаплар ҳам бўлиб туради. Ҳар бир хатни аввал текшириб, ҳақиқат қилинг. Маълумот тагида ҳақиқат бўлса, дадил чиқараверинг… Ҳа, дарвоқе, машина масаласи нима бўлди? Ҳал қилиб беришдими?

— Ҳал бўляпти, Шароф ака.

Раҳматли сал ранги ўзгариб:

— Мен сиздан ҳал бўлдими, йўқми, деб сўраяпман. Сиз бўлса ҳадеб ланж жавоб берасиз, — дедилар-да, шартта телефон трубкасини олдилар:

— Турсун Умарович, — дедилар у киши одатдагидан кескинроқ товушда. — Ҳозир олдингизга адабиёт газетасининг бош муҳаррири тушади. Шу одамга менинг машинамни бериб юборинг.

Чамаси Турсун Умарович у кишининг гапига ё тушунмадилар, ё тушунсалар ҳам қулоқларига ишонмай: «Гапингизга тушунмадим, Шароф ака», дедилар шекилли, раҳматли бирдан ранги ўчиб:

— Нимасига тушунмайсиз? — деб сўрадилар. — Мен сизга бундан бир ой муқаддам адабиёт газетасига битта енгил машина ажратиб беринг, деб топшириқ бердим. Сиз менинг бу топшириғимни ҳануз бажармагансиз. Демак, республикада битта ҳам енгил машина йўқ, деган маъно чиқяпти. Шундоқ экан, бу кишига менинг машинамни бериб юборинг. Тамом. Вассалом. — Шароф ака азбаройи жаҳли чиққанларидан трубкани «шақ» этиб ўрнига қўйдилар-да, юзимга қарамай:

— Боринг, у кишининг олдига тушинг, — деб буюрдилар.

Ишлар бошқармасига тушсам, чоп-чоп, тўполон. Турсун Умарович машина тўғрисида кимгадир топшириқ берган эканлар, у одам эса бу ишни бошқа бировга топширган экан, учинчи биров бўлса эсидан чиқариб юборган экан.

Турсун Умарович, яхши одам эдилар, дарҳол Министрлар Советига хат ёздилар. Хатга имзо чекиб бўлгач, менга қараб:

— Совмин қарор қабул қилади, албатта, — дедилар. — Лекин пулни Молия вазири ажратади.

Ҳозир йил ўртаси. Пул масаласи жуда мураккаб. Мен ўзим ҳам гаплашаман, албатта. Аммо сиз ҳам қараб турманг. Мана, катта газетанинг муҳаррири бўлдингиз, сиз ҳам у кишига бир телефон қилинг.

Мен рози бўлишга бўлдиму идорага келгач, иккиланиб қолдим. У маҳалда Молия вазири ҳозирги президентимиз Ислом Абдуғаниевич эдилар. Одамлар, нафақат оддий одамлар, катта мансабдорлар орасида ҳам: «Молия вазири ниҳоятда қаттиққўл одам. Ҳар бир тийинни ўлчайди. Асоссиз илтимосларга қулоқ солавермайди», деган гаплар юрарди. Хонамга кириб, Молия вазири Ислом Абдуғаниевичнинг телефон рақамини аниқладим. Лекин юрагим дов бермай, «Вертушка»га қўл узатаман-у, қўлимни қайтиб оламан. Бу ҳолат бир неча марта давом этгач, ниҳоят юрак ютиб, Ислом Абдуғаниевичнинг телефон рақамини тердим. Трубкани ўзлари олдилар. Мен ҳаяжонимни сездирмасликка ҳаракат қилиб, ўзимни таништирдим. Ислом Абдуғаниевич гапимни бўлиб:

— Хабарим бор, табриклайман, — дедилар. — Хўш, хизмат?

Мен дардимни айта бошладим: шунақа-шунақа, газетани яхшилаш тўғрисида топшириқ бўлди. Биз ҳаракат қиляпмиз. Лекин қўлимиз калта. Ҳатто машинамиз ҳам йўқ. Марказқўмдан Министрлар Советига хат ёзилди. Бироқ лимит масаласини сиз ҳал қилар экансиз, Ислом Абдуғаниевич…

— Хўп, тушундим. Пул керак сизга.

— Ҳа, ўзингиздан қолар гап йўқ.

Ислом Абдуғаниевич бир зум сукут сақлагач:

— Яхши, — дедилар, — қаттиққўл­лик, вазирга хос зид бир мулойимлик билан, — агар сиз адабиёт газетамизни чиндан ҳам яхшилай олсангиз, биз ҳам сизга ёрдам беришга ҳарақат қиламиз.

Икки кун ўтди. Редакцияга борсам, қаршимдан йигитлар чиқишди:

— Пастда сизни фалон рақамли машина кутяпти экан. Ҳайдовчи телефон қилди.

Лифтни ҳам кутмасдан учинчи қаватдан пастга қараб чопдим. Тушсам… катта кўчанинг шундоқ ён томонида ҳали минилмаган отдан гўзал, оққушдай оппоқ, яппа-янги “Волга” турибди.

Бу эсдаликни шу билан тугатсам ҳам бўларди-ю, ожиз банда, газета нима бўлди, деган саволга жавоб беришдан ўзимни тўхтата олмадим.

Газета икки-уч йил ичидаёқ мав­қеи анча кўтарилиб, адади 250-300 мингга етди. 80-йилларнинг ўртасига борганда эса 700 мингдан ошиб кетди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − twelve =