Бахтнинг янги қирраси

Бекатда тургандим. Узоқдан бир кекса аёл кўринди. Унга қарадиму юрагим гупиллаб урди. Холанинг юриши, бўй басти қуйиб қўйгандек онамга ўхшарди. Ҳатто эгнидаги жемферининг рангию, елкаси аралаш бошига ташлаб олган каттакон шол рўмолигача   таниш. У ёнимга етиб келгач тўхтади, мен шоша-пиша унга салом бердим. У меҳр билан алик олди. Беихтиёр унга яқин бордим, райҳон ҳиди анқирди.

Мен йўқотган нарсасини топган девонадай энтикиб тез-тез нафас ола бошладим. Бекатга мен кутаётган автобус келди. Холага қарадим. Ҳайрият у ҳам автобус сари юрди.

Автобуснинг олдинги эшигидан чиқдик. Сал ўртароқдаги ўриндиқда ўтирган йигит ўрнидан туриб жой берди. Мен ҳам холага эргашдим. Кўзим билан салонни кузатдим. Хола бошини кўтариб менга қаради. Бу пайт кўзёшларим ўзимга бўйсунмасди. Хола ўриндиқ тутқичида турган қўлимдан ушлади.

— Дардинг янгими, болам? — сўради хола.

— Ҳа.

— Онангми?

— Ҳа.

— Бетобмиди, қарадингми?

— Ҳа, лекин кўп ётмадилар. Бизни қийнамадилар…

— Ёлғиз боласимисан?

— Йўқ, иккита опам, акам бор.

— Улар ҳам онангни ёнидамиди, сўнгги йўлга бирга кузатдингларми? — деди хола хорғин оҳангда.

— Албатта-да, — дедим.

— Онанг бахтли экан, — хўрсинди хола, — сен ҳам бахтли экансан, болам.

Хола нигоҳимдаги изтиробни кўриб “уҳ” тортди, бошини чайқаб қўйди. Кейин сокин овозда гап бошлади:

— Болам, ҳар бир она Яратгандан фарзанд доғини кўрсатма, болаларим орқамда қолсин деб дуо қилади. Ўғлимга қабримга бир кафт тупроқ ташлаш насиб қилсин, деб сўрайди. Онанг ниятига етибди. Бу дунёдан бола-чақаси ҳузурида хотиржам кўз юмибди. Менда ана шу хотиржамлик йўқ болам. Кечалари Оллоҳга нола қилиб чиқаман…

Шу чоқ ёнимизга чиптачи бола яқинлашиб қолди. Хола ранги униқиб кетган латта сумкасини титкилаб пенсия дафтарчаси билан ҳамёнини топгунича йўл пулини мен иккаламиз учун тўладим.

Хола хижолат тортди. Дуо қилди. Кейин:

— Менинг ҳам бир қиз, икки ўғлим бор. Уч йил бурун кичик ўғлим касалга чалиниб вафот этди. Ортида иккита боласи қолди. Мен ҳозир шулар билан тураман. Келиним ёмон эмас. Ҳар ҳолда бир қошиқ овқатим тайёр. Катта ўғлим Россияда, ўша ердан уйланган. Онаси борлиги эсида ҳам йўқ.

Қизим Туркияда. Қизини узатганда қарзга кирган. Ўша пулни топгани кетган. У ерда бир бой кампирга қарармиш. Телефон қилиб туради, ўзича у бу нарса юборган бўлади. Шу ёшимда менга нарсаси керакми, болам. Бир бурда нонга қорним тўяди. Қизим ёнимда юрса дейман, сирдош бўларди, дардкаш бўларди. Тунлари ёнимда эш-қўш бўлса қанийди. Дунёни ишларида, ўз онаси қолиб бировнинг онасини оқ ювиб, оқ тараб ўтирибди. Эртага кучдан қолиб келганда мен борманми йўқманми, қаердан билади.

Эри эса аллақачон бошқасига уйланиб олди. Шуларни ўйласам юрагим ачийди, бағрим куйишади.

Сенинг онанг қандай бахтли экан, ўз жигарбандлари сўнгги йўлга кузатибди. Ўғли бел боғлаб хассакашлик қилибди. Она учун бу бахт қизим. Сен йиғлама, онангдан ҳам, унга шундай чиройли умр, бахт берган Оллоҳдан ҳам рози бўл.

… Бу суҳбат, тасодифий учрашув бўлганига анча бўлди. Лекин дилимга шу қадар таскинлик бердики, сира хаёлимдан кетмайди…

Муҳаббат Ҳамидова,

“Гулхан” журнали бош муҳаррири ўринбосари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + 8 =