Илми борнинг саводи бўлмаса қийин экан

Бир танишим бор. Айтайлик, болаларнинг кўчада муштлашгани, йўл четидаги ахлат-чиқиндиларининг сочилиб ётгани, ёз ойларида фалон миллионга қурилган фаввораларнинг ишламаслиги, “кира”чиларнинг қўполлиги сингари камчиликлар уни тинч қўймайди. Доим қарасангиз муаммоларни ечиш мақсадида маҳалла-ю ҳокимиятга боргани-борган. Масалани ечмаса, камчиликни бартараф этмаса тинчимайди. Шу боис, айримлар уни инжиқ, ҳасадгўй дейди. У одам аслида ҳар биримиз ўрнак олсак арзийдиган зиёли, ҳақгўй ва элпарвар одам.

Бир куни ана шу танишим билан учрашиб қолдим.

— Сиз ўқиган, тушунган одамсиз. Одамлар нега эътиборсиз, бу қадар лоқайд бўлиб боряпти? — дейди.

— Тинчликми? Яна нима бўлди? — дедим.

— Ўзингиз айтинг, яқиндагина ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлганини катта тантана қилдик. Аммо нима ўзгарди?

Тан олишим керак, қўшнимнинг “эътиборсиз” ва “лоқайд” деган гаплари қайсидир маънода менинг ҳам қитиқ патимга тегиб кетди. Кўпдан буён айтишга, ёзишга ҳафсала қилолмай юрганим — дардларимни баён этишга туртки бўлди.

Саводлилик белгиси…

“Ҳолва деган билан оғиз чучимайди”, деган маъқол бор. “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуннинг ижроси борасида амалий ишдан кўра, ҳавойи гаплар кўплигини кўрганим сайин “ҳолва”, “ҳолва” деб бақираётган инжиқ болакай ҳолига тушиб қолмаяпмизми, деган ўйга бораман. Шундай дамларда, бундан салкам йигирма йиллар олдин бир рус аёли билан ўртамизда бўлиб ўтган   савол-жавоб “лақ” этиб хаёлимга келади:

— Сколько лет проживаете в Узбекистане?

— Почти пятдесять лет.

— Узбекский язык навернека знаете хорошо?

— Нет, а, зачем?..

— …

— Сами узбеки по всячески старайтись с нами разговаривать на русском языке. По этому не только изучать а даже говорить на узбекском языке вы недаёте нам вазможность.

— …

“Мини”да чала мол сотиладими?..

Мамлакатимизда хусусий мулк ва мулкдорлар синфи вакилларига берилган имтиёз ва имкониятлар туфайли ҳар бир шаҳару қишлоқда бир-биридан басавлат, чиройли ва гўзал савдо шохобчалари бунёд этилди. Яратганга минг бора шукр, ушбу дўконларда “одамнинг жони”дан бош­­қа ҳамма нарса топилади, хизматлар ҳам аъло. Аммо уларни “мини”, “супер”, “гипер маркет” сингари номлар билан аталиши бироз ўйлантиради одамни. Пештоқидаги ажнабий атамаларни-ку қўяверинг, барибир ўқий олмайсиз. Эҳтимол, ўзлари ҳам тушунмайди, кимдир “ҳолва” деган, сўлаги оққан, ёзиб қўяверган.

Кейинги пайтларда бу анъана ҳокимлик тасарруфига ҳам ўтиб улгурди, масалан, айтингчи, “Мен Ўзбекис­тонни севаман”, жумласини инглизчалаб ёзиб қўйган билан болаларимиз, келингки, омма қалбида юртга нисбатан меҳр-оқибат, муҳаббат уйғотса бўладими?!

Ёки бундай инглизча реклама кўринишидаги ёзувлардан улар хорижий тилни мукаммал ўрганадими?! Албатта, йўқ! Худди шу тақлидда ажнабий тилда ёзилган компания, фирма ва МЧЖларнинг номларини ўқиб, уқолмаган дамларимда “хўрозқанд хорижники деса ётиб ялайдиган”лар қаторида ўзим ҳам борлигимдан, яъни бирон қарши сўз айтмаганим, айтолмаганим учун ўз-ўзимдан хафа бўлиб кетаман.

Уста хатоси тузалар, аммо…

Ўқувчилик пайтим устозларимдан: “Эшик ясаётган дурадгор хато қилса, қайта тузатар, деҳқон ерга чигит қадашда адашса, қайта экар, аммо ўқитувчининг хатосини тузатмоқ учун ўн йилликлар камлик қилади”, деган гапни кўп эшитганман. Шу ўринда, Самарқанд вилоят халқ таълими бош­қармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмоновнинг “Ҳуррият” газетасида шу йил 8-январда чоп этилган “Ҳатто, диктант ёзолмайдиган ўқитувчилар бор!” сарлавҳали мақоласини қайта-қайта ўқидим.

Ундаги ушбу даҳшатли манзарани кўз олдингизга келтиринг: “…курс­ларга келган муаллимларнинг билим, кўникма ва малакасини синовдан ўтказдик, натижанинг пастлиги, ҳатто аянчли эканлиги маълум бўлди. Синов 11-синф умумтаълим фанлари ҳажмида, ўқитувчилар дарс бериб келаётган ўқув материаллари асосида ўтказилди. Синовда (эътибор беринг! – М.А.) олий маълумотли ўқитувчилар иштирок этди. Натижада уларнинг олти фоизи “аъло”, йигирма фоизи “яхши” баҳо олди, қолганини айтиш ҳам уят…”

Мактабда устозларимдан бири: “уч баҳо — пуч баҳо” дерди. Муаллифнинг битикларига таянадиган бўлсак, синовдан 41 фоиз “қониқарсиз” баҳо олганлар қаторига 33 фоиз “пуч” баҳо олган “номуаллим”ларни ҳам қўшсак, улар таълим бераётган самарқандлик (шундай синовда бошқа вилоятлар ҳам бундан юқори натижа кўрсатишига ишонмайман) ёшларнинг ҳолига вой дейсиз.

Мактабда бизга йўналтирилган гапни: “Боққа кирдим”, “Тоққа чиқдим”, “Шу чоққача”, “У ёққача”, деб ўқитишган. Бир неча тилшуносларга мурожаат қилдим. Уларнинг айримлари ўша даврдаги ёзув тўғри деса, айримлари “Боғга кирдим”. “Тоғга чиқдим”, “Шу чоқгача”, “Уёқгача”   тарзида ёзилади, дея уқтиришга ҳаракат қилишди.

Адабий тилни яхлит тарзда ифода этувчи мукаммал нусхадаги имло луғатимизнинг ўзи йўқ ҳисоби. Шундай экан, саводсизлик тугамайди, балки янада урчиб бораверади.

Бир марта кўрган яхши…

Телевидениенинг ҳаётимизда тутган ўрни нақадар юқори эканлигини таърифлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Ота-боболаримизнинг: “Юз бор эшитгандан кўра, бир марта кўрган яхшироқ”, деган гапини инобатга оладиган бўлсак, телевидениега “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуннинг ижросини таъминлашда энг муҳим воситалардан бири сифатида қараш шарт.

Яқинда, истеъдодли адиблардан бири телекўрсатувда ўзбек тилининг нуфузи пасайиб бораётганидан куйиниб гапирди. ЎзМТРК сухандони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Қаюмов эса, “Ахборот” таҳририятидаги устозларининг тил софлиги хусусида ниҳоятда қаттиққўл бўлганликларини эсга олар экан, барча теле ва радио сухандонларни тилга беэътибор муносабатда бўлмасликка чақирди.

Буни қарангки, худди атай қилгандай “Миллий ТВ”нинг 2019 йил 23 ноябрдаги кўрсатувларида иштирок этган хонанда Жасмин “Ох ты”, “Мушукни краска банкага солиб, кришкасини ёпиб қўйдим”, “ваапше” сингари сўзлар билан ўзбек тилига бўлган “меҳрини” кўрсатганини намойиш қилди, “ЗўрТВ”нинг 2019 йил 23 ноябрдаги “Хонтахта BATL” (номни қаранг! – М.А.) кўрсатуви ҳакамлари (исм, шарифларини айтмай қўя қолай) ўзбек тилини онасидан ўрганмаганини, балки русалка (сув париси – М.А.) дан ўрганганини кўрсатди-қўйди.

Уларга ўзбек тилида сўзлашиш (аввало, мен ўзбекман деган одамга она тилида сўзлаша олмасликнинг ўзи уят) ни билмасангиз, яхшиси бундай кўрсатувда иштирок этманг, ҳурматингизни сақланг, дегим келаяпти, аммо… Зеро, “Яхшилик қилолмасанг, ҳечқурса ёмонлик қилишдан ўзинг­­ни тий”, деган ҳадис ҳам бор. Миллатга, миллий тилга яхшилик қилолмас экансиз, келинг энди, ёмонлик ҳам қилманг-да, барака топкурлар!

Мен юқорида юрагимни оғритган дардларимни баён қилдим, қандай хулоса чиқариш Сизнинг ҳукмингизга ҳавола, албатта.

Мансур Аслонов,

фахрий журналист,

Навоий вилояти, Қизилтепа тумани.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 + 3 =