Миллат бўлайлик, халқ бўлайлик!

Табиат – инсоният устози. У башариятни кўп эзгуликлар сари бошлайди, тарбия беради. Оламни яшартиради. Лекин кимки уни писанд қилмай қўйса, эътиборсизликка юз бурса, ҳурматини баланд тутмаса, жазолари ҳам бор. Бу жазолар қаттиқ синовга айланади. Биз уни бошқача қилиб: “Худонинг жазоси, синови” деймиз. Ота-боболаримиз барини мустаҳкам сабр-тоқат, хайру эҳсонлар билан енгиб ўтганлар.

Ҳозир юртимизда, нафақат юртимизда, балки жаҳонда коронавирус деган бир тилсиз бало кезиб юрибди. Кўп одамлар умрига зомин бўлмоқда, элларни нотинч қилмоқда. Тарихда XVI асрда Европада, Венецияда вабо касали тарқалган эди, ҳатто машҳур рассом Тициан 1576 йилда саксон олти ёшида шу касалликдан вафот этганди. Ўзимизда ҳам Тошкентда 1892 йилда ёйилган вабо балоси халқимизнинг бошига кулфатлар солган… Қандай бало-офатлар ёғилмасин, коинотнинг тожи бўлган Инсон уни енгиб ўтишга ўзида сабр-тоқат, бардош   топа олади, яшириниб ётган мардлик   ва жасорат ўзини намоён этади. Шуларни ўйлаганда халқимиз тарихидаги сабр-тоқату жасорат, хайру эҳсон намуналари ёдимизга келади.

Соҳибқирон Амир Темур ўзининг машҳур беш йиллик сафарига отланади. Йўл Самарқанддан чиқиб Бухоронинг Қоракўли орқали ўтади.   Қоракўлда Жўйи Зар деган анҳорга етганда кутилмаганда Амир Темур ўзини нохуш сезади, беҳузур бўлади. Қўл-­оёғидан дармон кетиб, қаттиқ ҳолсизланади. Хос табиблар елиб-югуриб қоладилар, Самарқанддан маликалар ва фарзандларни чорлайдилар. Ҳатто эртароқ йўлга отланиб Термизга етиб борган валиаҳд шаҳзода Муҳаммад Султонга ҳам одам юбориб: “Қўшинни қолдириб, ўзлари шитоб етиб келсунлар!” деган хабарни етказадилар. Ҳамманинг дунёси қоронғи,   кўнгиллар йиғлайди… Соҳибқирон бардошли, сабр-тоқат соҳиби эди, дард қанчалар азоб бермасин, “оҳ” деган сас чиқармасди, чунки агар у бир “оҳ” деса, минг-минглаб “оҳ”лар фалакни тўлдиришини биларди. Уни ҳар хил хаёллар чулғаб олади, куним яқин шекилли, деган ўй кўнглидан кетмайди… Амир Темур Сароймулкхонимга тайинлайди: “Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам касалларингизни садақа билан, эҳсон билан даволангизлар, деб буюрганлар ҳадисларида. Барчангиз эл оралаб садақа қилингиз, эҳсонлар қилингиз!” дейди. Маликалар, фарзандлар, вазирлар, сарой аъёнлари, беклар, амирлар, саркардалар, аскарлар – ҳамма-ҳамма атроф қишлоқларга тарқалиб, хайру садақа, эҳсонлар этагини тутадилар. Ва… Аллоҳнинг инояти билан мўъжиза юз бериб, Соҳибқирон оёққа туриб кетади. Мана,   саб­­ру тоқату, хайру эҳсоннинг кучи!

Коронавирусга бағишланган биринчи йиғинда бу бало-офатнинг олдини олиш учун 10 триллион сўм пул ажратилиши эълон қилинди. Мана бугун, шукрлар бўлсинки, ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида юртимизда бу касаллик кенг ёйилиб кетишига йўл қў­йилмади. Жаҳоннинг бошқа мамлакатлари билан қиёс қилинганда бизда аҳвол, кўз тегмасин,   яхши…

Амир Темур 1362 йилдаги жанглардан бирида ўнг тиззасига ва ўнг қўлига ўқ тегади. Оёқ озгина букилмайдиган бўлиб қолади, қўлда ҳам шу аҳвол кузатилади. Ёшликда билинмаган бу дард эллик ёшдан ўтгандан кейин то умрининг охиригача ёмғирли кунларда тез-тез ўзини сездириб турган, оёқ ҳам, қўл ҳам ёқимсиз симиллаб оғрийдиган бўлиб қолган. Сабр-тоқат қилган Соҳибқирон буни ҳеч кимга билдирмаган экан. Фақат Бибихоним бундан огоҳ экан. Бошқаларни деб, юртни деб, ўз дардини ичга ютиш Амир Темур бобомизнинг юксак инсоний фазилатларидан эди.

1390 йил қишида Дашти Қипчоққа отланган Соҳибқирон Тошкентда қирқ кун бетоб бўлиб ётиб қолади. Иситма тушмайди. Ниҳоят айрим муолажалардан сўнг дард енгиллаша бошлагач,   Зангиота авлиё мозорини зиёрат этади, ўз одатига кўра, етим-­есир, бева-бечораларга ўн минг кепакий олтин хайру садақа улашади. Мана, хайру эҳсоннинг кучи!

Мамлакатга ҳар қандай ташвиш тушганда ҳам, ўзининг соғлиғи бўладими, ёки фарзандлар фожиасими, Соҳибқирон ҳеч қачон ўзини йўқотиб қўймас, эртанги кунга ишонч билан яшарди. У сабр-тоқатли, бардошли, жасур ва мард, доим авомуннос халқ билан бирга эди. Бир мисол. Дашти Қипчоқ сафарида қоқ чўлнинг ўртасида, озиқ-овқат захиралари камайган, ун оз қолган, ун махсус рухсатнома(укалко) билан ишлатилади, хамир овқатлар қилинмайди. Айниқса, сувсизлик, ташналик тилсиз ёвдан баттар   азоб беради. Аскарлар ёмғирнинг унда-бунда чуқурларда йиғилган бир қултум-ярим қултум балчиқ сувларини қидириб топиб, ҳоли қудрат чанқовни бостирадилар. Бош баковул шоҳчодирга кириб Соҳибқирон ва пирлари Мир Саййид Барака билан суҳбатлашиб ўтирганларида: “Амир Соҳибқирон, қандай таом пиширтирай, яқинда касалдан турдилар, сизга қувват бўларли таом керак…” — деб сўрайди. Амир Темур дейди: “Аскарларим қандай таом еса, ўша таомдан олиб келингиз!” Аскарлар таоми эса, ошбалмоғ деган кўкатни қайнатиб пиширилган ёвғон шўрва эди… Буни эшитган аскарлар Соҳибқироннинг инсофу адолати, кичикфеълликларига тан бериб, дилларида фахру ифтихор ҳиссини туйдилар.

Шу кунларда мамлакатимизда   бало-офат­­ни таг-томиридан йўқотиш, соғ-саломат дориломон кунларга етиб олиш, халқимизнинг кам таъминланган оилаларини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар оғирини енгил қилиш, озиқ-овқат захираларини тайёрлаш ва бошқа эзгу мақсадлар бўйича катта савоб ишлар, хайру эҳсонлар амалга оширилмоқда. Омадни қарангки, ёруғ ёз ҳам, мана, мададга келиб қолди,   сахий она еримиз ўзининг ноз-неъматлари билан дастурхонимизни безай бошлади. Бу ҳам табиатнинг бизларга кўрсатган хайру эҳсони!

Халқимиз сабр-тоқатли, зукко, донишманд халқ. Афсуски, сўнгги пайтларда айрим одамларимизнинг, энди бало ортда қолди, дегандай хотиржамликка берилиб, тартибга риоя қилишни бўшаштириброқ юбораётганлари аён бўлмоқда. Йўқ, бу тўғри эмас! Карантин деган нарса — кўпга келган тўй, дегандай гап. У — ўзига хос қонун, қаттиқ интизом, унинг тартибини бузмаслик керак, аксинча, қатъий риоя қилиш, қўллаб-қувватлаш лозим. “Мен бир кичкина одам   бўлсам, — дейди бир танишим телефонда. — Мен нима ҳам ёрдам бера олишим мумкин?” “Агар сиз, — дедим унга, – бутун оилангиз билан жимгина уйда ўтирсангиз, энг катта ёрдам берган бўласиз!” Бирор юмуш билан ёки ишга бориш учун кўчага чиқилганда, бозорга, дорихона ёхуд дўконга ҳаётий эҳтиёжлар боис борганда эса қатъий гигиеник талабларга, карантин қоидаларига риоя этиш шарт! Озгина қи­йинчиликларга дод-вой қилиш, ваҳима кўтариб, фисқу фасодлар тарқатиш, одамлар тинчини бузиш – булар бизнинг   халққа сира ярашмайди. Уят бўлади.   Бизда “уят” сўзининг тўққиз хили мавжуд экани бежиз эмас. Ҳозир бало-қазоларга қарши курашда бирлашиб, сафма-саф бўлиб қадам ташлашимиз керак. Ота-боболардан улги олиб, катта умидлар билан яшашимиз лозим. Яшаганда ҳам, бирлашиб, ҳамсаф, бир мушт бўлиб яшаш, бир халқ бўлиб яшаш, хавфга қарши курашиш керак! Энди вақт келди. Миллат бўлайлик, Халқ бўлайлик! Ана шундай паллаларда Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг тоғлардай метин сабр-тоқатини, бардошини, жасоратини, қатъиятини, мардлигини, эҳсонпарварлигини чин кўнгилдан бир эслаб қўяйлик.

Шарқ – ибтидо, у биз айтган Шарқ бўлса,

Фарқ ўшадир, у биз айтган фарқ бўлса.

Устоз, ҳақ гап, халқ – холиқнинг ҳиммати,

Халқ — буюк куч, агарда у Халқ бўлса…

Муҳаммад Али,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси,

давлат мукофоти лауреати

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + 19 =