Янги Қувасойнинг қадим шамоли

Қувасой шаҳри – Фарғона водийси текислигида жойлашган бўлиб, шимолий томони Фарғона вилоятининг Қува, Тошлоқ туманлари билан, жанубий ва ғарбий томонлари Фарғона шаҳри ва Фарғона туманлари, шарқий ҳудуди эса Қирғизистон Республикасининг Баткен вилояти, Қизил-қия шаҳри билан чегарадошдир. 

Ҳозирда шаҳар миқёсида 5 та йирик саноат корхоналари: “Қувасойцемент” АЖ, “Кварц” АЖ, “QUVASOY SHIFER HRIZOTIL” МЧЖ, “Электроқишлоққурилиш” корхонаси, “FERGANACEMENT” МЧЖ корхоналари фаолият юритади.

Саноат корхоналарида асосан цемент, шифер, қурилиш ойналари, темир-бетон маҳсулотлари ва шиша идишлар ишлаб чиқарилади.

Қувасойнинг замини бўз тупроқ ва тош­лоқликдан иборат, ўсимлик дунёси ва ҳайвонот олами ранг-баранг.  Бундан ташқари, Олой тоғ тизмаларидан бош­лаб,  шаҳар марказидан оқиб ўтадиган Исфайрамсой дарёси шаҳар кўркига-кўрк қўшиб туради.

– Қувасой ҳақидаги илк маълумотлар XIV асрдаги манбаларда учрайди. “Қувасой” сўзининг пайдо бўлиши тўғрисида турли тахминлар мавжуд. Шаҳар XX аср бош­ларигача Муян номи билан юритилган. Бунга сабаб қишлоқ яқинида Муян тоғ тизмалари жойлашган. Аҳолиси унчалик зич эмас, балки тарқоқ қишлоқларда яшаган. Аммо жойлашув иқлими ўта шаффоф, ерлари серунум, шунингдек, тоғ турли маданларга бой бўлгани боис Фарғона шаҳри ва Муян шаҳарчасини боғлаб турувчи темирйўл қурилган. Шу тариқа, Исфайрамсой дарёси бўйидаги поезд тўхтайдиган бекатга “Қувасой” номи берилган.

Собиқ иттифоқ давридаёқ бу ерда ишлаб чиқариш корхоналари қурила бош­ланган. Муян саноатлаша бошлагач, 1954 йилда Қувасой ишчилар шаҳарчасига – шаҳар мақоми берилган. Шундай қилиб, мавжуд корхона ва заводларни ривожлантириш, янгиларини қуриш бош режага киритилади.

Қувасойда оҳак заводи, иссиқлик таъминоти (ГРЭС), цемент заводи, ғишт заводи, шифер заводи, кимё заводи, қулай табиий шароит, оҳактош, ганч ва турли хил гилмояларга бой конлар, Қувасой орқали ўтган темир йўл, буларнинг ҳаммаси йирик саноат марказининг вужудга келишига замин тайёрлаган, —дейди биз билан суҳбатда Қувасой шаҳар ҳокими Равшанбек Раҳимжонов.

Кейинчалик, яъни 1958 йилда оҳак заводи шифер ишлаб чиқариш корхонаси билан бирлаштирилиб, “Қувасой цемент” бирлашган корхонасига айлантирилади. Мамлакат учун энг керакли ва харидоргир бўлган шифер ишлаб чиқаришни такомиллаштириш мақсадида 1974-1976 йилларда эски қолиплаш машиналари ўрнига, янги автоматик линиялар ўрнатилади. Корхона 1995 йил август ойига келиб акциядорлик жамияти сифатида фаолият юрита бошлади. Истиқлол шарофати билан корхона цехларига энг замонавий технологиялар ўрнатилди.

Лоғон оҳактош кони ўзлаштирилишига сабаб, 1998 йилдан қайта ишланган рудалардан олтин ажратиб оладиган “Зарафшон-Ньюмонт” Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси ташкил этилганида эди. Қўшма корхона эҳтиёжи учун ҳамда мамлакат миқёсида иссиқлик электр марказларида сувнинг қаттиқлигини йўқотадиган туйилган оҳак ишлаб чиқариш технологияси тўла қувватда ишлай бошлади, – деди Равшанбек Раҳимжонов.

Ҳозирда бу ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон каби давлатларга экспорт қилинади. Энг муҳими, тайёр маҳсулот жаҳон стандартлари даражасида бўлгани боис Мадрид (1994), Женева (1999), Франкфуртмайн (2004) кўрик-танловларида “Сифат учун олтин юлдуз” даражаси билан тақдирланган.

Шаҳардаги  иккинчи йирик корхона “Кварц” АЖ 1975 йилда ишга туширилган. Лист кўринишидаги рангли, қорайтирилган ва тобланган ойна, шиша банкалари ва бутилкалар ишлаб чиқариш бў­йича Марказий Осиё ҳудудидаги энг йирик корхоналардан биридир. Тайёр маҳсулотлари ички бозорни тўлиқ таъминлайди ҳамда хорижга экспорт қилинади. Корхона ҳудудида 5 та асосий ва 9 та ёрдамчи цехлар жойлашган.

2010 йилда “Кварц” АЖ бўялган мис ойналарни ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. Олдин бундай ойна юртимизга Хитой, Россия, Туркиядан келтирилар эди. Кейинги йилларда “Emxart” (Германия), “Tekint” (Италия) ва бошқа хорижий фирмалардан замонавий қурилмаларни келтирилиши билан корхонада юқори сифатли, жаҳон стандартларига мос янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш имкони туғилди. Корхона ишлаб чиқарган маҳсулотининг юқори сифати учун “Ғалаба чамбараги” ва “Олтин сиртлон” каби халқаро мукофотларни қўлга киритди.

Шунингдек,  ишлаб чиқарилган маҳаллий маҳсулотларни четга экспорт қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Натижада  корхоналар томонидан мазкур йилнинг шу кунга қадар 14 миллион 962 минг АҚШ доллари микдорида саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди. Бу  кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 6 миллион 500 минг АҚШ долларига кўп демакдир.

Қувасой шаҳрида иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари  ва аҳолига электр энергияси, табиий ва балонли газ, шунингдек, кўмир ёқилғисини ўз вақтида етказиб бериш бўйича тегиш­ли чора-тадбирлар ҳам амалга оширилиб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларига катта эътибор қаратилган.

Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга ташрифлари давомида берган топшириқлари бўйича қабул қилинган “Йўл харита”си ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Шаҳар мутасаддиларининг мақсади ҳам, Президентимиз таъбирлари билан айтганда, халқимизни рози қилиш. Шаҳарни барча соҳаларда мамлакат миқёсида четга экспорт қилиш салоҳиятини ошириш, энг муҳими, шаҳар инфратузилмасини тубдан яхшилаб, гуллаб-яшнаган маконга айлантиришдан иборат.

Маъруфа Солиева,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine − five =