Кўчалар тоза, кўнгиллар-чи?

Ўқишдан қайтаётсам, кўча тозалаётган икки аёлга кўзим тушди. Кун иссиқ бўлишига қарамай етти букилиб тер тўкишар эди. Бирининг қўлида супурги, бирида эса белкурак. Чарчашди шекилли, буюмларини ерга қўйиб салқинга ўтишди. Сув ичмоқчи эди, идишида бир томчи ҳам сув қолмабди. Аксига олиб, менинг сувим ҳам тугаган экан. Негадир хижолат бўлдим… Сув ичгулик иш қилмасам-да, ўзимча чарчаган киши бўлиб сувимни сўнгги томчигача ичиб қўйганимга куюндим.

Ўйлайман. Уларнинг шунчалик тер тўкиб топган даромади оиласига етармикин? Балким, етмас. Шундай бўлса-да улар ҳалол меҳнат қилаяпти-ку! Шундай эмасми?

Баъзан инсонларнинг уларга қарата “Бу иш менгамас”, “Уяламан”, “Шу ҳам ишми?” деган фикр­лари кўнглимни хира қилади. Аслида уларга “Кўча тозаловчи” деб эмас “Табиат фидойиси” дея қарашимиз керак.

Кореяда кўча тозаловчилардан “Қилаётган ишингиз ўзингизга ёқадими?” деб сўрашса, улар: “Мен ўз ишимдан фахрланаман” деб жавоб беришар экан. Бунга асосий сабаб кўчанинг тозалигига ўз ҳиссасини қўшишида деб билишаркан.

— Салкам 10 йилдан буён кўчадаман. Ҳар куни тонг саҳарлаб ишимга шошиламан. Чиқиндиларни махсус машинага юклаб, керакли жойга олиб борамиз. Биз атроф-муҳитнинг тозалигига ҳисса қўшаяпмиз. Фао­лиятим давомида турли инсонларни учратдим. Баъзилар, ҳатто, чиқиндини атайин кўчага ташлаб кетади. Шундаям ҳеч ҳам хафа бўлмаймиз. Чунки, ўрганиб қолганман. Ахир, биз ҳалол меҳнат қилаяпмиз, шундай эмасми?, — дейди кўча супураётган аёллардан бири.

Қаранг, қандай самимий, қандай беғубор инсонлар. Уларнинг нигоҳларида онам, опам, яқинларимнинг қарашларини кўраман. Ахир бу инсонлар ҳам кимнингдир онаси-ку! Ҳамиша уларни кузата туриб бир нарсага амин бўламан: уларнинг юрагида яна бир Ватан бор: оиласи ва ҳар кунги тозалайдиган, обод қиладиган кўчаси. Шу кичик Ватани тоза, саришта бўлса у уйи­­да тинч ухлайди. Зеро, Ўзбекис­тон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ўрозбой Абдураҳманов айтганидек: “Мўйноқда яшовчиларнинг ҳар бирининг ўз Ороли бор”. Менимча, бу касб эгаларининг ҳам кўнглида алоҳида кичкинагина Ватани бор!

Ҳаётнинг ўзи — журналис­тика, ҳар қадамда мавзу, ҳар қадамда қаҳрамон. Ҳис қилиш ва кўра олиш эса ижодкорга боғлиқ. Биласизми, юқорида тилга олганим, икки аёлга сув бера олмаганимдан ҳамон афсусдаман. Ҳозир — баҳор! Айнан иш қизиган палла. Кўча тозаловчиларни кўрсангиз, “Ҳорманг!” дейишни унутманг!

Мухтор УМБЕТОВ,

Бердақ номидаги Қорақалпоқ

давлат университети талабаси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 5 =