Фронтда янграган “Чўли ироқ”

“Муножот” шу қадар ҳазин, шу қадар дардчил янграйдики, уни тинглаб, ўйланиб қоласан. Унинг оҳанги тоғу тошни, қорни эритиб, ҳаммаёқни сел қилиб юборишига ишонасан. “Муножот”нинг сеҳри, қудрати шунақа. “Ким ўйлаб топган-а бу куйни?”, деб савол берасан ўзингга ўзинг. “Замон-замонлар оша, фасллардан фаслларга, насллардан наслларга ўтиб, бизга етиб келган куй бу. Ўз юрак дардимиз, қалбимизнинг битмас-туганмас фиғони, фарёди бу”, деган акс-садо келади олис-олислардан.

Куй тугаб, раққоса оҳиста юриб, парда ортига яширинади. Зални қарсак тутиб кетади. У ҳали-бери тинадиганга ўхшамасди. Дутор чалган хушбичим йигит ва раққоса саҳна олдида қўлларини кўксиларига қўйиб, томошабинларга миннатдорлик билдиришади. Барибир қарсак давом этади.

– “Отмагай тонг” бўлсин, Носиржон!

Кўп ўтмай талабларга биноан ҳаммаёқни найнинг янгроқ куйи эгаллайди. Носиржон найни лаб­ларига қўндириб, унинг тешиклари устида сеҳрли бармоқлари билан нозик ҳаракатлар қилар экан, кўз олдингизда осма кўприк олдида Зуҳранинг ҳаж­рига зор бўлиб турган афсонавий Тоҳир гавдаланади. Куйига монанд бўлган раққосанинг хатти-ҳаракати, имо-ишораси шунчалар нозик, шунчалар ифодалики, беихтиёр икки ёш қалбнинг самимий муҳаббатига ҳавасинг келиб, уларга омад, бахт тилайсан.

Залда яна қарсак авжига чиқади. Ҳамма ижрочиларнинг юксак диди, иқтидори, қобилиятига қойил қолиб, таҳсин айтади. Айниқса, куйларни маҳорат билан ижро этган Носиржон нафаси ҳаммани ўзига ром этган эди.

Ҳа, унинг қўллари нималарга қодир эмас. Носиржон дутор, най, танбур, ғижжак, қўйингки, барча мусиқа асбоблари пардаларини нозик чертиб, юрак дардларини куйлабгина қолмай, вақти келганида қурол ушлашга, жарроҳ тиғи билан инсон ҳаётини сақлашга ҳам қодирлигини томошабинлар қаердан билишсин.

… 1936–1941 йилларда Тошкент давлат тиббиёт институти (ҳозирги Тошкент тиббиёт акаде­мияси)да таҳсил кўрганлар шу даргоҳ талабаси Носир Хўжаев раҳбарлигидаги халқ чолғу асбоблари дастаси қатнашчиларининг томошаларини яхши эслашади.

1941 йилнинг 13 сентябрида Носир Хўжаев қўлдаги созини қуролга алмаштириб, урушга отланди. У 2-Белоруссия фронти 69-дивизиясининг 115-ўқчилар бригадаси батальонида кичик шифокор бўлиб хизмат қила бошлади. Қаҳратон қиш. Бунинг устига уч кун босиб қор ёққан. Нестеров деган штаб бошлиғи кўричак бўлиб қолганини аниқлаган Носир дарҳол бошлиғига хабар қилди. У ҳам ҳали ёш, тажрибасиз мутахассис эди.

– Операция қилганмисан? – деб сўради Носирдан бошлиқ.

– Талабалигимда ассис­тентлик қилганман, лекин бир ўзим мустақил операция қилмаганман, – деди унга жавобан Носиржон.

– Бўлмаса, ўзимиз операция қиламиз. Мен сенга ассистент бўламан!

Операция хонаси совуқ, уни печка ёқиб иситгунча анча вақт ўтди. Носир касални операция столига ётқизиб, жарроҳликни бош­лади. Талабалик пайтида профессор Астров клиникасида уч йил анестезиолог, яъни наркозчи бўлиб ишлаб, кўзи пишиб юргани фойда берди. Операция кўнгилдагидек ўтди. Шундан кейин бошлиқ уни тиббий-санитария батальонига жарроҳ қилиб та­йинлади.

– Калуга остоналарида турганимизда жанг майдонидан бирданига 300 га яқин ярадор келиб қолди, – дея эслаган эди шифокор Носир Хўжаев. – Уларни хонадонларга жойлаштирдик. 3-4 кун ухламай, уйма-уй юриб, ярадорларни хонадонларнинг ўзида даволай бошладик. Сталинградда (ҳозирги Волгаград) турганимизда операцияни асосан кечаси қилишга тўғри келарди. Ярадорларни кечаси Волга дарёсидан қайиқларда олиб ўтишарди. Хуллас, жарроҳликка меҳр қўйиб, умримни шу касбга бағишладим. 1943 йилнинг 15 май куни ўзим билан бирга хизмат қилаётган ҳамшира Зотова Наталья Семёновнага уйландим. Ҳозир бир ўғил, бир қизимиздан 10 нафар набираларимиз бор. Рафиқам Тахтапулдаги юқумли касалликлар шифохонасида 32 йилдан кўпроқ узлуксиз меҳнат қилди. Ҳозир нафақада. Ҳаётимда унутилмас воқеалардан бири 1944 йилнинг ноябрь ойида бўлган эди. Бизнинг 69-дивизиямиз 37-гвар­диячи ўқчилар дивизияси билан Нарев дарёсининг чап қирғоғида ёнма-ён туриб қолди. Бу вақтда мен 69-дивизия тиббий-санитария батальони командири эдим. Қўшни дивизия тиббий-санитария батальони командири ҳамшаҳаримиз капитан Яков Самойлович Фок билан тез-тез учрашиб турардик. Бир куни 37-гвардиячи ўқчилар дивизиясига янги командир – генерал-майор Собир Раҳимов келганини айтди. Кейин мен Собир Раҳимовнинг олдига бориб, у билан танишдим.

– Ие, Ўзбекистонданмисиз? – деди у мен билан илиқ кўришиб, – Мана, биз ҳам келдик, энди бирга жанг қиламиз. Жим бўлиб кетмай, келиб туринг, ҳамшаҳар.

Вақт тиғиз бўлганидан биз узоқ гаплашолмадик. У қадди-қомати келишган, баланд бўйли, истараси иссиқ одам эди. Бир куни олдимга юртдошимиз, ҳарбий мухбир Адҳам Ҳамдам келиб қолди. Мен билан бироз гап­лашиб ўтиргач, “Юр, Собир аканинг олдига бориб келамиз”, деди.

Мен рози бўлдим. 37-дивизиянинг штабига борсак, генерал Собир Раҳимов ўша ерда экан. Адҳамжон телефонда у билан гаплашган эди, кўп ўтмай генералнинг ўзи олдимизга чиқди. Сўрашганимиздан кейин у бизни ўз блиндажига бош­лади, ўриндиққа ўтқизиб, дас­турхон тузашга тушди.

– Кечирасизлар, ҳозир борим шу, – деб стол устига бир шиша вино, 3-4 бурда қотган нон қўйди. Бироз гап­лашиб ўтирдик. Шунда Адҳам Ҳамдам генерал Раҳимовга юзланиб сўради:

– Ҳозир найдами ё дутордами “Чўли ироқ”ни эшитсак қандай бўларди-а, Собир Умарович?

– Оҳ-оҳ, нимасини айтасиз, – деди бунга жавобан генерал. – Роса маза бўларди-ку-я, иложи йўқ-да.

Кейин қўшиб қўйди: – “Чўли ироқ”ни Ўзбекистонга борганда эшитамиз энди.

– Шу ерда ҳам эшитсак бўлади, Собир Умарович.

– Қандай қилиб?

– Мана, ёнимизда доктор Носир Хўжаев ўтирибдилар, илтимос қиламиз-да у кишидан.

– Қани-қани, ростданми?

Генерал Собир Раҳимовнинг кўзлари ҳайратдан катта очилиб, менга савол назари билан қаради. Мен кулиб ёнимдан доимий ҳамроҳим – найни чиқариб, аввал “Чўли ироқ”ни, ортидан “Муножот”ни чалиб бердим.

Собир Умарович куй тамом бўлгунча бошини қуйи солиб, кўзини юмиб ўтирди. Билмадим, унинг хаёлидан нималар кечдийкин? Балки у хаёлан она диёримизда, ёру дўстлари, оиласи даврасида ҳис этгандир ўзини. Балки эртага бўладиган оғир жанг режаларини тузгандир? Балки юртига соғ-омон қайтмаслигини кўнгли сезиб, куй таъсирида сел бўлиб оққандир?..

Собир Умарович бизни кузатиб, самимий хайрлашаркан, деди:

“Мен бугун сизлар билан суҳбатлашиб, жуда роҳат қилдим. Хаёлан Ўзбекистонда бўлгандек бўлдим, эртанги жанг учун куч-қудрат олдим, раҳмат сизларга!”

Лавҳамиз дебочасида айтганимиздек, Носир Хўжаевнинг мусиқа чалиб, сознинг нозик пардалари узра сирли ҳаракатлар қилиб, куй таратган қўллари душманга қарши қурол ушлашга ҳам яради, минглаб ярадорларни ҳам тиббий тиғи сеҳри билан даволади. Унинг сеҳрли қўллари ҳаёт торини ҳам деярли қирқ йил энг баланд пардаларда мардона чертди. Бу қўллар унинг мағрур кўксига Олтин юлдуз ҳам тақиб қўйди.

Уруш фахрийси, Меҳнат Қаҳрамони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор Носир Хўжаев узоқ йиллар Чкалов номидаги Тошкент самолётсозлик ишлаб чиқариш бирлашмаси тиббий-санитария қисмида самарали фаолият кўрсатди.

Носир аканинг ҳузурида бўлганимда бундай азиз инсоннинг тез орада орамиздан кетиши хаёлимга келмаган эди. Бугун шулар ҳақида ўйлар эканман, ҳаёт бешафқатлигини яна бир карра ҳис қилдим.

Искандар РАҲМОН,

Қуролли Кучлар фахрийси,

Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар ижодий уюшмалари аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 + seventeen =