Юрт ичидаги юрт

Маҳалла асли арабча сўз бўлиб, “ўрин”, “жой” деган маъноларни англатар экан. Бу сўзнинг луғавий маъноси, холос. Ўзбек учун маҳалланинг аҳамияти жуда катта. Маҳалла бу юрт ичидаги юрт, демакдир. Мамлакатимизда маҳаллага нисбатан маъмурий-ҳудудий бирлик, ўз-ўзини бошқаришнинг халқимиз анъана ва қадриятларига хос шакли сифатида қаралади.

Бугунги кунга келиб мамлакатимизда маҳаллаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президент қарори билан 2020 йилнинг февраль ойида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ташкил этилиши давлатимиз бошқарувида маҳалланинг ўрни қай даражада муҳим эканини яққол кўрсатиб турибди. Бундан ташқари, ўтган бир неча йил вақт давомида маҳалла тизими билан боғлиқ давлат миқёсидаги кўплаб ишлар амалга оширилди.

Жорий йил февраль ойида давлат раҳбарининг Наманган вилоятига ташрифидан хабарингиз бор, албатта. Ташриф чоғида кўплаб камчиликлар, маҳаллалардаги реал ҳолат намоён бўлган эди. Шундан сўнг ўтган қисқа вақт мобайнида Наманганда ҳам кўплаб ишлар амалга оширилди. 1-2 июль Наманган вилоятининг маҳаллаларидаги ўзгаришларни, маҳалла раисларининг фаолиятини кўриш ҳамда оммавий ахборот воситаларида ёритиш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан “Маҳалла раиси — ислоҳотчи” тамойили амалда” мавзуида пресс-тур ташкиллаштирилди.

Вазирлик ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари чиққан уловлар 1 июль эрта тонгдан пойтахтдан йўлга чиқди. Бир неча соатдан сўнг яшил дарахтзор, боғ, экин майдонлари, катта-кичик қир-адирлар, мусаффо ҳавоси, ажойиб табиати билан чирой очиб турган Наманган вилоятига етиб бордик.

Илк манзилимиз Чуст туманининг 5 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилувчи “Пансада” маҳалласи бўлди. Маҳалла биносига кирар эканмиз, қаршимизда ҳунармандчилик меҳнати маҳсули бўлмиш Чустнинг машҳур пичоқ ва дўппилари, хўжалик учун ишлатиладиган буюмлар, кийим-кечаклар, юмшоқ ўйинчоқлардан иборат кичик маҳалла ярмаркаси ташкиллаштирилган эди. Маҳалла раиси аҳолининг катта қисми ҳунармандчилик билан шуғулланишини, шунинг орқасидан уй солиб, машина олиб, тўйлар қилаётганини фахр билан сўзлаб берди.

Раиснинг айтишича, пансадалик хотин-қизларнинг 60 фоизи дўппичилик билан шуғулланади. Маҳалла аёллари тайёрлаган дўппиларнинг бозорини кенгайтириш мақсадида, Самарқанд, Бухоро, Хоразм вилоятларига сотишни йўлга қўймоқчи эканликлари таҳсинга сазовор.

“Пансада”да эътиборимизни тортган энг муҳим жиҳат шу бўлдики, маҳалла раиси таълимга сармоя киритишга бел боғлаган. Маҳалла биноси қошида боқувчисини йўқотган, молиявий аҳволи оғир оилалар фарзандларига инглиз ва рус тилларини ўқитиш йўлга қўйилибди. Харажатлар маҳалла томонидан ташкил этилган фонд ҳисобидан қопланади. Ҳомийлар ҳам йўқ эмас экан, албатта. Ҳозирги вақтда ўқув марказида 10 нафардан зиёд бола ўқитилмоқда. Оддий бир маҳалла раисининг таълимга қаратган эътиборини кўриб қойил қолдик.

Шунингдек, маҳаллада “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”да турувчи аҳолини иш билан таъминлаш чоралари ҳам кўрилмоқда экан.

Кейинги манзилимиз — 2 минг нафардан ортиқ аҳоли яшайдиган “Баймоқ” маҳалласи. Бу ер Чуст тумани ҳокимига қарашли 1-секторга оид маҳалла бўлиб, сезиларли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Сафаримизнинг биринчи кунидаги яна бир манзилимиз Наманган шаҳрининг “Бунёдкор” маҳалласи бўлди. Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари Наманганга ташрифи чоғида кутилмаганда, ушбу маҳаллага борган эди. Ўшанда маҳалладаги аҳвол ҳавас қиларли даражада бўлмаган, ҳаттоки ачинарли ҳолатда эди.

Маҳалла жуда узоқ йиллар давомида эътиборсиз қолиб кетган, йўллар, ичимлик суви борасида ниҳоятда катта муаммолари бўлган. Президент ташрифидан сўнг қисқа вақт ичида ушбу маҳаллада йўл қурилиши, сув қувурлари ўтказиш ва бошқа кўплаб ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. “Бунёдкор” ҳақиқий бунёдкорлик майдонига айланган, десак, муболаға бўлмайди.

Ўтган давр давомида Янгиқўрғон тумани ҳудудидан олиб келинган сув қувурлари маҳалла бўйлаб тўлиқ тортиб бўлинган. Бу ишни амалга ошириш учун 149 миллиард сўм сарфланибди. Сув қувурлари сентябрь ойидан тўлиқ ишга туширилади. Айтиш керакки, шу пайтгача 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида маҳалла аҳолиси ичимлик сувини сотиб олиб истеъмол қилишга мажбур бўлган.

Шунингдек, маҳалла бўйлаб 94 миллиард сўмлик йўл қурилиш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Бу маблағлар эвазига маҳаллада 13 километр узунликдаги 4 қаторли автомобиль йўли, велосипед ва пиёдалар йўллари қуриб, ишга туширилади. “Бунёдкор” маҳалласининг 9 та ички кўчаларига тўлиқ асфальт ётқизиб чиқилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, 4 ой ичида электр тармоқлари тўлиқ таъмирланиши кўзда тутилган.

Маҳалла марказида давлат хизматлари маркази ҳам ишга туширилганлиги эътиборга молик.

“Бунёдкор” маҳалласининг янги, замонавий биносида хотин-қизлар учун қўшимча давлат гранти асосида ўқишга тавсия қилинган қизлар билан суҳбатлашдик. Уларнинг қувончи ичига сиғмайди.

Биз ҳам “Бунёдкор”даги ислоҳотлар изчиллик билан давом этаётганидан мамнун ҳолда яна сафаримизда давом этдик. Кейинги манзилимиз Наманган шаҳрининг Давлатобод тумани “Порлоқ” маҳалласи бўлди.

Жорий йил 19 март куни маҳалла марказида 4 қаватли муҳташам бино бўлмиш “Янги Ўзбекистон — ёшлар зиё маскани” ахборот-кутубхонаси очилган экан. Ушбу зиё маскани ҳозирда 30 мингдан зиёд турли бадиий ва илмий адабиётлар, ўқув қўлланмалари билан таъминланибди.

Кутубхона жуда замонавий ва барча шароитлар яратилган. Бино бир вақтнинг ўзида 1200 кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

Яна шунинг ҳам гувоҳи бўлдикки, ушбу бинода вилоятнинг фаол маҳалла раислари иштирокида “Маҳалла раиси — ислоҳотчи” тамойили, “Маҳаллабай” ишлаш тизими, фуқаролар йиғинлари фао­лиятига оид семинар-машғулотлари ҳам ўтказиб турилар экан.

Сафаримизнинг иккинчи куни Чортоқ тумани “Балиқликўл” маҳалласидаги “Султон Увайс Қароний” зиёратгоҳига ташриф буюрдик. Маҳалла раисининг айтишича, бу ерлар кўп йиллар мобайнида қаровсиз аҳволда бўлган. 2018 йилдан зиёратгоҳга эътибор қаратила бошланган. Ҳозирги вақтда бу ерда 1400 ўринга мўлжалланган масжид ва таҳоратхона, мақбара ёнида айвон, замонавий меҳмонхона, миллий музей ва кутубхона, дам олиш айвонлари ва хизмат кўрсатиш шахобчалари қурилибди.

“Султон Увайс Қароний” зиёратгоҳининг жанубий томонида ушбу авлиё шахснинг онаси Биби Наима она зиёратгоҳи жойлашган. Бу масканда ҳам чиройли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилган.

“Балиқликўл” маҳалласида жойлашган ушбу зиёратгоҳлар ички ва ташқи туризмни янада ривожлантиришга шай ҳолатда турибди.

Зиёратгоҳлардан чиқиб Наманган шаҳридаги энг намунали маҳалла ҳисобланмиш “Даштбоғ” сари йўл олдик. Бир кун олдин давлат раҳбаридан “Келажак бунёдкори” медалини олган “Даштбоғ” маҳалласининг раиси Музаффаржон ака бизни хурсандчилик билан қарши олди.

Аҳоли сони 5 мингга яқин бўлган ушбу маҳалла чиндан ҳам мақтаса арзигулик экан. Раиснинг айтишича, бирорта ҳам асфальт қилинмаган кўча йўқ, маҳалла марказида кўплаб тадбиркорлик лойиҳаларини ўз ичида жамлаган мономарказ қад ростлаган. Ёш раиснинг шижоатидан биз ҳам руҳландик.

Шундан сўнг, вилоят касаба уюшмалари бирлашмаси биносида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш тизими ходимлари, фаол маҳалла раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Анжуманда, маҳалла раисларининг ислоҳотчи сифатида олиб бораётган ишлари эътироф этилди. Шунингдек, амалга оширилган ишларнинг салмоғи катта ислоҳотларнинг олдида ҳали ҳеч нарса эмаслиги, бундан-да кўп ютуқларга эришиш, халқнинг фаровон турмуши учун тинмасдан фидокорона меҳнат қилиш лозимлиги таъкидланди.

Шу билан Наманган сафари ўз ниҳоясига етди.

Тўннинг иссиғини эгаси билади, деганларидек, ҳар бир маҳаллаларимиздаги аҳволни маҳалла раисларидан яхшироқ биладиган киши бўлмайди. Шундай экан, елкасида маҳаллалардаги ислоҳотларга бошчилик қилишдек улкан масъулият турган маҳалла раислари белларини маҳкам боғлаб, мамлакатимиз ривожига ўзларининг ҳиссаларини қўшишига тилакдошмиз.

Шаҳзод Шодмонов

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 + eight =