Изҳор

Инсон — ишонувчан мавжудот. Энг эҳтиёткор, қув ва олғир киши ҳам кимнингдир изҳорига ишонади, кимнингдир изҳоридан алданади. Изҳорда ишонтириш ҳам, лақиллатиш ҳам бор. Ёмони — изҳорингни қабул қилмаганларида. Ҳайратлиси шундаки, уни яқинларинг илғамайди, илғаса менсимайди, гоҳо сендан нафратланиши ҳам бор. Илтижонг — кулгули, ўтинчларинг — ўкинчли, фарёдларинг — ўткинчи. Қўй, ялинма, дейман ўзимга ўзим. Изҳорни эшитгандан, изҳорни билдирган афзал, чунки биринчисида — дард сиздан йироқда, иккинчисида — дард яқинда; биринчисидан — истаган пайтингиз қутулишингиз мумкин, иккинчисидан — асло. Биринчиси — ўзганинг дарди, иккинчиси — ўзингизники. Демак, изҳорда дард мужассам, яширинган.

 

Нима учун инсон изҳорга эҳтиёж сезади? Севганида. Фикри тошганида. Яқинини бош­қача кўргиси келганида. Нимадандир беҳад ўртанганида, аламларини тўккиси келганида. Одил, мард, инсон бўлғуси келганида…

Инсон умри, агар у чин инсон сифатида яшашни хоҳласа, мудом, изҳорлардан иборат. Изҳорлари туфайли у ижтимоий мавжудот, изоҳлари уни фаришта қилади, изҳорлари уни, антипотлари назарида, топтайди. Изҳорлар билан ғурурлангандан, изҳорлар билан топталган яхши. Изҳорларингизни тўкинг, адувларингиз томонидан топталинг, мен сиз (аслида ўзим)нинг топталганингизни кўргим келади. Чунки “топталган қайта тикланажак”.

“Дил изҳори” деган ибора бор. У кўпинча севган кишига нисбатан ишлатилади. Ҳа, севган киши дил изҳорига ҳожатманд. Рад этилган муҳаббати уни изҳорманд қилади. Бир кишини билардим. Рўпарамиздаги хонадонда яшарди. У якка, етмишдан ошган чол эди. Букчайиб, зўрға юрарди. Татар бўлгани учун барчага “сан”лаб, татарча, русча, ўзбекча аралаштириб гапирарди. Баъзан уни қайси тилда бидирлаётганини билмай қолардим.

— Мелай, тухта! Секрит бор мунда, — деди у мени уйимиз рўпарасидаги кафе олдида тўхтатиб. — Севирман, шу хотинни севирман.

У менга ёши элликка борган официант аёлни кўрсатди. Сочлари пахмол, кўйлаклари ғижим, чала ювилган доғлари бор фартукли аёл менда ғалати ўйлар уйғотди. Индамадим.

— Севирманда…

У мени қўлтиқлаб, чеккага тортди.

— Хотин улган, олти йил олдин. Я один, понимаешь. Женщина нужна! Хотин керак. Я один, устал. Женщина нужна!

Чамаси бир ҳафта ўтгач, ишдан қайтаётганимда қўшнимнинг ланг очиқ эшиги олдида тўхтадим. Унга бирор нима бўлди шекилли, деган ўй билан ичкарига мўраладим.

— Мен сени севирам, — дерди қўшним официант аёл этакларини қучиб. Унинг кўзларида илтижога тўла ёш ўйнарди. — Китма, прошу тебя. Китма!

Аёл тизза чўкиб йиғлаётган қўшнимнинг тепакал бошини силаркан ўтинди:

— Эрим бор, қололмайман…

Аёл йўлакка чиққач, ичкари хонадан қўшнимнинг, я один, один…улиб қоларам, деб ҳўнг­раб йиғлагани эшитилди…

Илтижо имкон амрида. Имкониятни ҳисобга олмайдиган илтижо изтиробли нидоларга айланади. Имконият ва вазият қонунлари изҳор истакларига беписанд, улар тўқнашганида биринчиси ёвузлик, иккинчиси ёвузлик қурбони тарзидаги ҳалимлик кўринади. Имконият ва вазият қонунлари–бешафқат, улар ҳар қандай илтижони ноўрин ялинишга, ожизона илинжга айлантириши мумкин. Лекин инсон дили мудом илтижо томонда.

Шеър — изҳор. Изҳорнинг чўққиси — алла. Шеър ва аллада келажакка аталган умид бор. Шу боис инсон уларга қулоқ тутади, гоҳо ўзи тўла англаб етмаган ажойибот кутади улардан.

Изҳорда индивидуал эмоционал-руҳий таж­рибалар мужассам. Шу боис изҳор изҳордан йироқ, улар бетакрор шахсий кечинма, ҳолат сифатида қабул қилинади. Ким изҳорни анг­ласа инсонни англайди; ким изҳорни англашдан узоқ у инсонни англашдан узоқ. Изҳорнинг жўшқинлиги эҳтирослар жўшқинлиги боис. Заиф, сўник изҳорда эҳтирослар жўшқинлиги йўқ. Чин дилдан севган жўшқин эҳтиросларга банди юради, шу боис унинг изҳорлари пўртанадек отилишга шай туради. Биламан, эҳтирослар адаштиради, рационал ундан қочади, хаёл уни мавҳум узоқликларга олиб кетади. Изҳор ва эҳтиросларни бир-биридан ажратиб бўлмайди, улар опа-сингил, севсангиз, иккаласини ҳам севишга мажбурсиз.

Изҳор — фикр. У фикрнинг боши ҳам эмас, охири ҳам эмас, у фикрнинг ўртаси. Жўшқин, фикр фикрларга уланган қисми. Мутлақ якка фикр йўқ, фикр фикрлардан униб чиқади ёки фикрларга уланиб келади. Ушбу униб чиққан ёки уланиб келган фикрнинг жўшқин, эҳтиросларга бурканган қисми изҳорга айланади. Ҳар бир фикр изҳор эмас, аммо ҳар бир изҳор фикрдир.

Таҳқирланган изҳор нозик дилни ё шоир қилади, ё — қотил. Аламли кечинмалар ўртаганида киши уларни кимгадир айтгиси, ўзига ҳамдард топгиси келади. Ушбу ички истак инсоннинг ижтимоий мавжудотлигидан. Аслида бундай киши ўзига ҳамдард топавермайди. Изҳор ўта индивидуал эмоционал-руҳий ҳодиса бўлгани туфайли уни ҳамма ҳам тинглайвермайди, агар тингласа, ҳамдард бўлавермайди. Лекин дардманд дил изҳор истайди, унга аламини кимгадир айтиш муҳим. Бу истак гоҳо изҳордаги ҳалимликни аламзадаликка айлантириши мумкин. Бу ҳолда изҳор туб моҳиятини ўзгартиради.

Одил, мард, инсон бўлиш туйғуси борлиги туфайли инсон изҳорлари олийжаноб. Инсон изҳорларида адолат излайди, мардликни шарафлайди, инсонийлик кутади. Изҳордаги ҳалимликда ушбу гуманистик интилишлар мужассам. Бироқ адолат, мардлик, инсонийлик ҳалимлик доирасида қололмайди, улар реал, барчага таъсир этадиган, социал норма ва куч бўлмоғи ҳам керак. Изҳор одил, мард ва инсон бўлиш туйғусини нозиклаштириш кучига эга, бу билан у ижтимоий воқеликка айлангиси келишини аён этади. Менинг фикримча, ҳалимликни социал норма ва кучдан фарқлаш зарур. Изҳор ҳалимлиги социал норма ва кучга таянишга мажбур, ҳалимликка хос юмшоқлик нозик фазилатдан бошқа нарса эмас, ҳаёт жўшқинлиги ва бедиллиги ҳалимликка, юмшоқликка ўрин қолдирмайди. Ушбу ташқи талаб ички, индивидуал эмоционал-руҳий воқелик — изҳорни батамом маҳв қилмайди, қилолмайди. Муаммо изҳорнинг муҳим ички маънавий-руҳий куч ва бадиий-эстетик объект сифатида сақлаб қолишдадир. Механизация ва рационализация асри уни инсон дилидан сиқиб чиқармаса бўлди…

Виктор АЛИМАСОВ,

профессор

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three + 3 =