Виждон… Уни кўрганлар борми?

Одатда кимнингдир бизга нисбатан нотўғри муносабатидан ёхуд инсофсизлигидан, адолатсизлигидан ранжисак, “виждонинг куйсин”, “виждонинг борми ўзи?” деймиз ёки яна “виждонини еган бу” деган ҳукм билан аламимиздан чиқамиз; турли минбарлардан “виждон амри билан иш тутайлик”, “виждонан ишлайлик” дея амри маъруф қиламиз. Юзакироқ мулоҳаза қилсак, “виждон” умумис­теъмолдаги сўз экан, жон жойларимизга тааллуқли муайян туйғуларни шу сўзсиз ифодалай билмас эканмиз, виж­дон – ҳаётимизда жуда муҳим ўрин тутар экан… Чуқурроқ мулоҳаза юритсак эса…

 

Отабекнинг гувоҳи

 

Улуғ Абдулла Қодирий бундан салкам бир аср муқаддам “Ўткан кунлар”да Отабек сиймосида маънавияти бениҳоя юксак инсоннинг идеал тимсолини яратиб, уни барча замон кишиларига ибрату ўрнак қилиб қўйди. Ўзбек адабиётининг мангу яшноқ гулзори бўлган бу асарда шундай саҳна бор: “Отабек ва қутидор Азизбекнинг айғоқчилари сифатида ўлимга ҳукм этилганлар. Отабек ўзининг исён қўзғаш мақсадида эмас, бўлак мақсадларда Марғилонда турганини, эҳтимол этилаётган гуноҳдан эмин эканини қайта-қайта такрорлайди. Қушбеги “нажот фариштаси” (Кумуш)нинг кўмаги билан дор остидан қайтарилган бандиларни яна бир карра сўроқ этади: — Отабек, — деди Қушбеги сўз бошлаб, — қўлга олинган кунингиз менга ўзингиз билан отангизнинг қандай кишилар бўлганингизни, яъни маслакингизни сўзлаган эдингиз. Аммо биз ўшал сўзларингизга далил ва исботсиз ишона олмаймиз… Энди сиз ўшал даъвоингизни исбот қила оласизми?

— …

— Демак, ўша сўзларингизни исбот қилиш учун ҳужжатингиз йўқ?

— Йўқ… Исбот учун виждонимдан бошқа шоҳидим йўқ”.

Албатта, бу шоҳид – гувоҳ, ҳуқуқий билимлари рисоладагидек бугунги ўқувчига ғалати туюлиши мумкин. Аммо боши устида “бир соч толасига боғланган шамшир” (А.Орипов) осиқ турган лаҳзаларда келтирилган далил Отабекнинг виждон тушунчасини бениҳоя юксак тутгани, инсоннинг ҳаёт-мамот масаласини ҳал қилиши мумкин бўлган қадрият деб билганидан, шунингдек, бу қад­рият айнан виждонсизликнинг қурбони бўлган Қодирий учун ҳам бениҳоя юксаклигидан далолат беради.

Инсон ҳаётинииг фожиаларида иймон уйғотувчи улуғ бир қуд­ратни кўрган ва буни санъаткорлик билан кўрсата олган Чингиз Айтматовнинг Мўмин чоли, Саидаси, Эдигейи, Абутолиби, Бўс­тони, Авдийси-чи? Бизни мафтун этган, уларга эргаштирган нарса ҳам бу қаҳрамонларнинг виждон амри билан амалга оширган кори хайрлари, виждонсиз кимсаларга қарши олиб борилган курашларда баъзан ночор қолиб, чеккан изтиробу аламлари эмасми? Уларнинг айрим иймонсизларга қарши олиб борган курашлари ва бу курашларнинг аксаран самарасизлиги бизга бугунги кунда эзгуликнинг ғалабаси айнан виждон ва виждонсизлик ўртасидаги нисбатга боғлиқлигидан сабоқ бермайдими?

“Кассандра тамғаси” эса таъбир жоиз бўлса, виждон ҳақидаги изтиробли огоҳлантиришдир. Қисмат аламини бутун жамиятдан, бутун инсониятдан олишга чоғланган Андрей Крилцовнинг кўксида уйғонган виждон ҳайқириғи уни то шу пайтгача эришган жамики моддий ва маънавий ҳузур-ҳаловатларидан воз кечишга, “космос орқали ўзликка чекиниш”га мажбур этади. Исо Масиҳ сингари унинг виждонини қутқаришга сафарбар этилган Руна тимсоли қалбимизда чексиз муҳаббат уйғотади. Аммо виждонсизлик чегарасидан хатлаб, иймон сари юз бурган Филофейнинг ўзи пировардида виждонсиз оломоннинг жоҳиллиги туфайли ҳалокатга маҳкум…

Ҳақли савол туғилади: инсоният юз бор, балки минг чексиз марта виждонсизлик оқибатида ўз бошидан турли қирғинбаротлару, кўз кўриб қулоқ эшитмаган фожиаларни кечирди, қирилди, ёнди, хонумони соврилди, давлати ва миллати ҳалокатга келди – нега сергак тортмади? Нега у ҳали-ҳануз ғофиллик, бефарқлик, кераксиз ташвишлар, фитна-фужурлардан бош кўтариб, қаршисидаги аччиқ ҳақиқат – иймонсизликка қарши жиддий кураша олмайди? Бу саволга, балки, жавоб топиш мумкиндир. Аммо масаланинг моҳияти бунда эмас. Муддао шуки, виждонсизликка қарши кураш, исён қилиш учун, энг аввало, иймони бут, эътиқоди саломат, иродаси букилмас ШАХСлар керак. Бизга бугун – ўтиш даврида айнан ана шундай ҳар томонлама соғлом авлод ҳар қачонгидан ҳам зарур.

 

Қозоннинг устига ўтирган одам

 

Нақл қилишларича, бир замонлар ҳаёт жуда оғирлашиб кетибди-ю, одамларга кундалик озиқ топиш ҳам ўткир муаммога айланибди. Шундай кунларнинг бирида биров уйида иссиқ овқат тайёрлаб ўтирса, қўшниси чиқиб қолибди. Шунда ҳалиги одам не-не машаққатлар билан етишган овқатни қўшнисидан қизғаниб, қозон-позони билан олиб тагига қўйибди-да, устига ўтириб олибди. У ёғини ўзингиз тасаввур қилаверинг… Шундан халқ орасида “қийинчилик кунлар-ку ўтар, кетингни куйгани қолар” деган нақл юради.

Бугунги куннинг айрим манзаралари ҳам қозон устида ўтирган одамни эсга солади. Бугун ҳам ўтиш даври машаққатларидан шикоят қилиш, ҳар қандай юзсизлигу сурбетликни, инсофсизлигу беорликни бозор иқтисодига “юклаш”, даврнинг оғирлиги билан оқлаш “мода”га айланган. Аслида буларнинг бари ўзимизнинг саботсизлигимиз, иродасизлигимиз, буюк келажак яратиш йўлининг бошида муқаррар дуч келинажак қийинчиликлар олдида довдираганимизни яшириш учун виждонсизликни дастур қилиб олганимизнинг мисоли эмасми? Агар айнан ана шундай кунларда бир-биримизни қўллаб-қувватласак, ҳар биримиз ўз зиммамиздаги масъулиятга виждон ила ёндашсак, Туркистоннинг оқилу фозил фарзандлари бир умр орзу этган бирликни байроқ қилиб кўтарсак, ҳам ўткинчи машаққатларнинг зарби унча сезилмайди, ҳам маълум муддат ўтиб, ҳаёт ўз изига тушиб кетгач, виждонимиз осойишта бўлади.

Биз виждон ҳақидаги баҳсимизни беҳудага бадиий адабиётдан тамсил билан бошламадик. Зеро, халқнинг виждони бўла олган улуғ санъаткорлар виждонни инсон ҳаётининг моҳиятини ташкил этувчи ва жамият тадрижининг йўналишини белгиловчи улуғ қадрият сифатида талқин этганлар. Ҳақиқатда шундай. Агар теварак-атрофга таҳлил кўзи билан назар ташласангиз, хайрли амаллар ҳам, бир қатор бузғунчилигу, ношойиста хатти-ҳаракатлар ҳам виждон ва виждонсизлик чегарасида содир этилаётганининг гувоҳи бўласиз. Бугун бозор оралаган харидор ўзи билан қўлтарозию, метр – чўп олиб юрмаса, олган матосини тикувчи қайтариб беради, харид қилган егулигини кўз кўрадию, оғиз кўрмайди; тўйида дабдаба билан пойтахтдан фалон ҳофиз чақириб, дошқозонда ош дамлатган мўйловдор акамиз маҳалласида чироқ ўчса, таъмир учун кўп қатори минг сўмни минг иддаою писанда билан чиқаради; фалон хил кўйлагини маъракада кўз-кўз қилишга шайланган маҳбубамиз ўша даврада дарсликларнинг қимматлашиб кетганлиги боис болаларини китоб билан тўлиқ таъминлай олмаганидан шикоят қилади; бозор сумкангиз сал катталигини кўрган милиция ходими нонуштага “чойчақа” сўрайдию, қизариниб ҳам ўтирмайди; зўрға “уч”га илинадиган талаба контракт пули тўлаб қўйилганлигини писанда қилиб, ўқитувчига рейтинг балларини кўтариб қўйишни иддао қилади. Йўл қоидасининг бузилиши оқибатини ҳужжат ичига қўйиб берилган “чойчақа” билан “текислаш” мумкин… Булар – кундалик ҳаёт манзаралари, ўзимизни ҳар қанча ғофилликка солмайлик, кўриниб турган аччиқ ҳақиқат.

XX аср сўнгги ва янги аср бошида ғаройиб бир иллат пайдо бўлди: ҳамманинг кўз олдида уялмай ўғрилик, муттаҳамлик, товламачилик қилган, умрининг ярмини ёлғон, фитна-фужур билан ўтказаётган одамлар гоҳ давранинг тўрига чиқиб қоладилар. Одамлар ўша иллатни урчитиб, миллатнинг бошида канадек кўпаяётган товламачини бир-бирларига кўрсатиб: “У киши катта мошенник” деса, иккинчиси: “Ҳа, танийман. Ҳатто, фалончини ҳам чув туширдия”, – деб, нафратланиб, ҳазар қилиб эмас, “ҳайратланиб” қарайдилар. Хўш, бу давраларга чой-нон ташиб, хизмат қилиб юрган фарзандларимиз тарбиясини ким ўйлайди? Ахир, қадим Шарқ ўзининг ибрат ва инсофи, ахлоқ ва илми билан зийнатли, улуғ эмасми? Кам ўйлаймиз, оз фикрлаймиз – кўп гапирамиз, жиндек амал қиламиз…

Яна бир аччиқ ҳақиқат: мансабдорнинг хизматига ҳамиша шай, унинг меҳмонини кутиб-кузатадиган, зарур бўлса, хўжайин учун, манфаат учун ҳафталаб ўз оиласи, фарзандларини ҳам унутиб, бозор-ўчар қилиб, минг-мингларни совурадиган, тўй-ҳашамларда “фалон” сўмни қистирворган акамиз ўз фарзандларига тўртта китоб ёхуд компьютер олиб беришни хаёлларига ҳам келтирмайди.

Айримларнинг уйларига борсангиз, қўй сўяди, яшиклаб ичимлик, ўйласанг лабингга учуқ тошадиган харажатлар қилади. Лекин яшаш шароитини кўриб қўрқиб кетасан одам. Уйида на тузук­роқ телевизор, на радио, на бир журналу на бир газета… Дунёда нима гап? Қаерда террор, қаерда диний экстремизм? Қаерда жаҳолат, қаерда тараққиёт? Илм, яратувчанлик, фаровонлик – буларнинг бари “меҳмоннавозлик” олдидан ўтаверсин…

Ўз виждонимиз билан ҳамиша ҳисоблашамизми – бугун айнан дўппини бошдан олиб, ана шу хусусда фикр-мулоҳаза қиладиган, ақл-идрок билан иш кўрадиган, қирқ ўлчаб бир кесадиган, кам гапириб – кўп амалий иш қиладиган, ўзинг ибрат бўлиб, виждонан яшаб, шундан сўнг ўзгалардан талаб қиладиган замондир.

Албатта, ўзбекнинг мард, шижоатли, ҳамиятли ўғлонлари жуда кўп. “Кетмоннинг дастасини-да кўкартириб” (А.Орипов) ҳаётга некбин кўз ила боқувчи халқ бу. Бу халқ энг оғир замонларда ҳам ўзининг сабр-тоқати-ю, меҳнаткашлиги орқасида ўзлигида собит қола билган. Энг муҳими, ҳеч қачон виждонига хиёнат қилмаган, виждон йўриғидан четга чиқмаган. Виждон деган улуғ ҳакам эртага бизга – ўзбекнинг XXI асрда яшаётган қоракўзларига ҳам “қийинчилик кунлар-ку ўтади-я…” демаслиги учун ана шундай улуғ элнинг фарзандлари эканлигимизни унутмайлик.

 

Деразани ким синдирди?

 

Инсонлик жамияти пайдо бўлибдики, башариятнинг улуғ фарзандлари унинг номукаммаллигидан, ноқислигидан озурда. Инсонлик жамиятининг улар кутган даражага чиқишига халақит бераётган катта-кичик иллатлару, бузилишларнинг бошида виждон муаммоси туради десак, муболаға бўлмас.

Болаликда ўқиганим бир ҳикояда шундай воқеа баён қилинган эди: синф деразасининг бир кўзи қандайдир сабаб билан синадию, айнан айбдор бола қатъий гувоҳлик бериб, дўстининг ноҳақ жазоланишига сабаб бўлади. Дўст эса бу улуғ адолатсизлик олдида ночору ноилож, “виждонидан бошқа шоҳиди йўқ”. Мени ҳануз ҳаяжонлантирадигани: воқеанинг ечими эмас – шунинг учун ҳам ҳикоя қандай тугаганини эслай олмайман. Мени айнан воқеа қизиқтиради, ўзимча унинг тадрижини ўйлайман… Оддийгина ҳодиса, арзимасдай бўлиб туюлган виждонсизлик, алҳол бу виж­донсизлик манзарасига атрофдагиларнинг лоқайд муносабати дўстнинг кўнглида улуғ алам бўлиб туғилмаслигига, аста-секин юз бошли аждаҳомисол улкан ЎЧга айланмаслигига, эҳтимолки, ўз изидан турли виждонсизликлару, жиноятларни бошлаб келмаслигига ким кафолат бера олади? Ахир, кўксида кулала бўлган ўч туфайли зоти-бисоти нотайин иксзурриёдларнинг тарқалиб кетишига сабаб бўлган Андрей Крилцов кашф этган ёвузликнинг замирида ҳам унга нисбатан қилинган виждонсизлик (эҳтимол, отаси томонидан, эҳтимол, онаси томонидан) ётмайдими?

Яна бир оддийдай туюлган воқеани олайлик: кассир ойлик маошингизни “юз сўмигина”ни “қўл ҳақи” сифатида ҳеч тортинмасдан, изоҳларсиз – виждонсизларча олиб қолади. Сиз эса арзимас пул учун тушунтириш талаб қилишга ийманасиз-да (эҳтимол, бу доимий ҳодиса бўлгани учун ҳам тушунтириш сўраб ўтирмайсиз), “ўч”ингизни бошқа бировдан, масалан, адашиб пулингизга ортиқча қайтим қайтарган сотувчидан оласиз. Сотувчи эса… Шу тариқа виждонсизлик виждонсизликни туғдиради, виж­донсизларча муносабат виждонсизларча муносабатни келтириб чиқаради. Жамият бўйлаб таралган бу тўлқин сал ўтиб тузатиш эҳтимолидан холи қўтирга айланади… Бундай жамиятга тоза ҳаво олиб кирилмаса, Виждоннинг улуғ элчилари сабот ва қатъият билан ишга киришмаса, ундай жамият таназзулга маҳкумдир. Бунга тарих гувоҳ, тариҳда кечган ҳар не буюк империялар тақдири мисол. Ўз жамиятини виждон устувор бўлган жамоага айлантиришга уринганларга эса ҳамиша оғир бўлган, баъзан эса улар бу курашда Исо Масиҳ сингари Авдий ё Андрей Крилцов сингари, Фитрату Чўлпон сингари ўз ҳаётлари билан бадал тўлаганлар. Ахир, инсоннинг миллионлаб вакиллари ёстиғини қуритган Иккинчи жаҳон уруши ҳам юксак миқёслардаги виждонсизликнинг олий намунаси эмасмиди? Ахир, Асадбекни (“Шайтанат”) катта жиноятчига айлантирган ҳам бутун бошли жамиятнинг виж­донсизлиги эмасмиди? Ахир, ўз дўсти, ёру биродари, устози ё шогирдининг виждонсизлиги қурбони бўлган Фитрату Қодирий, Чўлпону Усмон Носирларнинг руҳи-арвоҳи атрофимизда ҳануз айланиб, чирқиллаб юрибди-ку.

 

Иймон – тарозу

 

Аслида виждоннинг ўзи нима? XX аср бошларида давр кишисининг ахлоқ дастури бўларлик “Туркий гулистон” ни майдонга чиқарган Абдулла Авлоний унга шундай таъриф беради: “Виж­дон деб руҳимизга, фикримизга таъсир қиладурғон ҳиссиёт, яъни сезув-туймакдан иборат маънавий қувватни айтилур. Биз ҳар вақт афъол ва ҳаракатимизни яхши ва ёмонлигини, фойда ва зарарлигини онжақ виждонимиз ила билурмиз. Виждон инсоннинг ақл ва фикрини ҳақиқий мезонидирки, бу тарозу ила ўз камчиликларини ўлчаб билмак ила баробар бошқаларнинг ҳам афъол ва ҳаракотини сезур. Агар ишлаган иши шариат, ақл ва ҳикматга мувофиқ бўлса, муҳаббат қилур. Қабоҳат ва ёмон ишларни қилса, нафрат қилур”. XIX асрнинг улуғ классиги Лев Толстой фикрича эса “Виждон — одамлар ҳаётининг одил раҳнамосидир”. Ундан анча илгари яшаган Цицерон эса соф виж­донни “энг керакли зийнат” деб ҳисоблайди. Бу таърифу ташбеҳларнинг барчаси виждон тушунчаси ҳамма замон мутафаккирларини бефарқ қолдирмагани, билъакс, улар виждонни инсон ва жамият қиёфасини белгиловчи мезон деб билганларидан далолатдир.

Пайдо бўлганидан буён энг яхши ахлоқий қадриятларни тарғиб қилиб келаётган Ислом динида иймон – бош тушунчадир. Инсоф-адолат, мўминлик, меҳр-оқибат, бирлик-биродарлик, эъти­қод, мулойимлик, илмга интилиш, шижоат – буларнинг барчаси иймон доирасига киради. “Шариат ҳукм-аҳкомларига жамият хавфсизлигини таъминлаш, энг юксак инсоний фазилатларни сақлаш, ҳурматлаш, қон тўкмаслик, ўз ор-номусини сақлаш, ўз мол-мулкининг дахлсизлигини таъминлаш кабилар киради”, – деб ёзади Ар-риёд муаллимлар олий билимгоҳининг диний илмлар бўйича устоз профессори Абду-р-Раҳмон бин Муҳаммад Ол-и Умар жаноблари. Исломнинг адолати ҳам шундаки, ҳаёт бу дунё билан тугамайди, “инсонларга ёмонлик қилиб, зулм ўтказган, азоб берган, ғарибларни эзиб ҳақларини еган кишилар билан одамларга адл ва яхшилик, ғарибларга раҳм, йўқсилларга шафқат қилган кишиларнинг оқибати баробар бўлса, яхшиликнинг фойдаси ёки ёмонликнинг зиёни қандай фарқланади?” (Раҳматуллоҳ Туркистонийнинг “Илм ва иймон” китобидан) – айнан улуғ Ажр куни ва шу куни бериладиган ҳисобот инсонларни фақат ва фақат яхши амаллар қилишга йўналтиради. Энди айтинг-чи, бу тушунча ва ҳодисаларнинг бирортасини Виждон тушунчасидан айри тасаввур қилиш мумкинми? Маҳшар – бу виж­дон тарозига қўйиладиган кун эмасми? Виждонсизликни касб қилиб, иймонга эришиш мумкинми? Асло! Аслида иймоннинг асосида ҳам виждон ётади. Оламга, одамларга ва ўзига виждон кўзи билан қарамаган инсон иймонли бўла олмайди. Зеро, исломда ҳам минг йиллик тоат-ибодатдан кўра бировга қилинган яхшилик, ўз хатти-ҳаракатингнинг тафтиши, адолат ва инсофнинг ажри юксакроқдир. Бунга эса виждонингни бир четга суриб қўйиб эришиб бўлмайди.

 

Барча қадриятларнинг отаси

 

Башарият мутафаккирларини ҳамиша инсон умрининг моҳияти, инсонлараро муносабатлар, жамият ва шахс муносабатлари қизиқтириб келади – буларнинг заминида саодатли жамият ғояси ётади. У қандай номланишидан қатъий назар – “Фозил кишилар шаҳри”ми, “Утопия” оролими, “Одил шоҳ мамлакати”ми? Моҳияти бир – инсонлар тенг ҳуқуқли бўлиб, бахт-саодатли ҳаёт кечирадиган жамият. Бу эса табиийки, адолат, инсоф, ҳамият, меҳр-оқибат, шижоат, маърифат, номус, ҳаё, вафо, бирдамлик каби бир қатор маънавий қадриятлар билан боғлиқ. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, ана шу қадриятлар бошида Виждон туради. Йўқ, бу шунчаки шоирона гап эмас. Ахир, виждонсизда ҳаё-ю вафо бўладими? Ор-номус ё меҳр-оқибат бўладими? Қайси виждонсиз чўнтаги қаппайганда бировга ҳамият кўргазибди?

Аммо ҳеч ким онасидан виждонли ёки виждонсиз бўлиб туғилмайди. Аввало, оила, кейин эса турли тарбия муассасалари, маҳалла-жамоанинг, атрофдагиларнинг таъсири, тарбияси ҳар қандай кишида ўз-ўзини тафтиш қилиш, хатти-ҳаракатларини баҳолаш, бурчга тўғри ёндашиш, шунингдек, бошқаларнинг ҳам яхши-ёмон амалларига муносабат билдириш туйғусини шакллантиради. Бу – Виждон туйғусидир.

Бизнинг миллий ҳаётимизда ўзаро таъсир қонуни кучли. Кўчага чиққан болани бутунлай нотаниш мўйсафид ҳам, узоқ бир маҳалладоши ҳам тергайди; мактабда қилган нотўғри хатти-ҳаракатидан акаси ёки синглиси ота-онага ахборот етказади; ўзидан сал каттароқ мактабдоши танбеҳ беришни бурчи деб билади… Бу, табиийки, виждон туйғусининг шаклланишига ҳам, уни шакллантиришга ҳам жуда қўл келади.

 

Ичингдаги хоин

 

Ўзбекнинг бетакрор шоирларидан бири Шавкат Раҳмон бир шеърида шафқатсизларча савол қўйган эди: “Нопоклар покларга қилганда туҳмат, титрамай айтдингми кескир сўзингни? Боланг­нинг ёдига не қилдинг туҳфа, асраб қололдингми ўзинг ўзингни?” Кейин эса янада кескин талаб қилади: “Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир!” Ичингдаги хоин… Ким у? Шоирнинг талқинича, бу – қўрқув. Қўрқув эса ичингда Виждон ўрнида пайдо бўлган бўшлиқда бош кўтаради. Кўксида виждони уйғоқ инсон ҳар қандай хавф-хатарга, ҳар қандай мустабидга, ҳатто ўлим таҳликасига-да тик қарай олади. Улуғ ажр куни берилажак ҳисобот ҳам унинг учун қўрқинч­­ли эмас. Қўрқувни виждонсизлик, виждонсизликни қўрқув туғдиради. Мансабу, моддий фаровонлик таъмасида маддоҳликни ўзига ор билмайдиган, инсоннинг энг нодир бойлиги бўлган виж­донни арзимас баҳоларда пуллайдиган кимсалар эса катта курашларга, катта фидойиликларга қодир эмаслар.

Бугун даврнинг шиддатини, замоннинг талабини, умрнинг моҳиятини теран англаган ҳар бир ватанпарвар, миллатпарвар шахснинг мақсади битта – она Ўзбекистонни жаҳоннинг ривож­ланган мамлакатлари қаторида кўриш, ўзбекнинг нималарга қодирлигини намойиш этиш ва қоракўз болаларга озоду обод бир юртни мерос қолдириш. Бу – бизнинг авлод чекига тушган мас­ъ­­­улият. Бу масъулиятни шараф билан уддалаш учун эса кўксимизда ҳар қандай қўрқувни маҳв этишга қодир бўлган Виждон ҳокимлик қилмоғи лозим. Ҳар бир виждонли инсоннинг доимий шио­­ри, виждон ҳайқириғи эса миллатпарвар шоир Шавкат Раҳмон сўзлари билан айтсак, шундай бўлмоғи лозим:

 

Фароғат борлигин унутиб қўйдим.

Бағримга чақинлар тегди дафъатан,

Сендан-да улуғроқ нарса йўқлигин,

Сочим оқарганда англадим, Ватан!

Нақадар кечикиб англадим сени,

Чақинлар йўқ қилса мени дафъатан,

Айт, қандоқ чидайман бундай хўрликка. 

Айт, қандоқ ётаман бағрингда, Ватан!

Илҳом ҒАНИЕВ,

Халқаро Яссавий мукофоти лауреати

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + 13 =